Home / АЛЛОМАЛАР / ШАРҚ АЛЛОМАЛАРИ ИЛМИЙ МЕРОСИ –ЯНГИ РЕНЕСАНС ПОЙДЕВОРИ

ШАРҚ АЛЛОМАЛАРИ ИЛМИЙ МЕРОСИ –ЯНГИ РЕНЕСАНС ПОЙДЕВОРИ

Муҳтарам Президентимиз Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида “…буюк аждодларимиз бўлган ислом оламининг мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, теран англаш ва кенг оммалаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир.  Бу масала ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, барча жамиятларда ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ҳамда қабул қилиш, дунёнинг барча халқларига Ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун муҳимдир” деб уқтирган. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб ҳам “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз” деб, бу фикрни яна бир карра таъкидлади.

Инсоният тарихида турли цивилизациялар  бўлган. Бунга Миср, Карфаген, Хитой, Юнон-Рум, Бобил ва бошқа  цивилизацияларни  мисол қилиб келтириш мумкин. Аммо уларнинг ҳеч қайси бири Ислом цивилизацияси каби тез ва кенг ёйилмаган, аксинча таназзулга юз тутган.  Бу ҳолат чуқурроқ таҳлил этилса, юқорида қайд этилган цивилизациялар ислом диничалик инсоний одоб ва ахлоққа, инсон шаънининг дахлсизлигига, эзгулик ва одамийликка эътибор қаратмаганлар.

 Ислом дини нозил бўлганидан сўнг дастлаб Арабистон ярим оролида шаклланган ушбу цивилизация эса ғоят қисқа вақт – бор-йўғи бир аср – бир ярим аср ичида  курраи заминимизнинг  учдан бир қисмида одамларнинг ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юборди.  Зеро, ислом ўз мазмун-моҳияти бўйича юксак ахлоқ меъёрларига асосланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шунинг учун ҳам “Мен олижаноб хулқларни янада мукаммаллаштириш учун келганман” деганлар. Ислом дини қулчиликка қарши чиққан,  маърифат, илм-фанни улуғлаган. Шунинг учун исломда илм олиш фарз ҳисобланади. Илк нозил бўлган ва инсониятга қарата айтилган буйруқлардан бири  – “Ўқи”дир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом такрорлаб юрадиган севимли дуоларидан бири эса – “Аллоҳ, илмимни зиёда қилгин” мазмунида бўлган.

Истиқлол шарофати билан юртдошларимиз Бухоро шаҳри Ўрта асрлардаёқ “Ислом оламининг қуввати” деб ном олганлиги, буюк Имом Бухорий “муҳаддислар султони” шарафига муяссар бўлганлигидан  бохабар бўлди. Ҳазрат Имом Бухорий 16 йиллик машаққатли меҳнати эвазига   7275 дан ортиқ  ҳадисларни бобларга ажратиб,  тартибли равишда жамлаб, Қуръони каримдан кейин асосий манба сифатида фойдаланиладиган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” тўпламини яратган.

Олтита энг ишончли ҳадислар тўпламларидан яна бири – “Сунани Термизий”нинг муаллифи Имом Термизий ҳам ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган алломалардан ҳисобланади. Унинг 408 ишонарли ҳадиси шарифлардан иборат  бебаҳо асари ҳозир ҳам исломшунос олимлар томонидан тадқиқ этилмоқда. Ушбу асарнинг XVI асрга доир қўлёзмаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасида сақланмоқда.

Араб грамматикаси асосчиларидан бири бўлган Замахшарий айни пайтда луғатшунослик,  жўғрофия, тафсир, ҳадис, фиқҳга доир 50 дан ортиқ асарларнинг муаллифи сифатида ислом дунёсида машҳурдир.

Ўрта асрлардаги Шарқ уйғониш даврининг мутафаккирлари – замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Мусо ал-Хоразмий, алгебра фанига асос солган, исми-шарифи бутун дунё қўллайдиган “алгоритм” атамасига айланган   Ал-Хоразмий, ўша даврлардаёқ асосий астрономик асбоб – устурлоб назариясини ишлаб чиққан Аҳмад Фарғоний,  дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этган Абу Райҳон Беруний, инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири, “табиблар шоҳи” унвонига сазовор бўлган Абу Али ибн Синоларнинг ислом цивилизацияга қўшган беқиёс ҳиссалари жаҳонда якдиллик билан эътироф этилади.

Европада ҳали университетлар пайдо бўлмасдан иқтидорли ёшлар таҳсил олган,  илмий тадқиқотлар амалга оширилган Маъмун академияси ҳаммага маълум. Умуман, ўрта асрлардаги  мадрасалар дорилфунунлар мақомида бўлганлар, уларда таҳсил олган ёшлар  тафсир, фиқҳ ва бошқа диний илмлар қаторида риёзиёт, ҳандаса, жуғрофия, илми нужум сингари дунёвий билимларни  пухта ўзлаштириб, кейинчалик  олиму фузалолар бўлиб етишишган.

Юқорида қайд этилганлар қатори  Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби буюк алломаларимиз ва мутафаккирларимизнинг беназир мероси намуналари   ҳам Марказимизнинг музейи ва кутубхонасидан муносиб ўрин олади.

         Шу ўринда Самарқанд яқинидаги Конигил қишлоғининг хушманзара ҳудудида жойлашган “Мерос” устахонасида  қадимий Самарқанд технологиялари асосида  қоғоз ишлаб чиқариш анъанаси тикланганлигини  таъкидлаш керак. Бу ҳатто машҳур “Euronews” телеканалини ҳам қизиқтириб қолди ва унинг томонидан устахона шароитида қимматбаҳо қоғоз тайёрлашнинг барча босқичлари жаҳон  аҳли эътиборига ҳавола қилинди. Бевосита ана шу устахонада “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусидаги халқаро илмий-маданий конгрессининг “Китоб санъатида Шарқ уйғониш даври” деб номланган сессияси ҳам  бўлиб ўтган.

Ислом цивилизацияси шаклланишида ёзув ҳам муҳим ўрин тутади. Бу хаттотлик санъатининг шаклланишида ҳам ўз ифодасини топган. Биз тарихий ва маданий ёдгорликлар пештоқларидаги моҳир наққошлар санъати намуналари  – гўзал бениҳоя нафис ёзувлардан  ҳайратга тушамиз ва лаззатланамиз. Марказ хаттотлик санъати анъаналарини давом эттиришнинг тарғиботчиси бўлади.

Музейда китоб санъати, ислом динининг ёйилиши тарихи, кейинги тарихий воқеалар, VIII асрдан бошлаб меъморчилик, ҳунармандчилик, амалий санъат, анъаналар, нафис ва нодир буюмлар мисолида босқичма-босқич ва  батафсил акс эттириладиган бўлди. Жаҳон тарихида “Ўрта Осиё мусулмон ренессанси”, “Амир Темур ва темурийлар даври”  номи билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврларда яратилган илм-фан, маданият ва меъморчилик дурдоналари ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида намоён этилади. Ислом Уйғониш даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморчилик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонлари  ташкил қилинади.

Айни пайтда буюк алломаларимиз ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб юртимизда бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар, моддий ва номоддий мерос ноёб экспонатлар орқали кенг намойиш қилинади. Шу билан бир қаторда энг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланиши ўз ифодасини топади. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳондаги энг нуфузли халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлар, қатор мамлакатлар илмий муассасалари, жамғармалари, музейлари ва кутубхоналари билан яқин ҳамкорликни йўлга  қўймоқда. Жумладан, Англиядаги “Ал-Фурқон” халқаро қўлёзмалар жамғармаси Марказга 100 мингта ноёб қўлёзмалар каталогини беғараз тақдим этди. Франция миллий кутубхонаси араб ва лотин тилидаги 80 га яқин илмий-маърифий меросимизга оид қўлёзмалар ва китоб нусхаларини туҳфа этди.  Бой маданий меросга эга Германияда ҳам Ислом цивилизациясига доир нодир қўлёзмалар, китоблар, ҳужжатлар билан танишиб, уларнинг ҳам нусхаларини олиб келинмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, барча соҳаларда бўлгани каби, давлатимиз раҳбаримизнинг диний-маърифий соҳадаги ташаббуслари ҳам жаҳон мамлакатларида жуда катта қизиқиш билан қарши олинди ва қўллаб-қувватланмоқда. Бинобарин, барча хизмат сафарлар жараёнида нафақат илмий доиралар, балки ўша мамлакатларнинг сиёсий-маъмурий давралари ҳам катта ёрдам беришяпти. Масалан, Англияда ўтказилган тадбирларда Лордлар палатаси аъзоси Шайх Илтаф ҳазратлари, Францияда эса Франция ташқи ишлар вазирлиги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, шунингдек зиёрат туризми тақдимотларини ўтказилишига ҳам ёрдам беришди, ҳам ўзлари ҳам иштирок этишди.

Умуман,  буюк аждодларимиз даҳоси ва закосининг кўзгусига айланиб,  ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш орқали  унинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб бориш, халқимиз, биринчи навбатда, ёшларнинг маънавий дунёсини кенгайтириш учун ҳаракат қилади. 

Фойдаланилган манбалар рўйхати

  1. Ўзликни англаш ва ўз-ўзини бошқариш, Анваров Алишер, JAMIYAT va BOSHQARUV OAK tarkibidagi jurnal 7 (1), pages 365-366
  2. The Education System of Uzbekistan (focus on Uzbekistan´s educational system) A Anvarov
Алишер АНВАРОВ,
Наманган шаҳар Ҳидоя ўрта махсус ислом билми юрти
тадқиқотчи

Check Also

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига …