Home / АЛЛОМАЛАР / ЛАКНАВИЙНИНГ ШОГИРДЛАРИ

ЛАКНАВИЙНИНГ ШОГИРДЛАРИ

Абдулҳай Лакнавий санаб адо қилиб бўлмайдиган даражадаги шогирд ва тингловчилари билан ажралиб турадиган алломадир. У ҳофизаси кучли, зийрак ва теран ақл эгаси бўлгани сабабли илм беришдаги мукаммал даражага ўсмир ёшидаёқ, яъни, ўн етти ёшида эришди. Абдулҳай Лакнавий бу марҳалага эришган заҳоти Фарангимаҳалнинг илмий аҳамиятини эътиборга олган ҳолда, дарс бериш ва китоб ёзишни бошлаб юборди. Ўқувчилар узоқ жойлардан алломани қасд қилиб келар, ҳатто катта уламолар ҳам баъзи ўринларда унга мурожаат қиларди. Шу сабабли Абдулҳай Лакнавий шариатдаги кўпгина тамойилларни жамлаш ва пайдар-пай дарс беришга киришиб кетди. Бу ишлар натижасида қимматбаҳо китоблар ёзилди ва илмни ёйишга бел боғлаган уламолар жамоаси юзага келди.

Имом Лакнавий дарс ўтишдан лаззат оладиган инсон эди. Бу ишга шу даражада берилганидан дарсликларни ёдлаб олганди. Шогирди Муҳаммад Ҳафизуллоҳ ибн Али Бундавий (ваф. 1362/1943) айтади: “Устозим дарслик китобларни ёддан биларди. Қайси фандан дарс бўлмасин, китобга қарамас эди. Фақат ҳадис дарсларида китобларга қарарди. Чунки устознинг наздида ҳар бир ҳадиснинг ўз ўрни бўлиб, бунда ўта аниқликка аҳамият бериш керак эди. Дарс асносида китобга қараб ҳадис тинглар ва қарама-қарши келган иккита ҳадис бўйича ажойиб тарзда хулоса берарди[1]”.

Абдулҳай Лакнавийнинг энг машҳур шогирдлари қаторига Идрис ибн Абду Алий Ҳанафий (1275/1858-1330/1912), Ифҳамуллоҳ ибн Иномуллоҳ (ваф. 1316/1898), Анваруллоҳ ибн Шужоуддин (1264/1848-1336/1918), Амин ибн Тоҳа (1275/1858-1349/1930), Бадиуззамон ибн Масиҳуззамон (1250/1834-1304/1887), Абдулбоқий ибн Али Муҳаммад (1286/1869-1364/1945), Абдулғафур Рамзонфурий (ваф. 1348/1929), Усмон ибн Ашраф Алини (туғ. 1233/1818) киритиш мумкин[2].

Абдулҳай Лакнавийнинг бу уламолардан бошқа яна кўплаб шогирдлари бўлиб, уларнинг аксарияти турли илмлар бўйича қимматли асарлар ёзиб қолдирган. Аллома шогирдларига мантиқ илмидан Саййид Журжонийнинг “Шарҳу тазкироти Тусий”, Тусийнинг “Устурлоб” рисоласидан, калом илмидан “Шарҳу мавоқифи маъа ҳавошиҳи зоҳидийяти” асаридан, одобдан “Ал-матул” ва “Мақоматул Ҳаририй” китобларидан, фиқҳдан “Ал-ҳидоя” асаридан, усулул фиқҳдан “Ат-Тавзиҳ ват талвиҳ” ва Баҳорийнинг “Мусаллимус субут” асаридан, тафсирдан “Тафсири Жалолайн” ва “Тафсири Байзовий”дан, ҳадис илмидан “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”, “Сунани Абу Довуд, Насоий, Термизий, Ибн Можа, Доримий”, Имом Моликнинг “Муваттоси”, Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарларидан ижоза берган[3].

Уламоларнинг таъкидлашича, устоз шогирдни дўст ўрнида кўриши, билимсизлигига сабр қилиши, уларга юмшоқ табиатли бўлиши ва чиройли муомала қилиши муаллимдан талаб қилинадиган асосий сифатлардир.

Абдулҳай Лакнавий ана шундай мақталган сифатлар билан насибаланган эди.

[1] Муҳаммад Ҳафиз Бундавий. Канзул барокат. – Б. 32.
[2] Валиюддин Надавий. Алламатул ҳиндий ва имомул муҳаддисийн вал фуқаҳо. – Б. 126.
[3] Абдулҳай Ҳасаний. Ас-сиқофатул исламийяту фил Ҳинд. – Б. 14.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …