Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / I Халқаро “Зиёрат-туризми” форуми қатнашчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида

I Халқаро “Зиёрат-туризми” форуми қатнашчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида

Меҳмонлар вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, осори-атиқалари, тарихий бино ва иншоотлари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлари билан яқиндан танишиш асносида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Пайариқ туманида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлишди. Меҳмонлар дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, ҳадис илмининг султони ҳаққига Қуръон тиловат қилишди.

Шундан сўнг, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабида бўлиб, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштриш ишлари илмий ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

Марказ музей фондидан жой олган Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарларининг нусхалари ва бошқа экспонатлар уларда катта таассурот уйғотди.

Марказ директори Ш.Зиёдов меҳмонларга марказнинг ташкил этилиши, вазифа ва функциялари тўғрисида гапириб, ўтган давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, марказ илмий ходимлари томонидан қўлёзма манбааларни ўрганиш, таржима ва тарғибот қилиш йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Турк дунёси Парламентлар Вақфи вакили Абдуллоҳ Чалишкан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига 2018 йил 25-27 октябрь кунлари Туркия Республикасининг Анқара шаҳрида Имом Мотуридий илмий меросига бағишлаб ўтказилган “Йўқолган зиёнинг изидан” номли халқаро конференция иши ахборот тўпламини совға қилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур “Зиёрат туризми–Форуми” Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимияти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) ҳамда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида мамлакатимизда илк бора ўтказилмоқда.

Ундан кўзланган асосий мақсад эса Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини дунёга кенг тарғиб этиш орқали юртимизни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бирига айлантиришдан иборат.

З.Юсупов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
кичик илмий ходими

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …