Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ – ИСЛОМ ПСИХОЛОГИЯСИ АСОСЧИСИ СИФАТИДА

МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ – ИСЛОМ ПСИХОЛОГИЯСИ АСОСЧИСИ СИФАТИДА

Мовароуннаҳр исломий мероси ўз соҳасининг ҳар бир йўналишида мумтоз даражага етганлиги барчага маълум. Аммо бу борадаги янгидан-янги жиҳатларни кашф этиш бугунги кунимизгача давом этмоқда ва аниқки, келажакда ҳам кенг кўламда давом этади. Замонавий тадқиқотлар доимий тарзда унинг асарларидаги янги қирраларини кашф этишда давом этаётган юртимизнинг жаҳонга машҳур олимларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий (тахм. 205-320/820-932) раҳматуллоҳи алайҳ ҳисобланади. Аллома тарихда ҳам, бугунда ҳам исломий илмларнинг бир нечтасида асосчи сифатида эътироф этилади. Бу ўринда биз у зотнинг “илм ан-нафс” дейиладиган ислом психологиясидаги муҳим ўрни ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Аввало таъкидлаш лозимки, Ҳаким Термизий тадқиқотлари икки кенг жабҳада тенг кечади:

  1. Қуръон, Сунна ва улардан келиб чиққан бошқа шаръий илмлар тадқиқи ҳамда дунёвий билимлар таҳлили. Зеро, олим диний билимлар қатори, математика, тиб, астрономия каби илмлар билан ҳам жиддий шуғулланган;
  2. Ушбу кенг миқёсдаги билимларнинг асосий истеъмолчиси бўлган инсон таҳлили. Зеро, барча илм инсон учун жорий қилинган ва унга қаратилган.

Термизий тафаккурида бу икки жиҳатнинг уйғунлашиши ҳамда диний ва дунёвий илмлар мувозанати унинг меросидаги самарадорликни юксак босқичга олиб чиқди ва кўплаб янги йўналишларга асос бўлди.   

Шуни эътибордан қочирмаслик лозимки, олим инсон таҳлилида Қуръон ва Суннада келган матнлар ҳамда исломнинг илк асрларида ушбу матнларни тушуниш ва амалиётга қабул қилишда юксак намуна кўрсатган саҳоба, тобеъин ва табаъ тобеъинларнинг сўз ва ишларига таянади. Буларнинг барига эса ўзининг улкан тажриба ва илмий салоҳиятидан келиб чиққан нодир кузатув ва хулосаларини ҳам қўшган ҳолда аллома кенг кўламли ҳақиқий исломий психологияга асос солиш даражасига етди ҳамда унинг асос ва услубини ишлаб чиқишга муваффақ бўлди.  

Термизий инсонни унинг асосий тўрт ботиний аъзосига боғлаб таҳлил қилади: қалб, ақл, нафс ва руҳ. Сўнг қалб мақомлари ҳам кўкс-қалб-фуад-лубб босқичларида, ақл эса табиий фитрат ақли, шаръий мукаллафликни тақозо қилувчи ҳужжат ақли, хулоса қилувчи тажриба ақли, улуғ инсондан ўз авлодларига мерос бўлиб қолувчи ворисий ақл ва ҳидоятга йўғрилган ақл босқичларида, нафс эса аммора, мулҳима, лаввома, мутмаин босқичларида кенг миқёсда таҳлил этилади[1]. Уларнинг бир-бирига алоқадорлик жиҳатлари, кесишув нуқталари, алоҳида фаолият йўналишлари кабиларнинг нозик тадқиқлари алалоқибат ушбу таҳлилларни тизимли фан даражасига етказади. Ёндашувнинг мана шу тарздаги ўзига хослиги Термизий қарашларини тасаввуф йўналиши билан нозик фарқини ҳам кўрсатиб беради. Бу борада Ҳаким Термизийнинг фундаментал асари бўлган “Хатм ал-авлиё” асарини нашрга тайёрлаган Усмон Исмоил Яҳё шундай дейди: «Кўринадики, «ҳаким» лақаби хоссатан Термизийга нисбат берилган. Зеро, сўфийлик таълимотлари услубий мувофиқлик ва изчиллик борасида унинг олдида беқарор бўлиб қолади. Чунки Термизий наздида бу йўл фақат сўфийнинг ўз жилва ва кашфларида унинг таъсирига тушиб қоладиган шахсий ҳоллардан ёки сўфий ўз хилватида уни яхши кўрувчи ҳиссий туйғулардангина иборат бўлиб қолмаган. Балки, унга кўра, бу масалада объектив ҳақиқатлар бўлиб, унинг ўз мустақил таъб-табиати ва хос олами бор. Термизий ҳикмати унинг ўзига хос “тасаввуф”ида инсоний нафс табиати, феъл-атвори, табиий хусусиятларининг қобилият ва моҳирлик билан қилинган аъло даражадаги ёрқин таҳлиллари ва руҳий сулук услубларининг ажойиб баёнида  кўринади. Ва ниҳоят, бу ҳикматнинг услублари, миқёси, андозавий меъёрлари ҳамда маърифатнинг даражалари орасини қатъий фарқлашда намоён бўлади. Ушбу маъноларни Ҳаким Термизий ўзи келтирган турли мисоллар ва “Илм ал-авлиё” (Авлиёлар илми), “Китоб ал-ҳикма” (Ҳикмат китоби), “Исбот илал аш-шаръийя” (Шаръий сабаблар исботи) ва “Хатм ал-авлиё” (Валийлар чўққиси) каби китоб ва рисолаларида ўзига хос тарзда шарҳлаган»[2].

Аллома асарларидаги инсон ва унинг шахсияти таҳлилига эътибор берилса, аввало инсоннинг табиий хусусиятлари текширилади, сўнгра исломий унсурларни келтиришга ўтилади. Бунда ушбу унсурларнинг фитратга нечоғлик мувофиқлиги ва турли таъсирлари ўрганилади. Ушбу ечимларни эса  замонавий нафс илмидаги “коррекция” деб ҳам тушуниш мумкин. Маълумки, бу замонавий психология илмининг энг долзарб ва муаммоли жиҳатларидан бири ҳисобланади.

Бу маънолар тушунарли бўлиши учун баъзи мисоллар келтирамиз. Ҳаким Термизий дейди: “Нафс – арзий (ерга мансуб), шаҳвонийдир. Шаҳват изидан шаҳватга, хоҳиш изидан хоҳишга мойил бўлувчи, хотиржамлик, тинчланиш ва барқарорликка эга бўлмайдигандир. Унинг амаллари турли-туман – бир-бирига ўхшамайди. Гоҳида қул, гоҳида хожа; гоҳида бўйсунувчи, гоҳида эга; гоҳида ожиз, гоҳида иқтидор (қодир бўлиш)”[3].

Булар инсоннинг нафсоний хусусиятларидир. Оддий қилиб айтганда, инсоний аҳволнинг турли-туманлиги ва унинг инсоннинг қайси ботиний аъзоси билан боғлиқлиги борасида тўхталиб ўтилмоқда. Демак, хусусият аниқланди – турлилик ва зиддиятлилик, унинг объекти, боғланган нуқтаси ҳам кўрсатилди – нафс, энди аллома исломий унсурни, яъни, замонавий психология тили билан айтганда “коррекция”ни келтиради: “Энди агар нафс риёзат қилдирилса, унинг устида ишланса ва одоб берилса, жиловини (эгасига) беради”[4]. Яъни, аллома тадқиқича, шунда инсоний нафс турлилик ва қарама-қаршиликлардан барқарорлик ва тизимлиликка ўтади. Бунинг йўл-йўриқлари, жумладан, нафс рефлекслари ва уларнинг муолажаларини эса олим ўз асарларида анчайин батафсил баён қилиб берган. Таъкидлаш лозимки, алломанинг “Макр ан-нафс” (Нафс макри), “Адаб ан-нафс” (Нафс одоби), “Риёзат ан-нафс” (Нафс риёзати) каби асарларининг мавзу ва номлари бу илмга хосланган бўлса-да, аммо унинг “Наводир ал-усул” ва қолган асарларида ҳам бу мавзу марказий ўринлардан бирида туради.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, тадқиқотчилардан бири шундай хулоса қилади: “Маълумки, Ҳаким Термизий нафс борасида олим, унинг касалликларини фаҳмловчи, иллат ва яширин жиҳатларини яхши билувчи эди. Шунинг учун соликларга нафс касаллик ва офатларини очиб беришда юксак мартаба қозонди. Инсоф юзасидан шуни айтишимиз керакки, Ҳаким Термизийни исломий нафс илмининг асосчиси сифатида эътироф этиш мумкин. Таъкидлаш лозимки, Ҳаким Термизий инсон шахсиятини унинг сезгилари ёрдамида дақиқ таҳлил қилди. Нафснинг кўриниб турган ташқи жиҳатлари билан қаноат қилмай, унинг ички жиҳатларига чуқур назар солди. Натижада унинг зоҳирини идрок қилиш билан бирга, ундаги яширин жиҳатлар ва шаҳватлар – хоҳиш-истаклар маърифатига ҳам етиб борди”[5].

Бошқа бир тадқиқотчи эса шундай хулоса қилади: “…бу йўл ва услуб деярли биз биладиган “илм ан-нафс” (психология) бўлиб, ундан бир фарқи – ундаги ахлоқий ғоядир”[6].

Яна бир тадқиқот муаллифи эса Ҳаким Термизий мероси ҳали энг замонавий психологик билимлар доирасида таҳлил этилиши лозимлигини таъкидлаб, бу борада қилинадиган ишлар ҳали олдинда деб ҳисоблайди ва айрим намунавий жиҳатларни баён қилади[7].

Эътиборга олиш лозимки, Муҳаммад Ҳаким Термизий меросидаги психологик унсурларнинг дебоча сифатида келтириб ўтилган дастлабки оддий таҳлили ҳам мавзунинг қамрови ва жиддийлигини кўрсатиш учун етарлидир. Асримиздаги ғоявий муҳит кўрсатмоқдаки, исломий психологияга бўлган эҳтиёж маҳаллий ва глобал миқёсдадир. Демакки, исломий меросни соф эътиқод, юксак билим, хулқий камолотга интилиш билан уйғунлашган теран мушоҳада асосида таҳлил этиш ва булар ёрдамида уни янада ривожлантирмоқ лозим. Шундагина ушбу соҳа алоҳида йўналиш сифатида шаклланиши, тизимлилик касб этиши ва барчага манфаати тегадиган даражага етиши мумкин бўлади. Қулай жиҳати эса, бу борадаги ғоявий ва услубий асосларнинг ўз меросимизда мавжудлигидир.   

[1] Батафсил қаранг: Ҳаким Термизий. Баён ал-фарқ байн ас-садр вал-қалб вал-фуад вал-лубб. – Қоҳира:  “Мактаба ал-куллийя ал-азҳарийя”, 1987.
[2] Ҳаким Термизий. Хатм ал-авлиё. – Байрут: “Матбаъа ал-касуликийя”, 1965. Муқаддима. – Б. 3. 
[3] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул фий маърифати аҳадийс ар-Расул. VII. – Байрут: “Дор ан-наводир”, 2010. IV. – Б. 121-122.
[4] Юқоридаги асар, IV. – Б. 122. 
[5] Аҳмад Абдураҳим Сойиҳ. Ас-Сулук инда ал-Ҳаким ат-Термизий ва масодируҳу минас-сунна. – Қоҳира: “Дор ас-салом”, 1988. – Б. 172.
[6] Важийҳ Аҳмад Абдуллоҳ. Ал-Ҳаким ат-Термизий ва иттижаҳат аз-завқийя. – Искандарийя: “Дор ал-маърифа ал-жамиъийя”, 1989. – Б. 154.
[7] Идрис Абдуссалом Шоҳидий. Ал-Ҳаким ат-Термизий ва мадрасатуҳу фий таҳлил ан-нафс ал-инсанийя. Исдорот шабака ал-улум ан-нафсийя ал-арабийя. 1/2013. – Б. 22-51.
Жўрабек ЧЎТМАТОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …