Home / АЛЛОМАЛАР / НАЖМИДДИН КУБРО ВА УНИНГ ТАРИҚАТДАГИ УСТОЗЛАРИ

НАЖМИДДИН КУБРО ВА УНИНГ ТАРИҚАТДАГИ УСТОЗЛАРИ

Шайхул имом, байроқдорлардан бири, улуғ зоҳид, ислом аҳлининг қутби, тариқат пешвоси, ҳақиқат байроқдори Нажмиддин Кубро, авлиёларнинг етакчиси лақабини олган. Тўлиқ исми, Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад, куняси, Абу Жаннобдир. Ушбу куня билан тушларида у зотни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирганлар. Шу билан бир қаторда у зот Хоразм шайхларидан бири, сўфий бўлганлар.

У зот имом, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, сўфий, зоҳид, обиддир. Уламолар ва тасаввуф аҳли у зотнинг юлдузининг ёрқинлигидан ҳидоят топганлар. Шаҳарларни айланиб салафлар ва бошқаларнинг ҳадисларини эшитганлар. Сўнгра Хоразмни ўзларига маскан тутганлар ва ушбу ҳудуднинг шайхи, обрўли ва ўта ҳурматли кишисига айланганлар. Маломатчини маломат қилишда Аллоҳдан қўрқмаганлар.

Ибн Нуқто айтадики: Нажмиддин Кубро мазҳабда шофеий, аҳли сунна имоми, барча ҳадисларни санадлари билан тўлиқ қабул қилиб олган.

Шайх Шаъровий у зотни дастлаб саводсиз бўлганликларини ва кейинчалик илмда ўзиб кетганликларини зикр қилганлар. Субкий ва бошқалар ҳам таъкидлаганидек у зот ўз асрининг машҳур муҳаддиси ва муфассиридир.

Ибн Ҳилол айтадиларки: “Мен у зотнинг ҳузурларида кўп бора хилватда қолганман ва у зотнинг барокатларидан кўплаб нарсаларга эришганман. Ибн Ҳожиб айтадиларки: Нажмиддин Кубро шаҳарларни айланиб чиқиб, салафлар ва бошқа ҳофизларнинг ҳадисларини эшитганлар.

Нажмиддин Кубро ғариблар учун паноҳ, обрўли киши бўлган.

Айтиладики: У зот Қуръони Каримни 12 жилдда тафсир қилган.

У зотнинг тариқатдаги шайхларидан Шайх Аммор бўлиб, ундан кўп фойда кўрган.

Олимларнинг кўпчилиги ҳадисларни Нажмиддин Кубродан олган бўлиб, улардан бири Имом Розийдир. Нажмиддин Кубро ўз замонининг мутлақ хилватдаги шайхларидан эдилар.

Айтадиларки: муриднинг ботинида турли ёмонликлар бўла туриб хилватда бўла олмайди. Шайх муриднинг қалбидаги кирликларни хилват воситаси орқали тозалайди.

Нажмиддин Кубро ўзлари ҳақида қуйидагича айтадилар: «Мен хилватга кирган вақтимда қалбимда риё, обрў-эътибор қозониш, минбарлар бошида одамларга насиҳат қилиш учун тариқат аҳлининг гапларига талаб бор эди. Мен тариқат аҳлининг барчасини гапларини олардим, чунки ўзим улардан эмасдим. Тўғри йўлни билгунимга қадар менга баъзи нарсалар кашф қилинди. Аммо менинг мақсад ва ниятим тўғри бўлмагани учун хилват биноси ҳам фасод бўлди. Хилватнинг 11-кунида мени хилватдан олиб чиқишди. Ташқарида бўлсамда мен ҳали ҳам қийналардим. Менда фақат китоблар ва кийимлар қолганди. Шунда нафсимга айтдим: агар, мен хилватга киргандек кирсанг, мен чиққандек чиқасан. Лекин, содиқлик билан кирсанг ниятинг тўғри бўлади. Сўнгра китобларни бериб юбордим, кийимларни ҳадя қилдим, дирҳамларни садақа қилдим, ҳеч вақосиз қолдим, дунёни кичик нарса санаб ортимда қолдирдим. Қиёматни қўлларим орасида, қаршимда тутиб, руҳимни кафтимга қўйиб, дедим: Нимага эришдинг, шундан сўнг менга кўп нарсалар очилди. Шундай нарсалар бўлдики уларни ҳатто айтиш имконсиз».

Нажмиддин Кубронинг Шайхлари:

У зот айтадиларки: тариқат илмини Рузбеҳондан олдим, Ишқни Ибн Асирдан ўргандим, Хилват илмини Аммордан, Хирқани Исмоил Қосрийдан олдим.

1-Шайхул ориф Рузбаҳон Боқилй, имом, мутакаллим олим, муфассир, фақиҳ, сўфи, муҳаққиқ Шаттоҳ Форисдир:

У, Абу Муҳаммад Рузбаҳон ибн Абу Наср ал-Боқилй, ал-Фасавий, ал-Шерозий, ал-Мисрий 606 йил (ҳижрий)да вафот этган.

Асли «Шероз»дан бўлиб, Мисрга ташриф буюрган. Қоҳира ва Искандарияда яшаган. Ҳаттоки «Рузбаҳон Мисрий» номи билан ҳам танилган. Сўнгра Шерозга қайтиб, у ердаги мадрасада 50 йил давомида ваъз ва эслатмаларини давом эттирган. Ушбу 50 йил ичида у Шаттоҳ Форис номи билан машҳур бўлди.

Рузбаҳон исломнинг буюк сўфийларидан бири ҳисобланади. Форслар эътиборида у Форс вилоятининг фахри ва Шерознинг муқаддас олимларидан бири деб билишган.

Шайх Рузбаҳон кўплаб китобларни қолдирди, жумладан:

– «Ароисул баян би ҳақоиқ ул-Қуръан» номли Қуръон тафсири, ушбу китоб «Илми китоблар уйи» томонидан нашр этилган. Қанийди, одамлар Қуръон денгизининг ўртасидан келган бу илмга ўзларини бағишласалар.

– Мантиқул асрор фи баянил анвор ва унинг шарҳи «шарҳ шатҳийят» араб ва форс тилида

– Ҳалложга тегишли «Товасин» китобининг шарҳи, араб ва форс тилида

– ал-Анвор фи-л-ашфил асрор

– Сайрул арваҳ

– Ал-мисбаҳ ли-мукашафатил арваҳ

– Машробил-арваҳ

– Китабул Қудсийя, Макнунул ҳадис, Ҳақоиқул ахбор

– Тақсимул хаватир

– Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларини далиллаб тўрт мазҳаб доирасида муқаддима ёзган, шу билан биргаликда «Ақоид» китоби, «Ошиқлар кўз ёши» ва «Форс шеъриятидан тўртликлар» китоблари муаллифи[1].

2- Шайх ибн аби Асрун аш Шофеий:

Субкий «Табоқоту Шофейи» асари (1/64)да айтадиларки: У Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳибатуллоҳ ибн Мутоҳҳир ибн Али ибн Асрун қозиюл қуззот, Шарафиддин, Абу Саъд Тамимий, Мавсилий, Димашқийдир.

492 йил баъзи бир манбаларда айтилишича 493 йил Робиюл аввал ойида таваллуд топган.

Силсилани Абу Али Фориқий ва Асъад Майҳонийдан, усулни ибн Бурҳондан олган. Ўн етти йил Али ибн Борий ва Абу Бакр Марзуқийга, Даъвон ва Сабт Хайётларда ўқиган. Санжар ва Ҳаррон туманлари волийси сўнгра етмиш икки йил Дамашқ қозилигини ўз қўлига олган, етмиш еттинчи йили эса уларга икки йил қозилик қилишдан бош тортган. Султон Салоҳиддин қозиликка тайинланганидан кейин уни лавозимидан четлатмаган. Нуриддин унга Ҳалаб, Хама, Ҳомс ва Баалбекда мактаблар қурдирди. Ўзига эса Ҳалабда ва Дамашқда бошқа алоҳида мактаб қурди.

Шайх Муваффақиддин ибн Қудома ал-Ҳанбалий айтадилар: Ибн Абу Асрун ўз даврида шофеъий асъҳобларининг имоми бўлган.

Ибн Салоҳ Табақотида айтадики: у ўз даврининг фақиҳларидан эди, фатво ва ҳукмлар унга мерос бўлиб қолганди. Кўпчилик унинг ҳукмларидан рози бўлган.

Ал-Асновий айтади: «Рофиъий келишидан олдин унинг сўзлари билан Миср юртларида фатво берилган. Унинг фиқҳдаги энг буюк шогирдларидан бири Фахриддин Ибн Асокирдир.

Шайх ибн аби Асрун 585 йил Рамазон ойида Дамашқда вафот этган. У мактабда дафн этилган.

У тасниф қилган китоблар: Тўрт жилдлик «Интисор»

Етти жилдлик «Софватул мазҳаб фи ихтисори ниҳоятил матлаб»

Икки жилдлик «Фавоидул мазҳаб»

Икки жилдлик «Муршид» ушбу асар мухтасар лафзлар билан ифодаланган ҳукмларни қамраб олади.

Бир жилдлик «Танбеҳ фи аҳкам»

«Аз зариат фи маърифатиш шаръийя»

Тўрт қисимли «Ат тайсир фи хилаф»

«Маъхуз ан назар»

«Ал иршод фи нусратил мазҳаб» ушбу асар тугалланмаган.

3-Шайх Аммор ибн Ёсир ибн Муҳаммад ибн Аммор ибн Саҳоб Шайбоний Бидлисий Арминий.

Шайх Абу Нажиб Суҳровардийдан хирқа кийган.

У мусаннифнинг қалбига яқин шайхлардандир. Нажот ва кўмак шарбатини ичиш манбаидир.

У зот 590-ҳижрий санада вафот этган

Китоблари: «Совмул қолб», «Баҳжатут тоифатил аърифати биллаҳ»

4-Шайх Исмоил Қасрий: Ал-Яфиъий шайх Нажмиддин Кубронинг «Мирратул-жинон ва ибротул яқзон фи маърифати ҳавадисил замон» асари таржимасида (153/2) шундай деган: Таниқли шайх Абу ал-Ҳасан Исмоил ал-Қасрий қўлидан хирқа кийган.

Ал-Аҳваз туманидан, Дезбаҳ номи билан танилган, Қатара қалъаси деган маънони англатади, унга катта жамоат, жумладан Абу Иброҳим Исмоил ибн Ал-Ҳасан ибн Абдуллоҳ Ал-Қасрий ҳам киради. 557 йил (ҳижрий)да мужтаҳидлардан бири бўлмиш Нажмиддин Кубро унда таҳсил олган.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Нажмиддин Кубро. Ат‑Таъвилотун нажмия фи-т-тафсирил ишорийис суфий (Алоудд давла Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Симноний. Айнул ҳаёт) / таҳқиқ: 1-тўм.
  2. Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: Ўзбекистон, 2009.
  3. Жўзжоний А. Тасаввуф ва инсон. – Тошкент: Адолат, 2001.
  4. Аҳмад ал-Аднавий. Табақот ал-муфассирин / Сулаймон ибн Солиҳ ал‑Хазий. – ал-Мадина ал-мунаввара: Мактабатул улум вал ҳикам, 1997. – 619 б.
  5. Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: Ўзбекистон, 2009.
  6. Тасаввуф атамалари изоҳли луғат. Муаллифлар жамоаси. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2014.
Моҳинабону БЕРДАЛИЕВА
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Исломшунослик йўналиши талабаси
[1] Қаранг: Шерозийнинг «Ҳазар зиёратгоҳи» (Ҳаззари мазар) номи билан машҳур «Шадд ал изор» номли асари (243,247). Қосим Ғонимнинг «Тарийху тасаввуф» номли асари (567-бет). Юсуф Зийдоннинг «Муқаддимати фаваиҳул жамал» асари (49-бет).

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …