Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАЛАЙЯ АРХИПЕЛАГИ ИСЛОМЛАШУВИ МОВАРОУННАҲРГА КЕЛИБ ТАҚАЛАДИ

МАЛАЙЯ АРХИПЕЛАГИ ИСЛОМЛАШУВИ МОВАРОУННАҲРГА КЕЛИБ ТАҚАЛАДИ

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндори доцент Ирина Каткова ўз тадқиқотининг тақдимотини ўтказди.

Россиялик олима “Жануби-Шарқий Осиёда сўфийлик ёзма мероси: Малайя архипелагида Кубровия таълимоти” мавзусини танлаган. У тақдимотни “Тасаввуфнинг ёзма мероси: Марказий Осиёдан Суматрагача бўлган нақшбандийликда “Латоиф” тушунчаси” мавзусида Марказда олиб бораётган изланишлари асосида тайёрлаган.

Н.Каткова асосан бутпарастлик ҳукмрон бўлган Малайя архипелагига ислом кириб боришининг анча ноаниқ ва ўрганиш қийин бўлган жараёнлари, кейинчалик бу ҳудудда кенг тарқалган сўфийлик оқимлари, улар ҳақида эслатмалар келтирилган қўлёзмалар хусусида маълумот берди. Эътиборли томони шундаки, XIV-XV асрларга оид манбаларда Бухоро, Самарқанд, Хуросоннинг бошқа илмий марказлари ва Бағдод уламолари ўртасидаги илмий мунозаралар бўлганига ҳам ишора қилинган. Уларнинг айрим нусхалари ҳозир Санкт-Петербургда сақланади.

Мотуридия мактабининг фиқҳ ва илоҳиётга оид рисоласи ва Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий Самарқандда ёзган “Ақоид” асари архипелаг оролларида малай тилига ўгирилган дастлабки манбалар ҳисобланади. Кейинчалик Бухоро ва Самарқандда яшаган Сирожиддин Ўшийнинг “Қасидатул Ломия” асари ҳам таржима қилинган. Бундан ташқари, Ява оролида маҳаллий аҳоли тилида ёзилган ислом ахлоқ кодекси – “Бонанг китоби” ҳам Али ибн Яҳё Зандависати Бухорий қаламига мансуб “Равзатул уламо” тўпламининг қўлёзмалари асосида шаклланган. Ундан Бухоро ва Самарқанднинг ўша даврдаги исломий удумлари ҳам жой олган.

Тадқиқотчи архипелагда расман исломнинг шофеийлик таълимоти қабул қилинган бўлса-да, Ҳанафия мактабига оид асарларнинг муҳим ўрнини ҳам инкор этмади. Унинг таъкидлашича Балхда вужудга келиб, Самарқандда ривож топган бу мазҳаб ғоялари ҳозиргача Малайя халқларининг исломий тафаккурига таъсир кўрсатиб келмоқда.

Тақдимотда олима мазкур ҳудуднинг исломлашуви сўфийлик оқимлари кириб келиши билан бирга кечгани, бунга ҳисса қўшган қатор тарихий шахслар ҳамда жараёнга гувоҳлик берувчи манбалар ҳақида атрофлича сўз юритди. Иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …