Home / МАҚОЛАЛАР / Араб тили граматикасини арабларга буюк бобомиз Маҳмуд аз-Замахшарий ўргатган

Араб тили граматикасини арабларга буюк бобомиз Маҳмуд аз-Замахшарий ўргатган

18 декабрь – халқаро араб тили куни 
 
2010 йили Халқаро она тили байрами арафасида БМТ департаменти жамоат фикри билан келишилган ҳолда олтита ташкилот расмий тили учун шахсий байрамини нишонлаш фикрини таклиф қилган. Ғоя мақсади – халқлараро маданиятни мустаҳкамлаш ва кўптиллик давлатларни ривожлантиришдир.
 
2012 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган халқаро UNESKO ташкилотининг 190-сонли сессиясида Саудия Арабистони таклифига биноан 18 декабрь Халқаро араб тили куни сифатида эълон қилинди. Шу йили мазкур ташкилот биринчи маротаба 18 декабрни байрам сифатида нишонлаган.
 
Шуни таъкидлаш лозим-ки, 1973 йил декабрь ойида БМТ бош ассамблеясининг 3190-рақамли қарори билан араб тили ташкилот расмий тиллари қаторига қўшилган.
 
Бугунги кунга келиб араб ва унга яқин тилда мулоқот қилувчилар сони 300 миллионни ташкил этади. Улардан 240 миллиони учун араб тили она тилидир, 50 миллион киши эса иккинчи тил сифатида ишлатади. Бутун дунё мусулмонлари учун араб тили Қуръон тили бўлиб ҳисобланади.
 
Араб тили барча араб мамлакатларининг расмий тили даражасида бўлиб, Исроил, Эритрея, Чад, Сомали ва Жибути каби мамлакатларнинг расмий тилларидан биридир.
 
Жаҳон тилларидан бири деб эътироф этилган араб тили инсоният тараққиёти тарихида ғоят муҳим ўрин эгаллаган. Милоддан кейинги дастлабки асрларда Арабистон яриморолининг жанубий минтақаларидаги қабилаларгагина хос бўлган бу тил Ислом дини шаклланиши ва тарқалиши билан Яқин ва Ўрта Шарқ, Шимолий Африка халқларининг она тили бўлиб қолди. Ҳатто Европа қитъасининг ғарбида ҳам, ҳозирги Испания ҳудудида араб давлати –«Андалусия» ташкил топган эди.
 
Илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръони Каримнинг араб тилида нозил бўлиши ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз суннатларини шу тилда баён қилганлари араб тилининг «икки дунё саодатига элтувчи тил» деб эътироф этилишига асос бўлди. 
 
Ислом дини шарофати ила араб тили Атлантик океандан қарийб Тинч океангача чўзилган жуда катта минтақада яшайдиган халқлар учун она тилига айланмаса-да, халқаро муносабатлар ва сиёсат тили, илм-фан, маданият тили сифатида тарқалди. Яқин ўтмишгача мусулмон мамлакатларида араб тилини билмайдиган киши зиёли саналмас эди. Ҳозирги кунда башариятнинг тараққиёт даражасини белгилаётган энг муҳим фанлар (кибернетика, астрономия, тиббиёт)нинг асослари ўрта асрларда араб тилида яратилган эди. Бу тилда жаҳон маданиятининг дурдоналарига айланган кўплаб адабий-бадиий, фалсафий, диний, тарихий, сиёсий мавзулардаги асарлар ҳам яратилди.
 
«Ислом маданияти» ёки «Араб тилидаги маданият» деб аталмиш бу маданиятнинг шаклланиб, ривожланишига имом Бухорий, Термизий, Хоразмий, Беруний, ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби кўплаб аждодларимиз ҳам салмоқли ҳисса қўшганлар. Улар меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш, инсоният тараққиётида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш ва уни қўлдан чиқармаслик учун, ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий пок, илм-маърифатга чанқоқ, Ватанига, халқига садоқат руҳида тарбиялашимиз учун аждодларимиздан қолган ниҳоятда бой илмий-адабий меросни халқимизга етказишимиз, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз лозим. Бу эса араб тилини ўрганиш ва ўргатишни тақозо қилади.
 
Араб давлатларининг, яъни араб тилини ўзининг расмий тили деб эълон қилган давлатларнинг ҳозирги кунда ҳам дунёнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий хариталаридаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Форс кўрфази, Ҳинд океани, Араб денгизи, Қизил денгиз, Ўрта Ер денгизи, Атлантик океан соҳилларига жойлашган, Осиё қитъасининг жануби-ғарбий, Африка қитъасининг шимолий минтақаларини эгаллаб турган, аҳолисининг умумий сони 190 миллиондан ортадиган 22 мустақил давлат дунёда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
 
Дунё мамлакатлари билан тинч-тотув яшашни, улар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, араб давлатлари билан ҳам турли даражалардаги сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий алоқалар ривожланиб бормоқда. Араб тилини билиш бу мақсадга етишиш учун ҳам хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Араб тили генеалогик таснифга кўра, сомий-хомий тиллар оиласининг сомий тиллар гуруҳига киради. Бу гуруҳ яна иврит (яҳудий), ойсор, амҳар ва хорари тилларини ўз ичига олади.
 
Классик араб тили – Қуръони Карим тили асосида замонавий араб адабий тили шаклланган. Барча араб давлатлари расмий муомалаларини шу тилда – замонавий адабий тилда олиб боради, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио, телевидение шу тилдан фойдаланади.
 
Аммо арабларнинг кундалик ҳаётларида ишлатадиган сўзлашув тиллари араб адабий тилидан ва турли минтақалардаги арабларнинг тиллари бир-биридан фарқ қилади. Бу фарқ айрим ҳудудларда шу қадар каттаки, халқнинг саводсиз қисми ўз давлатининг расмий тилини базўр тушуниши, ҳатто тушунолмай қолиши ҳам мумкин.
 
Арабшунос олим Абдулҳофиз Абдужабборов ёзганидек, бу мураккаб ижтимоий муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар асосан қуйидагилар:
 
• адабий тилнинг асоси бўлган Қуръони карим Ҳижоз арабларининг Қурайш исмли қабиласи тилида нозил бўлган. Айни замонда бошқа араб қабилалари ҳам бўлганки, уларнинг тиллари қурайшийларникидан фарқ қилган. Қурайшийларнинг ўша пайтдаги тили Қуръони карим оятларида муҳрланиб, асрлар давомида ўзгаришсиз сақлаб келинмоқда. Бошқа тиллар эса тиллар ривожининг умумий қонуниятларига кўра ривожланиб, ўзгариб боряпти. Оқибатда, ўртадаги фарқ муттасил ортиб бормоқда;
 
• араблар келиб чиқиши жиҳатидан икки тоифага бўлинадилар: а) асл араблар (масалан, Ҳижоз араблари) ва б) араблашган араблар, яъни Ислом киришидан аввал араб бўлмаган, мусулмон бўлганидан кейин вақт ўтиши билан асл миллатини унутиб, ўзини араб ҳисоблай бошлаган халқлар (масалан, Шимолий Африкада яшовчи араблар). «Араблашган араблар»нинг тилларига аввалги она тиллари таъсир кўрсатмай қолиши мумкин эмас эди, албатта. Тил ва шевалар ўртасидаги тафовутнинг анчагина қисми шу омил билан боғлиқ; 
 
• XV асрдан бошлаб араблар яшайдиган минтақаларнинг талайгина қисми Усмоний турклар тасарруфида бўлди. XVIII асрдан XX асрнинг иккинчи яримларигача араб диёрларида Европанинг мустамлакачи давлатлари (Англия, Франция, Германия, Италия каби) ўз ҳукмларини ўтказдилар. Бу ҳам тилда ўз аксини топмай қолмайди.
 
Хулоса қилиб айтганда «араб тили» тушунчаси ҳозирги кунда бир-биридан фарқли бўлган камида учта тилни қамраб олади. Хусусан, классик араб тили – Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлар, Исломгача бўлган «жоҳилия» ва илк Ислом даври адабиёти тили; ҳозирги замон араб адабий тили – классик тил асосида ривожланган, замонавий тараққиётни ўзида акс эттирган, ҳамма араб давлатлари томонидан расмий тил сифатида эътироф этилган тил; ҳар бир минтақанинг ўзига хос бўлган жонли сўзлашув тили-лаҳжалар ва шевалар.
 
Ислом динининг дунёга тарқалиши туфайли Қуръони Карим тилини кўп эл-элатларга ўргатиш ижтимоий зарурат бўлиб қолган. Бу эса тилни чуқур ўрганиб, унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқишни талаб қиларди.
Ҳозирги кунда дунёда кенг тарқалган филологик (тил ва адабиётга тегишли) илмларнинг асосида қадимги юнон олими Арасту (Аристотель-милоддан аввалги IV асрда яшаган) тузган қадимги юнон тили ва адабиётига оид «Грамматика», «Риторика» ва «Поэтика» каби асарлар ётади. Мусулмон олимлар эса араб тилига оид илмларни мутлақо мустақил тарзда, бошқа тилларга боғламаган ҳолда яратганлар. Масалан, рус филологиясини ташкил қилувчи грамматика, стилистика, адабиётшунослик каби илмлар XVIII, XIX, ҳатто XX асрларда, Арасту яратган тизимлар асосида шакллана бошлаган бўлса, араб филологиясини ташкил қилувчи илмлар VIII, IX асрларда шаклланган ва X асрдаёқ камолга етган эди. Бу тарихий воқеликни шу соҳанинг мутахассислари сўзсиз тан оладилар.
 
Тилшунос олимлар арабларнинг наҳв тизимини XX асрнинг 60-70-йилларида шаклланган, тилшуносликда «энг янги оқим» ҳисобланган структурал лингвистикага ўхшатадилар. 
 
Араб тилининг қонун-қоидалари тизими-наҳв илмини яратган ва камолга етказган олимлар орасида бизнинг бобокалонимиз Маҳмуд аз-Замахшарий (1075-1144йй) «ал-Унмузаж» ва «ал-Муфассал» асарлари ҳануз араб тили бўйича муҳим қўлланмалар ҳисобланади.
 
Бу олим ўз китобида арабларнинг ўзи ўрганишга муҳтож бўлган қимматли маълумотларни ёзиб қолдиради. Ҳатто араблардан баъзилари айтади: “Агар бу инсон шундай буюк ишни қилмаганда биз ўзимизнинг соф тилимиздан айрилиб қолардик”. 
Манба: uza.uz

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …