Home / МАҚОЛАЛАР / МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ЎРГАНИЛИШИ

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ЎРГАНИЛИШИ

Маълумки, совет тузуми даврида диний қадриятларимиз топталди, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш таъқиқланди. Мустақиллик йилларида эса мамлакатимизда диний қадриятларни тиклаш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Бунда юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар илмий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилди.

Хусусан, Имом Бухорий ижод маҳсулини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш ишлари амалга оширилди, аллома мангу қўним топган маскан обод қилинди. 1992 йилда Қомуслар бош таҳририяти томонидан «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарининг таржимасига қўл урилди[1]. 1996 йилда эса «Имом Бухорий таърифи» номли рисола чоп этилди[2]. Амалга оширилган бундай ишлар аллома илмий меросини ўрганиш ва асарларини оммага таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

1997 йил 29 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Имом Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди[3]. Унинг асосида Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича кўплаб ишлар бажарилди. Хусусан, 1998 йил 23 октябрда Самарқандда алломанинг юбилей тантаналари бўлиб ўтди. Буюк муҳаддис қабри жойлашган Пайариқ туманидаги Хартанг қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуаси очилди[4].

Имом Бухорий илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро жамғармаси тузилди. Қуръони карим ва “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ўзбекча нашрларини тайёрлаш, ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар илмий меросини тадқиқ этиш, диний-фалсафий мавзуларда анжуманлар ўтказиш ва улар ёрдамида ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялаш жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди[5].

2000 йилдан ушбу жамғарма томонидан “Имом Бухорий сабоқлари” номли маънавий-маърифий ва илмий-адабий журнал нашр этила бошлади. Шунингдек, шу даврга қадар Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб-альбом тайёрланди, икки қисмли ҳужжатли фильм, “Ҳадис илмининг султони” номли 4 қисмли киноқисса тасвирга олинди[6].

Шу билан бирга, аллома илмий меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида 2008 йил 23 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унинг асосида Дин ишлари бўйича қўмитанинг Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ҳадис илми маркази ҳамда Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази негизида Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилди[7]. Асосий вазифалари этиб ислом дини, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, юртимиз заминидан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий сингари буюк ҳадисшунос алломалар меросини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш кабилар Имом Бухорий халқаро марказининг белгиланди[8].

Кейинги йилларда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилди. Хусусан, «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» ислом оламида энг саҳиҳ ҳадис тўпламлари сифатида эътироф этилган тўққиз мўътабар китобдан иборат «Олтин силсила» туркумининг дастлабки нашри бўлди[9].

2016 йилдан Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ишлари янги босқичга кўтарилди. 2017 йил 27 мартда Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унинг ижросини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли ҳужжат қабул қилиниб, унда марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича низомлар тасдиқланди. Марказ мақоми Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари билан тенглаштирилди[10]. Бу эса Марказнинг кейинги фаолияти самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.

Марказда нафақат Имом Бухорий илмий меросини тадқиқ этиш, балки бошқа буюк алломаларимиз ижодий фаолиятини ўрганиш ҳам йўлга қўйилди. 2017-2022 йиллар давомида улуғ аждодларимиз қаламига мансуб 14 ноёб асар ўзбек тилига таржима  қилиниб, нашр этилди. Абдулҳамид Кеший “Муснади”нинг 1-3-жилдлари, Имом Доримийнинг «Сунани Доримий», Имом Бухорийнинг «Холқ афъолил ибод» ва “Тарихус сағир” асарлари, шунингдек, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” ва бошқалар шулар жумласидандир[11].

2017-2018 йилларда Марказ илмий ходимлари турли илмий журнал ва конференцияларда 249 та илмий мақола нашр эттирди. Маҳаллий ва хорижий қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Бухорий қаламига мансуб 2838 та асарнинг реестри тузилди. Бундан ташқари, Туркия, Япония ва Германия кутубхона фондларида сақланаётган 620 та қўлёзма асарнинг аннотацияси тайёрланди[12].

Имом Бухорий илмий мероси мамлакатимиздаги бошқа илмий тадқиқот муассасаларида ҳам ўрганилмоқда. Хусусан, “Ҳидоят” журнали Ўзбекистон Халқаро ислом академияси мустақил тадқиқотчиси Азизхўжа Иноятовнинг “Имом Бухорий ва тафсир илми” номли мақоласида буюк муҳаддис ҳаёти ва ижодига оид янги илмий маълумотларни эълон қилди[13]. Шунингдек, 2021 йил “Имом Бухорий сабоқлари” журналида нашр қилинган «“Сияру аъломун нубало” асарида Имом Бухорий сийрати» номли мақолада тафсир, сиярул набий, зуҳд ва риқоқ каби тушунчаларнинг моҳияти очиб берилади[14].

Ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда катта ютуққа эришган олим ва тадқиқотчиларни рағбатлантириш ишлари йўлга қўйилди. Хусусан, шу мақсадда 2022 йил август ойида Ўзбекистон Республикасининг “«Имом Бухорий» орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди[15].

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Бу яна шуниси билан аҳамиятлики, кенг илмий жамоатчилик орасида бошқа буюк аждодларимиз асарларига ҳам эътибор кучайишига сабаб бўлди. Натижада Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби каби муассасалар очилди. Ҳозирги кунда Фарғонада Бурҳонуддин Марғиноний марказини очишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам) 4-жилд. Арабчадан Абдулғани Абдуллоҳ таржимаси. – Т.: Қомуслар. 1992.
[2] “Имом Бухорий таърифи” (таржима ва изоҳлар муаллифи Саидазим Муҳаммад Али), – Т.: Чўлпон. 1996.
[3] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори: Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида. Lex.uz
[4] Темиров Н., Маъмуров Ш. Баркамол ёшларни тарбиялашда «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» аҳамияти// Истиқлол йиллари: миллий-диний қадриятларнинг халққа қайтиши. Мустақиллик, Фарғона ва миллий – диний қадриятлар (Фарғона 2001 йил 9-август). Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман материаллари тўплами. – Т.: 2001. – Б. 36.
[5] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 10-11-сон, 207-модда.
[6] http://taqvim.uz/uzc/event/view/2645
[7] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори: Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида. https://lex.uz/docs/1523880
[8] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори: Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида. Халқ сўзи газетаси, 2008 йил май.
[9] https://hilolnashr.uz/oltin-silsila-1
[10] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами. – Т.: 2017. – Б. 137-145.
[11] Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказининг жорий архиви.
[12] https://www.bukhari.uz/?p=26047
[13] Иноятов А. Имом Бухорий ва тафсир илми // Ҳидоят. – Тошкент, 2020. – № 3. – Б. 76-80.
[14] Иноятов А. “Сияр аъламун нубало” асарида Имом Бухорий сийрати “Саҳиҳул Бухорий”нинг тафсир илмидаги аҳамияти // Imom Buxoriy saboqlari. – Самарқанд, 2021. – Махсус сон. – Б. 133-145. 
[15] Хусейнова А. “Имом Бухорий» ордени таъсис этилиши барчамизга янгича рағбат беради. “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 16 август, №176(8238)
Санжарбек ДЖУМАНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …