Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ ЗАЙД АЛ-БАЛХИЙ – ИСЛОМ ПСИХОЛОГИЯСИ ВА ПСИХОТЕРАПИЯСИ АСОСЧИСИ СИФАТИДА

АБУ ЗАЙД АЛ-БАЛХИЙ – ИСЛОМ ПСИХОЛОГИЯСИ ВА ПСИХОТЕРАПИЯСИ АСОСЧИСИ СИФАТИДА

Айни даврда замонавий илмларнинг тараққиёти билан бирга тарихда ёзилган ислом олимларининг асарларини ўрганишга ҳам эҳтиёж мавжуд бўлиб, бу ХХИ аср кишисига ҳам дунёвий, ҳам диний жиҳатдан маълум бир масалага ёндаша олишга имкон беради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ислом олимлари ўз даврида дин илмлари билангина чекланиб қолмай, турли фан соҳаларида ноёб асарлар ёзиб қолдиришгани тарихдан маълум. Шундай олимлардан бири Абу Зайд ал-Балхийдир.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Аясофия кутубхонасида кўпчиликни ҳайратда қолдира оладиган бир манба сақланиб келинмоқда. У бир-биридан мустақил икки қисмдан иборат бўлиб, ИХ асрда тиббиёт соҳасидаги машҳур энциклопедист олим Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл ал-Балхий томонидан алоҳида икки йўналишда «Тана ва қалб озуқаси» номи остида ёзиб қолдирилган. Географиядан адабиётгача ўз ҳиссасини қўшган бу олимнинг, афсуски, фақат ушбу, яъни психотерапияга оид асаригина сақланиб қолган. Олимнинг давригача бўлган муддатда инсон саломатлигига доир қилинган ишларга қўшимча тарзда у ақлий ва психик саломатликнинг муҳим эканлиги юзасидан замонавий фикрларни илгари сурган қўлланма ёзиб қолдирган. Ўзига хос қобилияти орқали Абу Зайд ал-Балхий шахслардаги психопаталогк муаммоларни нисбатан енгил ҳисобланган психологик бузилишларни: стрес, депрессия, қўрқув, хавотир, фобия ва обсессиве-компулсив бузилишларни когнитив-бихевиориал терапия орқали тушунтирган ва диагноз қилган. Бу эса ҳозирги замонавий психологиядаги терапиянинг тармоқларига мос келади. Шунингдек, у қалб муолажаси ва Аллоҳга ибодатнинг психологик аҳамиятини ўз ичига олади.

Абу Зайд ал-Балхий тана ва руҳий касалликларнинг белгилари, уларни аниқлаш, олдини олиш, даволаш ва саломатликни дастлабки ҳолатига қайтариш юзасидан аниқ изоҳлар келтирган. У инсоннинг психологик ҳолати ва ҳиссий жиҳатларини тиббий жиҳатини кўрсатиб берди.

Абу Зайд ал-Балхий қомусий олим эди. Унинг илм-фанга қўшган катта ҳиссаси жуда кўп турли соҳаларни қамраб олди. Шу сабабли улар бизнинг замонавий онгимизда бир-бирига боғлиқ эмасдек туюлади. У шунингдек, ўз давридан кўп асрлар олдин ёзилган асарларни ўрганган; ташвиш ва кайфият бузилишларини когнитив даволаш усулларини таклиф қилган дунёдаги биринчи маълум когнитив психологлардан бири бўлган. Сермаҳсул ёзувчи ва энциклопедист олим олтмишдан ортиқ китоблар ва қўлёзмалар муаллифи, география, тиббиёт, илоҳиёт, сиёсат, фалсафа, шеърият, адабиёт, араб грамматикаси, астрология, астрономия, математика, биография, ахлоқ, социология каби турли хил фанларни пухта ўрганган олим саналади. Жуда кўп соҳаларни ўрганганлигига қарамай, унинг буюк олим сифатида шон-шуҳратга география фани доирасидаги фаолияти натижасида эришди. У Ер харитасини тузиш учун «Балх мактаби» га асос солди ва шу билан у география фани асосчиларидан бири сифатида ном қолдирди. Афсуски, бундай манбаларнинг аксарияти: қимматли ҳужжатлар, қўлёзмалар ё йўқолган ёки музейларда, бориш имконсиз бўлган кутубхоналарда яширинган ҳолда сақланиб келинмоқда. Муаллифнинг биографик кўринишдаги асарлари эса деярли сақланмаган. Ёзувчининг ҳаёти ҳақидаги маълумотларни фақат Ёқут ал-Ҳамавий асарларидагина учратиш мумкин. У асарининг шоирлар таржимаи ҳоли бўйича таниқли жилдида Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл ал-Балхий эканлигини ва у ҳижрий 235 (милодий 849) йили Шомиситиян деган кичик қишлоқ (Ҳозир Афғонистон таркибига кирувчи Форснинг Балх вилояти)да туғилганлиги ҳақида маълумот беради. Қолаверса, у дастлабки таълимни отасидан олганини таъкидлайди ва шу билан бундан ташқари маълумот келтирмайди. Бироқ у олимнинг ёшлиги, ўша даврдаги илм-фан ва санъат йўналишида ўз билимини оширишга интилганлиги ҳақида батафсил маълумот беради.

Ал-Ҳамавийнинг ёзишича, Абу Зайд ал-Балхийнинг шогирдларидан бири Абу Муҳаммад ал-Ҳассан ибн ал-Вазирий уни шундай тасвирлайди:

У киши ўрта бўйли, қуюқ жигарранг кўзлари бўртиб чиққан, юзларида чечак излари бор, мутлақо сокин, ўйчан ва уятчан шахсиятга эга инсон бўлган эди. Ушбу таърифдан унинг шахсияти ҳақида жуда пухта, синчков табиатга эга, талабчан, юқори даражадаги интроверт ва мукаммал мутахассис бўлган. Кўриниб турибдики, у ижтимоийлашувдан кўра ёлғизлик ва тафаккурни афзал кўрган, дўстлари даврасида бўлиш, турли хил жойлардаги тадбирларда қатнашишдан йироқ бўлган. Бошқа жиҳатдан олиб қараганда, Балзийнинг интровертлиги унга жуда кўп ихтироларни ва «Масалиҳ ал-абдан ва ал-анфус» асарини сабр-қаноат, ўткир зеҳн билан ўрганиш ва ёзиб чиқишга имкон берган. Олим ўз-ўзини кузатишга мойил ва аналитик фикрлайдиган бўлгани учун ҳам ИХ асрда психосоматик касалликлар, психоз ва неврознинг фарқи, депрессиянинг нормал, реактив ва эндоген турларининг классификацияси ёки психологик касалликларни даволашда когнитив терапиядан фойдаланиш каби ишларни амалга ошира олди. У ўз қўлёзмасида таъкидлаганидек, ундан олдин ҳеч бир олим бундай турдаги тиббий-психологик рисола ёзмаган эди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ал-Балхий нафақат буюк табиб, балки полимат, таниқли географ ва буюк мусулмон илоҳиётчиси эди, у араб насрининг ҳам устаси бўлиб, мунозарага мойил эмас эди. Ал-Вазирий Балхий ҳақида гапириб: «У гапирганда қимматбаҳо тошлар ёмғири ёғарди», – дейди. Шунингдек, Ал-Вазирий Балхий билан ўша даврдаги энг таниқли икки ёзувчисини таққослайди. Бунда Ал-Жаҳиз жуда кўп ва Ал-Райҳоний жуда кам сўздан фойдалангани ҳолда Балхий лингвистик далилларни нотиқлик билан ифодалаб, ҳар қандай мавзуни осонлик билан равон тильда тушунтириб бера оларди.

Ал-Ҳамавий Балхийнинг ёзиш услубини тавсифлар экан, шундай дейди: Унинг ҳам классик, ҳам замонавий билимларни чуқур эгаллагани унга файласуфларга хос услубни танлаши билан бирга, ҳар қандай инсон тушуна оладиган тильда асарлар ёзишига сабаб бўлди.

Унинг айрим ёзганлари ҳикматли сўз ва маталларга айланган:

  1. Кимдир сени сенда йўқ сифат билан мақтаса, сенда йўқ сифат билан ёмонламаслигига ҳам кафолат йўқ.
  2. Дин фалсафанинг энг буюгидир, шу сабабли файласуфлар динни билмагунча кучли файласуф бўла олмайдилар.
  3. Энг кучли даво – билим.

Ал-Балхий сабр-тоқат билан илм олмаганида ва қийинчиликларга камтарлик билан бардош бермаганида бу нуфузли илмий мақомга эга бўлмаган бўларди. Ал-Ҳамавий ёзишича, у ўз она шаҳри Балхдан Бағдодга бориб, у ерда истиқомат қилган саккиз йил давомида диний ва дунёвий билимларни излайди, ўз даврининг илмий методологиясини эгаллайди.

Хулоса қилиб айтганда, олим ислом билимларини физиология, психология ва психотерапия билан боғлай олган. У психик касалликларга аниқ, асосланган терапия усулларини тақдим қилган, физиологик ва психологик касалликларнинг турларини алоҳида ажратиб кўрсатган ва уларга даво топа олган илк мусулмон психологларидан эди. Тиббиётга доир олиб борган тадқиқотлари ҳозирги замонавий тиббиётга мувофиқ келади, психологияга оид назарий ва амалий хулосалари эса айни даврдаги шахсларда кучайиб бораётган муаммоларга айни ечим бўла олади, дейиш мумкин.

Сожидахон СОБИРОВА
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Дин психологияси йўналиши 1-курс магистранти

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …