Home / МАҚОЛАЛАР / ИСТИТОАТ НИМА? (Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

ИСТИТОАТ НИМА? (Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Калом аҳли наздида бандаларга нисбат берилганда иститоат, тоқат, қувват ва қудрат сўзлари бир-бирига яқин маъноларда қўлланади.

Иститоат икки хил бўлади:

Биринчиси: Иш-ҳаракатдан олдинги иститоат. Бу муайян ишни амалга ошириш учун керак бўладиган сабаб ва воситаларнинг мавжудлигидир. Уламолар ушбу иститоатни иш-ҳаракатдан олдин бўлишига иттифоқ қилган. Шаръий ҳукмлар, амр ва наҳийлар ҳамда уларни тарк қилганлик учун бериладиган жазолар мана шу иститоатга боғлиқ.

Қуйидаги оятларда бунинг мисолларини кўриш мумкин:

﴿وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلً﴾

“Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш бордир”[1]. Оятда ҳажга бориш учун етарли озиқ-овқат ва уловга эга бўлган соғлом кишига ҳаж фарз бўлиши баён қилинмоқда.

﴿فَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَإِطْعَامُ سِتِّينَ مِسْكِينًا﴾

 

“Бас, ким (икки ой рўза тутишга) қодир бўлмаса, (зиммасида) олтмишта мискинга таом бериш бордир”[2]. Оятда икки ой кетма-кет рўза тутишга имконияти йўқ киши олтмишта мискинга таом бериши жоизлиги айтилмоқда.

﴿لَوِ اسْتَطَعْنَا لَخَرَجْنَا مَعَكُمْ﴾

“Қодир бўлганимизда, сизлар билан бирга (жангга) чиқар эдик”[3]. Оятда мунофиқларнинг “Бизда қурол-аслаҳа ва совутлар каби жанг воситалари бўлганида, сизлар билан жангга чиқар эдик”, дегани зикр қилинмоқда.

Юқоридаги оятларда иститоат сўзи имконият, восита ва сабабларнинг мавжуд бўлиши маъносида ишлатилган.

Иккинчиси: Иш-ҳаракат билан бирга бўладиган иститоат. Бу муайян иш-ҳаракатларни амалга ошириб, ўз зиммасидаги вожибни адо этиш имкониятига эга бўлишдир. Мана шу ҳақиқий қодирликдир.

Қуйидаги оятда бунга мисол келган:

﴿مَا كَانُوا يَسْتَطِيعُونَ السَّمْعَ﴾  

“Улар (ҳақ гапни) эшитишга қодир бўлмас эдилар”[4].

Оятда сабаб ва воситалар ҳақида эмас, балки ҳақиқий қудрат тўғрисида сўз бормоқда. Чунки кофирларда сабаб ва воситлар (яъни, эшитиш воситаси бўлмиш қулоқлар) бор эди. Кофирлар сабаб ва воситалар саломат бўла туриб, ҳақиқий қудратни зое қилгани учун айбланган. Чунки инсон ихтиёрида бўлмаган сабаб-воситаларнинг йўқлиги учун эмас, балки амр қилинган ишнинг зидди билан машғул бўлиб, ҳақиқий қудратни зое қилгани учун айбланади. Яъни, кофирларга имон буюрилган эди. Аммо улар ўз қудратини бунинг зидди бўлган куфр билан машғул қилиб, ҳақиқий қудратни зое қилгани учун айбланди.

Ушбу мухтасар мақолада аҳли сунна вал жамоа олимлари наздида иститоат икки турли экани қисқача баён этилди. Банданинг аъзолари соғлом ва воситалари мавжуд бўлиши биринчи иститоат турига киради. У имконият маъносида бўлиб, муайян ишдан олдин бўлиши шарт қилинади. Яъни аъзолари соғлом бўлган ва зарур воситаларга эга бўлган киши муайян ишни бажаришга имкониятли бўлади, аммо ҳақиқий қодир ҳисобланмайди. Қачонки ўша ишни амалга оширсагина ҳақиқий маънода қодир саналади. Мана шу иккинчи иститоатдир.  У муайян иш билан бир вақтда бўлади. Яъни банда бирор ишни ирода қилса, Аллоҳ таоло унга ўша ишни амалга ошириш учун қудрат яратади. У ўша қудрат билан ўзи ирода қилган ишни бажара олади. Демак иститоатнинг биринчи тури имконият, иккинчиси ҳақиқий қодир бўлишни англатади.

[1] Оли Имрон сураси, 97-оят.
[2] Мужодала сураси, 97-оят.
[3] Тавба сураси, 42-оят.
[4] Ҳуд сураси, 20-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни …