Home / МАҚОЛАЛАР / СУННАТ ВА ҲАДИСЛАРНИ ИНКОР ЭТУВЧИ ТОИФАЛАР: ТАРИХИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ЎХШАШЛИКЛАР (2-қисм)

СУННАТ ВА ҲАДИСЛАРНИ ИНКОР ЭТУВЧИ ТОИФАЛАР: ТАРИХИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ЎХШАШЛИКЛАР (2-қисм)

Бундай тоифалар исломнинг илк тарихида пайдо бўлиб, ўзларининг ботил ғоя ва ақидалари билан танилган эътиқодий ва амалий масалаларда адашган оқимлардир. Бу каби тоифалар айнан юқорида зикр этилган ботил оқимларнинг замонавий кўринишларидан бошқа нарса эмас.[1] Улардан қуръонийлар[2] фақат Қуръонгагина ишонамиз, зеро, Аллоҳ таоло фақат Қуръоннигина сақлашга ваъда қилган, деган ўта маккорона даъвони илгари суриб, кўплаб илмсиз мусулмонларни адаштирмоқда. Бу тоифа аслида хаворижлар йўлини тутиб, Набий (с.а.в.)нинг суннатларини тўлиқ инкор қилади. Уларнинг фикрича, шариат бўйича ҳукм чиқаришда ҳадисга муҳтожлик йўқ. Барча ҳукм Қуръони каримдан олиниши керак, деган қарашни илгари суради. Қуръонийлар: “Ҳадислар Пайғамбар (с.а.в.)нинг вафотларидан 100-200 йил ўтиб таснифланган. Ҳадислар ровийлар томонидан тўқилган ёки узоқ муддат ўтгани сабабли унутиб юборилган ёки хато ривоят қилинган”, деб ҳадис ва суннатга нисбатан ёлғон даъво қилади[3]. Улар: “Қуръони карим турганда ёлғон, хато, шубҳалардан ҳоли бўлмаган ҳадислар олинмайди”, деган фикрни олдинга суради.[4] Бу ғоя ниҳоятда хатарли бўлиб, ислом умматини залолатга етаклайди. Бу фикр шариат аҳкомларига умуман тўғри келмайди ва шунинг учун уни ҳадис ва суннатга хиёнатдан бошқа нарса деб бўлмайди.

Кейинги замонавий фирқалардан яна бири ақлонийлар[5] бўлиб, улар мўътазилийлар фикридан илҳомланган. Улар ақлни бирламчи деб, уни асосдан олдинга қўяди. Ақлонийларнинг ақл юритиши Қуръон ва суннатдан ҳам олдин туради. Ақлонийлар ўз фикри билан суннат ва ҳадисни инкор этади. Шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий”да келган ҳадислар уларнинг ақл тарозисига мухолиф келса, ўша ҳадис олинмайди. Илми етмайдиган жойда ақллилик қилишининг ўзи уларнинг ахмоқлигини билдиради. Улар адашган бўлиб,  ўзига эргашганларни ҳам адаштирувчи хатарли тоифадир.

Учинчи тоифа замонавий рофизийлардир. Бу оқим ҳам олдингилар каби суннати мутаҳҳарога мункар, балки суннат ва ҳадисни танқид қилиш бўйича улардан ҳам ашаддийроқдир. Олдинги рофизийлар машҳур саҳобийлардан Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), Умар ибн Хаттоб (р.а.) ва Ойша (р.а.) ва бошқаларни лаънатлаган бўлса, янги рофизийлар ўз танқидини аввало, икки муҳаддис Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ асарларига қаратиши билан фарқ қилади. Бу тоифа вакиллари Имом Бухорий асарини танқидий ўрганиб, унга жуда кўп  таъна ва туҳмат қилган. Ҳатто, Имом Бухорийни ислом оламида обрўсини тўкиш, саҳиҳ асарининг салобатини йўқотиш бўйича доимий тарғибот олиб бориб, бу ҳақда махсус китоблар ҳам ёзган[6].

Тўртинчи тоифа ҳаддосийлар[7] ҳисобланади. Улар замонавий фикрлар асосида таҳлил қиладиган, ғарб исломшунослиги йўналишида фаолият олиб борадиган, бошқа динларнинг асос ва манбаларига қиёслаган ҳолда ислом дини манбаларига ҳам танқидий назар билан қарайдиганлар тоифасидир. Уларнинг фикрича, ҳар бир нарса янгиланиб турилиши лозим. Шунингдек, улар шариат аҳкомлари ва унинг манбалари ҳам замонга қараб ўзгариб бориши керак, деб ҳисоблайди. Бу тоифа ислом манбалари тарихга айланиб, вақти ўтди, деб гумон қилади. Шу сабабли улар ҳадис ва суннатларга нисбатан ҳурматсизлик қилади ва хусусан, Имом Бухорийнинг асарларини ҳам ўзларига хос йўналишда инкор этади[8].

Бешинчи тоифа суннат ва ҳадисга танқидий назар билан қарайдиган мусташриқлар (исломни шарқшунослик жиҳатидан ўрганувчилар) бўлиб, улар ҳам юқоридагилар каби ҳадис ва суннатга нисбатан нохолис ёндашади. Бу каби фикрларни ғарблик шарқшунос И.Гольдциернинг (1850-1920)[9] китобларида кўриш мумкин. У ҳадис ва суннатга нисбатан ўзини танқидий қарашлари асосида китоблар ёзган. Унинг фикрича: “Ҳадислар исломнинг иккинчи ва учинчи ҳижрий йилларида ёзилган бўлиб, у вақтда Муҳаммад (с.а.в.)нинг вафотидан кейин анча муддат ўтган. Ҳадис ровийлари томонидан ҳадислар ўйлаб чиқарилган ёки тўқима ҳадислар тўпланган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари бевосита аббосий халифалари таъсири остида таълиф этилган бўлиб, ҳадислар давр тақозосидан келиб чиқиб, тўқиб ёзилган”[10]. Бу қарашлар олимнинг шахсий фикри бўлиб, ислом тарихи ва манбаларига мутлақ номувофиқдир. Зеро, ислом тарихи ва шариат манбасини ҳадисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Қайси даврда бўлмасин бундай тоифаларнинг мақсади бир бўлиб, суннат ва ҳадисларга бўлган амалларни заифлаштириш, мусулмонларни ҳадисдан узоқлаштиришдир. Зеро, ҳадисларга амал қилиш – бу динга эргашиш, шариатга амал қилиш – Расулуллоҳ (с.а.в.)га итоат қилишдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким менга итоат қилса, у Аллоҳга итоат қилибди”, деб таъкидлаганлар.

Бугунги кунда мусулмон умматини йўлдан чалғитишга, ҳадис ва суннатдан узоқлаштиришга қаратилган ғояларга қарши маърифий кураш ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамият касб этмоқда. Аллоҳ таоло бу каби фитналардан Ўзи асрасин, ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Барча умматларга бирдамликда шариатга амал қилишни, суннатни мустаҳкам ушлаб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шафоатларини насиб этсин.

[1] Мазкур асар:  – Б. 409.
[2] Қуръонийлар – ислом шариатини ҳадис ва суннатсиз олиб бориш тарафдорлари.
[3] Абдураҳмон ибн Абдулазиз. Аброзу Таъуний-л-муосара фий жомии-л-саҳиҳи Бухорий. Миср. Дор ибн Салам. 2010. – Б. 10.
[4] Усмон ибн Муаллим. Шубуҳотий Қуръонийя. Миср. 2014. – Б. 22-27.
[5] Ақлонийлар – мўътазилийларга ўхшаб ақлни нақлдан устун қўядиган тоифа.
[6] Лутфий ибн Муҳаммад Зағир. Интиқодий шияти муосирийн лил саҳиҳайни.. Урдун, 2010.  – Б. 8-12
[7] Ҳаддосийлар – ислом шариатини доимий  янгилаб бориш тарафдорлари.
[8] Анас Сулаймон Мисрий. Мунталоқу фикрийя ва ақдийя инда ҳаддосийна лил таъни фий саҳиҳайни. Урдун, 2010. – Б. 4-27.
[9] Goldziher I. Muhammedaische Studien. – Halle: B.I (1889). B.II (1890).
[10] Абдураҳмон ибн Абдулазиз. Аброзу Таъуний-л-муосара фий жомии-л-саҳиҳи Бухорий. Миср. Дор ибн Салам. 2010. – Б. 10.
Шукрулло УМАРОВ,
Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори PhD

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …