Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримнинг турли номлар билан аталиши

Қуръони каримнинг турли номлар билан аталиши

     Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлиб, бизга берган буюк неъмати ҳисобланади. Қуръони карим калимасини эшитган одам албатта ушбу китоб Аллоҳнинг каломи эканини билади. Аллоҳ ўзининг каломини ушбу қуръон, фурқон, зикр, китоб, танзил каби номлар билан атагани Қуръони каримда келтириб ўтилган.

  1. Қуръон атамаси “фуълон” вазнида, “шукрон”, “ғуфрон”, “буҳтон” сингари  арабча “исми масдар” (Феълнинг ноаниқ шаклидан чиқарилган исм) бўлиб, унинг ўзаги “қороъа”, луғавий маъноси эса “ўқиладиган китоб” дир. Бу сўз асли масдарга нунни зиёда қилиш билан Усмон, Ҳассон, Аднон сингари  алам (атоқли от)га  айлантирилган  ва  сўнгги  илоҳий  китобга  хос  исм  қилинган.  Қуръони каримда  энг  кўп  зикр  этилган,  инсонлар  тилида  ҳам  энг кўп  гапириладиган,  Қуръоннинг  бошқа атамаларига нисбатан энг машҳур бўлган исми Қуръондир.

     “Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки, ақл ишлатсангиз”. (Юсуф, 2- оят) деб Қуръон калимаси жуда кўп келтириб ўтилган.

  1. Ал Фурқон “фарқ” сўзидан олинган бўлиб, ақидада ҳақ билан ботилни, ибодатда ҳидоят билан залолатни, фиқҳда эса ҳалол билан ҳаромни ажратиб берувчи китоб деганидир. Аллоҳ таоло Ўзи нозил қилган барча китобларини “Фурқон” деб атайди. Қайси бир китобда фурқонлик хусусияти бўлмаса, унинг илоҳий моҳиятига путур етган, инсон тарафидан ўзгартирилган ёки ёзилган оддий китоб бўлиб қолади. Қуръони каримнинг ушбу шаклдаги сифати ундаги суралардан бирининг номида ўз аксини топган:

“Бутун оламни (охират азобидан) огоҳлантирсинлар, деб ўз бандаси (Муҳаммад(с.а.в.)га Фурқонни нозил қилган    Зот ҳамма нарсадан баракотликдир” ( Фурқон, 1-оят).

Қуръони каримда Аллоҳ таоло ўз каломи номини учта суранинг учта оятида Фурқон деб атайди.

  1. Аз-3икр (ўзаги ҳам, маъноси ҳам “зикр” билан бир бўлган “тазкира”, “зикро” шаклидаги сўзлар ҳам келиб, Аллоҳ бу каломини бир жойда “Тазкира” деб атаса, бошқа жойда “зикр” деб атаган: “Бу ёд этувчилар учун ёднома (зикр)дир”) – эслатма, насиҳат, ўгит демакдир. Қуръони каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти ва ҳар бир сураси инсонларни огоҳликка, имон-эътиқодга, ҳалоллик-покликка ва одоб-ахлоққа чорлайди. Қуръон тиловатини эшитган ҳар бир жонзотнинг имони бор ёки йўқлигидан қатъий назар қалби юмшайди, ўзлигини англайди ва Яратган зотга нисбатан бетакрор ҳиссиёт унинг онгини қамраб олади. Шунинг учун Аллоҳ ўз каломини Зикр деб ҳам номлаган:

Аллоҳ ўз каломини зикр эканлигини айтиб ўтганини,  кўп оятларда кўришимиз мумкин.

    “Одамларга ҳукмларни баён қилиб беринг, деб сизга Зикрни нозил қилдик”. (Наҳл, 44 оят)

  1. Ал-Китоб. Ҳар қандай хабар, тушунча ва маълумот ёзилган саҳифалар “китоб” дейилади. Аллоҳ таоло коинот ва ундаги нарсалар тўғрисидаги маълумотларни ёзиб қўйган азалий манба “Лавҳул-маҳфуз”ни ҳам китоб, “Уммул-китоб” деб  атаган.  Аллоҳнинг  ҳузуридан  пайғамбарлар  орқали умматларга юборилган дастурул амаллар, хусусан, Қуръони карим ҳам айни китобдир:

    “Унинг оятларини тадбир қилиш учун сизга муборак Китобни нозил қилдик”. (Сод, 29-оят)

  1. Ат-Танзийл. Бу сўзнинг ўзаги “назала” бўлиб, “юқоридан тушиш” маъно сини билдиради. Аллоҳ Таъоло тарафидан “Лавҳул-маҳфуз”дан Жаброил (а.с.) орқали ерга, инсонларга туширилган муқаддас китоб “танзийл” дир.

    “Албатта, (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган Китоби (танзийл)дир”.

    Қуръони каримда Қуръоннинг номланишини бир қанча оятларда зикр қилинган.

   Аллоҳ таолонинг Ўзи  Қуръони каримнинг “Ҳижр” сурасининг 9-оятида:

 “Албатта, Зикрни Биз нозил қилганмиз ва албатта уни Биз муҳофаза қиламиз”, деб қўйгандир. Ана ўша ваъдага биноан Аллоҳ таолонинг Ўзи ўз Қуръонини у нозил бўлган биринчи лаҳзадан ҳозиргача заррача ўзгаришсиз муҳофаза қилиб келмоқда ва қиёматгача муҳофаза қилади.

Албатта, Аллоҳ ваъдасини бажарувчи зотдир.

А.Рахимов 
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …