Home / МАҚОЛА / ТИНЧЛИК ҲУҚУҚИГА ОИД БАЪЗИ ИСЛОМИЙ ТУШУНЧАЛАР

ТИНЧЛИК ҲУҚУҚИГА ОИД БАЪЗИ ИСЛОМИЙ ТУШУНЧАЛАР

Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг зиммасидаги бурчдир. Самовий қонунлар ҳам, инсон томонидан ишлаб чиқилган қонунларда ҳам барча мақсадлар орасида тинчлик мақсади устувор этиб белгиланган. Зеро, бу дин ва дунё манфаатини ҳимоялаш учун зарурки, агар у йўқолса, оёқости қилинса, бу тўғриликка эмас, балки бузғунчиликка, бепарволикка, қанчадан-қанча жонлар бекорга нобуд бўлишига олиб келади.

Ҳеч кимга сир эмаски, диний матнлар тинчлик тамойилларига хизмат қилади, уни ўрнатиш, йўқ қилиш ва бузишда ниқоб сифатида жуда муҳим ўрин тутади.

Демак, диний матнлар тўғри тушунилса, оқилона ва тўғри хулқ-атвор юзага келади, уларни нотўғри тушуниш эса ҳалокатли оқибатлар келтириб чиқаради. Бундан на шахс ва на жамият четда қолади.

Шайх Абдуллоҳ ибн Байя: “Модомики одамлар онгида уруш фикри туғилаверар экан, биз уларнинг онгида тинчлик қалъаларини қуришимиз керак”, дейди.

Тинчлик ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари орасида биринчи ўринда туради. Чунки барча ҳуқуқлар тинчлик ҳуқуқининг бир шохидир. Илдизсиз шохнинг собит туриши мумкин эмас.

Тинчлик ҳуқуқи барча мақсадларнинг мақсадидир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Байя: “У шариатнинг мақсадларидан бешта зарурат: дин, жон, насл-насаб, ақл ва мол-мулкни муҳофаза қилишни ўз ичига қамраб олади”, деган.

Бинобарин, тинчлик тамойилларига хизмат қилиш ва уларни сақлаш, аҳамиятини индивидуал шахс ва ижтимоий онгга сингдириш, бирор сабаб билан унга путур етказиш ёки барқарорлигига таъсир кўрсатишнинг барча кўринишларига қарши туриш учун бор куч ва ғайратни сарфлаш зарур.

Ислом мутафаккирлари бутун инсоният масалаларининг онаси бўлган бу масалага хизмат қилиш йўлида катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Натижада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик ўрнатиш принципи учун тўсиқ бўлган кўплаб исломий тушунчалар шарҳларини ўз ичига олган асарлар яратилди.

Аммо ҳозирги кунда ҳам ушбу исломий тушунчалар бошқа маънода қўлланиб, уларнинг асл мақсадига зид амаллар юзага келмоқда.

Ушбу мақолада бир қанча исломий тушунчаларнинг ҳақиқати ва мазмун-моҳиятига эътибор қаратилган. Бунда асосан ҳозирги кунда долзарб саналган учта тушунча ҳақида сўз боради.

Биринчи: халифалик тушунчаси.

Бу соф исломий тушунчадир. Диний китобларда халифалик тушунчасига намоз, рўза, закот ва ҳаж тушунчаларига ўхшаш алоҳида юридик мақом берилмаган. Бироқ баъзи тоифалар уни тўлиқ англамай, халифалик тизимини қайта тиклаш ҳақида тинмай ғўлдирайди. Матннинг асл моҳиятини тушунишдаги бу оғиш ҳар доим тинчлик ва барқарорликка путур етказади, зиддият ва низоларга олиб келади.

Сафина розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йил. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деб айтаётганларини эшитдим”.

Ушбу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди. Маълумки, ислом тарихида тўрт халифа бўлган. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг мусулмонларга раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келади. Улардан кейин халифалик тугаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилганларидек, подшоҳлик даври бошланди.

Шу сабабдан бугунги кунда халифалик барпо этишни даъво қилаётган кимсаларнинг талаблари ушбу ҳадисга номувофиқ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларга мутлақо зиддир.

Бу тушунча ҳақидаги исломий матнларнинг асосий ҳақиқати шуки, кимдаки тўғрилик, адолат ва лаёқат комил бўлиб, давлат ишларини ўз зиммасига олса, унинг номи қандай – халифа, султон ё подшоҳ – бўлишидан қатъий назар, раҳбар тайинлашдан иборат бўлган асосий мақсад амалга ошган бўлади. Бунда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни поймол бўлишидан сақлаш асосий вазифа ҳисобланади.

Иккинчи: жиҳод тушунчаси.

“Жиҳод” сўзи луғатда инсон томонидан бор имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.

Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан “қитол” калимаси ишлатилади.

Луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва улар орасида душманга қарши жон-жаҳд билан жанг қилиш ҳам “жиҳод” дейилган. Аммо ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик “жиҳод” деганда фақат “қитол” тушуниладиган бўлиб қолган.

Аллоҳ таоло исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Фурқон сурасида қуйидагича хитоб қилади:

﴿فَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَجَاهِدْهُمْ بِهِ جِهَادًا كَبِيرًا﴾

“Кофирларга итоат этманг! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қилинг!”[1].

Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Заррача ақли бор одам учун бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаб олиш қийин эмас.

Исломда жиҳод уруш эмас, аввало Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида келган.

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилишингдир”, деганлар.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.

Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа.

Уламолар ҳозир талаб жиҳоди йўқлигига ижмоъ қилган. Чунки бугунги замонда ҳамма давлатлар урушмасликка келишган ва ўзаро алоқалар ўрнатиб, элчихоналар очган.

Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун бўлади.

Муқаддас Қуръони карим исломнинг тинчликпарвар дин эканига етарлича далил бўлиб, тинчлик учун ҳар қандай ташаббус ёки имкониятга дарҳол жавоб беришга интилади.

﴿وَإِنْ جَنَحُوا لِلسَّلْمِ فَاجْنَحْ لَهَا وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ﴾

Аллоҳ таоло: “Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У ўта эшитувчи ва билувчидир”[2], деб марҳамат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо урушдан тинчликни афзал кўрганлар. У зотнинг сийратлари шундай эдики, кофирлардан кимки у зот билан сулҳ тузган бўлса, у билан уруш қилмаганлар. Бу сийрат, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва бошқа китобларда баён этилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиҳод ва жанглари душманни йўқ қилиш учун эмас, балки адолатсизликка барҳам беришга қаратилган. Бу душманни қайтариш учун қилинган жиҳод ёки қўшни давлатларни аҳдни бузиш ва чегарадаги хавфсизликка раҳна солиш фикридан қайтаришга қаратилган жиҳод бўлган.

Шу ўринда Ҳақ таолонинг қуйидаги сўзининг маъносини англаб олиш лозим:

﴿وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللَّهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآَخَرِينَ مِنْ دُونِهِمْ لَا تَعْلَمُونَهُمُ﴾

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган (душман)ларни қўрқувга солган бўлурсиз”[3].

Бундан кўзланган мақсад шуки, мусулмонлар ўз хавфсизлиги нишонга олинмаслиги ва суверенитети поймол қилинмаслиги учун олдини олувчи воситалар ва ҳарбий кучга эга бўлиши керак. Шунда хавфсизлик мустаҳкам бўлиб, тинчлик ҳукм суради.

Камол ибн Ҳумам жиҳоддан мақсад дунёни бузғунчиликдан озод қилиш эканини таъкидлаган[4].

Буларнинг барчасидан жиҳоднинг ҳақиқатини “душманларни динга зўрлаб киритиш, уларни қонун ва ҳукмларга бўйсунишга мажбурлаш керак”, деган тасаввурда бўлганларнинг фикри нотўғри экани келиб чиқади.

Ҳақиқат шуки, исломда динни мажбуран қабул қилдириш мумкин эмас. Чунки эзгуликка мажбурлаш солиҳ одамни ҳосил қилмаганидек, исломга мажбурлаш ҳам инсонни мусулмон қилиб қўймайди.

Бу борада Қуръони каримда:

﴿لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ﴾

Динга мажбурлаш йўқ[5], дейилади.

Ваҳба Зуҳайлий айтади: “Жиҳод – мусулмоннинг қўлидаги ақлли восита. Бундан баъзи тоифалар дунёни назорат қилиш, ҳокимият ўрнатиш ва салтанатни кенгайтириш учун фойдаланмоқда”[6].

Бугун ўзини чин мусулмон санаган айрим “жиҳодчилар” фитна қўзғаб, исломнинг ҳақиқатини суиистеъмол қилмоқда. Биз бунинг жиддий хато эканини кўрсатиш ва англатиш учун конструктив ташаббусларни илгари суриш мақсадга мувофиқ.

Учинчи: биродарлик тушунчаси.

Биродарлик – яхлит жамият ўрнатиш учун одамларнинг алоқа ва муносабатларини мустаҳкамлайдиган ва диний асарларда келган юксак ахлоқий қадрият. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизлардан бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмин бўлмайди, деганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларини шарҳловчилар бу ерда назарда тутилган “яхши кўриш” мусулмоннинг мусулмон биродарига бўлган яхши кўриши эканига иттифоқ қилган. Шу нуқтаи назардан бундай савол туғилади: яхши кўришнинг мусулмон бўлмаганларни ҳам қамраб олишига нима тўсқинлик қилади? Бундан ташқари у зот нима учун яна: “Мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир”, деганлар?

Бу умуман ғайримусулмонга тил ёки қўл билан зарар етказиш жоиз, дегани эмас.

Уламоларнинг айтишича, бу ерда мусулмонлар сўзи ғолибга эътибор нуқтаи назаридан қўлланмоқда. Бу гап мусулмонлар юртида, мусулмонлар жамоаси ичида айтилган. Бу мусулмонлардан бошқаларга озор берса бўлади, дегани эмас. Демак, мусулмон бўлмаганлар ҳам мусулмондан озор кўрмасин, дейилмоқчи[7].

Ғайримусулмон ҳам бир инсондир. Ваҳоланки, шариатда ҳатто ҳайвонга ҳам озор бермаслик буюрилган.

Хайбар куни Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга: “Аллоҳнинг сен орқали бир одамни ҳидоят қилиши сенга қизил туялар берилишидан яхшироқдир”, дедилар. Яъни, ғайримусулмонга ҳам яхши муносабатда бўлиш лозим. Балки Аллоҳ шу сабабли уни ҳидоятга бошлар. Зеро, Аллоҳ таоло:

﴿وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا﴾

“Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”[8], дейди.

Ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига Ўзи ато этган беҳисоб неъматларини эслатиш билан бирга, инсоннинг нақадар улуғ бир мавжудот эканига гувоҳлик бераяпти.

Ислом мусулмон кишини ғайридинни яхши кўриб, уни ҳидоятга даъват қилишдан тўсмайди.

Биродарликнинг асл ҳақиқатини имон ришталари доираси билан чеклаш ва бу риштадан ташқарида бўлганларни истисно қилиш гина ва кудуратни қўзғаши мумкин. Бу қалбларда тинчлик руҳиятини йўқотишнинг бир усулидир.

Аслида ислом ўз тарафдорларининг қалбида диний биродарликни ўрнатишга интилади, кейин эса инсоний биродарлик асосида бошқаларни ҳам қамраб олиш учун инсонийлик доираси кенгайтиришга интилади. Натижада хавфсизлик ва барқарорлик қалб тубига кириб боради ва бутун инсоният жамиятида тинчлик ҳукм суради.

Хулоса:

  1. Одамларнинг қалбида тинчлик ҳақиқатини қарор топтириш зарур. Шунда тинчлик тамойили бутун жамият учун ҳақиқатга айланади.
  2. Ислом ҳарбий тайёргарликни инкор этмайди, балки уни адолатли тинчликка эришиш воситаси деб билади ва мана шу чегаралар доирасидан ташқарисини маъқулламайди.
  3. Тинчлик инсонпарварлик жамияти барпо этишда ҳар томонлама ютуққа эришиш ва инсоният цивилизацияси ривожга самарали ҳисса қўшиш йўлидир.
  4. Ёшларга адашган оқимларнинг фитнаси ва бузғунчилигидан ҳимоя қилиш учун аслида тинчликка хизмат қилувчи юқоридаги исломий тушунчаларнинг ҳақиқий далилларини тушунтириш лозим.
  5. Тинчликка хизмат қилиш йўлидаги илмий саъй-ҳаракатлар самарасини илмий тадқиқотлар доирасидан чиқариб, уларни жамиятнинг турли гуруҳлари ва қатламлари орасида ёйиш, ижтимоий мафкурага айлантириш, бу борада ижтимоий онгни шакллантиришга барча фаол институтларни жалб этиш ва ушбу мақсадга эришиш учун бор саъй-ҳаракатларни ишга солиш зарур.
[1] Фурқон сураси, 52-оят.
[2] Анфол сураси, 61-оят.
[3] Анфол сураси, 60-оят.
[4] Камол ибн Ҳумам. Фатҳул қодир шарҳил Ҳидоя лил Марғиноний. – Қоҳира: Муҳаммад Мустафо, 1356/1937. IV-жуз. – Б. 288.
[5] Бақара сураси, 256-оят.
[6] Ваҳба Зуҳайлий. Осорул ҳарби фил фиқҳил исламий. – Дамашқ: Дорул фикр, 1412/1992. – Б. 97.
[7] Бадриддин Айний. Умдатул қорий. – Байрут: Дорул китабул илмия, 2001. I-жилд. – Б. 207.
[8] Исро сураси, 70-оят.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақола PDF форматда

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …