Home / МАҚОЛАЛАР / АҲЛИ ОИЛАГА ҚИЛИНГАН НАФАҚА ҲАМ САДАҚАДИР

АҲЛИ ОИЛАГА ҚИЛИНГАН НАФАҚА ҲАМ САДАҚАДИР

Бир ҳадис шарҳи

Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Инсон аҳли оиласига нафақа қилиш ҳақидаги ривоятлар шулар жумласидандир. Уламолар шундай ҳадиси шарифлардан бирини қандай шарҳлагани ва унда баён этилган масалаларни кўриб чиқсак.

Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши (Аллоҳ таолодан) савоб умидида аҳли оиласига қилган нафақаси ҳам садақа ҳисобланади”, дедилар.

Инсон аҳли оиласи ва қарамоғидагиларга нафақа қилаётганда Аллоҳнинг розилиги ва савобни ният қилиши керак. Ният қилгани учун оладиган ажри каттароқ бўлади.

Ёш фарзандлар учун нафақа бериш фарздир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нафақа қилишни аҳли оилангдан бошлагин. Чунки ёш фарзандлар (ота-онасига) боқимандадир”, деганлар.

Инсон зиммасида вожиб бўлган нафақаларни адо этиш билан савобга эришади. Шунинг учун, вожиб бўлмаган нафақаларни адо этиш яна ҳам афзалдир. Чунки бу билан зиммасидаги бурчдан ташқари мутлақ холис ҳолда саховат қилган бўлади.

Имом Табарий бундай дейди: “Бу ҳадиси шарифдан олинадиган хулоса шуки, аҳли оилага нафақа қилиш вожибдир. Инсон савоб умидида яхши ният билан нафақа қилса, кўпроқ ажр олади. Вожиб нафақа билан нафл садақанинг орасида зидлик (бир-бирига тўғри келмаслик) йўқ. Балки вожиб нафақа нафл нафақадан афзалдир”.

Имом Муҳаллаб айтади: “Барча уламолар аҳли оилага нафақа қилиш вожиблигини таъкидлаган. Инсон вожиб нафақада ажр йўғ-у, нафл нафақада ажр бор экан-да, деб ўйлаб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло вожиб нафақани ҳам садақа деб атади. Яъни, унинг садақа эканини билдириб қўйди. Ҳатто инсон аҳли оиласидан ортган нарсаларни бошқаларга садақа қилади. Бу ерда вожиб садақани нафл садақадан устун қўйишга қизиқтириш бор”.

Ибн Мунир бундай дейди: “Нафақани садақа дейиш маҳрни совға деб аташга ўхшайди. Эркак кишининг лаззатланиш, гўзал ҳаёт кечириш, ўзини (ҳаромдан) тийиш ва фарзанд кўришда аёлга эҳтиёжи бўлганидек аёлнинг ҳам эркакка эҳтиёжи бор. Асл қоидага кўра, моҳиятан аёл учун эркакнинг зиммасига бирор нарса вожиб бўлмаслиги керак. Лекин Аллоҳ таоло эркакни аёлдан устун қўйиш ва унга раҳбар қилиш билан хослади. Эркакни аёлдан бир поғона кўтарди. Бу ерда маҳр учун совға сўзини ва нафақа учун садақа сўзини ишлатиш мумкин бўлади”.

Демак, Аллоҳ таоло эркакни аёлдан устун қилиб, унга раҳбар қилгани учун эрнинг зиммасида хотинига нафақа бериш бор.  

Юқорида баён этилган хитобларнинг барчасида аҳли оилага нафақа бериш тарғиб этилган. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам, халқимизнинг миллий қадриятларида ҳам бу энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Зеро, аҳли оиласи ва қарамоғида бўлганларга нафақа бериш ҳақиқий мўминнинг фазилатларидан саналади. Бу каби эзгу хислатларни қалбга жо қилиш ва уларга мунтазам риоя этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидандир.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …