Home / АЛЛОМАЛАР / БЕДИЛ ИЖОДИДА ИНСОН МОҲИЯТИ

БЕДИЛ ИЖОДИДА ИНСОН МОҲИЯТИ

Олимлар Бедилни Абулмаани деб аташади, бу маънолар отаси дегани. Бедилнинг отаси ва бобоси асли Самарқанд чеккасидан, Шаҳрисабзнинг барлос уруғидан бўлган. Ўзбек хонлари ва Эрон сафавийларининг диний қўзғолонлари пайтида Ҳиндистонга қочиб кетган. Бедил 1644 йилда Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳри яқинидаги Патнада ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топган. У 1720 йилнинг 5 декабрида Деҳлида вафот этади. Садриддин Айний «Мирзо» сўзининг Бедил ва унинг қариндошларининг номига қўшиб айтилишини унинг аждодларидан бири буюк сардор бўлганининг исботи дейди.

Бедил Ҳиндистон бўйлаб кўп саёҳат қилган, 1685 йилдан умрининг охиригача Деҳлида яшаган. Унинг ижодидан намуналар фақат фoрс тилида сақланиб қолган. Араб, форс, ҳинд ва урду тилларини мукаммал билгани боис шарқ адабиёти, юнон фалсафаси, хусусан, Арасту фалсафасини ўрганган.

Файласуф ақлни илоҳий деб, уни юксакликка кўтаради, инсонни ҳам ақл билан баҳолайди. “Имони беақл чун ҷавҳари бе ойина нақшест мавҳум ва ҳаёи бехирад чун оби бе чашма саробе маъдум”. Яъни, ақлсиз имон худди ойнасиз жавҳардай асоссиз, мавҳум, ақлсиз ҳаё худди манбаи бўлмаган сув каби маъдум – йўқликдир (Иброҳим Мўминов. Мирзо Бедил, 1964:68.). Мутафаккир, шоир, файласуф деганда донолар, ҳикмат яратувчилар тушунилади.

Шарқ донишмандларининг таълимотида донолик ва гўзал ахлоқ инсоннинг бахт-саодати билан боғланади. Бедил таълимоти ҳам бундан мустасно эмас. Масалан, Абу Наср Форобий илм, донолик ва ақлни бахтга эришишнинг асосий воситаси сифатида талқин этади. Унингча, ақл ва фан ёрдамида шундай маънавийлик даражасига кўтарилиш мумкинки, бу маънавийлик авлодлар ўлимидан кейин ҳам инсоният учун хизмат қилади (Ўзбекистонда ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихидан, 1995:51).

Инсоннинг ақлига, тафаккурига донишмандлар берган бундай фикрларни кўплаб келтириш мумкин. Булардан доноликнинг мағзи ақл – тафаккур ва илмдадир, деган хулоса чиқади. Ҳақиқатдан ҳам ақл – донолик, етуклик, эзгуликнинг ўзаги. Агар ақл илм билан бойитилса, инсоннинг маънавиятини яна бир поғонага кўтарилади. Бунинг исботини биз Бедил таълимотида янада равшанроқ кўрамиз. Мирзо Бедил илмни инсоннинг асл гавҳари эканини таъкидлар экан, табиатнинг яширин сирларини инсон идрок қилиши учун одам билимли бўлиши, қунт билан ўқиши кераклиги ҳақидаги фикрни илгари суради.

“Рассом қаламсиз ҳеч нарсанинг суратини чиза олмаганидай, – дейди Бедил, – одам ҳам илмсиз ҳеч бир нарсанинг суратини – ҳақиқатини била олмайди. Илмсиз билганлари нуқул жаҳолатдан иборат бўлади. Илм ҳар ерда тадбирнинг кафилидир, ғалаба таъсирининг далилидир. Илм инсонни бахтли қилувчи воситалардан бири. Киши жаҳолатга берилса дон пўчоққа айланади, илм-маърифат билан одам пўчоқни донга айлантира олади. Кимки, фан соҳасида шам ёқар экан, унинг номи абадий яшайди” (Иброҳим Мўминов. Мирзо Бедил. 1964:64).

Буюк мутафаккир “Ирфон” китобида илм – бу инсониятнинг гавҳаридир, дейди. У инсоннинг камолоти ва фазилати илм билан эканини уқтириб, қуйидагиларни ёзади:

То фазлу ҳунарга безанмай инсон,
Бирон бахт эшиги очилмиш қачон?
Жавҳар билан пўлат бўлур жўн темир,
Илмсиз ўз жинсидан чиқмоғи гумон. (Мирзо Абдулқодир Бедил. Рубоийлар, 1964:44.)

Бедил инсонни илм олишга чақиради, илм орқали бахт-саодатга эришиш мумкинлигини уқтиради. Шунингдек, илмсиз одам ўзининг ҳақиқий моҳиятини англаб етолмаслигини таъкидлаб, илму ҳикматга юқори баҳо беради. Шоир илм, ҳикмат ҳақида яна шундай дейди:

Гул аз ин боғи файз агар бўйи,

Дамад аз хору хас Арастуе. (Иброҳим Мўминов. Мирза Бедил, 1964:18)

Яъни, бу боғнинг (бу оламнинг) илм гулини ҳидласанг файзлидир, унинг ҳар бир тикани ва хасидан Арасту сингари файласуф фикрининг манбаини, гўзаллигини топиш мумкин.

Мирзо Бедил донолик, ҳикмат, илм-маърифатга мурожаат этар экан, “ибрат” тушунчасига алоҳида урғу беради. Бедил кўз-қулоғи бўла туриб яхши нарсалардан ибрат олмаган кимсаларни уйнинг эшигига, томнинг тешигига ўхшатади. У ўзининг “Чор унсур” китобида бу ҳақда шундай дейди (мазмунан): “Кулфатда қолган уйғоқ кишининг кўзи эшиги ёпилган уйга ўхшайди. Бундай одамни йўқ қилишдан сал ғафлатда қолгудек бўлса, жасадига ўт қўйиш керак. Борди-ю, баъзи донишмандлар ўзлари гувоҳ бўлиб кўрган, билганларини сир тутсалар, уларнинг тупроғини елга бериш маъқулдир. Ҳаёт ҳушёрликдан иборат бўлиб уни азиз умрнинг хизматига бўйсундириш керак. Уйқу ўлим демакдир, у оламдан ўтган кишиларнинг йўлдошидир. Тириклар ҳаракати замирида ҳар хил тусдаги ранглар яширинган. Ана шу туфайли кўнглинг истаган суратларни Беҳзод муйқаламидек хаёлда нақш этишинг мумкин. Мақсад шу нарсаларга ибрат кўзи билан боқишни унутма, фурсат сенга насиб бўлган экан, оламни, унинг эзгуликларини томоша қилиб, улардан лаззатлан (Мирзо Абдулқодир Бедил. Чор унсур. 127).

Ҳаётдан олмаса ибрат у кўз кўр,
Асалда бўлмаса ширинлик у шўр.
Ўзгариб турмаган либос кафандир,
Ўзгариш бўлмаган хона қаро гўр. (Мирзо Абдулқодир Бедил. Рубоийлар.1974:24)

Кўриниб турибдики, инсон билимининг яна бир поғонага кўтарилишида ибрат тушунчаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аллома бу тушунча орқали дунёнинг ўзгариши, илмларнинг такомил топиши ғоясини илгари сурган.

Мирзо Бедил инсон ва унинг моҳияти масаласида ҳам тасаввуф таълимотидан унумли фойдаланган. Биз Бедил фалсафасини кўпроқ Фаридиддин Атторнинг қарашлари билан қиёслар эканмиз, бу ҳол инсон масаласида ҳам кўзга ташланади. Атторнинг “Жавҳар уз-зот” асарида аввало бутун руҳий ва моддий оламнинг ягоналиги, яъни ваҳдат олами ва мутлақ Холиқият қудрати таърифланади. Сўнгра шу ваҳдат олами ичра кишининг ўрни, инсон хилқатининг моҳияти тушунтирилиб, ўзни ва Холиқни таниш йўллари, изтироб азоби, яъни руҳнинг покланиб ўз-ўзини англаши, вужуд, дунё, нафс билан кураши, тажриду тафрид босқичини босиб Ҳаққа қўшилиши – тавҳид асрори батафсил тушунтирилади (Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома. 1994:73).

Бедил инсоннинг коинот мавжудотлари орасида энг юксак мақомда яратилганини таъкидлар экан, кишиларнинг ирқи, жамиятдаги мавқеидан қатъий назар шу шарафли номга муносиб кўришни истайди.

Бедилнинг назарида инсон мўъжизакор, айни чоғда фитналар манбаидир. Шунинг учун у одамдаги бу икки хил табиатни ҳисобга олиш кераклигига эътибор қаратади. Бедил инсоннинг улуғворлигини, ақлий лаёқатини, кўп нарсаларни бажаришга қодир бир қутлуғ зот эканини, нутқи, онги, ақл-идроки билан ўзга махлуқотлардан фарқ қилишини кўрсатиш билан бирга номукаммал, мол-мулкка чанқоқ, ўжар инсондан ярамас ишлар содир бўлишини ҳам таъкидлаб ўтади. Яъни шоир инсондаги олийжаноб ахлоқий-руҳий хислатлар билан бирга салбий иллатлар ҳам мавжудлигини ёритишга ҳаракат қилади.

Бедил ўзининг “Ирфон”, “Чор унсур” асарида инсон борлиғини тушунтиришда “баҳри мутлақ” (комиллик денгизи) тушунчасини киритган. У “Мутлақ баҳр” деб илоҳий кучга асосланган мутлақ борлиқни айтади. Одамзод ана шу мутлақ борлиқдан куч ва ирода билан вужудга келган:

Баҳри мутлақ иссиқ мавж урди шундай,

Бўлдик ўзимиздан аълога муҳтож.(Мирзо Абдулқодир Бедил, 1974:42)

Файласуф инсонда бутун оламнинг хусусияти ва моҳиятини кўради. Яъни, одам шунчалик шарафлики, Аллоҳ бор мавжудотни инсон учун яратиб, малакларни унга сажда қилдирди. Барча ҳикмат ва илмларни унинг қалбига жо этди. Бедил уни шундай тарифлайди:

Кавну макон гулест ба домони ҳимматат,
Худро агар иҳота куни, чархи дигарӣ.
Олам ҳама мусаххари амри замири туст
Эй бехабар, ту аз чӣ хабарҳо мусаххарӣ. (Шавкат Шукуров. Мирзо Бедилнинг поэтик мероси. 1979:71)

Мазмуни:

Сенинг ҳиммат ва ғайратинг туфайли олам гулзор бўлди,
Агар ўзингни эплай олсанг, ўзгача олам бўлурсан.
Барча олам сенинг амрингга тобе бўлмишдир.
Эй хабарсиз, нечун сен хомхаёллар кетидан қувиб юрибсан?!

Бедил фалсафасидаги юқорида таъкидланган ғояларни биз яна Фаридиддин Атторнинг қарашлари билан қиёслаймиз: “Агарчи оқибат сенинг жойинг тупроқ остидадир, лекин пок жонинг тупроқдан покдир (руҳинг муқаддасдир). Сенинг гавҳаринг – руҳинг фаришталарнинг саждагоҳи эканини унутма. Бошингда халифалик тожи бор, халифа фарзандисан, яъни Аллоҳнинг ердаги ўринбосарисан. Жаннатдан тушгансан, ўша гулшан – жаннат сари интилгин” (Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома, 1994:10).

Жаброил парвози ошёнингда (Шарқ тафаккури хазинасидан. 1986:97).

Бедилга кўра, инсон ўзининг шундай улуғ куч эканини билмагани учун ожиз қолади ва бутун балолар унинг бошига ёғилиши, хатоларнинг манбаига айланишини таъкидлайди. Бедил инсоннинг ўз кучидан хабарсизлиги хатоларнинг манбаига айланиб қолишининг сабаби сифатида тақлид тушунчасига эътибор қаратади.

Инсон моҳиятини таҳлил қилишдаги иккинчи муҳим жиҳат Бедил талқинига кўра, тақлиддир. Бедил бир жойда тақлид ҳақида фикр билдириб: “Эй Бедил, тушуниш бозорини ахтариб не топдинг, тоши виждондан оғир келадиган бир тарози топдингми? Шунинг учун ҳам ўз қудратини билмай, тақлид билан яшамоқ бир зиндондирки, чиндан яшамоқ истаганлар бу зах, қоронғу зиндонни бузиб қутулмоғи лозимдир, (Ҳамидулла Болтабоев. Фитрат – Бедилшунос. 2005:47) дейди. Бедил нуқтаи назарича қоронғу, зах зиндон деганда тақлид тушунилади. Бедилнинг назарида, инсон ўзининг улуғ бир зот эканини билмаганидан ожизликка тан беради.

Бедил инсонларнинг онгсиз, кўр-кўрона бир-бирига эргашишини, расм-русумларга, бутпарастларга бўйсунишини, унинг буюк ишлар қилишига тўсиқ эканини тушунтиришга интилади. У одамларнинг асл куч-қудратини тақлиддан қочиб, илм-маърифатга интилишида кўради.

Бедил инсонда энг улуғ, энг юқори ақл – тафаккур, қалб кучи борлигини кўрсатади. Бедилнинг англашича, тақлидни инсонларнинг табиатида пайдо қилган сабаблардан яна бири динни нотўғри тушунишдир. Шунинг учун мутафаккир инсон моҳиятини таҳлил этишда унинг учинчи муҳим жиҳати сифатида диннинг моҳиятини тушунмаслик, диний қарашнинг нотўғри талқинида деб билган (Ҳамидулла Болтабоев. Фитрат – Бедилшунос. 2005:48).

Бедил Аллоҳнинг каломини қуруқ тарғиб қилишга ва расмий шаклда ишлатишга қарши туради. Унингча, диннинг асл моҳиятини тушунтириш керак, яъни инсонларни дўзах билан қўрқитиш ва жаннат билан рағбатлантириш орқали художўй қилишга уриниш бора-бора Аллоҳ сўзларини ақлга сиғмас афсонага, ривоятга айлантириб, одамлар шу афсоналарнинг оғушида афсунланиб, асл моҳиятни англай олмайдиган бўлиб қолади. Бедил бир байтида масжиддаги имом ва шайхларнинг маъруза ва хутбаларига қарата, шундай ишора қилади:

То ҷунбиши тори нафас афсонатироз аст,

Бедил, ба каманди раги хоб аст дили мо.

Мазмуни: Нафас тори қимирлаб, айтаркан афсона, Бедил, жон томирига асирдир дилимиз. Бу ердаги “раги хоб” (луғавий маъноси луғатда “сонная артерия” – жон томири) уқаланса ёки унга қаттиқ тегилса инсон беҳушлик ҳолатига тушади (Исмоил Бекжон. Навоийдан улгу олган Бедил, 2007:4).

Шоми ҳажрим шарҳи элни бехуд этса не ажаб,

Уйқу келтирмакдурур хосияти афсонанинг.

Байтнинг фалсафий-ижтимоий маъноси қуйидагича: То тирик эканмиз, атрофимиздаги табиат ва биз ҳаёт кечираётган жамият ҳар хил ҳодиса-воқеаларни юзага чиқариб тураркан, шуларга алаҳсиб, уларни ақлга сиғдира олмай бошимиз карахтлигича тураверамиз.

Байтнинг иккинчи маъноси бу ёлғончи дунёда ҳеч бир нарсага таяниб, ишониб бўлмайди, чунки ҳаёт ҳам, гўзаллик ҳам, ейиш-ичиш ҳам барчаси бу дунёда вақтинча. Асл маконимизга кетгунимизча улар бизни алдаб туриш учун яратилган.

Бедилнинг ҳикоясига кўра, Бихар томонда (шоир туғилиб ўсган музофотда) ўзига тўқ бир бадавлат савдогар яшарди. Унинг Раживанти исмли етти яшар қизи бўлиб ҳиндларнинг урф-одатига биноан уни бир ўғил болага унаштириб қўяди. Аммо кутилмаган ҳодиса юз бериб йигит ҳалок бўлади. Бу мудҳиш хабарни қизнинг уруғ-аймоғига билдирмасдан, Раживантига етказишади. Куёвни дафн қилиш маросими уюштирилган бир вақтда Раживанти токчадаги шамни олиб ўзига ўт қўяди. Ҳамма ўтни ўчириш ва қизни сақлаб қолиш пайида бўлади. Бироқ фурсат қўлдан кетган Раживанти браҳманларнинг урф-одатига кўра сатти (қурбон) қилинганди.

Бедил сатти қилинадиган аёлларнинг қисматига ачинувчи ва бу одатнинг ашаддий душмани, тақлидчиликка қарши курашувчи бир мутафаккир сифатида фикр юритади.

Инсоннинг тақдирига бефарқ бўлмаган шоир кўнгил сўзини зикр этишни ўз бурчи деб билади. Чунки инсон бу – кўнгил. Илоҳ нури кўнгилда акс этади. Бедил ўз навбатида кўнгилнинг сир-асрорини англаб етмаганларга қарата шундай дейди:

Ёр қучоқда бўлса ҳамки, кимдир у, билмаймиз ҳеч,

Ойнадек ойдин агарчи, бағримиз – бўстонимиз. (Матназар Абдулҳаким. Табаррук ташриф. 1991:28)

Бедил инсонларнинг қалбида Ҳақни излар экан, тавофни ҳам ўшандан бошлаш керак дейди: “Каъба завқи билан Мажнунлар кулбасини тавоф этмоқни тарк қилма. Қаерда ва қаерни зиёрат қилсанг-да, кўнгил суҳбати жўш ураверади” (Мирзо Абдулқодир Бедил. Ғазал ва қасидалар, ҳижрий 1333:3).

Бу борада Малоно Румийнинг машҳур байтларидан келтирамиз:

هم مسجد و هم کعبه و هم قبله بهانه است
دقت بکنی نور خدا داخل خانه است
Масжиду, каъбаю қибла бир баҳонадир
Диққат қилинг Худо нури уй ичиндадир
در مسجد و در کعبه به دنبال چه هستی؟
اول تو ببین قلب کسی را نشکستی؟
Масжиду Каъбада нимани излайсан сен?
Аввал кўр, бирон қалбни синдирма сен?
اینگونه چرا در پی اثبات خداییم؟
همسایه ی ما گشنه و ما سیر بخوابیم
Мунча Худони исботи кетидамиз?
Қўшни оч ҳолдаю биз тўқ ётамиз
در خلقت ما راز و معمای خدا چیست؟
انسان خودش آیینه یک کعبه مگر نیست؟
Бизнинг вужудда Худонинг сири нимада?
Инсон ўзи Каъбанинг ойнаси эмасми шунда?
برخیز و کمی کعبه ی آمال خودت باش
چنگی به نقابت بزن و مال خودت باش
Тургин бир оз ўз Каъбангни амоли бўл!
Ниқобингни ечгинда, ўзингники бўл!
تصویر خدا پشت همین کهنه نقاب است
تصویر خدا واضح و چشمان تو خواب است
Худо тасвири шу эски ниқоб ортидадир
Худо тасвири аниқ, кўзларинг уйқудадир
شاید که بتی در وسط ذهن من و توست
باید بت خود ، با نم باران خدا شست
Балким сену мен зеҳнимиз ўртасида бир бут
Ювмоқ керак Худони намли ёмғирида бу бут
گویی که خدا در بدن و در تنمان هست
نزدیکتر از خون و رگ گردنمان هست..
Худо бизнинг тану вужудимизда мавжуд
Жон томиримиздан ҳам яқинроқда мавжуд

Бедил ҳам Румийга ўхшаб, инсоннинг моҳиятида софлик, муҳаббат, Аллоҳга интилиш ғоясини илгари сурган мутафаккирдир. Унинг фикрича Худо – нур манбаи, аммо унга олиб борадиган нур ҳам инсоннинг ботиний нуридир, дейди.

Муддао дил буд агар найранги имкон рехтанд,
Баҳри ин як қатра хун сад рангу тўфон рехтанд.

Маъноси: Имкон олами моддий оламни хилмахил суръат ва ҳаракатда яратган экан, мақсад кўнгил эди. Шу бир қатра қон учун минг рангу тўфон яратди (Нажмиддин Комилов. Тасаввуф, 1996. – Б.128).

Инсон – илоҳий хилқат. У шунга яраша умр ўтказиши лозим, яъни эзгулик ишлари билан шуғулланиб, дунё ташвишларидан озод бўлиб, ҳар хил расм-русумлар, беҳуда зоҳирий тимсоллар қулига айланмаслик керак. Шунда у эътиқод, мазҳаб ва динларнинг моҳияти бир эканини англайди.

Мутафаккир инсонларга муносабатда уларни баҳолашда мазҳаб, миллат, дин кабиларга қараб ажратишни қоралайди. Ҳаммани инсонларни севишга чақиради.

Юз шукурки, турли дину, турлича миллат
Одамлари учраганда кўрсатдим ҳурмат.
Соя каби ҳар тарафга бўлсам-да, равон,
Йўл озиғим кишиларга бўлди муҳаббат. (Мирзо Абдулдқодир Бедил. Рубоийлар. 1974:80)

Бедил илгари сурган таълимотда инсонийлик даражаси руҳнинг тараққиёт даражаси билан белгиланар экан, руҳий-маънавий юксаклик зулму шафқатсизлик, нодонлик устидан ғалаба қилиши муқаррар.

Бедилнинг мўъжаз ҳикоясидаги бу ҳикматли сўзлар ва панд-насиҳатлар бугунги кунимизда ҳам тарбиявий аҳамиятга эга долзарб масалаларнинг ечимида қўл келиши ҳеч шубҳасиздир.

Адабиётлар:
  1. Болтабоев Ҳамидулла. Фитрат – бедилшунос. / “Бедил ва ўзбек маънавияти” мавзуидаги халқаро анжуман материаллари. – Т.: “Мовароуннаҳр”, Теҳрон: “Ал-Ҳудо” халқаро нашриёти, 2005. – Б.34-53.
  2. Н.Комилов. Тасаввуф. – Т.: “Ёзувчи”, 1996. – 270 б.
  3. Н.Комилов. Тасаввуф. 2-китоб. – Т.: “Адабиёт ва санъат”, “Ўзбекистон”, 1999. – 207 б.
  4. Исмоил Бекжон. Навоийдан улгу олган Бедил. // “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2007. № 27. – Б.4.
  5. Матназар Абдулҳаким. Такаллум. / Бедил рубоийлари таржимаси. – Нукус: Қорақалпоғистон, 1995. – Б. 62.
  6. Матназар Абдулҳаким. Табаррук ташриф / Бедил рубоийларининг таржимаси. – Урганч: Хоразм, 1991. – 39 б.
  7. Мирзо Абдулқодир Бедил. Рубоийлар. / Форс-тожик тилидан Ш.Шомухамедов таржимаси. – Т.: “Адабиёт ва санъат”, 1974. – 106 б.
  8. Мирзо Абдулкодир Бедил. Ғазал ва қасидалар. – Ҳижрий 1333. – 118 б.
  9. Мирзо Абдулқодир Бедил. Шавқингни ёд этиб. – Т.: Нашриёт матбаа ижодий уйи, 2005. – 144 б.
  10. Мирзо Абдулқодир Бедил. Чор унсур. 127
  11. И.Мўминов. Мирза Бедил. – Т.: “Фан”, 1964. – 76 б.
  12. Ш.Шукуров. Мирза Бедилнинг поэтик мероси. – Т.: “Фан”, 1979. – 132 б.
  13. Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома / Форс тилидан Н.Комилов таржимаси. – Т.: “Ёзувчи”, 1994. – 94 б.
Наргиза ШОАЛИЕВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …