Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / БУХОРО ИЛМИ РИВОЖИДА МУҲАММАД ПОРСО КУТУБХОНАСИНИНГ ХИЗМАТИ КАТТА

БУХОРО ИЛМИ РИВОЖИДА МУҲАММАД ПОРСО КУТУБХОНАСИНИНГ ХИЗМАТИ КАТТА

Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Мир Араб мадрасаси ҳамкорлигида “Бухоронинг ислом илмлари ривожидаги ўрни” мавзуида халқаро онлайн илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда юртимиз илмий муассасалари педагог ходимлари, Мисрдаги “Ал-Азҳар” университети профессор-ўқитувчилари, манбашунос, тилшунос олимлар иштирок этди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Бухорода ислом илмлари ривожида Муҳаммад Порсо кутубхонасининг ўрни” мавзусида маъруза қилиб, Порсо ҳаёти ва кутубхона фаолияти билан боғлиқ маълумотларни тақдим этди.

Хожа Муҳаммад Порсо ўзидан жуда бой шахсий кутубхона қолдирган. Маълумотларда кутубхонада сақланган қўлёзмалар сони 57дан 120га етказилгани айтилади. Кейинчалик бу миқдор 144га чиққан. Имом Мотуридийнинг асарлари ҳам асосан шу кутубхонада сақланган.

Ўз даврида жуда машҳур бўлган кутубхонаси орқали Мовароуннаҳрдан, хусусан, Бухородан етишиб чиққан кўплаб мутафаккирлар китобларининг бизгача етиб келишида Муҳаммад Порсонинг хизмати беқиёс. Унинг асарларида келтирилган юздан ортиқ улуғ мутасаввиф орасида бизга номаълум ватандошларимизнинг номлари ҳам бор. Бу эса кутубхонадаги китоблар кенг мутолаа қилинганидан далолат беради.

Ш.Зиёдов кутубхонанинг яратилиш тарихи, фаолиятининг хусусиятли жиҳатлари ва фондидаги китоб ва қўлёзмалар тўпламлари ҳақида маълумотлар бериб, иштирокчилар саволларига жавоб қайтарди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …