Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ҚУРЪОН ВА ҲАДИСЛАРНИНГ ТЎҒРИ ТАЛҚИНИ ТИНЧЛИК ҲАМДА БИРДАМЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

ҚУРЪОН ВА ҲАДИСЛАРНИНГ ТЎҒРИ ТАЛҚИНИ ТИНЧЛИК ҲАМДА БИРДАМЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиядаги Мерсин университети ҳамкорлигида “Диннинг такфирий талқинларидан келиб чиққан эътиқодий ва фиқҳий муаммолар, уларнинг ечимлари” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, юртимиз ва Туркиядаги олий таълим ва илмий муассасалар тадқиқотчилари, олимлар иштирок этди.

Семинарда Туркиянинг Салжуқ университети ислом илмлари факультети декани, профессор Рамазон Олтинтош мавзу юзасидан маъруза қилди.

Олим ислом уламолари томонидан диндаги фиқҳий ва ақидавий аҳкомлар “Аҳли сунна вал жамоа” ҳамда “Мотуридий ва Ашъарийлик” таълимотлари асосида тушунтирилган бўлса-да, Қуръон ва ҳадисларни ўз фикри доирасида нотўғри талқин қиладиган тоифалар мавжудлиги, улар исломга эътиқод қилувчилар ўртасида турли хил келишмовчиликларни юзага келтираётганини кескин қоралади. Энг ачинарлиси, бу гуруҳлар уларга қўшилмаганларни ёки тушунчаларини эътироф қилмаганларни куфрда айблашмоқда.

Маърузачи куфрнинг аломатлари, мусулмонни кофир санашдан келиб чиқувчи хатарлар ҳамда такфир тушунчасига оид муҳим маълумотлар билан ўртоқлашди.

– Ислом дини ажратувчи эмас, балки бирлаштирувчи, вайрон қилувчи эмас, балки тузувчи, ҳар бир масалалани мураккаб йўл билан эмас, балки осон йўл билан ҳал қилишга ундовчи диндир. Шундай экан, мусулмонлар мутаассиблик билан эмас, бағрикенглик билан, такфир йўли билан эмас,  васатий йўл билан яшаши зарур, акс ҳолда мусулмонлар ўртасида келишмовчиликлар барҳам топмайди, – деди Р.Олтинтош.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби иллатлардан сақланиш учун Ислом билимларини кишилик жамиятининг ҳар бир аъзосига етказиш, Қуръон ва ҳадисларнинг асл мазмунига амал қилиш зарур. Қуръон ва ҳадисларнинг мазмунини англаш ва тўғри талқин қилиш ҳамда ақидавий ва фиқҳий мазҳаб имомларига эргашиш мусулмон оламида тинчлик, бирдамликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …