Home / АЛЛОМАЛАР / ҒАЗНАЛИК ОЛИМЛАР ИЖОДИДА МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ

ҒАЗНАЛИК ОЛИМЛАР ИЖОДИДА МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ

Ушбу мақолада ислом илмлари, хусусан, аҳли сунна ақида мактабларидан саналувчи мотуридийлик таълимоти ривожига ўз ҳиссасини қўшган ғазналик икки олим ҳақида сўз юритилади. Булар Жамолуддин Ғазнавий ва Сирожуддин Ғазнавийлардир.

Булардан, Жамолуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ғазнавий (ваф. 593/1197). Олимнинг ҳаёти ҳақида кўп маълумот сақланиб қолмаган. Машҳур ҳанафий фақиҳи Косоний ва Аҳмад ибн Юсуф Алавий Ҳусайнийлардан фиқҳ илмини ўрганган. Олим ўз даврида фиқҳ ва усулул-фиқҳ бобида ҳанафийларнинг етакчи олимларидан саналган. Ғазнавий 593/1197 йилда Ҳалаб шаҳрида вафот этган.

Асарлари. 1. «Ал-Муқаддиматул Ғазнавиййа фил фуруъил ҳанафиййа». Ибодатларга доир саккиз бобдан таркиб топган китобнинг Сулаймония кутубхонасида 30 га яқин нусхаси бор. Асарга Ибн Зиё номи билан танилган Абул Бақо Муҳаммад ибн Аҳмад Қураший “аз-Зиё ал-маънавиййа ъалал муқаддиматил Ғазнавиййа”, Аҳмад ибн Ҳасан Кафавий “Фатҳул азизил ғаний фи шарҳи муқаддиматил Ғазнавий” ва Абу Бакр Сайфулҳақ ибн Муслиҳуддин Боснавий ат-Травникий “Нурун набавий” номли шарҳлар ёзишган. 2. «Ал-Ҳовил Қудсий». Қуддусда ёзилгани учун “қудсий” номи берилган асар фиқҳга оид бўлиб, уч бўлимдан ташкил топган. Биринчи бўлимда ақоид ва калом, иккинчи бўлимда усулул фиқҳга доир баъзи маълумотлар берилган. Анчагина қисқа бўлган ушбу икки бўлимдан кейин учинчи бўлимда умумий фиқҳ китобларига хос услубда масалалар ёритилган. Асарнинг Сулаймония кутубхонасида турли нусхалари мавжуд (Асад Афанди, нр. 660; Раисулкуттоб Мустафо Афанди, нр. 424, 425; Шаҳид Али Пошо, нр. 1017; Янги Жомеъ, нр. 408). 3. «Ақоидул Ғазнавий». Ушбу асарнинг бир нусхаси Сулаймония кутубхонасида Абу Ҳанифа, Абу Жаъфар Таҳовий ва Абу Ҳафс Насафийларнинг ақоид рисолалари жойлашган мажмуъанинг ичида келган (Бағдодли Ваҳби Афанди, нр. 2028/3). 4. «Аҳадисул аҳкам». 5. «Равзатул мутакаллимин фи усулид-дин». Мазкур асар Ғазнавийнинг ақида илмига оид муҳим китоби ҳисобланади. Асар “Усулуд-дин” номи билан 1998 йилда Байрутда нашр этилган. 6. «Ал-Мунтақо мин равзатил мутакаллимин». Мазкур асар “Равзатул мутакаллимин фи усулид-дин” номли асарининг мухтасари ҳисобланади.

Шунингдек, манбаларда Ғазнавийнинг қиёсий ҳуқуққа доир “ар-Равза фихтилофил уламо” ва усулул фиқҳ бўйича “Китоб фи усулил фиқҳ” номли асарлари ҳам борлиги айтилади.

Иккинчи ғазнали олим Абу Ҳафс Сирожуддин Умар ибн Исҳоқ ибн Аҳмад ал-Ғазнавий аш-Шиблий (ваф.773/1372) бўлиб, таҳминан 704/1304 йилларда Ғазнада туғилгани тахмин қилинади. Сирожул Ҳиндий лақаби билан танилган. Илк таҳсилини ўз мамлакати ва Туркистон шаҳарларида олди. Важиҳуддин Деҳлавий, Шамсуддин Хатиб Дулий, Сирожуддин Сақафий ва Рукнуддин Бадавуний каби олимлардан фиқҳни ўрганди. Кейинчалик ҳаж сафарига йўл олди ва Маккада Шайх Ҳизрдан Шиҳобуддин Суҳравардийнинг “Аворифул маориф” асари асосида тасаввуфий таълим олди. 740/1339 йилда аввал ҳам ташриф буюргани Қоҳира шаҳрига бориб, Аловуддин ибн Туркманий, Маҳмуд ибн Абдураҳмон Исфаҳоний ва Аҳмад ибн Мансур Жавҳарий каби олимлар илмидан баҳраманд бўлди.

Юксак заковати, равон услуби ва ўз асарлари билан давлат кишиларининг эътиборига тушган Ғазнавий Миср қозиюл-қузоти Жамолуддин Туркманийга ноиб этиб тайинланди. Кейинроқ Миср қози аскарлигига тайинланган Ғазнавий 769/1368 йилда Жамолуддин Туркманий вафот этгач, қозиюл-қузот лавозимини эгаллади. Умрининг охирига қадар мазкур мансабда қолган олим Зайнуддин Бистомийнинг вафоти сабаб Ибн Тулун масжидида тафсир дарслари ҳам ўқиди. Ғазнавий 773/1372 йилда Қоҳирада вафот этди.

Асарлари. 1. «Ал-Ғурротул мунифа фи таҳқиқи баъзи масоилил Имом Аби Ҳанифа». (Қоҳира: 1950; Байрут: 1986). Муаллиф ҳанафий мазҳабини таржиҳ этишининг сабабларини баён қилган ушбу асарида Фаҳруддин Розийнинг ҳанафийларни танқид қилган “ал-Бурҳон ал-баҳоиййа” номли форсча асарини арабчага таржима қилиб, уни танқид қилган. 2. «Шарҳул ақидатут-Таҳовия» (Қозон: 1311). 3. «Ат-Тавшиҳ». Бурҳонуддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг шарҳи бўлиб, жадал методида ёзилган. 4. «Фатово». Муаллифнинг фатволарни бир жойга жамлаган китоби. 5. «Зубдатул аҳком фихтилафил мазаҳибил аимматил арбаъатил аълам». Мазҳаблар ўртасидаги фарқларни кўрсатиб берувчи қиёсий ҳуқуқшуносликка оид асар. Иброҳим Аҳмад ибн Сулаймон Умар 1983 йилда Имом Муҳаммад ибн сууд университетида ушбу асар бўйича магистрлик диссертацияси нашр қилган. 6. «Шарҳул Муғний». Ҳаббозий қаламига мансуб “ал-Муғний” асарининг шарҳи. Маккадаги Уммул Қуро университетида асарнинг 1-жилди Сатарё Афанди Зайн томонидан (1986 й), 2-жилди эса Муҳаммад Аҳмад Кулий тарафидан (1987 й) докторлик иши сифатида нашрга тайёрланган. 7. «Кошифу маъонил Бадиъ». Музаффаруддин Ибн Соатнинг усулул фиқҳга доир “Бадиъ ан-низом” асарининг 4 жилдлик шарҳи. 8. «Лавоиҳул анвор фир рад ъала ман анкара ъалал ъарифин латоифал асрор». Авлиёларнинг кароматларини исботлаш учун қаламга олинган асар. 9. «Мухтасар ат-талҳис». Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ал-Жомеъ ал-кабир”ига Муҳаммад ибн Аббод Ҳилотий томонидан ёзилган “Талҳис”ига Али ибн Балабон Форисий ҳозирлаган шарҳнинг мухтасаридир.

Манбаларда Ғазнавийга нисбат берилган яна бир қатор асарларнинг номи ҳам учрайди.

Абдулҳодий ЮСУПОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Таржималар бўлими бошлиғи

Check Also

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига …