Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Бешинчи дарс. Дўстларнинг ҳақлари.

Эй ўғлим! Мана энди чин ўқувчига айландинг. Таълим олиш чоғингда энди ёнингда дўстларинг ҳам бўлади. Улар сенинг ўртоғинг ва ҳамсуҳбатларингдир. Бирортасига озор бериш ва ёмон муомала қилишдан сақланмоғинг лозим.

Эй ўғлим! Дарсда ўтирар экансан, ёнингдаги дўстингни сиқиб қўйма, балки қулай жойлашиб ўтириши учун жойни кенгайтир. Чунки ҳамроҳларнинг жойини сиқиб қўйиш уларнинг қалбида ғазаб, душманлик ва хусумат қўзғатади. Аллоҳ таоло:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قِيلَ لَكُمْ تَفَسَّحُوا فِي الْمَجَالِسِ فَافْسَحُوا يَفْسَحِ اللَّهُ لَكُمْ وَإِذَا قِيلَ انْشُزُوا فَانْشُزُوا يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ﴾

“Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: “(Даврани) кенгайтирингиз!” дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтда кенг) жой берур. Яна қачонки, “турингиз!” дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”[1], деди.

Эй ўғлим! Дарс пайтида бирор дўстинг қайсидир масалани тушунмай, устоздан ёритиб беришни сўраса, устозингнинг жавобига қулоқ тут, шояд у қайтариб айтганда билмаган нарсангни билиб олсанг. Савол сўровчи дўстингни масхаралаш ёки ундан ҳазар қилишдан сақланмоғинг керак. Шунингдек, дўстингни камситадиган гапни айтишдан ёки юзингда унинг фикрларига нисбатан беписандлик аломати кўриниб қолишидан эҳтиёт бўлмоғинг лозим.

Эй ўғлим! Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан: “Бу мартабага қандай эришдингиз?” деб сўралганда, “Илм беришда бахиллик қилмадим, илм олишга эътиборсиз бўлмадим”, деган жавобни қилган.

Эй ўғлим! Дўстларинг устозлардан ўзи яхши англаб етмаган мавзуни тушунтириб беришини сўраса, сен уларга илм олиш йўлини ҳаргиз торайтириб қўйма. Ўзингга манфаат истасанг, устоз айтадиган нарсани эшитишда уларга шерик бўл.

Эй ўғлим! Дўстларингдан бирови ётоқхонада сенга ҳамроҳ бўлиб қолса, унинг қай пайти дам олишига эътибор бер. Уйқу пайти келганда, дарс ўқиш ва такрорлаш билан уни безовта қилма. Ўзинг хоҳлайдиган оромни унга ҳам илинишинг керак. Тонг отиб намоз ўқишга турсанг, дўстингни ҳам оҳисталик ва мулойимлик билан уйғот. Намозни жамоат билан ўқишга интилинглар. Зеро, жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилгандан афзалдир.

Эй ўғлим! Дўстларингдан бирортаси ёлғиз ўзи бажаришга кучи етмайдиган ишда сендан кўмак сўраса, ёрдам беришга шошил ва бахиллик қилма. Бу ёрдаминг билан ундан устунлигингни кўрсатишга ҳам сира уринма.

Эй ўғлим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин бошқа мўмин биродари учун худди бир-бирини тутиб турадиган девордек”[2], деганлар.

[1] Мужодала сураси, 11-оят
[2] Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …