Home / АЛЛОМАЛАР / РУСТУФАҒНДАН ЧИҚҚАН АЛЛОМА

РУСТУФАҒНДАН ЧИҚҚАН АЛЛОМА

IX-XII асрлар Шарқда илм-фан юксак даражада ривожлангани боис Шарқ Ренессанси деб эътироф этилган. Айниқса, ўша даврларда юртимизнинг кўҳна ва қадимий Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Кеш, Насаф, Термиз, Шош, Фарғона, Афшона, Замахшар, Соғарж, Дабусия каби шаҳар ва қишлоқлари илм-фан ва маданият ўчоғи ҳисобланган. Шу боис, у жойлардан етишиб чиққан алломалар ўзининг илмий фаолияти билан бутун дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган.

Самарқандга қарашли ана шундай файзу тароватга эга масканлардан бири қадимги Рустуфағн қишлоғидир. Тарихий манбаларда Рустуфағн Самарқандга қарашли кўҳна қишлоқлардан бири бўлгани қайд этилган[1].

Зарафшон дарёсининг ўрта оқими икки тармоққа – Оқдарё ва Қорадарёга ажралиб, уларнинг ўртасидаги ерлар “Миёнқол” деб аталган. Ўрта асрларга оид ёзма манбаларда у ҳақда кўплаб маълумотларни учратиш мумкин. Амир Темур ва темурийлар ва ундан кейинги даврларда бу икки дарё оралиғидаги Миёнқол ҳудуди “Сўғди Хурд”, яъни “Кичик Сўғд” ёки “Ярим Сўғд”, Оқдарёнинг шимолидаги ерлар, то Нурота тоғларигача бўлган ҳудуд эса “Сўғди Калон”, яъни “Катта Сўғд” деб аталган. Бу атамалар ушбу ҳудуднинг Зарафшон воҳасидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб, тарихидан хабар бериб туради. Биз сўз юритаётган Рустуфағн қишлоғи ҳам Ғарб ва Шарқни боғлаб турган савдо карвон йўли – Буюк Ипак йўлининг устида, Миёнқолнинг маркази ҳисобланган Иштихон шаҳрига тегишли ерда жойлашган.

Рустуфағннинг мақтовга сазовор томонларидан бири – унинг тупроғида улғайган алломалари, десак, хато бўлмайди. Тарихий ёзма манбаларда муҳаддис ва фақиҳ Абулҳасан Рустуфағнийнинг туғилган жойи Рустуфағн қишлоғи экани қайд этилган. Шу боис, унга Рустуфағний нисбаси берилиб, халқ орасида Абулҳасан Рустуфағний номи билан машҳур бўлган.

Алломанинг тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Саъид Рустуфағнийдир. Манбаларда Абулҳасан Рустуфағнийнинг туғилган йили қайд этилмаган бўлса-да, аммо вафот этган йили турлича келтирилган. Жумладан, Хайриддин Зириклийнинг “Аълом” асарида 345/956 йил деб келтирилган бўлса[2], “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” ва Комилхон Каттаевнинг “Самарқанднинг буюк алломалари” ва “Буюк ҳуқуқшунос алломалар” асарларида 350/961 йил деб келтирилган[3]. Кейинги даврда олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, Абулҳасан Рустуфағнийнинг қабри Иштихон туманининг Бойлата қишлоғида жойлашган[4].

Алломанинг болалиги туғилиб ўсган қишлоғи Рустуфағнда ўтган. Кейинчалик Самарқанд шаҳрига бориб, таниқли алломалар – Абу Аҳмад Иёдий, Абу Мансур Мотуридий ва Абул Қосим Ҳаким Самарқандийлардан таълим олган. Бундан ташқари, Абулҳасан Рустуфағний Балх шаҳрига бориб, Абу Жаъфар Ҳиндувонийнинг суҳбатида бўлгани ҳам нақл қилинади.

Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” асарида: “Бир куни солиҳ бир киши тушида Абу Наср Иёзийни кўради. У зотнинг бир қўлида бир даста атиргул, иккинчи қўлида эса бир товоқ хурмо бор эди. Бир даста атиргулни Абул Қосим Ҳакимга беради. Бир коса хурмони эса Абу Мансур Мотуридийга берди. Икковлари ҳам Абу Наср Иёзийнинг шогирди эди. Абу Мансур Мотуридий ҳақиқат илмидан баҳраманд бўлди. Абул Қосим Ҳаким эса ҳикмат илмига эришди”[5] деб, ҳикоя қилинади. Абулҳасан Рустуфағнийни муҳаддис, мутакаллим ва ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳи бўлиб етишишида, унинг устозлари калом, ҳақиқат ва ҳикмат илмининг буюк имомлари бўлгани ўз таъсирини кўрсатган, десак адашмаган бўламиз.

Абул Муъийн Насафий “Табсиратул адилла фи илмил калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”) китобида Абулҳасан Рустуфағнийни Мотуридийнинг дўстларидан бири, гоҳ шогирди сифатида тилга олган[6].

Манбаларда алломанинг қаламига мансуб асарлар ва уларнинг адади борасида турлича қарашлар мавжуд. Жумладан:

  • Абул Муъийн Насафий “Табсиратул адилла фи илмил калом” асарида Абулҳасан Рустуфағнийнинг “Иршодул муҳтадий” (“Ҳидоятга бошловчи қўлланма”), ва “Аз-завоидул фавоид” фи анвоъил улум (Илмлар навидаги “Қўшимча ва фойдали (нарса)лар”) номли асарларини тилга олиб, калом илмига оид бошқа асари ҳам борлигини таъкидлаб ўтган[7].
  • Юсуф ибн Умар Кадурий ҳам “Жомиъул музмарот вал мушкулот фи шарҳи мухтасар ал-имам ал-Қуртубий” асарида Абулҳасан Рустуфағнийнинг “Иршодул муҳтадий” ва “Аз-завоидул фавоид” фи анвоъил улум номли асарлари бўлганини қайд этиб ўтган[8].
  • Комилхон Каттаев ва Гулноза Каттаеваларнинг “Буюк ҳуқуқшунос алломалар” китобида аллома уч асар ёзганини келтириб ўтган[9].
  • Туркиялик олим Фуат Сезгин “Ал-асила вал ажвиба” номли асарни Рустуфағнийга нисбат берган[10].
  • Абдумалик Туйчибоев томонидан таҳқиқ қилинган “Мухтасар Фавойидир Рустуфағний” асари, 2021 йил Истанбулдаги “Ҳошимия” ноширлик уйида чоп этилди[11].

Умуман олганда, Абулҳасан Рустуфағнийнинг мазкур асарлари фиқҳ, калом, тафсир, ҳадис, тасаввуф, ахлоқ ва ҳикмат каби кенг қамровли мавзуларга оид бўлиб, X асрда мамлакатимиз ҳудудидаги энг ёрқин илм ва маърифат марказларидан бири бўлган Самарқанддаги маънавий-маърифий муҳитни баҳолаш, Мотуридийлик таълимотининг илк тараққиёт босқичини ўрганиш нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамият касб этади.

Араб тарихчиси Абдулҳай Лакнавийнинг ёзишича, Рустуфағнийнинг “Китобуз завоид вал фавоид” асари турли илмлар таснифи (классификацияси)га бағишланган[12]. Мазкур манбаларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, Абулҳасан Рустуфағний илмлар таснифи бўйича махсус асар ёзган дастлабки олимлардан бири бўлган.

Табақот китобларида аллома муҳаддис, мутакаллим ва ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳи, Имом Мотуридийнинг яқин дўсти, Самарқанднинг кўзга кўринган шайхи сифатида тилга олинган.

Абулҳасан Рустуфағний фиқҳий (ислом қонуншунослиги) масалаларида мустақил фикр юритадиган мужтаҳид – ижтиҳод қиладиган олим бўлиб етишган. Манбаларда Абулҳасан Рустуфағний билан устози Абу Мансур Мотуридий ўртасида фиқҳий масалаларда қизғин баҳсу мунозаралар бўлиб ўтгани қайд этилган. Жумладан, араб тарихчиси Муҳиддин Қураший “Ал-жавоҳирул музиййа фи табақотил ҳанафиййа” номли асарида ижтиҳод масаласида улар ўртасида турли қарашлар мавжуд бўлганини ёзиб қолдирган[13].

Имом Абулҳасан Рустуфағний ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги маълумотларни Хайриддин Зириклийнинг “Аълом”, Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб”, Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжамул булдон”,  Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд”, Нуриддин Сабунийнинг “Ал-кифоя вал ҳидоя”, Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абулвафо Муҳаммад Қурашийнинг “Ал-жавоҳирул мазийя фий табақотил ҳанафийя”, Юсуф ибн Умар ибн Юсуф Кадурийнинг “Жомиъул музмарот вал мушкулот фи шарҳи мухтасар имам Қуртубий”, Ибн Асирнинг “Ал-лубоб фи таҳзийбил ансоб”, Қосим ибн Қутлубуғо Судунийннинг “Тожут тарожим”, Абдулҳай Лакнавийнинг “Ал-фавоидул баҳиййа фи тарожумиал ҳанафиййа” ва Абул Муъийн Насафийнинг “Табсиратул адилла”, Умар Ризо Каҳҳоланинг “Муъжамул муаллифин” каби асарларида кўриш мумкин.

Бундан ташқари, ҳозирги давр тадқиқотчи олимларининг асарларида ҳам учратиш мумкин. Масалан, устоз Убайдулла Уватовнинг китоблари ва кўплаб илмий мақолаларида, немис олими Ульрих Рудольфнинг “Ал-Мотуридий ва Самарқандда суннийлик илоҳияти”, Комилхон Каттаевнинг “Самарқанднинг буюк алломалари”, Комилхон Каттаев ва Гулноза Каттаеваларнинг “Буюк ҳуқуқшунос алломалар”, Абдулғафур Раззоқ Бухорийнинг “Насабнома” ва Абдумалик Тўйчибоев томонидан таҳқиқ қилинган “Мухтасар Фавойидир Рустуфағний” каби асарлар шулар жумласидандир.

Ўрта асрларда Мовароуннаҳрдан чиққан алломалар дунё илм-фани тараққиётига ўзларининг беназир ҳиссасини қўшганлар. Уларни илм-фан тарихи зарварақларида муносиб ўрин эгаллаган десак, янглишмаган бўламиз. Жумладан, биргина Абулҳасан Рустуфағнийнинг бой илмий мероси кейинги давр олимлари учун асос бўлиб хизмат қилган.

[1] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж. 5. – Байрут, 1979. – Б. 153.
[2] Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 4. Дор ал-илм, 2002. – Б. 291
[3] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Т.: Маънавият ва Мовароуннаҳр нашриётлари, 2010. – Б. 152; Комилхон Каттаев, Гулноза Каттаева. Буюк ҳуқуқшунос алломалар. – Т.: “Қақнус” нашриёти, 2020. – Б. 138.
[4] Қаранг: Комилхон Каттаев, Гулноза Каттаева. Буюк ҳуқуқшунос алломалар. – Т.: “Қақнус” нашриёти, 2020. – Б. 73, 136-137.
[5] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 3. – Байрут, 1988. – Б. 62.
[6] Абул Муъйин Насафий. Табсиратул адилла фи илмил калом. Ж.1. –Б.28, 359.; Ислом энциклопедияси. Ж.35. –Анқра. 2018. –Б.296.
[7] Абул Муъйин Насафий. Табсиратул адилла фи илмил калом. Ж.1. –Б.91, 358.; Ислом энциклопедияси. Ж.35. –Анқра. 2018. –Б.297.
[8] Юсуф ибн Умар ибн Юсуф ал-Кадурий. Жомиъул музмарот вал мушкулот фи шарҳи мухтасар ал-имам ал-Қуртубий. Ж. 5. –Байрут. 1971. –Б.469.
[9] Комилхон Каттаев, Гулноза Каттаева. Буюк ҳуқуқшунос алломалар. – Т.: “Qaqnus” нашриёти, 2020. – Б. 138.
[10] Ислом энциклопедияси. Ж.35. –Анқра. 2018. –Б.297 (Миллет кутубхонаси, Мурад Мулла коллекцияси №1829, 154а-176б бет).
[11] Қаранг: https://dunyo.info.
[12] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Т.: Маънавият, Мовароуннаҳр, 2010. – Б. 152, 153.
[13] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Т.: Маънавият, Мовароуннаҳр, 2010. – Б. 153, 154.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига …