Home / ЯНГИЛИКЛАР / БУЮК МУҲАДДИС Имом Бухорийнинг улуғлиги сабаблари: дунё олимлари нима дейди?

БУЮК МУҲАДДИС Имом Бухорийнинг улуғлиги сабаблари: дунё олимлари нима дейди?

2022 йил 15 августда Ўзбекистон Президенти томонидан “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонун имзоланди. Қонунга мувофиқ, орден икки даражадан иборат бўлиб, “Олий даражали Имом Бухорий” ордени ҳамда “Имом Бухорий” ордени кўринишида бўлади. Мазкур орден билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган ватандошлар ва хорижлик фуқаролар мукофотланади.

Президентимиз фармони билан Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли қўшма дастур ва лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишдаги улкан ҳиссаси учун Саудия Арабистони Подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд “Олий даражали Имом Бухорий” орденининг илк соҳибига айланди.

Юксак мукофот Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи чоғида топширилди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак руҳи-поклари ором топган Мадинаи мунаввара шаҳрида Имом Бухорий масжиди қад ростлаб турибди. Саудлар юртида Имом Бухорий ватандошларига ҳурмат-эътибор бениҳоя юқори.

Дарҳақиқат, буюк ватандошимиз Имом Бухорий номи билан аталадиган масжидлар, қироатхоналар, олий таълим муассасалари, нашриётлар, қадамжоларни курраи заминнинг турли бурчакларида учратиш мумкин. Дунёнинг энг машҳур олийгоҳларидан бири бўлмиш Оксфорд университети Ислом тадқиқотлари марказининг кириш қисмидаги биринчи дарсхона (аудитория) Имом Бухорий номи билан юритилади. Бу ерда дунёнинг атоқли олимлари талабалар учун маърузалар ўқийди, ислом илмининг энг охирги ютуқлари жаҳон аҳлига тақдим этилади.

Имом Бухорий буюк муҳаддис сифатида барча мусулмонлар томонидан бирдек улуғланади. Шундай экан, “Бухорийнинг буюклиги сабаблари нимада”, У ҳақида дунё олимлари қандай фикрда, умуман, дунё олимлари Бухорий ҳақида нималар билади ва унинг мeрoсини қандай бaҳoлaйди” каби саволлар туғилиши табиий.

Бу саволларга жавоб топиш учун хорижий тилларда битилган асарларга назар ташламоқ жоиз. Қолаверса, Имом Бухорийнинг муҳаддислик фаолиятига оид хорижий манбаларни билиш ва оммалаштириш мамлакатимизда унинг меросини ўрганиш ишларига кўмак беради. Тан олишимиз керакки, биз буюк алломаларимиз ҳақида жуда кам биламиз. Шу боис, Имом Бухорий ҳақида дунё олимлари асарлари билан танишиш фойдадан холи бўлмайди.

Ҳадислар исломда Қуръони каримдан кейинги ўринда келувчи муҳим манба саналади. Улар ижтимоий ҳаётнинг муқаддас китобда кўзда тутилмаган масалаларига ечимлар тақдим этади. Ҳадислар ўзида суннани мужассамлаштиради. Яъни сунна ҳадисларда ўз аксини топган ва улар орқали кейинги авлодларга етказилган.

Халифалар давридан кейин ҳадис илми тараққий эта бошлади. Ҳадис илми нафақат ҳадисларни йиғиш, балки уларнинг саҳиҳларини сохта ва тўқималаридан ажратиш, тизимлаштириш, таснифлаш ва шарҳлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни ўз ичига олади. VIII асрдаёқ ҳадислар сони ҳаддан зиёд кўпайиб кетиб, саҳиҳларини алоҳида ажратиб олиш ва тизимлаштириш зарурати юзага келади.

IX аср (ҳижрий III аср) ҳадис илмининг гуллаб-яшнаган даври бўлди. Саҳиҳ ҳадисларни сохта ва тўқималардан ажратиб олишга тўлиқ муваффақ бўлинди. Олтита энг саҳиҳ ҳадислар тўплами — “Сиҳоҳи ситта” (“Сиҳаҳ Ситтаҳ”) яратилди. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (вафоти милодий 870/ҳижрий 256 й.), Муслим ибн ал-Ҳажжож (вафоти милодий 875/ҳижрий 261 й.), Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (вафоти милодий 892/ҳижрий 279 й.)нинг “Жомеъ ас-саҳиҳ”лари ва Абу Довуд Сулаймон (вафоти милодий 889/ҳижрий 275 й.), Аҳмад ибн Шуайб ан-Насоий (вафоти милодий 915/ҳижрий 303 й.), Ибн Можа ал-Қазвиний (вафоти милодий 886/ҳижрий 273 й.) нинг “Сунан”лари мана шу даврда дунёга келди.

Булар орасида дунё бўйлаб энг кўп тарқалгани Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидир. Аксарият манбаларда Имом Бухорий 600 мингта ҳадисдан 200 мингтасини ёд билгани, шундан 7275 тасини саҳиҳ сифатида тақдим қилгани қайд этилади.

Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами асли араб тилида битилган, кейинчалик кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган ҳамда қайта ва қайта нашр этилган. Уларнинг энг кўп тарқалган таржималари инглиз тилида бўлиб, аксарияти Буюк Британия кутубхоналарида сақланади. Имом Бухорийнинг ўзи ҳақидаги асарлар ҳам турли тилларда битилган бўлса-да, уларнинг энг оммалашганлари инглиз тилидадир. Ислом дини кенг ёйилган Индонезия, Малайзия, Бангладеш, Покистон, Нигерия, баъзи араб давлатлари ва қисман Ҳиндистонда инглиз тилининг расмий ва илм-фан тили сифатидаги мақоми бунинг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Шу боис, Имом Бухорий ҳақида маълумот берувчи манбалар ичида инглиз тилида ёзилган ёки маҳаллий тиллардан инглиз тилига таржима қилинганлари салмоқли ўрин эгаллайди.

Имом Бухорийнинг ҳаёти ва фаолиятига бевосита бағишланган монографик асарлар нисбатан кам учрайди. Чунки буюк аллома ҳақида асар ёзишга журъат этадиган қалам соҳиблари барча замонларда саноқли бўлган. Аммо исломшуносликнинг турли мавзулари доирасида Имом Бухорий ва унинг фаолияти ҳақида сўз юритилган билвосита асарлар талайгина. Бундай асарларда аллома ҳақида тўлиқ маълумотлар берилмаса-да, улуғ муҳаддис шахсининг у ёки бу қирралари турли мавзулар оҳангида баён этилади.

Европа тилларида исломшунослик, айниқса, ислом тарихи ва манбашунослиги соҳасида ёзилган асарларнинг деярли барчасида Имом Бухорий номи ва унинг “Саҳиҳ”и қайд этилади. Европалик мумтоз исломшунослар Жозеф Шахт, Игнац Голдьциер, Харальд Моцки ва бошқаларнинг асарларида ҳам ҳадис бобида Имом Бухорийга мурожаат қилинади. Европа ва Шарқ исломшунослари Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарини энг ишончли манба сифатида қайд этади.

Охирги 15 йиллик даврни олсак, Имом Бухорий ҳақида инглиз тилида ёзилган монографик асарлар сирасига асли покистонлик бўлган доктор Ҳасан Абдул Жабборнинг 2007 йилда Оксфордда нашр қилинган “Бухорий” асарини киритиш мумкин. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва фаолиятига оид мумтоз манбаларга ҳаволалар қилинади. Асарда Имом Бухорийнинг ҳаёти, талабалик даврлари, саёҳатлари ва ҳадис илмидаги бемисл ўрни хусусида қизиқарли маълумотлар берилади. Доктор Абдул Жаббор Имом Бухорийнинг туғма хотира соҳиби бўлганини бир неча марта таъкидлайди ва манбаларга таянган ҳолда аниқ мисоллар билан батафсил таърифлайди. Унинг ёзишича, Имом Бухорий фақат туғма хотира билан чекланиб қолмаган, балки ўз қувваи ҳофизасини муттасил кучайтириб борган. Муаллифга кўра, Бухорий бир шаҳарда эшитган ҳадисини ўша жойнинг ўзидаёқ ёзиб олмаган, балки уни муайян муддат хотирасида сақлаб юрган ва кейинги шаҳарга етиб боргандагина ўзи учун қайд қилиб ёзиб қўйган. Имом Бухорий 16 йиллик меҳнатдан сўнг, 39 ёшида “Саҳиҳ”ни ёзиб тугатгач, умрининг қолган қисмини ҳадис сабоқларига бахшида этади. Муаллифнинг билдиришича, Бухорий юртма-юрт кезиб, 90 мингдан ортиқ талабага шахсан ўзи саҳиҳ ҳадисларни етказган. Асарда Муҳаммад (с.а.в.)га муҳаббат ва ихлос Бухорийни буюклик сари етаклаган омил эканига ишора қилинади. Шунингдек, буюк муҳаддиснинг сўнгги кунлари ва ўлимидан олдинги васияти ҳақида маълумот берилади.

Имом Бухорий илмда холис, инсонийликда эса жуда хокисор бўлган. Муҳаддис Хуросонда бир муддат яшаган пайтларида вилоят ҳукмдори Холид ал-Зуҳалий Бухорийдан унинг хонадонига келиб, фарзандларига “Саҳиҳ” ва ҳадис илмидан сабоқ беришини сўрайди. Бухорий унинг таклифини рад этади. У Холидга унинг фарзандларини ўз талабалари орасида кўришдан хурсанд бўлишини, аммо унинг уйига алоҳида дарс бериш учун бора олмаслигини маълум қилади.

Яна бир манба сифатида Имом Бухорий “Саҳиҳ”ининг инглиз тилидаги 9, 3 ва 2 томлик таржима нашрларини келтириш мумкин. Уларнинг муқаддимасида буюк муҳаддис ҳақида қисқача маълумотлар берилади. Хусусан, Мадина ал-Мунаввара Ислом университети доктори Муҳаммад Муҳсин Хон томонидан инглиз тилидаги 9 томлик “Саҳиҳ ал-Бухорий маъноларининг таржимаси” асарининг кириш қисмида айтилишича, “Машҳур бўлишига қарамай, Бухорий ҳаққонийлиги ва хокисорлиги боис, ҳукмдорлардан ўзини узоқ тутарди. Уларнинг раъйига қараб, бирор нотўғри сўз айтиб қўйишдан ўзини тиярди. Зотан, ўша замонларда аксар олимлар ҳукмдорларнинг назарига тушиш учунгина ҳадис илми билан шуғулланарди”.

Нигериялик ислом ҳуқуқшунос олими Раҳмон Доийнинг Лондонда чоп этилган ва кенг тарқалган “Ислом ҳуқуқи” китобида келтирилишича, Бухорий ҳадисларни саралаш жараёнида уларнинг мусулмонлар яшаш тарзи ва кундалик ҳаёти учун қанчалик аҳамият касб этишини ҳам эътиборга олган. У ҳадислар мусулмонлар учун барча соҳада оқ ва қорани ажратиб берувчи қўлланма бўлиши зарур, деб ҳисоблаган.

Юқорида эслатилган олтита саҳиҳ ҳадислар тўплами (Сиҳоҳи ситта) орасида Бухорий ва Муслим томонидан яратилган “икки саҳиҳ” (“ас-саҳиҳайн”) энг машҳурларидир. Уларнинг иккиси ўртасида нисбийлик ўтказилганда, Имом Бухорийнинг ҳадисларига устуворлик берилади. Малайзияда 2008 йилда чоп этилган “Ҳадис ва сунна” китобида Имом Бухорийга бағишланган кичкина бўлим мавжуд бўлиб, унда муаллифлардан бири Муҳаммад Али Имом Бухорийнинг устунлигини асослаб беради. Худди шундай ёндашув Саид Абдулло томонидан 2006 йилда Нью-Йорк ва Лондонда чоп этилган “Ислом таълимоти” асарида учрайди.

Муаллифлар Имом Бухорийнинг Имом Муслимдан устунлигини қуйидагича изоҳлайди:

биринчидан, Имом Бухорий Имом Муслимдан кўра кўпроқ ҳадис йиғишга муваффақ бўлган. Бухорий 600 мингта ҳадисдан 7275 тасини, яъни уларнинг бор-йўғи 1,5 фоизини саҳиҳ сифатида танлаб олган. Муслим Нишопурий эса 300 мингта ҳадис тўплаган бўлиб, шундан 12 мингтасини, яъни 4 фоизини саралаб олган. Мазкур миқдорий кўрсаткичлар Имом Бухорий томонидан жуда катта ҳажмдаги иш ўта синчковлик билан амалга оширилганидан дарак беради;

иккинчидан, ҳар икки муҳаддис томонидан ҳадис ривоят қилувчи ровийларга қатъий талаблар қўйилган, айниқса, Бухорий уларнинг зиёлилик даражаси ва академик салоҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Бухорийнинг саралаш мезонларига кўра, айни бир ҳадисни кетма-кетликда нақл қилаётган икки ровий (ҳадис етказувчи)нинг ҳар бири ўз устозидан айрича таълим олган бўлиши, айни бир замонда ва маконда яшаган бўлиши ва албатта, бир-бири билан юзма-юз учрашиб, бири иккинчисидан тегишли ҳадисни ўзлаштирган бўлиши лозим. Муслим ровийларга бундай талаб қўймаган: икки ровийнинг айни бир замонда ва минтақада яшаганининг ўзи кифоя, улар ўзаро учрашиб, бир-биридан ҳадис ўрганганини исботлаш шарт эмас, деб ҳисоблаган. Худди шу жойда Муслимнинг саҳиҳ ҳадисларни саралаш мезони бўйича ровийлар ўртасидаги узвийлик талаби Бухорий талабидан кўра заифроқлигини намоён қилади. Шу боис, Бухорий ҳадислари исломда Қуръондан кейинги энг ишончли манба сифатида кўрилади.

Умуман, Имом Бухорийни бошқа муҳаддислар билан таққослаганда, унинг қуйидаги устунликлари кўзга ташланади:

биринчидан, Имом Бухорий ҳадис илми гуркираган даврда яшаб ўтган ва олтита саҳиҳ муҳаддиснинг энг ёши улуғи бўлган. Бунинг аҳамияти шундаки, бошқа йирик муҳаддислар унинг тўпламидан андоза олган ва ҳадис билан боғлиқ мавзуларда Имом Бухорийга суянган, ҳадис тўплаш ва уларни саралашда услубий жиҳатдан унинг изидан борган;

иккинчидан, Имом Бухорий ҳадисларнинг саҳиҳлигини текширишда жуда танқидий ёндашган, ҳар бир далилни синчковлик билан текширган ва ушбу улуғ вазифага ўзини бутунлай бахшида этган;

учинчидан, Бухорий табиатан ўта зийрак, ўткир заковат ва ақлий салоҳият соҳиби, туғма истеъдод ва кучли хотира эгаси бўлган. Унинг бу хислатлари кўплаб манбаларда ўз исботига эга;

тўртинчидан, Имом Бухорий ҳадислар тўпламидаги ҳар бир бобнинг Қуръони карим матни билан узвийлигини таъминлаган. Бу билан исломнинг ушбу икки манбасини уйғунлаштирган ва ҳадислар воситасида Қуръонни тушуниш ва англаб олишни осонлаштирган;

бешинчидан, Бухорий ҳадислар тўпламини яратишда усули фиқҳ меъёрларига риоя этишга ҳаракат қилган. Бошқача айтганда, Имом Бухорий ҳадисларга шундай тартиб берганки, натижада бирламчи манбадан ҳукм ҳосил қилиш фақиҳлар учун қулайлик туғдирган. Исломшунослар Имом Бухорий усул ал-фиқҳдан тўлиқ хабардор бўлганини тахмин қилади.

Бухорийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси бетакрордир, унинг ҳадислар тўплами эса фавқулодда мукаммаллик касб этади. Шу боис, Имом Бухорий ҳадислари бутун ислом дунёсида кенг тарқалди, унинг ўзи буюк муҳаддис сифатида шуҳрат қозонди.

Ҳайдарали ЮНУСОВ,
ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими,
Оксфорд университети ислом тадқиқотлари марказининг
Имом Бухорий ва Имом Термизий гранти совриндори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 24 август, 172(694) сон

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …