Home / МАҚОЛАЛАР / АСР СУРАСИДА СИФАТЛАНГАН ИНСОНЛАР КИМЛАР? (Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида тайёрланди).

АСР СУРАСИДА СИФАТЛАНГАН ИНСОНЛАР КИМЛАР? (Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида тайёрланди).

Қуръони каримнинг бир юз учинчи сураси уч оятдан иборат бўлса-да, улкан маънони қамраб олади. Унда баъзи тоифалар қиёматда ҳасрат-надоматда бўлиши, солиҳ амалларда бардавом бўлганларни  Аллоҳ таоло сабр билан синаши хабар қилинган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аср сурасини ўқиса, Аллоҳ унга сабр билан хотима ясайди. У ҳақ аҳли ва сабр эгаларидан бўлади”, дедилар.

Ушбу сура Маккада нозил бўлган. Уч оят, ўн тўрт калима ва етмиш бир ҳарфдан иборат.

﴿وَالْعَصْرِ

[1]. Аср билан қасам”.

Уламолар “аср” сўзини турлича талқин қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Калбий, Муҳаммад ибн Каъб раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло аср (вақт) билан қасам ичган”, деган. Ҳасан ва Қатода: “Кечки пайт билан қасам ичмоқда”, деб айтган. Муқотил раҳимаҳуллоҳ: “Аср намози билан қасам ичмоқда”, деб ёзган.

 ﴿إِنَّ الْإِنْسَانَ لَفِي خُسْرٍ

[2]. (Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир!”.

Оятдаги “зиёнда” калимасининг бир неча хил талқини бор.

Муҳаммад ибн Каъб: “Инсонларнинг ҳаммаси хасрат-надомат, зиёндадир”, деган. Баъзи муфассирлар: “Уларнинг дунёда қилган мункар амаллари ўзларига зиён келтиради. Шу сабабли амаллари фойда бермайди”, деб фикр билдирган. Бошқа уламолар: “У зиён Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида: “إِنَّ الْخَاسِرِينَ الَّذِينَ خَسِرُوا أَنْفُسَهُمْ وَأَهْلِيهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ“Айтинг: “Ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат кунида ўзларига ҳам, аҳли (оила)ларига ҳам зиён қилувчи кимсалардир”, ўз ифодасини топган”, деган (Зумар сураси, 15-оят). 

Фаро оятдаги: “لَفِي خُسْرٍ” [лафий хуср] сўзларини яъни: “Инсон гуноҳлари баробарида азобдадир”, деб шарҳлаган.

Абу Убайда эса: “Инсон ҳалокатда ва нуқсондадир”, деган.

         Муқотил Аллоҳ таоло: “إِنَّ الْإِنْسَانَ لَفِي خُسْرٍ” “инсон зиёнда (бахтсизликда)дир!”, деб Абу Лаҳабни назарда тутганини”, айтган.

         Заҳҳок эса: “Ундан мурод Абу Жаҳлдир”, деган.

Икриманинг айтишича: “инсон зиёнда (бахтсизликда)дир!” оятидан мурод ҳамма кофирлар зиёнда, демакдир. Оятдан англашиладики, Парвардигор қайтарган амалларни содир этган бандалар охиратда бахтсизлар қаторида бўлар экан.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 “إِنَّ الْإِنْسَانَ لَفِي خُسْرٍ” “инсон зиёнда (бахтсизликда)дир!” – “улар зарар кўрувчидир” оятидан мурод мушриклар жамоаси бўлиб, улар: “Валид ибн Муғийра, Осс ибн Воъил Саҳмий, Асвад ибн Мутталиб ибн Асад ибн Абдул Узза, Асвад ибн Абд Яғус ва Хорис ибн Қайсдир”, деган.

Суранинг давомида Аллоҳ таоло инсонлардан баъзиларини истисно қилиб, уларга қуйидагича таъриф берган:

 ﴿إِلَّا الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ 

[3].  Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар бундан мустаснодирлар”.

Баъзилар: “Оятдаги “сабр” сўзидан мурод тоат-ибодатда бардавом бўлиш, гуноҳлардан тийилиш ва ҳаётда дуч келадиган ҳар-хил синовларга бардош беришдир”, деган. Зотан буларнинг барчасига айнан сабр асос бўлади.

Баъзи муфассирлар ўша замондаги вазиятдан келиб чиқиб, Ҳақ таоло: “إِلَّا الَّذِينَ آَمَنُو“Фақат имон келтирганлар” сўзлари Абу Бакр Сиддиқни, “وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ” “ва солиҳ амалларни қилганлар” лафзидан Умар ибн Хаттобни, “وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ” “бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар” калимасидан Усмон ибн Аффонни, “وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ” “ва бир-бирларини сабрга чақирганлар” дан Али ибн Абу Толибни назарда тутган”, деган.

Ушбу оятдан бундай хулоса келиб чиқади: Инсон имонини мустаҳкам тутиши, бошқаларни тўғри йўлга чақириши, солиҳ амалларни кўпайтириши ва синовларга сабрли бўлиши маҳбуб амаллар экан.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …