Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Муслимнинг “Саҳиҳи Муслим” асарида келган ижтимоий ҳимояга оид ҳадислар

Имом Муслимнинг “Саҳиҳи Муслим” асарида келган ижтимоий ҳимояга оид ҳадислар

Жамият қатламлари орасида ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан кўпроқ эътибор бериш зарур ҳисобланган қисми алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади. Бундай ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш илмий тилда “ижтимоий ҳимоя” деб аталади. Ижтимоий ҳимоя тушунчаси миллий ва диний қадриятларимиз, хусусан ислом ҳуқуқида ҳам ўзига хос ўринга эга. Шуни айтиб ўтиш жоизки, Ислом динида ижтимоий ҳимоя фақат моддийлик билан чекланиб қолмасдан, балки   руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам кўзда тутади.  

Ислом ҳуқуқига кўра, бойлик ва камбағаллик хавфли, фожиали ҳолат эмас, балки бойликни нотўғри сарфланиши, камбағалларнинг ҳақларини берилмаслиги сабаб зарарли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, буларнинг барчасини исломнинг бирламчи манбалари ҳисобланган оятлар ва ҳадисларда таъкидланганидек, бутун умр давомида хавф ва хатарга дуч келиши мумкин бўлган, ҳимоя қилиниши керак бўлган зарурияти хамса, яъни бешта умуминсоний манфаатларни бутун умр давомида зарар етишидан паноҳ тилашлари керак[1].        

Ижтимоий ҳимоя жамиятнинг иқтисодий ночор, ёрдамга муҳтож ва боқувчисини йўқотган қатламлари эҳтиёжларини қондириш ҳамда ижтимоий адолатни ўрнатиш мақсадида ҳукумат даражасида амалга ошириладиган иш ҳисобланади. Тарихдан маълумки, илк ислом давридан бу масалага катта эътибор қаратиб келинганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ислом ҳуқуқида жамиятда  ижтимоий тенгликни таъминлаш учта институт орқали амалга оширилади. Биринчиси – оилада, иккинчиси – закот институти орқали; учинчиси – давлат томонидан[2].

Халқимиз минг йилликлар давомида ижтимоий соҳа борасида ислом дини таълимотлари асосида диний ва миллий қадриятларга таянган ҳолда катта тажриба тўплаган. Ушбу буюк меросни изчил ўрганиб бориб, барча халқларда умуминсоний қадриятлар мавжудлигини, шу жумладан ижтимоий муносабатларнинг ҳозирги даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш номини олган жабҳасида ҳам мавжуд бўлган муайян маълумотларни жамлаб ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом оламида машҳур бўлган олимларни беқиёс асарларини ўрганиш хусусан, етук муҳаддис, ҳадис илмининг билимдони Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий ан-Нисобурий ҳазратларининг “Саҳиҳи Муслим” асари муҳим аҳамиятга эга. Бу асарда нафақат ибодатга оид ҳадислар, балки муомалотга оид, мусулмонларни ўзаро ижтимоий муносабатлари ҳақидаги ҳадисларни ҳам ўз ичига олган.             

Ўрганиш натижасида шу нарса аниқландики, ижтимоий ҳимоя мавзусига доир ҳадислар асарнинг асосан 2 жузи 12 бўлими “Закот” китобида келтирилган. Ушбу қисм 56 боб, 2135 дан 2366 гача бўлган  жами 231 та ҳадисларни ўз ичига олади. Улар қуйидаги молиявий мавзуларни ўз ичига олади: закот, ушр, фитр, садақа, нафақа каби мавзуларни аҳамияти, унга тарғиб қилиш, фойдалари, улар бажарилмаслигининг оқибатлари ҳамда зарарлари ҳақида сўз юритилган.

Қуйида ана шу боблар мавзулари келтирилади.

 Закот китобида келган ижтимоий ҳимояга оид боблар:

1.      

1-боб

Ушр ва ушрнинг ярми бериладиган нарсалар ҳақида

2.      

3-боб

Закотни олдиндан бериш ва уни бермаслик ҳақида

3.      

4-боб

Мусулмонларнинг зиммасидаги фитр закотининг хурмо ва арпадан берилиши ҳақида

4.      

6-боб

Закот бермаганнинг гуноҳи ҳақида

5.      

7-боб

Закот йиғувчиларни рози қилиш ҳақида

6.      

9-боб

Садақага тарғиб

7.      

11-боб

Инфоққа тарғиб, инфоқ қилганга эвазнинг хушхабари берилгани ҳақида

8.      

12-боб

Аҳли аёл ва мамлукларга нафақа қилишнинг фазли, уларни зое қилган ёки уларга нафақа қилмаган кишининг гуноҳи ҳақида

9.      

13-боб

Нафақани ўзидан бошлаш, кейин аҳлига, сўнг қариндошларга экани ҳақида

10.  

14-боб

Қариндошларга, завжасига, болаларга ва мушрик бўлса ҳам ота-онага инфоқ қилишнинг фазли ҳақида

11.  

15-боб

Садақанинг савоби маййитга етиши ҳақида

12.  

16-боб

“Садақа” деган ном маъруф ишларнинг барча турига тўғри келавериши баёнида

13.  

17-боб

Инфоқ қилувчи ва мумсик ҳақида

14.  

18-боб

Садақани қабул қиладиган одам топилмай қолмасидан олдин беришга тарғиб

15.  

19-боб

Ҳалол-пок касбдан топилган садақанинггина қабул қилиниши ва унинг ўстирилиши ҳақида

16.  

20-боб

Яримта хурмо ёки биргина ширин сўз билан бўлса ҳам садақа қилишга қизиқтириш ва бунинг дўзахдан парда экани ҳақида

17.  

22-боб

Маниҳанинг фазли ҳақида

18.  

23-боб

Инфоқ қилувчи билан бахилнинг мисоли ҳақида

19.  

25-боб

Омонатдор хазинабоннинг ажри ҳамда эрининг уйидан зиён келтирмаган ҳолда, унинг очиқ рухсати билан ёки урфга кўра садақа қилган аёлнинг ажри ҳақида

20.  

27-боб

Садақа ва эзгу амалларни жамлаш ҳақида

21.  

28-боб

Инфоқ қилишга қизиқтириш ва уни санаб боришнинг макруҳлиги ҳақида

22.  

29-боб

Озгина нарсани бўлса ҳам садақа қилишга қизиқтириш ва арзимас деб, оз нарса (бериш)дан ўзини тортмаслик ҳақида

23.  

30-боб

Садақани яшириб беришнинг фазли ҳақида

24.  

31-боб

Садақанинг афзали хасиснинг соғ пайтидаги садақасидир

25.  

55-боб

Закотни олиб келган кишининг ҳаққига дуо қилиш ҳақида

 

Ислом таълимотида ижтимоий ҳимояга тарғиб этувчи яна бошқа тамойилларда ҳам  улар садақалар кўринишида намоён бўлади. Хусусан, 9-боб Садақага тарғиб ҳақида бўлиб, Абу Зарр р.а. дан ривоят қилинади: “Мана шу Уҳуддек олтиним бўлиб, ундан қарз учун олиб қўядиганимдан бошқа бирор динорнинг ҳузуримда уч кун туриб қолишини хоҳламасдим, уни Аллоҳнинг бандалари орасида мана бундай, мана бундай, мана бундай – олд, ўнг, чап томонларига ҳовучладилар – қилиб юборардим”, деди[3]. Бу ҳадис инсонларни садақа қилишга рағбатларини янада зиёда қилади ва улар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди.

Эътибор қилиниши керак бўлган жиҳатлардан бири шундаки, қилинадиган эҳсонларнинг барчаси ҳалол йўл билан топилиши шарт қилинади. Бу эса тўпламнинг “Ҳалол-пок касбдан топилган садақанггина қабул қилиниши ва унинг ўстирилиши” 19-бобидаги 2214-ҳадисда келтирилади. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Бирор киши ҳалол-пок нарсадан садақа қилса, зотан, Аллоҳ фақат ҳалол-пок нарсанигина қабул қилади – Раҳмон уни ўнги билан олади, агар у бир дона бўлса ҳам. Кейин у Раҳмоннинг кафтида худди бирингиз тойчоғини ёки бўталоғини ўстирганидек ўсади, ҳатто тоғдан ҳам катта бўлиб кетади”[4].

Имом Муслим Саҳиҳида садақага жуда кенг тарғиботни кўриш мумкин яъни набавий ҳадислари мусулмонларни садақа қилишга чақиради ва унга бўлган рағбатни шу қадар оширадики, ҳатто 20-бобда “Яримта хурмо ёки биргина ширин сўз билан бўлса ҳам садақа қилишга қизиқтириш ва бунинг дўзахдан парда экани” ҳақида келтирилган. 2219-ҳадисда Адий ибн Хотим р.а.дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в.)нинг “Сизлардан ким яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан ўзини тўса олса, шуни қилсин”.

Имом Муслимдан шу мавзуда қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: Абу саъд Худрий (р.а) ривоят қилади:  “Кимнинг ортиқча туяси бўлса, туяси йўқларга ёрдам қилсин. Кимнинг ортиқча озиқ-овқати бўлса, озиқ-овқати йўққа ёрдам қилсин”[5]. Муҳаддис яна бир ҳадисни ривоят қилади: Жобир р.а. дан ривоят қилинади: “Набий с.а.в. бир кишига: “Ўзингдан бошла, ўзингга садақа қил. Агар бирор нарса ортиб қолса, ўз аҳлингга (садақа) қил. Агар аҳлингдан ҳам бирор нарса ортиб қолса, қариндошларингга (садақа) қил. Агар қариндошларингдан ҳам бирор нарса ортиб қолса, бундай қил (олдингдаги, ўнг чап ёнингдаги бошқа кишиларга садақа қил)”, дедилар[6]. Ушбу ҳадисда садақа қилишнинг тартиби, босқичлари аниқ қилиб баён этилган. Садақанинг ушбу тартибга мувофиқ қилиниши уни янада гўзал ҳолатда, ўз ўрнида адо этилишини таъминлайди.

Бугунги кунда ҳам ҳар бир даврдаги каби мусулмон жамиятлари ривожи инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар асосига қурилган бўлади. Зеро  инсонларнинг ўзаро бирдамлик алоқалари жамият бирлиги ва осойишталигига, тараққий этишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу борада ижтимоий ҳимоя масалаларини фиқҳий жиҳатдан ўрганиш долзарб ҳисобланади. Хусусан, Имом Муслимнинг “Саҳиҳи Муслим”  тўплами ижтимоий ҳимоя масалаларини ўрганиш, унга оид муаммоларни ечимини топишда муҳим ўрин тутади.

[1] Erol А. Social protection in Islamic law. Theoretical perspectiva. Peterleng. 2018. –B 29.
[2] Юсупова Н. Ислом ҳуқуқида оила ва жамият барқарорлигини таъминлашда  ижтимоий ҳимоянинг моҳияти. Ижтимоий фикр. 2020. № 4. –Б 71.
[3] Олтин Силсила. Саҳиҳи Муслим. 2 жуз. “Ҳилол-нашр”, –Т. 2020. –Б 525.
[4] Олтин Силсила. Саҳиҳи Муслим. 2 жуз. “Ҳилол-нашр”, –Т. 2020. –Б 547.
[5] Ислом Ё. Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат. Қақнус-медиа. –Т.: 2019. –Б 137.
[6] Ислом одоблари энциклопедияси. I китоб. Ҳилол-нашр –Т.: 2019. –Б 279.
Ҳусанбой ҚИРҒИЗОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси,
Махфузахон ЖАЛОЛДИНОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …