Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИДА  ТИЛ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ ДАВРИ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРИХИЙ АСПЕКТЛАРИ     

ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИДА  ТИЛ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ ДАВРИ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРИХИЙ АСПЕКТЛАРИ     

 Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шу сабабли ҳали мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Дунёдаги барча халқ ўзининг миллий расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Бу оламшумул ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари – ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади[1]. Шунча йиллар ўтди, хўш, ўзбек тили чиндан ҳам давлат ва халқ тили даражасига эриша олдими? Савол ҳамон долзарб.

      2019-йил 21-октябр куни Давлатимиз раҳбари «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Хусусан, 21-октябр юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган, янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритадиган Атамалар комиссияси ишлаб турибди. Бу, албатта, муҳим ҳужжат, давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми, соҳада яна бир муҳим қадам. Чунки Ўзбекистонда шу вақтгача давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга оширадиган ягона, мустақил ва марказлашган тузилма йўқ эди.

«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг бир қатор нормалари декларатив ва умумий характерга эга бўлганлиги сабабли кўзланган мақсадларга тўла эришиш имконини бермаяпти. Хусусан, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг (кейинги ўринларда Қонун) 8-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади», деб белгиланган бўлса-да, айрим соҳалардаги давлат идораларида ҳужжатларни давлат тилида қабул қилиш етарлича йўлга қўйилмаган. Бу эса айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларга ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Шунингдек, Қонуннинг 10-моддасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгиланганлигига қарамасдан, айрим соҳаларда статистика ва молия ҳужжатлари, шартномалар талаб даражасида давлат тилида йўлга қўйилмаган. Хусусан, айрим хизмат кўрсатиш соҳалари (коммунал, интернет хизматлари ва ҳк.) томонидан шартнома, далолатнома, огоҳлантириш хати каби ҳужжатларни хорижий тилда расмийлаштириш ҳолатларини кўриш мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳужжатларида ўзбек тилида ўриндоши мавжуд бўлган сўзлардан фойдаланмасдан хорижий атамаларни (термин, штат, комиссия ва бошқа шу каби сўзларни) қўллаш ҳолатларини ҳам учратиш мумкин[2].

Тил – муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар. Тил – ҳаётнинг бошланиши. Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади. Инсон улғайган сайин атрофидагилар билан мулоқот қилиш, бадиий китоблар ўқиш орқали сўз бойлигини ошириб боради. Ота-боболаримиз тарихи, миллий ва маънавий қадриятларимиз бизга она тилимиз ёрдамида мерос бўлиб қолди. Халқлар тарихи – бу улар тилининг тарихи.

Туркий тил VII-VIII асрлардан бошлаб юзага кела бошлаган. Дастлаб туркий тилда Маҳмуд Қошғарий, Юсуф хос Хожиб, Аҳмад Югнакий ва Рабғузий ўзбек тилининг ривожланишида катта ҳисса қўшишган. XI-XV асрларда Лутфий, Атоий, Саккокий ва Хоразмий каби шоирлар ҳам ўзларига хос ўрин тутдилар. Ушбу шоирлар ва ўз даврининг атоқли ёзувчилари яратган машҳур асарлардан инглиз, француз, немис, япон ва хитой олим ва шоирлари кўплаб фойдаланиб келишган. XV аср ўзбек тилининг гуллаб-яшнаган даври бўлган. Бу давр Алишер Навоий ижодига ҳам боғлиқ. “Хамса”, “Хазоинул-маоний”, “Муҳокаматул луғатайн”, “Мажоинул нафоис” каби асарлари билан Навоий турк тилини жаҳон миқёсига олиб чиқди.

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий тилимизни “шажара боғи” тимсолида ҳис этиб, халқни булбулга қиёслади. Ана шу боққа гард тушмасин, булбулларнинг овози ҳамиша янгроқ ва баланд бўлсин, деди.

Дунёга машҳур “Девони луғатут турк” асари Маҳмуд Қошғарий томонидан ҳижрий 464, милодий 1068 йили ёзиб тугалланган. Ушбу асар  XV аср туркий қабилаларининг тил хусусиятлари, оғзаки ижодини ўрганиши учун асосий манба ҳисобланган. Луғат ҳозирги луғатларга ўхшаб ёлғиз сўзларнинг луғавий маъносини изоҳлабгина қолмасдан балки, унда ўша даврда ўғуз, уйғур, қипчоқ, чигил, қарлуқ каби 37 уруғ бирлашмаларига кирган туркий уруғ ва қабилаларнинг фанатик, лексик, грамматик тил хусусиятларини таърифловчи тарихга оид асарлар ҳамдир. Девонда туркий уруғларнинг жойлашиши ҳамда харитаси ҳам илова қилинган.

 Маҳмуд Қошғарий Чин (Хитой) давлатидан бутун Мовароуннаҳр (Хоразм, Фарғона, Бухоро, Дашти қипчоқ)ни кезиб, бу ерларда жойлашган туркий уруғ ва қабилаларнинг тили, ижтимоий турмушини, тарихини ўрганади. “Девони луғатит-турк” асарининг тахминан XV асрда кўчирилган қўлёзмаси ва турк тилига таржимаси 1860-63 йилларда профессор С. Муталибов томонидан таржима қилинди. Бу унинг 20 йиллик иши натижаси эди[3]. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади. Тил тарихини, унинг меъёрий нуқтаи назардан шаклланиш жараёнини, ривожланишини миллат тарихидан айри ҳолда ўрганиб бўлмайди.

  Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш ва рақобатдош бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари муҳим, албатта. Чунки биз глобал ривожланиш тенденцияларидан орқада қола олмаймиз, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт. Ҳеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат – бу халққа ҳурмат. Ўз она тилига эга бўлмаган халқ мамлакат бўлолмайди. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам миллий тил софлигига путур етади. Тил давлат тимсоли, мулки ҳисобланади. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли, бу улкан ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, она тилига бўлган муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Бинобарин, ўзини ўзбек миллатининг фарзандиман, деб билган ҳар бир шахс она тилимизга эътиборли бўлиши, унинг софлигини асраб-авайлашни муқаддас бурчи деб билиши шарт.

 Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилинишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Дарҳақиқат, давлат тилининг мустаҳкам ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилгани тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга етарлича замин яратиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши баробарида ўзбек тилининг эркин муомалада бўлиши учун зарур шарт-шароитни яратиб берди. Дунёда таниқли мамлакат бўлиш учун биз давлат тилининг мақомини кўтаришга эришишимиз лозим.

Сўнгги йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Она тилимиз ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Айни пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди.

Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг яратилиши уни амалиётга татбиқ этилиши ҳам шу ишларнинг узвий давоми бўлди. Эътироф этиш керакки, дунёдаги 200 та тил бугунги кунда давлат тили мақомига эришган бўлиб, шулар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Ёш авлодни ана шу руҳда тарбиялаш эса педагоглар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчи ҳисобланади.

Ўзбек тилининг бой имкониятлари бугунги кунда тилшуносларимиз томонидан чуқур ўрганилмоқда.

Ўзбек адабий тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, у мустақил тил сифатида XI асрдан бошлаб шакллана бошлади ва то ҳозирги кунимизгача бу тилда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилди. Хусусан, Махмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”, шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Сароий, Мавлоно, Лутфийларнинг яратган бой илмий-адабий меросларини тилга олиш мумкин. Айниқса, туркий тилнинг беқиёс имкониятларини кўрсатишда Алишер Навоийнинг буюк хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳазратнинг нафақат бадиияти, балки тилшуносликка бағишланган “Муҳокоматул луғатайн”, яъни “Икки тил муҳокамаси” номли асари шу соҳадаги қиёси йўқ манба ҳисобланади. Қолаверса, шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг тилимизда яратган гўзал асарлари бугун ҳам ўқувчилар томонидан севиб мутолаа қилинади. Албатта, она тилимизнинг тараққиёти юқорида номлари келтирилган буюк аждодларимизнинг юксак муҳаббатида кўриниб туради.

Ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрлаштирилган бўлиб, тилимизнинг луғат бойлиги, товуш тизими ва грамматик қурилиши олимлар томонидан илмий асосларда ўрганилган. Бу соҳадаги изланишлар бугун ҳам давом этмоқда. Айтиш жоизки, ўзбек тили мамлакатимиз мактабларида ХХ асрдан бошлаб ўқитила бошланди. Таълим жараёнида кишиларимизнинг тилга оид билимлари шакллантирилиб, нутқий саводхонлик даражаси ўстириб борилди. Бугун мактаб, коллеж, академик лицейлар ва олий ўқув юрти талабалари учун янги авлод дарсликлари яратилиб, уларда тилимизни янгича асосда ўрганишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса, шубҳасиз ўзининг ижобий натижаларини бериб келмоқда[4]. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1.Ш.Мирзиёев. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мақеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида. –Т., 2019 йил 21 октябрь, ПФ-5850-сон.
2.Мирзиёев Ш.М. Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир // Халқ сўзи газетаси. – 2019 йил 22 октябрь, 218-сон.
3.Г.Ортиқхўжаева. Давлат тили-фахримиз, ғуруримиз.Адолат. 23.10.2015.
4.Нурматов,С.Авезов,Ўзбек тили чиндан ҳам давлат ва халқ тили  даражасига эриша олдими? 07.10.2020. https://www.xabar.uz/uz/jamiyat/ozbek-tili-chindan-ham-davlat-va-xa
5.О.Хусанов. Ўзбек тили тарихи бой ва бетакрор. Булунғур ҳаёти газетаси. 19-04-2019. http://bulungurhayoti.uz/index.php?newsid=2114.
6.Муҳаммедова  С. Ҳаракат  феъллари  асосида  компьютер  дастурлари  учун  лингвистик  таъмин яратиш.  Методик қўлланма. –Т., 2006.  

 

Марғуба ҚУРБОНОВА,
Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …