Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ГЛОБАЛ ИСЛОМ ТАРҒИБОТИНИ ҲАРАКАТЛАНТИРГАН ВА ЖАДАЛЛАШТИРГАН МУҲИМ ОМИЛ

ГЛОБАЛ ИСЛОМ ТАРҒИБОТИНИ ҲАРАКАТЛАНТИРГАН ВА ЖАДАЛЛАШТИРГАН МУҲИМ ОМИЛ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Бруней Даруссалом ислом университети ҳузуридаги Аҳли сунна вал жамоа тадқиқот маркази ҳамкорлигида “Жануби-Шарқий Осиёда ислом моҳиятини тарғиб қилишда Нақшбандия тариқатининг ўрни” мавзуида онлайн семинар ўтказилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Сингапур, Малайзия ва Индонезиядаги илмий-маърифий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, мамлакатимизнинг етакчи олий таълим ва илмий ташкилотлари олимлари иштирокида ташкил этилган анжуманда Бруней Даруссалом ислом университети ҳузуридаги Аҳли сунна вал жамоа тадқиқот маркази доценти др. Муҳаммад Юсуф Холиднинг мавзу бўйича маърузаси тингланди.

Нотиқ ҳадис ва Қуръон илмлари, тафсир, фиқҳ билан бир қаторда, эътиқод, фалсафа, тасаввуф, тиббиёт, муҳандислик, астрономия каби дунёвий фанлар бўйича ҳам етук уламолари билан ном қозонган Жануби-Шарқий Осиё минтақасида исломий ўзликни тарғиб қилишда нақшбандия тариқатининг ўрни ва аҳамиятини ёритиб берди.

Ислом Жануби-Шарқий Осиёга тахминан XV асрда сўфийлар этагини тутган савдогарлар орқали, уларнинг гўзал муомала ва даъватлари натижасида тинч йўл билан кириб келган. Айни пайтда қарийб 300 миллион аҳолига эга биргина Индонезия халқининг 90 фоизи ислом динига эътиқод қилади.

Маърузада Шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг таржима ҳоли, нақшбандия тариқатининг Индонезия, Малайзия ва Сингапурда тарқалиш тарихи атрофлича баён этилди. Тариқатни ушбу давлатлар ҳудудига олиб кирган шахслар ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, нақшбандия тариқати Осиёнинг бу қисмига кириб келганига унча кўп бўлмаганига қарамай, у глобал ислом тарғиботини ҳаракатлантирувчи ва жадаллаштирувчи муҳим омилга айланишга улгуриб, ахлоқ бобида туб ижобий ўзгаришларга асос солган.

Маърузачи минтақа мамлакатларида тасаввуф илми ва сўфийлик тариқатларини тўғри тарғиб қилиш айни пайтда долзарб масалаларидан бири эканини алоҳида қайд этди.

Семинар қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …