Home / МАҚОЛАЛАР / СУЛОСИЁТУЛ БУХОРИЙ (2-қисм)

СУЛОСИЁТУЛ БУХОРИЙ (2-қисм)

Мазкур “Сулосиётул Бухорий”нинг муқаддимаси Ибн Ҳажар Асқалонийнинг (1372/1449 й.) муқаддимасидаги жумлалар билан бошланган. Ибн Ҳажар Асқалоний “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”нинг энг машҳур шарҳларидан бири “Фатҳул Борий”нинг муаллифидир. У зот қоҳиралик бўлиб, халқ орасида шофеий мазҳабининг таниқли олими, муҳаддис ва муаррих сифатида танилган. Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”дан ташқари “Ад-Дурарул комина”, “Лисонул мезон”, “Ал-Исоба фи тамйизис саҳоба”, “Таҳзибут Таҳзиб”, “Булуғул маром”, “Субулус салом” ва “Нузхатун назар” каби юзга яқин асарлар муаллифидир[1]. У зот “Сулосиётул Бухорий”ни алоҳида ажратиб олиб, тартиб берган. Унинг муқаддимасида келган қуйидаги жумлаларни “Сулосиётул Бухорий”нинг бошқа олимлар томонидан тартибланган баъзи нусхалари ва унга ёзилган айрим шарҳларнинг муқаддималарида ҳам келтирилганини кўриш мумкин.

Жумладан:

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида 428/IV рақам билан рақамланган нусхада ҳам келтирилган.

بسم الله الرّحْمَنِ الرَّحِيمِ الْحَمْدُ لِلهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ وَ الصَّلوةُ وَالسَّلامُ عَلَى خَيْرٍ خَلْفِهِ مُحَمَّدٍ وَ آلِهِ أَجْمَعِينَ وَ بَعْدُ فَهَذِهِ الْأَحَادِيثُ الثلاثِيَاتُ الَّتِي أَخْرَجَهَا الْإِمَامُ الْهُمَامُ أَحَدُ سَلَاطِينِ الإِسْلامِ أَبُو عَبْدِ اللهِ مُحَمَّدُ بْنُ إِسْمَاعِيلَ الْبُخَارِيُّ رَحِمَهُ اللهُ فِي جَامِعِهِ إِنْتَخَبْتُهَا مِنْهُ تَذْكِرَهُ لِبَعْضِ الْإِخْوَانِ وَ مِنَ اللهِ الْإِسْتِعَانَهُ وَ عَلَيْهِ التَّكَلانُ[2]

“Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У яратган халқнинг энг яхшиси Муҳаммад алайҳиссаломга ва аҳли оилаларига салавот ва саломлар бўлсин. Амма баъд, ушбу Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадисларни буюк имом, ислом (илмлари) султонларининг бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ўз тўпламидан чиқарган (ёзган)лари бўлиб, мен уларни айрим дўстларга ёдгорлик бўлиши учун ажратиб олдим. Ёрдам Аллоҳдандир! Зотан, У ёрдам сўралгувчи Зотдир, суянч Унгадир!”

Ундан сўнг асар басмала, асар номи ва муаллифнинг исмини қайд қилиш билан бошланган:

بسم اللّهِ الرَّحمنِ الرَّحِيمِ

الْأَحَادِيثُ الثلاثِيَة للامام أَبي عَبْد الله مُحَمَّد بن إِسْمَاعِيل الْبُخَارِيُّ رَحِمَهُ اللهُ

  Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Ал-Аҳодисус сулосиёти – уч ровийлик ҳадислари.

الحديث الاوّلُ حدّثنا المَكيُّ بْن إبرَاهيم قال: حدَّثنَا يزيدُ بْن اَبي عُبَيْدٍ عَنْ سَلَمَةَ بن الاَكْوعَ رَضَىَأللَّه عنْهُ قال: سَمعتُ النَّبِي صَلى اللهُ عليْهِ وَ سَلم يَقُولُ: «مَنْ يَقُلْ عَليَّ ما لَمْ أَقُلْ فَلْيَتبوّءْ مَقْعَدَه مِنَ النَّارِ» اَخرجه فى كتاب العلم فىِ باب اِثم مَنْ كَذَبَ عَلَى النَّبِىَّ صَلى اللهُ عليْهِ وَ سَلم[3].

Биринчи ҳадис:

Бизга Маккий ибн Иброҳим ҳадис айтди. У: “Бизга Язид ибн Абу Убайд, Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ҳадис айтди”, деди. Салама: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки мен айтмаган нарсани менинг номимдан айтса, (охиратда) ўзига дўзахдан жой ҳозирлайверсин,” деб айтаётганларини эшитдим”, деди”[4]. Имом Бухорий ушбу ҳадисни “Илм китоби”нинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон айтган кишининг гуноҳи тўғрисида”ги бобида келтирган.

Ибн Ҳажар Асқалоний: “Имом Бухорий ривоят қилган сулосий ҳадислар орасида саҳиҳлик даражасига кўра бу ҳадисга тенг келадигани йўқ”, деб бу ҳадиснинг саҳиҳлик даражаси юқори эканини эътироф этган.

Шу ўринда мазкур ҳадиснинг санадидаги ровийлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.    

Маккий ибн Иброҳим табаъ тобеин. Тўлиқ исми – Абу Сакан Маккий ибн Иброҳим ибн Башир ибн Фирқад Тамимий Ҳанзалий Баржамий (743-830 й.). У зот 17 ёшидан ҳадис илми билан машғул бўлган. Маккий ибн Иброҳим Имом Бухорийнинг устозлари орасида энг ёши улуғларидан бири бўлиб, 17 тобеиндан ҳадис тинглаган[5]. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадислардан 11 таси у зот томонидан ривоят қилинган[6].

Язид ибн Абу Убайд тобеин. Тўлиқ исми – Абу Холид Язид ибн Абу Убайд Ҳижозий Асламий (ваф. 147/764 й.). Салама розияллоҳу анҳунинг қўлида тарбия топиб, у кишидан кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Язид ибн Абу Убайд тобеинларнинг ўрта табақасидан бўлган. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадислардан 17 таси у зот томонидан ривоят қилинган.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу саҳобий. Тўлиқ исми – Салама ибн Акваъ Асламий (613-693). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни: “Мардларимизнинг яхшиси!” деб таърифлаганлар. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу 77 та ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадислардан 10 таси у зот томонидан ривоят қилинган[7].

  Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган барча ҳадислар орасида Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадислар саҳиҳлик даражасига кўра энг олий – ишончли ҳадислар эканини кўриш мумкин. Мазкур асар доирасида дунёнинг турли минтақаларида илмий тадқиқот ишлари амалга оширилган. Уларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва турли тилларга таржима қилиш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

[1] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Сулосиётул Бухорий. –Т.: “Ирфоннашр”, 2021. –Б.13.
[2] Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди, №428/IV. –В.188а.
[3] Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди, №428/IV. –В.188б.; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Риёд. 1429/2008. 3-Илм китоби, 38-боб. 109-ҳадис. –С.12.
[4] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий, – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси” ДИН. 2008. Илм китоби, 39-боб. 109-ҳадис. – Б 28.
[5] Али ибн Ҳижозий ибн Муҳаммад Байюмий. “Саҳиҳул Бухорий”даги уч ровийли олий санадли ҳадислар. Таржима ва изоҳлар муаллифлари. Шукурилло Умаров, Нодир Қобилов. –Т.: 2022. –Б. 22.
[6] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Сулосийёт ал-Бухорий. (Тадқиқот, таржима ва шарҳ муаллифи: Ҳамидулла Аминов) –Т.: Irfonnashr. 2021. –Б. 56.
[7] Қаранг: Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Сулосийёт ал-Бухорий. (Тадқиқот, таржима ва шарҳ муаллифи: Ҳамидулла Аминов) –Т.: Irfonnashr. 2021. –Б. 54.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Ихтиёр ҚУШШАҚОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари

Check Also

“Чиғатой” аҳли билан учрашув

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича тарғибот тадбирларини …