Home / МАҚОЛАЛАР / XIX АСРНИНГ ОХИРИ ВА XX АСР БОШИДА ЖАДИДЛАР ДУНЁҚАРАШИГА ТАЪСИР ЭТГАН ОМИЛЛАР

XIX АСРНИНГ ОХИРИ ВА XX АСР БОШИДА ЖАДИДЛАР ДУНЁҚАРАШИГА ТАЪСИР ЭТГАН ОМИЛЛАР

XIX асрнинг охири XX асрнинг боши жаҳон цивилизациясининг тараққиётида кескин бурилишлар даври бўлди. Бу даврда чуқур ислоҳотлар, биринчи ва иккинчи жаҳон уруши бўлиб, илм-фан тараққиётида туб сифатий ўзгаришлар рўй берди. Бир жамиятнинг бутунлай ёд жамият таъсирида қолиши нафақат ҳаётда балки кишиларнинг фалсафасида ҳам инқилоб ясади. XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошида Марказий Осиёда ҳам бошқа минтақаларда бўлгани каби ўзгача фикрловчи, янгича қараш вакиллари шаклланиб борди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёда ижтимоий-иқтисодий тузум қолоқ, фуқароларнинг турмуш тарзи ўта паст, маданий-маънавий ҳаётида ислом дини пешволарининг таъсири кучли эди. Инсонлар дунёқарашида тасаввуф фалсафаси анъаналарини тиклашга интилиш кучайиб бораётган бир вазиятда, унга қарши кучлар билан тафовутлар келиб чиқди.

«XIX аср ижтимоий-фалсафий, диний-ахлоқий, сиёсий ва маданий  тараққиётда сўнгги ва кейинги юз йилликнинг бошланиш даври бўлиб, ғоявий-назарий ва мафкуравий қарашларнинг шаклланиш хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Жадидлар ҳаракати вужудга келгунига қадар Туркистонда турли маънавий-ғоявий ва мафкуравий оқимлар қадимчилар, ислоҳотчилар, бедилчилар, машрабхонлар, шунингдек, Марказий Осиё, умуман туркий халқларга тааллуқли бўлган тафаккурнинг турли шакллари, ижтимоий-фалсафий мазмун ва йўналишга эга бўлган маърифий таълимотлар ва назариялар мавжуд эди» [1:155].

Демак, бу даврда нафақат жадидлар ҳаракати балки бошқа ғоявий таълимотлар ҳам шаклланди. Кишиларнинг дунёқарашида тасаввуф фалсафаси анъаналарини тиклашга интилиш кучайиб бораётганди. Бу даврда Ўрта аср мусулмон мутафаккирларининг асарларини қайта нашр этиш ишлари бошланди. Калом фалсафаси, шариат ахлоқига оид классик адабиётлар араб-форс тилидан туркий тилларга таржима қилиниб нашр этилди. Масжид ва мадрасаларда Бедилхонлик, диний уламолар томонидан қадимчилик ҳаракатлари, шерхонликлар авж олди. Ўрта Осиёда маърифатпарварлик ҳаракати кишиларнинг илм-фан тараққиётига, умуминсоний қадриятларга, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий қолоқликни бартараф этишга бўлган интилишининг натижаси эди.

Жадидлар турли мамлакатлардаги тараққиёт ва ислоҳотлар учун олиб борилган ҳаракатларнинг тажрибасини миллий асосда қайта ишлашга интилди. Мустамлакачиликка қарши курашнинг бош ғояси ана шу мураккаб шароитда шаклланиб етилди. Бу давр ҳақида шундай дейилган: “Тарихдан шу нарса маълумки, ҳар бир кичик ҳаракат эртанги катта ҳаракатнинг замини вазифасини ўтайди. Бу кунги мағлубият эртанги ғалабанинг амалга ошувида озми-кўпми роль ўйнайди. Бусиз жамиятнинг ривожини тасаввур этиш қийин [2:4]”.

Жадидлик Туркистонда XIX асрнинг охирида майдонга келган, XX асрнинг бошида шаклланиб, қисқа муддатда ўзининг чўққисига кўтарилган. Жадидлик 1917 йилги  большевиклар тўнтаришидан кейин ҳам социалистик диктатура ўрнатилгунга қадар ўз мавқе ва йўналишини сақлаб қола олган ижтимоий ҳаракатдир. Баъзи манбаларда жадидлик оқим деб аталса, баъзисида ҳаракат деб айтилади.

Жадидлик оқим эмас, ҳаракат деб таъкидлайди Б.Қосимов [3:61]. Ижтимоий, сиёсий, маърифий ҳаракат яқингача ҳам атайлаб фақат маърифатчилик ҳаракати деб келинди. Мақсад жадидликнинг доирасини торайтириш, социалистик-коммунистик мафкурадан бошқаси кенг халқ онгини қамраб олиши, эгаллаши мумкин эмас, деган сохта  тушунчанинг асорати эди. Жадидшунос олим Б.Қосимов жадидлик ҳаракатининг характер ва муддаосини 3 турга бўлиб изоҳлайди:

  • Жамиятнинг барча қатламларини жалб эта олди. Уйғониш мафкураси бўлиб хизмат қилди.
  • Мустақиллик учун кураш олиб борди. Унинг ғайрат ва ташаббуси билан дунё кўрган Туркистон мухторияти бу йўлдаги амалий ҳаракатнинг дастлабки натижаси эди.
  • Маориф ва маданиятни, матбуотни ижтимоий-сиёсий мақсадларга мослаб чиқди.

Бу характер ва йўналишни қатор олимлар эътироф этди. Бугунги кунда жадидларни олиб борган ишлари кенг жамоатчилик ўртасида турли хил баҳсларнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Аслида жадидлар ҳаракати фақат Туркистонда вужудга келмади.

Туркистонда жадидчилик XIX асрнинг 80 йилларида Русия мусулмонлари, хусусан, Кавказ ва Волга бўйида ёйилган шу номдаги тараққийпарварлик ҳаракатининг бевосита таъсири ва самараси сифатида дунёга келди. Бунда Исмоил Гаспиралининг «Таржимон» газетаси (1883) ва у асос солган «усули жадид» (иккинчи номи «усули савтия») мактаби (1884) муҳим роль ўйнади. Бу ҳаракатнинг жадид деб аталиши ҳақида Абдулла Авлоний “Шул замонда (1894-1904 йиллар) ерли халқлар орасида эскилик-янгилик (қадим-жадид) жанжали бошланди. Ғазит ўқиғувчиларни муллалар «жадидчи» ном билан атар эди” [3:61], деган фикрни келтиради.

Жадидликнинг пойдевори, тамал тоши усули жадид мактабларининг ташкил қилиниши эди. Ҳамонки, мақсад жамиятни янгилаш экан, уни янги авлодгина қилиши мумкин эди. Бунинг учун эса замон талабига мос ёшларни тарбиялаш масаласи жадид алломаларининг олдига қўйилган бош масала бўлди. 1900-1925 йиллар «жадидчилик» тушунчасининг пайдо бўлиши ўз даврининг энг пешқадам, ташаббуслар давридир [3:10].

Ўзбек фалсафасининг ижтимоий-фалсафий, диний-ахлоқий, сиёсий ва маданий тараққиётида “XIX асрнинг сўнгги ва кейинги юз йилликнинг бошланиш даври ғоявий-назарий ва мафкуравий шаклланишининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Туркистонда ўша пайтда турли маънавий-ғоявий ва мафкуравий оқимлар – қадимчилар, жадидчилар, ислоҳотчилар, бедилчилар, машрабхонлар, шунингдек, Марказий Осиё, умуман туркий халқларга тааллуқли бўлган тафаккурнинг турли шакллари ҳамда ижтимоий-фалсафий мазмун ва йўналишга эга бўлган «Чиғатой гурунги» каби анча етук йиғинлар, улар илгари сурган маърифий таълимотлар, назариялар мавжуд эди”[1: 155]. Демак, бу даврда нафақат жадидлар ҳаракати, балки бошқа ҳаракатлар ҳам шаклланган.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан илғор маърифатпарварлар давлат мустақиллигини йўқотилишига асосий сабаб, Ўрта Осиё жамиятининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий қолоқлиги эканини жуда яхши тушуниб етган. Улар турли ижтимоий қатламларнинг орасидан чиққан ва энг асосийси заковатли бўлиб, илғор зиёлиларнинг биринчи авлоди бўлди. Ана шу негиздан кейинчалик жадидлар етишиб чиқиб уларнинг ғояларини ривожлантирди ва маърифатдан сиёсатга қараб йўл олди.

Янги зиёлиларнинг қарашларида энг аввало, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари орасида ҳукм сурган саводсизликни тугатиш, эски таълим тизимини ислоҳ қилиш, қолоқ, эски ва беҳуда одатларга чек қўйиш сингари мақсадлар илгари сурилди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра улар, айниқса диний мутаассиблик, беҳуда сарф-ҳаражатларга олиб келувчи анъанавий одатларга танқидий ёндашган. Агар бундай қарашлар дебочасини Аҳмад Дониш каби маърифатпарварлар бошлаб берган бўлса, уларнинг ғоя ва қарашларини Садриддин Айний, Абдулвоҳид Мунзим, Миркомил Бурхонов, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Холидхожи Меҳри, Мулла Вафо, Абдурауф Фитрат ривожлантирди.

Аслида жадидлик расман XIX асрнинг охирида ўз амалий фаолиятини бошлаган бўлсада, уларнинг ғоялари шу асрнинг бошидаёқ (ўн тўққизинчи асрнинг бошида) ўз таъсирини намоён қилаётган эди [4:99]. “Туркистонда илк бор Оврупа техникасини ўрганиш кераклиги масаласини Қўқон хони Сайид Муҳаммад Ҳакимхон (Олимхоннинг укаси) Россия, Туркия, Эрон ва бошқа мамлакатларга саёҳат қилиб қайтгач, 1843 йилда биринчи бўлиб ўртага қўйган ”[5:39]. Ташқи олам билан танишиш Туркистонликларнинг орасида фалсафий мушоҳадаси тараққий қилаётган ёшларни тарбиялай бошлади. Бундан кўринадики, ташқи олам билан танишиш, ўзга миллат ва давлатларнинг тарихи, маданияти, Туркистон ёшларининг тафаккурини ўзгартирган илк сабаблардан биридир. Тарихдан маълумки, ҳамма вақт глобаллашув жараёни мавжуд бўлган, фақат ўзини секинлик билан намоён этган. Мана шундай жараёнларнинг натижаси ўлароқ жадидлик таълимоти ўзини турли йўллар билан намоён қила бошлади. Туркистонда жадидлик ғоялари ва ҳаракатининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий  замини XIX асрнинг охирги чорагига келиб тўлиқ етилди.

Рус ҳукумати ўлкада халқни аста-секин руслаштиришга қаратилган сиёсат олиб борди. 1870 йилда Россия халқ маорифи вазирлиги маорифнинг мақсади пировардида барча маҳаллий аҳолини руслаштиришдан иборат бўлиши ҳақида қарор қабул қилган. Шунга ўхшаш фикрни Н.О.Остроумов ҳам айтган, у: «Рус ҳукумати маҳаллий аҳолини рус халқи билан аралаштиришга ҳаракат қилиши керак. Шу йўналишда маҳаллий аҳолининг маъорифини маълум даражада ривожлантириш лозим» [6:18], деган эди.

Туркистоннинг Россияга қўшиб олиниши ўлка иқтисодиётини юксалтиришда хонлик тузумига нисбатан бирмунча қулай замин яратди. Маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида банк, вокзал, босмахона, завод каби янгиликлар кириб кела бошлади. Темир йўллар қурилди, янги иқтисодий алоқалар пайдо бўлди, литографиялар вужудга келди. Туркистонда жадидларнинг тараққийпарвар вакиллари томонидан «Тарбияти атфол», «Умид», «Нашри маориф», «Баракат», «Ғайрат», «Тараққий парвар» каби дастлабки ижтимоий-сиёсий, илмий жамиятлар тузилди. Бу жамиятлар газета ва журналлар чоп этиб халқнинг маънавий онгини оширишга ва мафкуравий салоҳиятини кўтаришга интилди. Жадидларнинг бевосита раҳбарлигида Тошкентда «Тараққий», «Шуҳрат», «Хуршид», «Садойи Туркистон», Самарқандда «Самарқанд», «Ойна», «Ҳуррият», «Шуълаи Инқилоб», «Меҳнаткашлар товуши», «Болалар йўлдоши», «Таёқ мажмуаси», даврий «Шарқ», «Ёш куч», «Зарафшон», Бухорода «Турон», «Бухорои Шариф», Қўқонда «Садойи Фарғона» каби ўнлаб газета ва журналлар нашр этила бошланди. Бундан кўриниб турибдики, ўз даврининг ижтимоий-фалсафий тафаккури миллий озодлик характерига эга бўлган. Шундай вазиятда Туркистонда вужудга келган ижтимоий ҳаракатлардан бири – жадидлик ватанни мустақилликка олиб чиқиш ва миллий ўзликни англаш тадбирларидан бири эди. Маълумки, миллий ўзликни англаш муайян миллатнинг ижтимоий-тарихий, маънавий-маданий ҳаётини, қадриятларини, шунингдек, табиатини билишдир. Жадидлик мана шундай мақсадларни кўзлаб шаклланди ва ривожланиб борди.

XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошида Туркистондаги ижтимоий-сиёсий ва фалсафий қарашлар энг аввало миллат ёшларини тарбиялаш ва янгича кўринишдаги таълим тизимидан фойдаланишни мақсад қилган. Дастлаб хусусий жадид мактабларини очиб ёшларга таълим бера бошлаган бўлса, кейинчалик жадид мактаблари шаклланиши кенг қулоч ёзиб борди. Минтақанинг турли ҳудудларида ўзига хос тарзда бундай мактаблар очила бошлади. Шу ўринда жадид мактабларининг фаолияти ҳақида бўлган қуйидаги фикрга эътибор берсак, «Биз туркистонликлар ҳам 15 йил бўладирки, бу дунёда ўзгалардек тараққий ва толий этмак орзуси билан янги мактаблар оча бошладик. Ёлғиз эркак болаларимизни тарбия этарға киришдик, аммо қизларимизнинг тарбиясига ҳозиргача ҳеч бир аҳамият бермадик» [7:4]. 1910 йили бу «усули жадид», яъни жадид мактаблари ёпилди. Аммо бу мактабларнинг ёпилиши жадидлик ҳаракатини сусайтиролмади, аксинча янада ривожланиши учун хизмат қилди. Бундан «кўриниб турибдики, жадидлик кенг ижтимоий масалалар ва маърифатпарварлик ғояларини илгари суриш мақсадида шаклланган ижтимоий-фалсафий йўналиш бўлган» [8:20]. Аммо жадидлик таълимотига муносабат фақатгина мустақиллик йилларида ўз мавқеини тиклаб борди.

Жадидларнинг асосий мақсади дунёвий илмларни эгаллаган ёшларни тарбиялаш ва уларнинг маънавий онгини ошириш, ўз вазифасини ўтай олмай қолган эскича таълим тизимига янгича инновацион ғояларни сингдириш эди. Бундан ташқари улар ижтимоий ҳаёт тарзини замонавий ҳаётга мослаштириш,  миллий ва замонавий армияни жорий этиш, диний ва дунёвий, ахлоқий нормаларни инобатга олган ҳолда янги қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, давлатнинг бошқарув тизимини ислоҳ этиш, ҳудудий тарқоқликни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, жамият ривожланишининг барча соҳалари учун миллий кадрларни тайёрлаш, давлатлар билан дипломатик алоқаларни ва ташқи сиёсат концепциясини ўрнатиш каби бир қанча масалаларни илгари сурди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонда вужудга келган ижтимоий-фалсафий тафаккур тараққиётининг ўзига хос хусусияти шундаки, А.Дониш, Фурқат, Муқимий сингари мутафаккирлар, Иброҳим Мўминов таъкидлаганидек, адолатнинг ва инсон ақлининг тантанасига қарши танқид байроғини кўтариб чиқди. Бу байроқни кейинчалик Беҳбудий, Фитрат, Мунаввар қори, Абдулла Авлоний, Ҳамза ва Чўлпон кабилар янги босқичга кўтарди. “XX асрнинг аввалида жаҳон миқёсида юз берган ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги воқеалар, 1905 йилги рус революсияси, Туркистон халқларининг онгида демократик тушунчаларнинг шаклланиши ва ривожланишига катта туртки бўлди. Бундай сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар ижтимоий тафаккурнинг тараққиётига таъсир этмай қолмади. Яширин билдирилган демократик талаблар, маърифатпарварлик ва ватанпарварлик ғоялари тобора ошкора баён этиладиган ва айрим кишиларнинг ҳаёт тарзи ва мақсадларига айланган эди. Ана шу даврда шаклланган жадидлар икки томонлама танқид остида бўлган бўлса, кейинчалик Октябрь тўнтаришидан сўнг жадидлар «қизил замбараклар»дан ўққа тутилди” [8:33], демак илғор фикрли жадидлар ўз даврининг қурбонига айланди.

Туркистон жадидларининг тарихига назар ташлар эканмиз турли адабиётларда уларга замонасининг муҳитига қараб ўз таърифини беришган. Масалан, жадидларнинг фаолияти ҳақида Файзулла Хўжаев биринчилардан бўлиб ҳаракатни икки йўналишда бўлганини кўрсатиб берган: «Шундай қилиб, сентябр революцияси бошлангунча Октябр ва унинг оқибатлари туфайли вужудга келган жадидлар ташкилотларининг табақаланиши узил-кесил расмийлашди, бу ҳаракат бир-биридан бутунлай бошқа бўлган икки қисмга бўлинди: Унинг биринчи қисми Бухоро Коммунистик партиясига кириб, ўз тақдирини Октябр революцияси ва жаҳон коммунистик ҳаракатининг тақдири билан, жаҳон социал революцияси учун кураш билан қўшди ва бирлаштирди. Жадидларнинг Октябргача бўлган қисми эса февралгачаги позицияларда қолиб ўзининг миллатчилик идеологиясини тарк этмади» [9:190].

Туркистонда ўз фаолиятини олиб борган жадидлар ҳудудий қатламига кўра ҳам фарқланган. Масалан, Туркистон жадидлари, Бухоро жадидлари ва Хива жадидларига ажратиб таҳлил қилсак, буларнинг асосий мақсадлари озодлик позициясига йўғрилган бўлсада, ички тузилишида айрим фарқларни ҳам кўриш мумкин. «Туркистон жадидлари ҳам Бухоро жадидлари сингари табақаланиш йўлидан борди. Туркистон жадидларининг катта қисми революцияни тушунмади ва унинг илгариги миллий буржуа идеологиясида қолаверди» [8:192]. Бундан кўриниб турибдики, жадидларнинг фаолияти революциядан олдинги ва революциядан кейинги босқичларга ажралган. Масалан, Фарғона водийсидаги миллий ҳаракатлар, Ёш бухороликлар, Ёш хиваликлар, Тошкентдаги зиёлиларнинг фаолиятларидаги ўзаро бирлик ва ўзига хослик ҳолатларини ҳам кўришимиз мумкин. Самарқандда вужудга келган маърифатпарварлик ҳаракати ижтимоий ривожланиши натижасида жадидликнинг сиёсий босқичига кўтарилди. Ўз даврининг кўзга кўринган ижтимоий-сиёсий оқими сифатида жадидлик миллий ўз-ўзини англашнинг ўсишига ва миллий-озодлик мафкурасининг шаклланиши ва тараққиётига жуда катта хизмат қилди [10:4].

Фикримизнинг хулосасида Туркистонда вужудга келган жадидликнинг асосий бош мақсади жамият тараққиёти учун лозим бўлган барча соҳаларда инновацион ғояларни жорий қилиш эди. Бу билан жадидлар халқнинг яшаш тарзини ўзгартиришни, уларнинг маънавий онгини ривожлантиришни асосий мақсадларидан бирига айлантирган. Жадидлар Туркистонда миллий ривожланиш позициясининг бошида жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий тараққиётини таъминлаш ғоясини олиб чиқди. Улар сиёсий фаолиятида мустақиллик ғоялари билан йўғрилган мақсадни илгари сурди. Бу ҳаракатни биз жадидларнинг Чор Россиясининг тажовузига қарши қаратилган курашида кўришимиз мумкин. Жадидлар миллий ривожланиш билан қарамликка қарши курашмоқ лозимлигини англади. Бу ғоялар жадидлар сиёсий фаолиятининг асосини ташкил этди. Шунинг учун жадидлар мазлум халқни озодлик курашига чорлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қ.Назаров. Ўзбек фалсафаси. –Т., 2003.
  2. Тулак. И. XX аср ўзбек адабиёти. –Андижон, 1993.
  3. Б.Қосимов. Миллий уйғониш: Жасорат, маърифат, фидоийлик. –Т., Маънавият, 2002.
  4. Ш.Ғаффаров. Истибдод даврида Туркистондаги таълим тизими. – Самарқанд.: СамДУ нашр, 200.
  5. Э.Тоғаев. ва бошқалар. Дарсда жадидчилик ва унинг моҳиятини ўрганиш.// «Халқ таълими», 1993, 1-сон.
  6. Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш. –Т.: Университет, 1999.
  7. Ҳожи Муин. Оила тарбияси. «Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил 9 июль.
  8. Гули Маҳмудова. Жадидизм ва Туркистонда ахлоқий-эстетик фикр тараққиёти. –Т., 2006.
  9. Ф.Хўжаев. Танланган асарлар: уч томлик. –Т.: Фан, 1976. 1-том.
  10. Ўзбекистон тарихи: Янги нигоҳ. Жадидлар ҳаракатидан миллий мустақилликка қадар. Давра суҳбати материаллари. 1998 йил 9 октябр. –Т.: Элдинур нашриёт уйи, 1998.
Дилнавоз ТАҒОЕВА,
БухДУПИнинг «Ижтимоий фанлар»
кафедраси ўқитувчиси

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …