Home / АЛЛОМАЛАР / БОБУР МЕРОСИНИНГ ГУЛТОЖИ

БОБУР МЕРОСИНИНГ ГУЛТОЖИ

Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда туғилиб, жаҳон илм-фани, маданияти, башар цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган алломалар минглаб ноёб дурдона асарлар яратган. Уларни мутолаа қилган киши, албатта, илм-фан ва маданият бешиги бўлган бу заминда ижод қилган олимлар нақадар буюк зотлар бўлганини қалбан ҳис этади.

XV аср охири-XVI аср бошларида Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўчмас из қолдирган аллома мутафаккирлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо бўлиб, Бобур – тахаллуси. Баъзи манбаларда келтирилишича, у болалигидаёқ довюрак ва жасурлиги учун “Бобур” (“Йўлбарс”) лақабини олган [5, 83]. Бошқа бир манбада Умаршайх Мирзонинг қайнотаси Юнусхон хурсанд бўлиб: “Насиб этса, иншоаллоҳ, йўлбарсдай баҳодир бўлғусидир. Инчунин, “Бобур – йўлбарс” деб чақирсак ҳам бўлур экан” [4, 17], дегани қайд қилинган. Мирзолар сулоласидан бўлгани учун Бобур Мирзо ҳам дейилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 888/1483 йил (6 муҳаррам/14 февраль куни)да Андижон шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими Умаршайх Мирзо оиласида таваллуд топган. У, барча темурий шаҳзодалар каби, болалигидан махсус тарбиячилар ва йирик фозилу уламолар устозлигида араб ва форс тиллари, фиқҳ ва бошқа илмларни ўрганган, ҳарбий таълим сирларини ўзлаштирган. 1494 йили Умаршайх Мирзонинг фожиали вафотидан сўнг валиаҳд 12 ёшида Андижон тахтига ўтиради. Лекин бу вақтда Мовароуннаҳрда сиёсий вазият кескинлашиб, темурийзодалар ўртасида тож-тахт учун курашлар, ўзаро феодал урушлар авж олган эди. Бобур бу курашларда бевосита иштирок этади. Ёш бўлишига қарамай, мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатиш, тартибни қарор топтириш учун бор куч-қувватини ишга солади.

Мутафаккир, шубҳасиз, туғма истеъдод соҳиби эди. Шу боис нафақат ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили ва давлат арбоби, балки адабиётшунос, тилшунос, шоир, тарихчи, этнограф, географ, моҳир саркарда, бобурийлар сулоласининг асосчиси сифатида тарих саҳифаларидан ўрин олган. Кўп вақти жангу жадалларда ўтганига қарамай, самарали ижод қилган. Асарлари бир неча асрлардан буён илмий аҳамиятини йўқотмай, китобхонлар ва тадқиқотчилар томонидан севиб мутолаа қилиб келинади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 16-17 ёшларидан ижод билан шуғулланиб, 18-19 га етганида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Жумладан, ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти 1498 йили Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган. Мутафаккир: “Ул фурсатларда бирор-иккирар байт айтур эдим”, деб ёзади [5, 86].

Унинг “Топмадим” радифли ғазали эса тахминан 1500-1501 йилларда ёзилган.

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,
Шод этмас эмиш кўнгилни меҳнатда киши.
Кўнглум ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатта севинмас эрмиш албатта киши.

мисралари билан бошланувчи рубоийси ҳам ўша йиллардаги ҳаётий изтироблари билан боғлиқ.

Кейинчалик туркий ва форсийда шеърлар бита бошлаган. Туркийдаги шеърларини тўплаб, 1519 йилда Кобулда “Кобул девони”ни, 1528-1529 йилларда Ҳиндистонда “Ҳинд девони”ни тузади. Бобур лирикасининг асосий жанрлари ғазал, рубоий ва туюқлар ҳисобланса-да, у қитъа, фард каби йўналишларда ҳам ижод қилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарих ва этнографияга оид “Бобурнома”, ҳуқуқшуносликка оид “Мубаййан”, араб алифбосини соддалаштирган ва туркийга бирмунча мослаштирган “Хатти Бобурий” хати, аруз қоидаларига оид “Рисолаи аруз” (“Муфассал”), мусиқа бўйича “Илми мусиқий”, ҳарбий илми тўғрисида “Ҳарб иши”,  каби бир қанча асарлари билан ўзбек адабиёти, тарихи, илм-фани, маданияти ва санъатининг равнақига улкан ҳисса қўшган.

Мутафаккир моҳир таржимон ҳам бўлиб, 1528 йилда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг “Волидия” рисоласини форсийдан туркийга назмий усулда таржима қилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий меросининг гултожи бўлган “Бобурнома” асари Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон тарихи, географияси ва бу ерларда яшовчи халқлар этнографиясига оид нодир ва қимматли маълумотларни ўз ичига олган. Асар ўша давр ўзбек классик адабиёти ва адабий тилининг ёрқин намунаси бўлиб, мазмунининг серқирралиги, ранг-баранглиги, тил ва услубининг гўзаллиги билан алоҳида ажралиб туради. Асл номи “Вақоеъ” бўлса-да, у “Воқеанома”,“Тузуки Бобурий”, “Воқеоти Бобурий”, “Бобурия” деб ҳам аталган. Кейинчалик “Бобурнома” деб номланиб, шу ном билан машҳур бўлган [1, 5].

Муаллиф бу асарни Ҳиндистонда ёзган. У баён қилинган воқеалар жараёнига кўра 3 қисмга – Мовароуннаҳр (1494-1504), Афғонистон (1504-24), Ҳиндистон (1524-30)даги ҳукмдорлик даврига бўлинади. Асарда Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистоннинг 1494-1529 ва 1529-1530 йиллардаги тарихи, ижтимоий ҳолати, иқтисодиёти, бу салтанатлардаги халқлар, қабилалар, уларнинг тиллари, маданияти, касб-ҳунар ва урф-одатлари, расм-русумлари, анъанавий тадбир-маросимлари, ўша давр жамиятига хос ижтимоий табақаларга тегишли маълумотлар, тож-тахт учун курашлар ва содир бўлган тарихий-сиёсий воқеалар йилма-йил ўта аниқлик билан баён қилинган. Буларнинг барчаси бевосита Бобурнинг ҳаёти ва сиёсий фаолияти билан боғлиқдир.

Муаллиф “Бобурнома”да фақат тарихий воқеа ва ҳодисалар билан чекланмай, балки уларнинг иштирокчилари ва асосий қаҳрамонларига, яъни тафсилотларга алоҳида эътибор қаратган. Ўша даврда яшаган ва муҳим мавқелар иштирокчиси бўлган 1500 дан зиёд давлат ва маданият арбоби, турли табақадаги шахслар ҳақида сўз юритган. Асарда тасвирланган ҳар бир образ, персонаж, шахс ўзининг жозибаси, характери билан алоҳида ажралиб туради [3, 237].

Айни пайтда “Бобурнома”да ижтимоий-табиий фанлар, тарих, фиқҳ, диний таълимот, тилшунослик, жуғрофия, табиатшунослик, маъданшунослик, деҳқончилик, боғдорчилик соҳалари билан бирга, ижтимоий масалалар, сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон каби мамлакатларда олиб борилган ободонлаштириш ишлари, бунёд этилган муҳим тарихий иншоот, масжид, мадраса, зиёратгоҳ ва ибодатхоналарнинг таърифу тавсифлари ҳам баён қилинган.

Бундан ташқари, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Шайхим Суҳайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Осафий, Биноий, Сайфий Бухорий, Оҳий, Муҳаммад Солиҳ, Хожа Абдулло Марварий, Қул Муҳаммад Удий, Шайх Нойий, Юсуф Али, Мулло Ёрак, Шоҳқули Ғижжакий, Ҳусайн Удий, Беҳзод, Шоҳ Музаффар каби кўплаб шоир, адиб ва санъаткорлар тавсиф этилиб, уларнинг ижодий фаолиятларига холис баҳо берилган. Жумладан, Алишер Навоий ҳақида шундай дейилган: “Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хтуб айтқон эмас…” [2, 153].

Шу боис ҳам “Бобурнома” ҳанузгача тарихий, географик, этнографик ва адабий асар сифатида илмий аҳамиятини йўқотмай келяпти. У XVI асрдан ҳозирги кунгача бир неча марта инглиз, голланд, француз, форс, немис, италян, рус, ҳинд, урду ва бошқа тилларга таржима қилиниб, шарҳ-изоҳлар билан нашр этилган.

“Бобурнома” инглиз тилининг ўзига уч марта – 1922 йилда шарқшунос олима Анета Бевериж, 1826 йилда Уильям Эрскин ва Жон Лейден томонидан ва 1996 йилда Уиллер Такстон томонидан таржима қилиниб, Англия ва АҚШда бир неча бор қайта-қайта чоп қилинган.

Бобур ҳаёти ва “Бобурнома” асари ҳамда латофатли шеърлари ўша даврдан ҳозиргача жаҳон олимлари ва жамоат арбобларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Жумладан, Ҳиндистоннинг буюк сиёсат ва жамоат арбоби Жавоҳарлаъл Неру: “Бобур – дилбар шахс. У Уйғониш даврининг моҳир ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган, санъатга, адабиётга меҳр қўйган, ҳаётнинг ҳар тотли лаҳзасидан баҳра олишни яхши кўрган…”, деган. Инглиз тарихчиси Эдуард Холден: “Бобур – феъли сажиясига кўра, Цезарга қараганда, ардоққа кўпроқ арзигуликдир.” деб таърифлайди. “Бобурнома”ни инглиз тилига таржима қилган машҳур шарқшунос олим Анета Бевериж: “Ушбу асарни ҳамма даврларда ёзилган энг жозибали адабиётлар қаторига қўйиш лозим”, деб эътироф этган. Англия, АҚШ, Франция, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Япония каби кўплаб мамлакатлар олимларининг илмий тадқиқотларида “Бобурнома” асари инсоният томонидан барпо қилинган ўлмас обидалардан бири сифатида алоҳида аҳамиятга сазовор экани таъкидланган. Кўриниб турибдики, Бобурнинг ҳаёти ва ижоди турли мамлакатларда ўрганилмоқда ва халқаро илмий ҳамкорлик воситасига айланиб бормоқда. Бу ҳам ўзбек халқининг улуғ ифтихоридан нишонадир.

Бобурнинг жаҳон халқлари маданияти хазинасидан муносиб ўрин олган илмий-адабий мероси, жумладан, “Бобурнома” асарининг илмий аҳамияти жуда юқори бўлиб, ёшларимизни имон-эътиқодли, Ватанга садоқатли, билимли, доно ва зукко этиб вояга етказишда, уларда аждодларимиз илмий меросига қизиқишни кучайтиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Бобур. Бобурнома. 1-қисм, Сўзбоши. – Т. 1948.
  2. Бобур. Бобурнома. Юлдузча. – Т.: 1990.
  3. Қудратуллаев Ҳ. Бобур армони, – Т.: Шарқ. 2005.
  4. Султонов Х. Бобурийнома, Маърифий роман “ШАРҚ” Наштиёт-матбаа концернининг бош таҳририяти. –Т.: 1997.
  5. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. 2-том. – Т.: 2001.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …