Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИ ТАРКИБИДА ВАЗИФАДОШ ГАП БЎЛАКЛАРИНИНГ ЖОЙЛАШУВИДАГИ ЎЗИГА ХОСЛИКЛАР

ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИ ТАРКИБИДА ВАЗИФАДОШ ГАП БЎЛАКЛАРИНИНГ ЖОЙЛАШУВИДАГИ ЎЗИГА ХОСЛИКЛАР

 Қуръони карим оятлари таркибидаги калималарнинг жойлашув тартибида муфассир уламолар аҳамият бериб ўрганган, илмий асосларга таянган кўплаб жиҳатлар бор. Ана шундай жиҳатлардан бири турли оятлар матнида вазифадош гап бўлаклари – уюшиқ бўлаклар ҳамда изоҳловчи ва изоҳланмишнинг истеъмолида тартиблар алмашинуви кузатилади.

Одатда тилшунослар ушбу ҳолатни барча тиллардаги каби урғу қаратиш эътиборидан амалга ошишини таъкидлашади. Аммо Қуръон тафсири билан шуғулланган тилшунос муфассирлар ушбу ҳодисанинг илоҳий хитобга мувофиқ яна ўрганиладиган жиҳатлари бор эканига аҳамият қаратишган. Қуйида ана шундай жиҳатлардан айримларига тўхталиб ўтамиз.

Бақара сурасининг 173-оятида, Нисо сурасининг 100-оятида мағфират сўзи раҳмат сўзидан олдин келган:

إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ

«Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.»[1]

وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا

«Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир!»[2]

Ушбу икки ояти каримада Аллоҳ таолонинг мағфиратли экани биринчи зикр қилинди, орқасидан раҳмат сифати келтирилди. Мағфират қилувчи экани, раҳим сифатидан олдин келтирилганига сабаб, мағфират бу биринчи ўринда жазодан саломат сақлашни билдиради. Раҳмат эса, кейин ҳосил бўладиган ютуқдир. Салом қолиш биринчи ўринда талаб қилинадиган нарса, яъни ҳалокатга учрамаслик, биринчи қидириладиган нарса. Саломат қолингандан кейин эса қўшимча ютуқлар олишга ҳаракат қилинади, шунинг учун мағфират асли олдин қўлга киритиладиган босқич ҳисобланади.

Аммо қуйидаги оятда эса бу икки сифат ўрин алмашиб келган:

يَعْلَمُ مَا يَلِجُ فِي الْأَرْضِ وَمَا يَخْرُجُ مِنْهَا وَمَا يَنْزِلُ مِنَ السَّمَاءِ وَمَا يَعْرُجُ فِيهَا وَهُوَ الرَّحِيمُ الْغَفُورُ

«Аллоҳ таоло ерга кирадиган нарсани ҳам, ундан чиқадиган нарсани ҳам, осмондан тушадиган нарсани ҳам ва унга кўтариладиган нарсани ҳам билур, У раҳмли ва мағфиратли зотдир».[3]

Кўриниб турибдики, бу оятда икки сифатнинг жойи алмашган ҳолда келди. Бунга сабаб раҳмат калимаси шу оятда келган ҳар тўрт хил тоифани ўз ичига қамраб олувчидир, мағфират эса уларнинг ҳаммасига эмас, фақат баъзиларига тегишли. Ерга кирадиган, ердан чиқадиган, осмондан тушадиган ва осмонга чиқадиган деб зикр қилинган барча мавжудотни Аллоҳнинг раҳмати қамраб олади, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам мағфират сифатига дуч келувчи эмас[4].

Осмондан тушадиган нарса ёмғир бўлса, Аллоҳнинг раҳмати бўлиб тушади, мағфирати эмас, ёки ёмғирни Аллоҳ мағфират қилмайди. Мана шу маънода умумий ҳукмлар, хусусий ҳукмлардан кўра тартиб жиҳатидан олдинроқ зикр қилиниши мантиқан тўғри. Изоҳ ўрнида айтиш мумкинки, халойиқнинг барчаси – инсонлар, жинлар, ҳайвонлар ва бошқалар, набодоту жамодот Аллоҳнинг раҳматига муҳтождир, Аллоҳнинг раҳмати билан яшайдилар, ҳаёт кечирадилар, Унинг раҳмати билан ўзаро раҳмлашадилар. Мағфират эса фақат мукаллафларга тегишли, мукаллаф гуноҳ қилганидан кейин мағфиратга муҳтож бўлади. Мағфират сифати мукаллаф бўлмаганларга тегишли эмас, натижада раҳмат масаласи умумийроқ бўлади.

Қуйидаги оятда уюшиқ бўлаклар тартибидаги ўрин алмашинувга гувоҳ бўламиз:

يَوْمَ يُحْمَى عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَتُكْوَى بِهَا جِبَاهُهُمْ وَجُنُوبُهُمْ وَظُهُورُهُمْ هَذَا مَا كَنَزْتُمْ لِأَنْفُسِكُمْ فَذُوقُوا مَا كُنْتُمْ تَكْنِزُونَ

“Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: “Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!” (дейилур).[5]

Тилла ва кумушни муҳтожларга инфоқ қилмасдан захира қилиб қўядиганлар ҳақидаги ушбу оятда улар жаҳаннам оловига йўлиқтирилганларида, аввал уларнинг пешоналари куйиши, сўнг ёнбошлари, сўнг орқалари куйиши айтилди. Бунинг сабаби ҳақида муфассирлар айтадиларки, бахил кишилар фақирларни кўрганда биринчи ўринда пешоналари тиришиши, агар улар билан бирга ўтирсалар ёнбошларини қийшайтириб, улардан узоқлашишга интилишлари ва орқа ўгириб кетишларини айтадилар. Мана шу тартибда аввал пешоналари, сўнг ёнбошлари, кейин эса орқалари куйиши айтилди.

Баъзан тенг вазифали гап бўлакларини тартиблашда уларнинг воқеликда содир бўлиш жиҳатидан кўп ва озлигига ҳам қаралади. Оз нарсадан кўпга қараб ҳам ҳисоб қилинади, ўша вазиятдаги воқелик тақозосидан келиб чиқилади. Масалан

أَنْ طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ (125) البقرة)

(Иброҳим ва Исмоилга:) «Менинг байтимни тавоф қилувчилар, эътикоф қилувчилар, руку-сажда қилувчилар учун пок тутинг», (дедик).

Бу тартибда зикр қилинишига сабаб, мазкур ҳар бир тоифа ўзидан кейингидан кўра камчиликни ташкил қилади. Демак оят таркибидаги ушбу бўлаклар миқдорга нисбатан камчиликдан кўпчиликка қараб жойлаштирилган. Тавоф қилувчилар эътикоф қилувчилардан кўра кам, чунки тавоф фақат каъба атрофида бўлади, эътикоф эса масжидлар ичида умумий бўлади. Эътикоф қилувчилар руку қилувчилардан камроқ, чунки барча намозда бўлади ва ернинг барча пок қисмларида бўлиши мумкин, аммо эътикоф фақат масжидларда бўлади. Руку қилувчилар эса сажда қилувчилардан озроқ, чунки ҳар бир ракатда 2 тадан сажда бор.

Сўнг ҳар бир руку қилувчи сажда ҳам қилиши шарт. Шу билан бирга баъзида рукусиз ҳам сажда қилиш ҳолатлари бор. Масалан, тиловат саждаси, шукр саждаси, саҳв саждаси каби. Мана шу ҳолатда камдан кўпга қараб, тадрижий тартиб билан зикр қилинган бўлади.

Яна бир эҳтимолга кўра, ушбу амалларни қилувчиларнинг байтуллоҳга энг яқин жойлашуви нуқтаи назаридан тартибланган. Тавоф қилиш фақат каъба атрофида бўлади. Эътикоф эса барча масжидларда, руку ва сажда қилиш эса байтуллоҳга юзланган ҳолда, аммо барча ерларда қилиниши мумкин.

Ҳаж сурасининг 77-оятида иймон келтирганлар аввал рукуга, сўнг саждага, сўнг роббиларига ибодат қилишга ва охири яхшилик қилишга буюрилдилар.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ارْكَعُوا وَاسْجُدُوا وَاعْبُدُوا رَبَّكُمْ وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Эй иймон келтирганлар, руку қилинглар, сажда қилинглар, Роббингизга ибодат қилинглар ва яхшилик қилинглар. Шоядки, нажот топсангиз».

Бунинг сабаби сифатида рукунинг саждадан озлигини, сажданинг ибодатдан озлигини айтиш мумкин. Ибодат қилиш рукуни ҳам, саждани ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, ибодатнинг бошқа турлари ҳам мавжуд. Яхшилик қилиш эса, ибодатдан ҳам кенг қамровлироқ.

Маълумки, нутқда сўзларни бир дафъада етказишнинг иложи йўқ. Айрим сўзларни олдин, баъзисини кейин қўйиш керак бўлади. Ҳар бил тилнинг бу борада ўз услуби бўлиб, араб тилида, асосан, исмий гапда эга кесимдан олдин, феъл-кесимли гапда феъл фоилдан олдин келади. Воситасиз тўлдирувчи воситали тўлдирувчилардан олдин келади, ва ҳоказо. Сўзларни ўз жойидан бошқа жойга кўчириш мумкин, лекин ҳар бир сўзни ўз ўрнидан кўчиши учун балоғатли бирор маъно кўзланган бўлиши мақсадга мувофиқ.

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Қуръони карим.
  2. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент: ТИУ, 2018.
  3. Абу Мансур Мотуридий. Таъвилотул қуръан. Маждий Босаллам таҳрири остида. – Байрут. Дорул кутубил илмийя, 1971.
  4. Доктор Муҳаммад Иброҳим Шариф. Буҳус фи тафсирил қуръанил карим.
  5. Фозил Солиҳ Сомирроий. Муроатул мақом. 1-нашр. Байрут-2015.
  6. Фозил Солиҳ Сомирроий. Балоғатул калима фит таъбирил қуръаний. Қоҳира-2006.
Мухсин МАМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Мумтоз шарқ адабиёти ва манбашунослиги, 2 босқич докторант

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …