Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ БУЮК АРАБШУНОС ОЛИМ СИФАТИДА

АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ БУЮК АРАБШУНОС ОЛИМ СИФАТИДА

Маълумки, Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Бошқа тиллар қатори унинг ҳам ўзига хос қонун-қоида ва услублари мавжуд. Ислом дини вужудга келган илк даврдан бошлаб, уламолар бу тилни ўрганишга қаттиқ эътибор берганлар. Чунки усиз исломнинг икки асосий манбаси бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг мазмун-моҳияти ва мақсадини англаб етиш имконсиз.

Имом Мотуридий бу диннинг буюк дарғаларидан бири бўлиб, илм-фаннинг турли соҳаси, хусусан, калом ва тафсир илми бўйича ижтиҳод олиб борган дастлабки олимлардан биридир. Имом Мотуридийнинг вафотидан сўнг мотуридийлик мазҳаби унинг йўли ва услуби асосида ҳаракатланди. Зеро, у ўз қарашларини исботлаш, бу динни назарий жиҳатдан ҳимоя қилишда ҳар хил далиллардан фойдаланди. Имом Мотуридий калом ва тафсир илмида етук олим бўлиши билан бирга араб тилшуносилигида ҳам чуқур билим эгаси бўлган. Шунинг учун у ўз асарларида, хусусан, “Таъвилотул-Қуръон”да маълум бир масалаларни исботлаш асносида тил билан боғлиқ далиллардан кенг миқёсда ва турли кўринишларда фойдаланганини, араб тилига таянган ҳолда  уларни муваффақият билан ёритиб берганини кўрамиз.

Имом Мотуридий араб тили билан боғлиқ далиллардан фойдаланар экан, тилшунос олимлар умумидан, айниқса, бу соҳанинг донгдор шахсларидан ҳам далиллар келтиради. Жумладан, у: قال أهل اللغة [қола аҳлул луғати] – “луғат олимлари деди”, قال أهل اللسان [қола аҳлул лисон] – “тилшунослар деди”, قال أهل المعاني [қола аҳлул маъоний] – “илмул маоний (риторика) олимлари деди” каби ибораларни ишлатади.  “Набаъ” сурасининг 9-оятидаги “سباتا” [субаатан] лексик бирлиги борасида Имом Мотуридий тилшунос олимларнинг турли хил фикрларини зикр қилиб бундай деган: “»السُّبَاتُ» [ас-субаат] – чўзилиш, узайиш деган маънодадир, дейилган[1]. Яна бир тафсирда “السُّبَاتُ” [ас-субаат]ни мутлақ ҳаракатсиз ҳолатдаги уйқу, дейилган. Шунинг учун ҳам ўлик сингари ухлаб ётган кишига нисбатан (араб тилида) “مَسْبُوتٌ”– [масбуут][2] деб айтилади. Яна бир таъвилда шундай дейилган: «السُّبَاتُ» [ас-субаат] сўзи роҳат маъносида бўлиб, Бани Исроилда шанба куни ишламасдан дам олинадиган кун бўлгани учун ҳам уни «السَبْتُ» [ас-сабту] деб атадилар”[3].

Имом Мотуридий маъносини изоҳлаб бераётган оятни давом эттириб, бундай дейди: “Бу оятдаги «السَّجَّاجُ»  [ас-сажжааж] бир-бирининг изидан эргашиб келадиган ёмғирдир. «السَّجُّ» [ас-сажж] – қуйиш ва оқизиш маъносини ифодалайди”[4].

“Наба” сураси, 23-оятида келган “أحقابا” [аҳқоба] лексик бирлиги анча баҳсли кўринади. Зеро, Имом Мотуридий бу хусусда қуйидагиларни ёзади: “Айрим муфассирларнинг зикр қилишларича, “(Улар) у жойда узоқ замонлар қолувчидирлар”нинг маъноси шуки, улар дўзахда уч “أَحْقَابٌ” [аҳқоб] қолишади. Ҳар бир “أَحْقَابٌ” [аҳқоб] саксон йилга тенг. Улар азобнинг бир кўриниши билан азобланадилар. Сўнгра, ундан кейин азобнинг бошқа бир кўриниши билан азобланадилар. Оятнинг маъноси “أَحْقَابٌ” [аҳқоб]лар ўтганидан сўнг уларнинг азоб чекишлари тўхтатилади, дегани эмас. “أَحْقَابٌ” [аҳқоб] – бу, вақтларнинг ичидаги энг сўнгги нуқтадир[5]”.

Имом Мотуридий фикрича, шу суранинг 25-оятида келган “الْحَمِيْمُ” [ал-ҳамийм] қайнашда энг охирги нуқтасига етган сув ва “الْغَسَّاقُ” [ал-ғассоқ] эса,  ўта совуқ ҳаводир. Унинг қарашидан фарқли ўлароқ, бошқа тилшунослар “الْغَسَّاقُ” [ал-ғассоқ]ни бадандан ажралиб чиқадиган йиринг ва ёғдир, деган. Бу қарашни Имом Мотуридий Ибн Жарирдан нақл қилган.

“Араб тилида “الْكِذَّابُ” [ал-киззаб] ва “التَّكْذِيْبُ” [ат-такзиб] бир маънода келади”, деб ёзади Имом Мотуридий. Яъни, унинг фикрича, бу икки лексик бирликларнинг маъноси ёлғонга чиқариш, инкор этишдир. Оятдаги  “كِذَّابًا” – [киззаабан] деган сўз агар ташдидсиз (яъни, кизаабан) деб ўқилса, у “الكَذِبُ” [ал-кизбу] дан олинган бўлади ва “ёлғон гапирмайдилар” маъносини билдиради. Агар мазкур сўз ташдид билан ўқилса, “التَّكْذِيْبُ” [ат-такзибу] дан олинган бўлади ва “бир бирларини ёлғонга чиқармайдилар” маъносини беради. Шу ўринда Имом Мотуридий бундай ёзади: “Кисоийнинг: “Тахфиф (яъни, ташдидсиз) ўқиш Музор (қабиласидан бўлган одам)ларнинг луғати ва ташдид билан ўқиш яманликларнинг луғатидир. Улар: “كَذَّبَهُ تَكْذِيْبًا وَكِذَّابًا” [каззабаҳу такзибан ва киззабан] – “уни бутунлай ёлғонга чиқарди” ва “خَرَّبَهُ تَخْرِيْبًا وَخِرَّابًا”   [харрабаҳу тахрибан ва хирробан] – “уни бутунлай хароб қилди” деб, айтадилар”, дегани ривоят қилинган”[6].

“Набаъ” сурасининг 30-оятида Имом Мотуридий “فلن نزيدكم” [фалан назийдакум] – “Энди сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз” иборасига маъно бераётиб, муҳим бир ақидавий масала – имон зиёда бўлиш-бўлмаслиги устида ҳам умумий хулоса бериб ўтган: “Азобни зиёда қилиш дегани, унинг доимийлиги ва боқийлигидир. Уларга тайёрлаб қўйилган азобнинг миқдори зиёда қилинади дегани эмас. Чунки Аллоҳ таоло уларга қилган гуноҳларига яраша жазоланишларининг хабарини берган[7]. Ўша қилган амалларининг баробарига олаётган азоблари улар учун жазо бўладиган бўлса, уларнинг азоблари зиёда қилиниши тўғри бўлмайди. Демак, (оятда келган “نَزِيْدُ” [назийду] сўзидаги) “زِيَادَةٌ” [зиядатун] доимийлик ва боқийлик маъносига буриб юборилиши аниқ бўлди. Шунинг учун бизнинг мазҳабдошларимиз Аллоҳ таолонинг: “Аммо имон келтирганларнинг имонларини бу (сура) зиёда қилди”[8] деган сўзи ва “зиёда қилиш” ибораси зикр қилинган ҳар бир оятни “имонда собитқадам ҳамда бардавом бўлиш” деб таъвил қилганлар. Имон зиёда бўлади ва камаяди деб эмас”[9].

Яна “Набаъ” сурасининг 38-оятидаги “الروح” [ар-руҳ] калимасига тўхталар экан, Имом Мотуридий қуйидаги маълумотларни зикр қилиб ўтган: “Бу оятдаги “Руҳ” хусусида муфассирлар ихтилоф қилганлар. Бинобарин, улардан баъзилари у Жаброил алайҳиссалом, деган бўлса[10], айримлари у мусулмонларнинг руҳларидир, деб таъвил қилганлар[11]. Яна айримлари эса улар фаришталарнинг устига (назорат учун қўйилган) “ҳафаза”[12]лардир, улар фаришталарни кўрадилар, фаришталар эса уларни кўрмайди, деганлар.

Бу ердаги “Руҳ” Аллоҳ таоло: “(У Зот) Ўз амри ила фаришталарни руҳ-ваҳий билан нозил қилур”[13], деганидек, осмондан туширилган китоблар бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, (нозил қилинган ана шу самовий) китоблар ҳаққини зое қилган ёки уларга амал қилмасдан орқасига ташлаб қўйган кишилар билан хусуматлашувчи, уларнинг ҳақларини адо этган ва ичидагиларга амал қилганларни шафоат қилгувчи бўлади.

Яна баъзи муфассирлар “Руҳ шарҳланмайдиган, маъноси инсонлардан сир тутилган нарсадир. Аллоҳ таоло: “Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Раббимнинг ишидир….”, деб айт”[14] деган”, дейдилар”[15].

Зажжож: “الصَّاخَّةُ” [ас-соххоту] – “кар қилувчи” маъносида бўлиб, қиёмат кунида қулоқлар ўзлари чақирилган овоздан бошқа барча нарсадан кар бўлиб қолади”, деган”[16].

Юқорида ўтганлардан аён бўладики, Имом Мотуридий Зажжож, Кисоий, Абу Убайд, Абу Бакр Асам, Абу Авсажа каби арабшунос олимларнинг лексик-семантик қарашларини таҳлил қилиш, улар орасидан олганини олиб, олмаганларини илмий услубда рад эта олишга лаёқати етадиган даражада буюк тилшунос олим бўлган. Айниқса, она юрти Самарқанддан ташқарига чиқмаган Имом Мотуридийнинг нафақат буюк мутакаллим ва муфассир, балки улуғ арабшунос олимларнинг шу соҳага оид бой илмий меросидан яхшигина бохабар шахс бўлгани ҳам унинг “Таъвилотул-Қуръон” асарида яққол намоён бўлади.

[1] Бунда инсон ухлаган вақтда унинг танаси чўзилишига ишора бор.
[2] Летаргия: узоқ уйқуга ўхшаш касаллик, сакта касаллиги.
[3] Имом Мотуридий. Таъвилотул-Қуръон, Аҳмад Вонли Ўғлу ва Бакр Тўпал Ўғлу таҳқиқи билан, Истанбул: Дорул мизон, 2005. –Ж.17, –Б.11.
[4] Ўша манба, –Ж.17, –Б.12.
[5] Ўша манба, –Ж.17, –Б.15.
[6] Ўша манба, –Ж.17, –Б.19.
[7] “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай” Анъом сураси, 160-оят мазмуни.
[8] “Бирон сура нозил қилинган вақтда улардан: “Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?” дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар”. Тавба сураси, 124-оят.
[9] Имом Мотуридий. Таъвилотул-Қуръон, –Ж.17, –Б.17.
[10] Бу Заҳҳок (р.а.)нинг сўзи бўлиб, уни Ибн Жарир ривоят қилган. Жомеул-баён ан таъвили ойил-Қуръон, 36-жилд, 135-136 бет. Яна Заҳҳок (р.а.)дан Абд ибн Ҳумайд ва Абу Шайх ҳам ривоят қилган. Ад-дурр ал-мансур, 6-жилд, 506-бет.
[11] Бу гапни Ибн Аббос (р.а.)дан Ибн Жарир ривоят қилган. Жомеул-баён ан таъвили ойил-Қуръон, 36-жилд, 146-бет. Ундан Байҳақий ҳам ривоят қилган. Ад-дуррул-мансур, 6-жилд, 506-бет.
[12] Ҳафаза – ҳар бир фариштага бириктирилган, уларнинг устиларидан назорат қиладиган бошқа бир фаришталарнинг номи.
[13] Наҳл сураси, 2-оят.
[14] Исро сураси, 85-оят.
[15] Имом Мотуридий. Таъвилотуул-Қуръон, –Ж.17, –Б.21.
[16] Имом Мотуридий. Таъвилотуул-Қуръон, –Ж.17, –Б.60-61.
Оловхон НЕМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …