Home / МАҚОЛАЛАР / МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШДА ОИЛАВИЙ МУҲИТНИНГ ЎРНИ

МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШДА ОИЛАВИЙ МУҲИТНИНГ ЎРНИ

Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этишда маънавий баркамол, комил инсонни тарбиялаб вояга етказиш биз учун умуммиллий миқёсидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифа бўлиб қолмоқда. Ўз истиқболи, келажагини ўйлаган ҳар қайси инсон, халқ, миллат, мамлакат ўз фарзандларининг маънавий – маърифий тарбияси ҳақида ўйлаши ва қайғуриши керак. Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур».

Болаларни тарбиялашда ота-она, оила, мактаб, жамият аъзоларининг таъсири ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шуни инобатга олган ҳолда, маънавий баркамол авлодни тарбиялашда ота-онанинг, оиланинг ўрни ҳақида сўз юритамиз.

Боланинг характери, табиати, тарбияси, дунёқараши, атрофдагиларга муносабати оила шароитида қарор топади. Шунингдек, бола маънавиятини шакллантириш таълим-тарбия тизими билан ҳам узвий боғлиқдир.

Бола тарбиясини қачон бошлаш лозим, унинг тарбиясида нималарга кўпроқ эътибор берилиш керак, бу жараёнда оила ва ўқув даргоҳининг роли қандай? каби саволлар кўп минг йиллик тарих давомида инсониятни ўйлантириб келмоқда.

Ота-она боланинг биринчи устозларидир. Бола ота-онасининг хатти-ҳаракатларини кўриб, уларни ўрганиб улғаяди. Бир олимнинг ёнига уч ойлик чақалоқ билан келиб, ундан “бола тарбиясини қачон бошлаш керак?”, – деб сўраганларида, олим: “ўн икки ой кечикдингиз”, деб жавоб берган экан. Яъни, тарбияни бола туғилганидан кейин эмас, балки ҳомиладорлик давриданоқ бошлаш керак. Бунда онанинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Инглиз шоири ва драматурги О. Голдсмит айтганидек, аёллар инсониятнинг илк мураббийларидир. Зеро, туғилмаган боланинг оламга нисбатан ишонч ва ишончсизлик ҳисси болага онадан келиб тушувчи маълумотлар асосида шаклланади. Онанинг ҳис-туйғулари бола психикаси ва характерининг шаклланишида ё ижобий, ё салбий таъсир кўрсатади. Туғилажак бола жисмоний ривожига онанинг ҳаёт тарзи, овқатланиш маданияти, зарарли одатлари бор ёки йўқлиги таъсир кўрсатади. Яъни, агар ота ёки онада салбий одатлар бўлса, бу уларнинг фарзандларида қайталанади. Бу одатлар боланинг жисмоний ҳолатигагина эмас, балки унинг руҳий-маънавий ҳолатига ҳам таъсир қилади, албатта.

Ота-онанинг болага гўдаклик чоғидан севги, меҳр бериши, тўғри парвариш ва тарбия қилиши унда ишонч туйғусини шакллантиради. Бу даврда ота-она ва фарзанд ўртасида илиқ, ёқимли таассурот уйғонади. Бола бошқалар билан ҳам шундай муносабатга киришади. Боланинг ўзига ишониши, ўзини ҳурмат қилиши муҳим бўлиб, ота-она доимо уни тинглаши, уни рағбатлантириши, унда севги, меҳр, ҳурмат, сабр-қаноат ва ишонч туйғуларини уйғотиши лозим. Олимлар жамиятда тез тушкунликка тушадиган инсонларни ўрганиб таҳлил қилганларида, уларнинг кўпчилиги болалик даврида яқинлари томонидан кам эътибор берилган ёки умуман эътиборсиз ўсганликлари аниқланган.

Оилада етарли меҳр ва самимийликни кўрган бола ахлоқий қадриятларни ўзида мужассамлаштиришга интилади. Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади: “У отасининг “Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан”, – деганини эшитган экан. Бундан маълум бўладики, боланинг ким бўлиб етишиши Аллоҳ таолонинг қадари билан бўлса ҳам, унинг одобли бўлишида ота-онанинг ўрни катта. Зеро, Аллоҳнинг Ўзи боланинг ким бўлиб етишишига ота-она томонидан бериладиган тарбияни сабаб қилиб қўйган. Агар уйда катталар бақириб чақиришса, бундай оилада улғаяётган болага сокин ва сабрли бўлишни ўргатиш қийин. Зеро, қуш уясида кўрганини қилади. Бола жамият қадриятлари ва маданиятини оиладан ўрганишни бошлайди. У, энг аввало, ота ва онасидан ибрат олади. Бола уйда ҳамма нарсани кузатиши, эшитиши, кўриши, тақлид қилишини унутмаган ҳолда ҳаракат қилиш лозим. Ота-она қанчалар яхши тарбия бермасин, ўз хулқ-атворини тузатмаса, боласининг бошқаларга ибрат бўладиган фарзандга айланишини кутмагани маъқул.

Болани қаттиқ назорат қилиш, унга бақириш, ёнида жанжаллашиш, вақтида овқатлантирмаслик, атайин йиғлатиш – эндигина ишонч туйғуси уйғонаётган болага катта ёмонлик қилиш билан тенг. Натижада бола қўрқоқ, ичимдагини топ, дейдиган бўлиб қолади. Катталар буни сезмасликлари мумкин. Бироқ, мутахассислар фикрича, ота-онанинг тез-тез жанжаллашишлари боланинг касалликларга осон чалиниши, ёлғон гапириши ва тартибсиз бўлишининг бош сабабидир.

Фарзанд мактабга илк қадамини қўйганидан бошлаб, қийинчиликларни енгишга ишониши лозим. Саволларига у тушунадиган тарзда жавоб бериш керак. Унга далда бўлиш, қоқилганида ўрнидан туриб, олдинга интилишни ўргатиш лозим. Шунингдек, уларга имконият даражасини инобатга олган ҳолда топшириқлар бериш керак. Бу ҳақда амалий психологияда қуйидаги фикр келтирилади: “Одамнинг биронта фаолиятининг муваффақият билан бажарилиши, аввало одамда бўлган билим савияси ва малакасига боғлиқдир”. Инсондаги малака эса йиллар давомида шаклланиб боради.

Бугунги кунда таълим тизимини такомиллаштириш, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мустақил Ўзбекистоннинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Бу мақсад йўлида катта ишлар олиб борилаётгани ҳам сир эмас. Ёшлар билим олишга ундалмоқда ва уларга зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Болаларга юрагидаги туйғуларни сўз билан ифодалашлари учун кўмаклашиш даркор. Туйғуларини ифодалай олмаган бола ўзини чорасиз ҳис қилади. Боланинг айтган гаплари, сўзлаётган воқеалари ота-она учун шунчаки оддий гапдек туюлса-да, бола учун эътиборли ва муҳим бўлиб кўринади. Фарзандни вақтида ва эътибор билан тингламаслик, вақт ўтиши билан бола ва ота-она орасида жарликни пайдо қилади. Ҳатто, бегоналардек узоқлашувга сабаб бўлиб, бундай вазиятда болаларда жиноят кўчасига кириш ёки ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатлар кузатилишини таъкидлаш муҳимдир. Олимлар ўз жонига қасд қилишни кўпинча психологик инқироз билан боғлайдилар. Бу аввало шахснинг ички шахсий алоқаларини узилиши, ўзи тааллуқли бўлган ижтимоий гуруҳдан бегоналашуви оқибатида пайдо бўлади.

Ҳар бир инсон неча ёшда бўлишидан қатъи назар “мени севадилар” деган туйғу билан яшашни истайди. Болани тушунишда ва қийнаётган муаммоларини ҳал қилишда унинг гапиришига қулай вазият яратиш, эшитиш муҳимдир.

Бола сўзини тамомламасдан бирон фикрни билдириш ёки қарши фикр айтиш ноўрин. Бола ўзини безовта қилаётган нарсани тушунтиришда, туйғуларини ифодалашда баъзан қийналади. Шунинг учун суҳбат чоғида унга далда беришларини хоҳлайди. Бундай вақтларда болага зарда қилмасдан, мулойимлик билан сўзлашиш, гап орасида “шундайми?”, “Ҳа, баракалла”, “шундай дегин”, “қизиқ, кейин нима бўлди” сингари далда берувчи сўзлардан фойдаланиш зарур. Бу билан бола ўзининг ишончли суянчи, кўмакчиси, меҳрибони борлигини ҳис қилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, шахс тарбиясида ота-она билимларини доимий ошириб боришлари лозим. Ягона ҳақиқат шуки, уйда ота-она, мактабда устоз ва мураббийлар маънавий бой, дунёқараши кенг бўлишлари зарур. Шундагина ўсиб келаётган авлодларга тўғри йўл кўрсата олиш мумкин. Энг муҳими уларнинг психологик ривожланиши, руҳиятидаги ўзгаришлар тўғрисида умумий маълумотга эга бўлиш мумкин бўлади. Бу эса ўз ўрнида муносабатларни тўғри ривожланишига, уларни ҳаётини олдиндан кўра билишга, келажагини порлоқ қилиб вояга етказишга катта ёрдам беради.

Баҳодир КАРИМОВ,
Диншунослик экспертизаси бўлими
бош мутахассиси

Check Also

ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

Имон ва ислом биттадир. Лекин зоҳирийлар бунга хилоф қилган. Улар Аллоҳ таолонинг  ﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آَمَنَّا …