Home / МАҚОЛАЛАР / “ТИЛБАТУТ ТАЛАБА” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ, УСЛУБИ ВА ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

“ТИЛБАТУТ ТАЛАБА” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ, УСЛУБИ ВА ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

“Тилбатут талаба” асарининг муаллифи Имом Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Луқмон Насафий Ҳанафийдир. Барча тарихчи олимлар унинг таржимаи ҳолини ўз китобларида қуйидаги тартибда келтирган:

“Ат-Таҳбийр” 1ж/527-бет, “Мўъжамул адиббо” 16ж/70-71-бетлар, “Ал-Ибар” 4ж/102-бет, “Ас-Сияр” 20ж/126-127-бетлар, “Уйунут таворих” 12ж/375-бет, “Миръатул жинон” 3ж/267-бет, “Ал-Жавоҳирул музийя” 1ж/394-395-бетлар, “Лисонул мийзон” 4ж/327-бет, “Тожут тарожим” 43-45-бет, Имом Суютийнинг “Табақотул муфассирийн” 27-бет, Имом Довуднинг “Табақотул муфассирийн” 2ж/5-7-бетлар, “Мифтаҳус саъода” 1ж/127-128-бетлар, Тош Кубронинг “Табақотул муфассирийн” 92-бет, “Ал-Фавоидул баҳийя” 139-бет, “Шазаротуз заҳаб” 4/115-бет.

Алломанинг устозлари жуда кўп бўлган. Уларнинг исмлари “Таъдоду шуюху Умар” деган китобида келтирилган. Унинг баъзи китобларини “Ҳидоя” асарининг муаллифи Бурҳонуддин Марғиноний ва Зоҳид номи билан машҳур Абу Бакр Балхий ўқиган.

Ибн Нажжор: “У фақиҳ, фозил, муҳаддис, муфассир, адиб, ишончли бўлиб тафсир, фиқҳга оид кўп асарлар ёзган”, деб айтган эди.

Абу Ҳафс Насафийнинг “Тилбатут талаба”, 20 жилддан иборат “Ал-Ишъор бил-мухтор минал ашъор”, “Машориъ”, 20 жилдлик “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд”, “Тарихи Бухоро” каби асарлари мавжуд.

Алломанинг инсонлар ва жинларга дарс бергани тўғрисида турли ривоятлар бор. Шунинг учун уни инсонлар ва жинларнинг муфтийси деб аташган.

Умар Ризо Каҳҳоланинг “Мўъжамул муаллифийн” асарининг 7ж/305-306 бетида шундай ёзилган: “Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандий (Нажмуддин Абу Ҳафс) муфассир, адиб, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз, мутакаллим, усул илмининг олими, тарихчи, шоир, луғатшунос, наҳв илмининг олими. У Насафда туғилган. Ҳадис илмини ўрганган ва ҳажга бориб Бағдодда қолган. Исмоил Танухий ва бир жамоат олимлардан ҳадис ривоят қилган. Кейин Самарқандда яшаб қолган ва бу ерда жумодул аввал ойининг 12сида вафот этган. Нажжоҳ “Шарҳ Китоб ахборис сиҳоҳ” номли асарида “Шарҳи саҳиҳи Бухорий” деб номлаган китоби ва Шайбонийнинг ҳанафий фиқҳи соҳасига бағишланган “Ал-Жомиъус сағир” асарига назм ёзган”.

“Тилбатут талаба” асарининг ёзилиш тарихи. “Тилбатут талаба” (“Фиқҳий истилоҳлардаги талабалар истаги”) асари биринчи фиқҳий луғат китоб ҳисобланади. Муаллиф унда фиқҳда ҳанафийлар ишлатадиган сўз ва ҳарфларнинг маъносини тўплаган. Шу туфайли у халқ орасида шуҳрат қозонган.

Фиқҳий сўзларни нотўғри талқин қилишнинг кўпайиши Имом Насафийнинг бу китобни ёзишига сабаб бўлган. У асарнинг муқаддимасида: “Илм аҳлидан бир жамоат келиб мендан: Илм ва одоб ўрганишда ихтилофлари кам ёшларга, уламоларимизнинг асарларидаги арабий лафзлардан иборат бўлган баъзи сўзларни яхши билмайдиганларга ва устозларимиз томонидан ғалати (жуда ўткир, кучли) ёзилган асарларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш мақсадида илм аҳлига қайтиб бораверишдан беҳожат қилиш учун уларнинг мушкулига ёрдам берадиган бир шарҳ ёзишимни сўради. Кейин уларга сўраган китобини фойдаланиши учун ёзиб бердим. Аллоҳнинг ўзи тавфиқ қилувчи унга таваккал қиламан ва ундан ёлвориб сўрайман” [3:68], деб ёзган.

Тадқиқотимиз давомида “Тилбатут талаба” асарининг Туркиядаги Сулаймония кутубхонасида сақланаётган қадимий қўлёзма нусхасинигина учратдик. Бу ҳолат бошқа нусха йўқ, деган хулосани бермайди, албатта.

“Тилбатут талаба” асарининг биз учратган нусхасида қоғозларнинг сони 168та, қоғоз ўлчови 203×118-125×56, ҳар бир бетдаги қаторларнинг сони 19тани ташкил этади.

Китобнинг боши: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Илм ва унинг аҳлини буюк қилган, нодонлигига рози бўлган ва жоҳилни паст қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Жоҳилларга таълим берган Расули Муҳаммад Мустафога салавот бўлсин!”, деб бошланади. Сўнг “Таҳорат китоби: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари билан бошлайман: “ مِفْتَاحُ الصَّلاةِ الطَّهُورِ– Намознинг калити таҳоратдир”, деб давом этади.

Китобнинг охири: “Ҳийлалар китоби: Ҳийлалар – найранглар бирикмаси, илдизи вой бўлиб, нафратни қайтариш ёки муҳаббатни жалб қилиш учун ишлатилади… Истиҳлоф ва тазкия китоби: Истиҳлоф – бу қасамдир. Тазкия – бу тузатишдир…”, деб якунланади. Унинг хаттоти ўз исмини яшириб “Аллоҳга ҳамд бўлсин! Китоб улуғ ва олий Аллоҳнинг бандаларидан бир заиф банда қўлида ниҳоясига етди. Бу шариф нусхани ёзиб тугаллаш Пайғамбар (С.А.В.) ҳижратининг 1012 йили, сафар ойининг охири, пайшанба куни пешин вақтида воқеъ бўлди”, деб айтади. Шундан маълум бўладики, бу нусха 1012/1603 йилда кўчирилган.

Усмонли терисидан қилинган бу нусханинг барча саҳифаси рақамланган, четида изоҳлар бор, сарлавҳа ва мисралар қизил рангда ёзилган, муқоваси зарҳал қилинган.

Ёзилиш услуби. Ҳофиз Зайнуддин Қосим ибн Қутлубғо у ҳақда шундай қайд этган: “Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий ҳадис ривоят қилган. Унинг луғат ҳақидаги ҳанафий мазҳабининг фиқҳ китобида лафзларга ёзган “Тилбатут талаба” асари бор” [5:47].

Араб лексикасига асос солиниши Қуръон ва ҳадис лафзларининг маъносини ўрганишдан бошланди. Уни ўрганиш эса саҳобалар замонасидан бошланган эди. Бу ишни бошлаган киши Абдуллоҳ ибн Аббосдир (ваф. 68ҳ). У “Уммат алломаси ва Қуръон таржимони” деган номга сазовор бўлган. Қуръонни тафсир қилишда жуда кўп шеърларга мурожаат қилиб, далиллар келтирган эди. Абдуллоҳ ибн Аббос Қуръон ва ҳадис ибораларига тушунмаган талаба ва таълим олувчиларнинг мурожаат қиладиган одами эди. Саҳобалар, тобеинлар, имомлар, ҳофизлар, фақиҳлар ва муҳаддисларнинг ҳаракати билан араб луғати ва истилоҳининг баёни, тафсилоти ва изоҳлари изма-из ортиб борди [3:13].

Уламолар араб тилига таъриф берар экан, бундай деб айтади: “Араб тили нубувват ва рисолат, шунингдек, фиқҳ ва адабиёт тилидир. Араб тили ислом билан янада гуллаб-яшнади, ўсди ва кенгайди. Унинг ҳар бир сўзи тўлиб тошувчи дарё, ҳар бир жумласи жўш урган денгиз, услуби самарадор жаннат, истилоҳи (термини) қайноқ булоқ, бебаҳо совға, кўпаювчи хазина ва доимий ҳаётдир” [3:5]. Имом Насафий ҳам араб тили ва истилоҳига улкан ҳисса қўшган алломадир.

“Тилбатут талаба” асари биринчи фиқҳий луғат китоби ҳисобланади. Муаллиф бу китобида фиқҳда ҳанафийлар ишлатадиган калима ва лафзларнинг маъноларини тўплаган. Шу нарса туфайли у халқ орасида шуҳрат қозонган. Бу китоб “Ғарибул ҳадис” асарига жуда ўхшаш. Унинг издоши деса ҳам бўлади [3:61].

Имом Насафий бу китобни ёзишда фиқҳ илмини соҳалар бўйича алоҳида бобларга ажратиб чиққан. Фиқҳ илмига оид бу асар таҳорат боби билан бошланади. Кейин намоз, рўза, ҳаж арконлари, никоҳ, эмизишлик, талоқ, қулни озод қилиш боби келади. Шундай қилиб у ҳанафийларнинг фиқҳий тартибида китобни бобларга ажратиб давом этган. Имом Насафий ҳанафия фиқҳида ворид бўлган фиқҳий терминларни келтирган ва бошқа мазҳабдаги терминларга тўхтаб ўтмаган. Бу билан у фиқҳни ҳанафия мазҳаби нуқтаи назаридан таъмин этган.

Имом Насафий фиқҳий терминларни мантиқий исботлашда Қуръон ва ҳадислардан ҳам далиллар келтирган. Кўп ишлатиладиган сўзларни шарҳ ва баёнда келтирган. Аммо Қуръоннинг оятлари ва ҳадислар тўлиғича келтирилмаган, фақат луғатга тегишли сўзлари олинган.

Муаллиф бу асарида талабаларга тушунарли бўлиши учун ҳуқуқий (фиқҳий) сўзларни содда тилда, иборалар ёрдамида шарҳлаб ўтади.

Асарда муайян фиқҳий сўзларнинг кенг қамровли кўламига ёки чуқур маъносига киришилмаган, балки айнан олинган ҳар бир сўз ёки ибора қисқа, лўнда ва тушунарли қилиб шарҳланган. Бу китобнинг умумий услубидир. Муаллиф асарнинг илмий услубида аввал сўзнинг луғавий, кейин фиқҳий-истилоҳий маъносини келтиради. У уларни ояти карима ва ҳадиси шарифлардан далиллар келтириш орқали изоҳлашга интилади, лекин аксарият ҳолларда атамаларга далиллар келтирмайди.

Муаллиф фиқҳий китоб ва бобларни терминлар билан бошлайди. Кейин ҳар бир китобдаги муҳим фиқҳий терминларни келтириб, уларнинг қайси фиқҳий китобдан эканини кўрсатади. Сўнгра маънони бойитиш мақсадида баён, луғат ва тафсир китобига мурожаат қилади.

Муаллиф мавзуларни ёритишда кўплаб соҳаларнинг манбасига суянган. Аммо фойдаланган китобларининг ҳаммаси ҳам кўрсатилмаган. Асарда истифода этилган ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф кабилардан қайси бирига мансуб экани кўрсатилмаган. Муаллиф фақат ўзига етиб келган ривоятлардан фойдаланган, ваҳоланки бу ривоятларнинг саҳиҳи ҳам, иллатлиси ҳам бор. Шунга қарамай, “Тилбатут талаба” фиқҳ соҳасида жуда нодир ва фойдали асар ҳисобланади. У толиби илмнинг тушунчасини сезиларли даражада кенгайтиради. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. “Имом Бухорий сабоқлари”, 2006, № 3.
  2. Имом Лакнавий. “Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия”. – Қоҳира: “Матбаъатус саодат”, 1906.
  3. Нажмуддин Умар Насафий “Тилбатут талаба” (Шайх Холид Абдурроҳман Ак тадқиқи). – Байрут: Дору-н-нафоис нашриёти, 1999.
  4. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007.
  5. Ҳофиз Зайнуддин Қосим ибн Қутлубғо. “Тожут тарожим фий табақотил Ҳанафия”. – Бағдод: Матбаъатул Оний, 1962.
  6. Ҳофиз Заҳабий. “Сияр аъломун нубало” – Ж. 20. – Байрут: “Муассасатур рисола”, 1985.
  7. Ҳофиз ибн Ҳожар “Лисонул мийзон”. Ж. 4. – Байрут: Мактабул матбуотил исломий, 2002.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази илмий ходими,
Самарқанд Давлат чет тиллар
институти магистранти

Check Also

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАРЧАМИЗНИНГ БИР УМРЛИК ФАЗИЛАТЛАРИМИЗГА АЙЛАНСИН

Бу йил муқаддас Рамазон ойининг уйғониш, янгиланиш ва яшариш фасли бўлган баҳор билан ҳамқадам келиши …