Home / АЛЛОМАЛАР / ҲУСОМУДДИН САДР ШАҲИДНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ТАРИХИ

ҲУСОМУДДИН САДР ШАҲИДНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ТАРИХИ

Марказий Осиё ислом дунёсида мустақил минтақавий цивилизация сифатида машҳур. У кўп асрлик ривожланиш жараёнида антропологик, ижтимоий, сиёсий, луғавий, диний ва бошқа ўзгаришларга қарамасдан, доимий ўзига хос қонуниятлар, жиҳатлар, хислатларга эга бўлиб келган. Бу ўлкада яшаб, ижод қилган олимлар ҳаётини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

X-XIII асрларда Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари бўлган Бухоро ва Самарқандда ҳанафий мазҳаби билимдонларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётга аралашуви фаол бўлган. Бу ўлкага ҳанафий мазҳабининг кириб келиши ва тараққиёт йўли бўйича Ғарб олимлар кўплаб тадқиқотлар ўтказган [1:32-39].

Маълумки, X-XIII асрларда Мовароуннаҳр жамиятининг сиёсий ва ижтимоий бошқарувида фақиҳлар асосий ижрочи вазифасини бажарган. Ҳукмрон сулолалар – Сомоний, Қорахоний, Ғазнавий ва Салжуқийлардан иборат форс ва турк султонлари халқни ўз сиёсатига бўйсундиришда ислом ҳуқуқчиларидан самарали фойдаланган.

Салжуқийлардан Султон Санжар Аҳмад ибн Маликшоҳ (490-552/1097-1157 йй.)нинг ҳукмронлик йилларида Қорахонийлар назоратидаги Марказий Осиё ерларининг сиёсий бошқаруви тўлиқ Салжуқийларга ўтган [2:14].

Салжуқийлар давлат бошқарув услубининг ўзига хос жиҳатларидан бири шу эдики, улар бир шаҳарда ҳам раис (дин ишлари билан шуғулланувчи вакил), ҳам амир (ҳукумат ишлари билан шуғулланувчи вакил) тайин этарди. Раислар маҳаллий ёки ҳукмдорнинг буйруғига биноан султонга содиқ диний арбоблардан (Оли Моза оиласи вакиллари каби), ўз навбатида, амирлар ҳам шахсан султон томонидан тайинланган.

Оли Моза оиласи Бухорода узоқ йиллар раислик қилган сулола ҳисобланади. Унинг Мовароуннаҳр ижтимоий-сиёсий ҳаётида етакчи ҳукмрон доира бўлиб танилишида, шубҳасиз, Султон Санжарнинг Мовароуннаҳрдаги ҳарбий-сиёсий фаолияти ва Оли Моза оиласига муносабати муҳим роль ўйнаган. Сулола вакиллари Бухорода, асосан, аҳолидан солиқ ундирувчи ва Султон Санжарнинг ишончли вакиллари сифатида фаолият олиб борган [3:99]. Чунки, бу даврда Мовароуннаҳрдаги ҳарбий бошқарув Салжуқийлар қўлида бўлган [4:198]. Тадқиқотчи А.Мўминовнинг фикрича, улар Бухорода раис, хатиб ёки асосий ўлпон йиғувчи вазифасини бажарган.

Оли Моза фақиҳлари қолдирган илмий-маънавий меросни ўрганиш ҳозирги кунда тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Ушбу мақолани тайёрлашда мазкур оиланинг йирик вакили ва машҳур ҳанафий фақиҳларидан Ҳусомуддин Садр Шаҳиднинг асарлари ва илмий меросига аниқлик киритишни бош мақсад қилиб олдик.

Ҳусомуддин Садр Шаҳид 473/1090 йили Марв шаҳрида таваллуд топган [5:47]. Тўлиқ исми – Ҳусомуддин Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий. Кафавийнинг билдиришича, у ўз даврининг етук фақиҳ ва қозиларига дарс берган. Қурашийнинг фикрича, Ҳусомуддин вафотига қадар Бухорода Моза ёки Бану Моза (Моза авлоди) билан машҳур бўлган [6:74]. Унга Садр Шаҳид нисбаси вафотидан кейин берилган. Садр Шаҳид йигирма йил давомида, яъни 512/1118-19 йилдан 536/1141 йилгача (вафотигача) Бухоро раиси бўлган. У Моза фарзандлари орасида энг кўп раислик қилгани учун ҳам фақиҳ ҳақида маълумот берувчи манбалар унга “садр” нисбасини қўшади. Садр (араб тилида олд, кўкрак деган маъноларини беради) мусулмон мамлакатларидаги турли мансабдор шахсларга бериладиган унвон ҳамдир. Баъзан дин пешволарига ҳам берилиб, уларга бутун давлатнинг ёки бирор вилоятнинг вақф ишларини бошқариш вазифаси юклатилган [7:204]. Ҳусомуддинга садрлик мартабасини султон Санжар берган. Унинг шаҳид сифати билан ном қозониши 536/1141 йилда Султон Санжар қўшинлари билан қорахитойлар ўртасида бўлиб ўтган жангда ҳалок бўлгани билан боғлиқ.

Араб тадқиқотчиси Муҳйий Ҳилол Сархон Қурашийнинг фикрига таяниб, фақиҳнинг икки ўғли бор, бири Тожиддин Аҳмад Садр Саид бўлиб, Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорийнинг отасидир, дейди. Бу фикр аниқлик талаб этади. Қурашийдан бошқа ҳанафий фақиҳлари ҳақида маълумот берувчи табақот асарларидан Тожиддин Садр Шаҳиднинг ўғли эмас, балки укаси экани маълум бўлди. Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорий ҳам Садр Шаҳиднинг бобоси эмас, балки амакиси эканини қуйидагича изоҳлайди:

و لم يزل العلم موروثا من الأول للآخر و منقولا من الأكابر حتى انتهى الى صدورى و اسلافى السعداءʼ الشهداء تغمدهم الله بالرحمة و الرضوان فكلهم رضوان الله عليهم اجمعين شرحوا ما بقى من الفقه مجهولاʼ و فتحوا ما ترك مقفلاʼ فمصنفاتهم متداولة بين الورى يستعان بها عند اتقان الفتوىʼ وقد وقع فى رأيى ان اشتبه بهم بتأليف أصل جليل يجمع فيه اجل الحوادث الحكميةʼ و النوازل الشرعيةʼ ليكون عونا لى حال حياتىʼ و أثرا حسنا لى بعد وفاتى…

яъни: “Илм аввалгилардан кейингиларга доимо мерос бўлиб, катталардан нақл бўлишда давом этди ва ниҳоят менинг Шаҳид ва Саид садрларим ва ота-боболаримга (Аллоҳ уларни раҳмат ва розилиги билан ўрасин) етиб келди. Уларнинг ҳар бири (улардан Аллоҳ рози бўлсин) фиқҳда ноаниқ қолган жойларни шарҳлади, ёпиқ қолган жойларни очиб берди. Китоблари одамлар орасида кенг тарқалган бўлиб, фатвони мукаммал чиқаришда мурожаат қилинган. Миямда ўзида шаръий масалаларни, ҳукмий ҳодисаларнинг асосийларини жамлаган буюк манба ёзиб, ўзимни уларга ўхшатиш фикри туғилди. Токи бу нарса ҳозирги ҳаётимда ёрдам, вафотимдан сўнг гўзал бир мерос бўлиб қолсин”.

Бурҳонуддин Маҳмуд “менинг Шаҳид ва Саид садрларим” деганда, ўз отаси Тожиддин Аҳмад Садр Саид ва амакиси Садр Шаҳидни назарда тутган бўлиши керак. Демак, кейинги тадқиқотларда Садр Шаҳидни Бурҳонуддин Маҳмуднинг амакиси ўрнида бериш мақсадга мувофиқдир.

Ҳанафий фақиҳлари ҳақида хабар берувчи табақот асарларида Садр Шаҳиднинг ўлимига сабаб бўлган Қатавон жанги ҳақида сўз юритилади. Озарбайжон тарихчиси С.Г.Агаджанов ва қатор туркиялик тарихчилар Султон Санжар ва қорахитойлар ҳукмдори Ел Юй Даши (Гўрхон) ўртасида бўлиб ўтган Қатавон воқеасини ўрганган. У 536\1141 йил 3 сентябрда бошланган ва шарқий салжуқий салтанатнинг мағлубияти билан якунланган. Қатавон даштида ҳалок бўлган мусулмон жангчиларининг сони манбаларда 30 минг, 70 минг ва ҳатто баъзи ўринларда 100 минг деб кўрсатилади. Уларнинг барчаси шаҳидлар деб эълон қилинган ва Самарқанд шарқидаги даштга дафн этилган. Қатавондаги ғалабасидан сўнг қорахитой Гўрхон Бухорони эгаллайди. Шаҳар раиси Садр Шаҳид ҳам Қатавонда шаҳид бўлади.

“Табақотул ҳанафиййа” асаридаги маълумотларни изчил ўрганиш натижасида Садр Шаҳиднинг қуйидаги асарлари борлиги аниқланди:

“Усулул Ҳусомиййа” ёки “Усулус Садруш Шаҳид” усулул фиқҳга оид асардир. У ҳақда Карл Броккельман маълумот беради [8:374].

“Шарҳул Жомеус сағир” – Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомеус сағир” асарига шарҳ. “Мифтоҳус саода” муаллифи бу “Жомеус сағир”га ёзилган етти йирик шарҳнинг биридир, деган фикрни айтиб ўтган. Карл Броккельман бу шарҳнинг Америка Барстон университети араб қўлёзмалари фондида сақланаётган иккита нусхаси ҳақида маълумот беради. Шунингдек, унинг Мосул халқ кутубхонаси ва Искандария миллий кутубхонасида ҳам биттадан нусхалари мавжуд. Ҳиндистоннинг Саҳаранапур шаҳридаги “Девбанд” мадрасасида сақланаётган нусхасини 1310 (1892-93) йилда Муҳаммад ибн Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий тадқиқ этган. Тадқиқот натижасида асар “Жомеус сағир фил фуру” ёки “Жомеи Садр Шаҳид” номлари билан танилгани маълум бўлди. Унинг Тошкент нусхаси ЎзР ФА ШИнинг асосий фондида 5815 рақам билан сақланади.

Ҳусомуддин Садр Шаҳиднинг бу асарига ўз даврининг етакчи фақиҳлари кўплаб шарҳлар ёзган. “Шарҳ Бадруддин Варсакий”, “Шарҳ Аби Наср Аҳмад Исбижобий”, “Шарҳ Алоуддин Самарқандий” шулар жумласига киради. Бундан ташқари, “Шарҳул Жомеус сағир”нинг Бағдод халқ кутубхонасида еттита, Истанбул Давлат музейида тўртта, Ироқдаги “Ҳасан Пошшо Жалилий китоблари” хазинасида битта, Истанбулдаги “Фотиҳ” масжиди кутубхонасида иккита, Бағдоддаги Ироқ Давлат музейида учта, Мисрдаги “Ал-Азҳар” университети, “Искандариййа” ва “Дорул кутубил мисриййа” кутубхоналарида ўн битта қўлёзма нусхаси сақланмоқда.

“Шарҳул Жомеул кабир”. Бу асар Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомеул кабир”ига шарҳдир. Унинг бирорта қўлёзма нусхаси бор-йўқлиги номаълум. Лекин “Фатово ҳиндиййа”да ундан кўплаб иқтибослар келтирилгани шундай асар бўлганига далилдир.

“Умдатул муфтий вал мустафий” (“Фатво берувчи ва сўровчига қўлланма”). Карл Броккельман бу асарнинг Берлин миллий кутубхонаси, Қоҳирадаги “Дорул кутубил мисриййа” ва “Ал-Азҳар” университети кутубхоналаридаги нусхалари ҳақида маълумот беради.

“Фатово суғро” ёки “Фатово Садруш Шаҳид”. Бу қўлланмада Мовароуннаҳр ва Хуросонда XII асргача бўлган ҳанафий ва шофиийлик фатволарин жамланган. Ироқдаги Мосул миллий кутубхонаси ва Қоҳирадаги “Дорул кутубил мисриййа кутубхонасида икки нусхаси бор. Тошкент нусхаси ЎзР ФА ШИда 5934 рақам билан сақланади.

“Фатово кубро” ноёб қўлёзмалар туркумига кириб, хориждаги ягона нусхаси Дублиндаги (Ирландия) The Chester Beatty кутубхонасида. Иккинчи нусхаси Тошкентда бўлиб, ЎзР ФА ШИда 7857 рақам билан сақланади.

“Воқеотул Ҳусомиййа фи мазҳабил ҳанафиййа”. Ҳожи Халифа бу асарнинг иккинчи номини “Ажнос” деб атайди. Унинг Истанбулдаги Фотиҳ кутубхонасида тўртта, Берлин миллий кутубхонасида битта, Истанбул Давлат музейида иккита қўлёзма нусхаси бор. Ҳожи Халифа “Ҳидоя” ва “Фатово заҳириййа” асарлари “Воқеот” асосида яратилганини айтади. Асарнинг Тошкент нусхаси ЎзР ФА ШИда 7756 рақам билан сақланади.

Турк исломшунос олими Муртазо Бедир “Бухоро ҳуқуқ мактаби” асарида Садр Шаҳидни фиқҳ илмида “Воқеот(воқеалар) жанрига асос солган ва ривожлантирган фақиҳ, деб тарифлайди [9:196]. Мазкур китоб ўзидан олдин Мовароуннаҳрда фатово услубида ёзилган тўрт машҳур асарнинг тўпланмасидир. Улар араб алифбоси тартибида берилиб, биринчиси “нун” билан Абу Лайс Самарқандийнинг “Навозил”ида, “вов” билан Нотифийнинг “Воқеот”ида, “бе” билан Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлнинг “Фатово”сида ва “син” билан Алоуддин Самарқандийдан келган фатволар жамланган.

Муртазо Бедир ва ўзбек шарқшунос олими Одил Қориев ўз тадқиқотларида хоразмлик фақиҳ Нажмиддин Абур Ражо Мухтор ибн Маҳмуд Зоҳидий Ғазминийнинг (ваф. 658/1260 й) мўғуллар истилоси даврида ёзган “Қинятул мунйа ли татмимил ғунйа” асарида келган кўрсатмалар ҳақида маълумот беради. Уларнинг фикрича, бу асарнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шуки, унда Нажмиддин Ғазминий илк бор қўлёзма манбаларда исмлар ва адабиётлар кўрсаткичини тузиш ва иқтибослар келтириш усулини қўллаган.

Лекин дастлаб бундай услубни Мовароуннаҳрда қарийб юз йил илгари Садр Шаҳид илгари сурганини манбалар тасдиқлаб турибди. Ўша даврда бундай услуб ўқувчи ва илм аҳли учун фатво эгасини осон аниқлаш имконини берган. Бундан қуйидаги янги илмий хулоса келиб чиқади: бугунги истилоҳ билан айтганда, сноска – ҳавола қоидасига ўн аср олдин аждодларимиз асос солган. Демак, Ғарбдаги footnote (сноска) қоидаларига дастлаб Ғарбнинг ўзида ёки бошқа мусулмон диёрида эмас, айнан бизнинг заминда асос солинган.

Ҳамидулла Аминовнинг фикрича, бу белгиларни “кўрсаткич” эмас, “шартли қисқартмалар” деб қабул қилиш мақсадга мувофиқдир [10:146].

Мовароуннаҳрда ёзилган фиқҳга оид манбаларнинг ҳар бирида ўзига хос махсус рамз ва истилоҳлар мавжуд. Баъзиларида махсус истилоҳ ва шартли қисқартма ишоралар кўпроқ. Шарҳловчи ва тадқиқотчилар уларни ўрганиб, муаллифларнинг мақсадларини англаб олган.

Бурҳонуддин Марғиноний “Тажнис вал мазид” (“Ўхшатиш ва қўшиш”), Абу Фазл Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ибн Маждиддин Мавсилий (ваф. 683/1284 й.)нинг “Китобул мухтор”(“Танланган китоб”), Абу Баракот Насафий (ваф. 710/1310 й.)нинг “Китобул вофий фил фуруъ”(“Фуруул фиқҳда вафо қилувчи”), Тоҳир ибн Салом ибн Қосим ибн Аҳмад Ансорий Хоразмий (ваф. 771/1370 й.)нинг “Жавоҳирул фиқҳ” (“Фиқҳ жавоҳирлари”) асарида, Бадриддин Маҳмуд ибн Исроил ибн Абдулазиз Ҳанафий (ваф. 823/1420 й.)нинг “Жомеул фусулайн”(“Икки “Фусул” тўплами”) асарларида фақиҳлар фойдаланадиган ва иқтибос оладиган асарлар номлари ва баъзи иборалар қисқартирилиб, қисқартма кўрсаткич – феҳрист тузилган. Мазкур қисқартмалар асарларнинг боши ё охирида берилган.

Демак, Садр Шаҳид дастлаб араб алифбоси тартибида қисқартмаларни беришни йўлга қўйган бўлса, Нажмиддин Ғазминий бошлиқ юқорида номлари ва асарлари зикр қилинган фақиҳлар кўрсаткич ва қисқартмаларни алоҳида бир тизимга солган, дейиш мумкин.

Садр Шаҳид илмий меросини ўрганган ироқлик тадқиқотчи Маҳий Ҳилол Сархон олимнинг фиқҳга бағишланган “Китобун нафақот”, “Китобут таклима”, “Китобул мунтақо”, “Китоб масоил даъвоил ҳийтон ват туруқ ва масоилил мо”, “Китобул мабсут фил хилофийот”, “Китоб ҳиратил фуқаҳоʼ”, “Китобул вақф” асарлари ҳақида ҳам маълумот беради. Тахминимизча, улар мустақил асар сифатида ёзилмаган. Чунки нусхалари ҳақида бошқа манбаларда маълумот учрамайди.

Баъзи тадқиқотчилар Садр Шаҳид ва Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорий ёзган асарларни чалкаштириб юборган. Буни кўпроқ араб тадқиқотчиларининг ишларида учратиш мумкин. Масалан, ливанлик Абдуллоҳ Мустафо Мароға “Захиратул Бурҳониййа”ни Садр Шаҳид ёзган, деб таъкидлайди.

Аллома Хассофнинг (ваф. 261/874-75 й.) “Адабул қози” асарига ҳанафий уламолар шарҳ битгани маълум. Мисрлик тадқиқотчи Тоҳа Аҳмад Мағозий Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорийнинг “Шарҳ Адабул қози лил Хассоф” номли асари бор, деган фикрни билдирган ва “Захиратул Бурҳониййа”, “Муҳит” асарларининг мухтасари, деб ҳисоблаган. Бу фикр кўп жиҳатдан мунозарали ва бу мавзудаги тадқиқотларда чалкашликларни келтириб чиқаради. Чунки, Хассоф асарига битилган шарҳ Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорийга тааллуқли бўлмай, уни Садр Шаҳид ёзган. Асарни 1977 йилда бағдодлик Маҳий Ҳилол Сархон тўлиқ тадқиқ этган.

Оли Моза оиласининг Бухорода машҳур бўлишида Садр Шаҳид муҳим роль ўйнаган. Буни кўплаб фақиҳларнинг унинг фатволарига муносабатидан ҳам билиш мумкин. Жумладан, Нажмиддин Юсуф Хосий аллома фатволарини тўплаб ўзининг “Фатово кубро” асарини ёзган. Шунингдек, бу асар яна “Тажнисул Воқеот” номи билан машҳур [11:23]. Хосий 607 йил 16 рабиус-сонийда (1210 йил 6 октябрда) Садр Шаҳиднинг “Фатово суғро” асарини китоб ҳолига келтирган. Бурҳонуддин Марғиноний (ваф. 593/1197 й.) Садр Шаҳид фатволарини “Китобут тажнис вал мазид” асарида тўплаган.

Умуман олганда, Ҳусомуддин Садр Шаҳид Мовароуннаҳрнинг икки йирик фиқҳ илми маркази – Бухоро ва Самарқанд фиқҳ мактабларини битирган ва кўп йиллик анъаналарини бир жойга жамлаган. Келгусида бу олимнинг илмий асарлари доирасида янги тадқиқотлар ўтказиш, Мовароуннаҳрга хос фиқҳ илми анъаналарининг янги қирраларини очиб бериш долзарб масалалардандир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Madelung W. The Early Murji’a and the Spread of Hanafism / Der Islam, 43 (1982).
  2. А.К.Муминов. «Катаиб аъламил ахйар» Кафави (ум. 990/1582) как источник по истории ислама в Мавераннахре (III/IX-VII/XIV вв.): Автореф. дис… канд. ист. наук. – Л.: ЛО ИВ АН, 1991. – Б. 14; Ўша муаллиф: Роль и место ханафитских ʼуламаʼ в жизни городов Центрального Мавераннахра (II-VII/VIII-XIII вв): Дисс… докт. ист. наук. – Т.: ТИУ, 2003.
  3. Садруддин Абу Ҳасан Али ибн Носир Ҳусайний. Зубдатут таворих: Ахборул умаро вал мулукус Салжуқиййа. – Байрут: Дор иқра, 1985.
  4. С.Г.Агаджанов. Государство сельджукидов и Средняя Азия в XI-XII вв. – М.: Наука, 1991.
  5. Ҳусомуддин Садр Шаҳид. Шарҳ адабил қози лил Хассоф. 4 жилдли / Маҳий Ҳилол Сархон таҳрири остида. − Бағдод: Дорул араб, 1977-78. Ж.1.
  6. Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абулвафо Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий. Жавоҳирул музийа фи табақотил ҳанафиййа. 5 жилдли / Абдулфаттоҳ Муҳаммад Хулв таҳрири остида. – Қоҳира: Ҳижр, 1993. Ж.2.
  7. Ислом энциклопедияси. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2004.
  8. Brockelmann C. Geschichte der arabischen Litteratur. 3 жилдли. − Weimar-Berlin: Ҳайа ал-мисриййа, 1898-1993. – 1-жилд.
  9. Murteza Bedir. Buhara hukuk okulu (Vakif hukuku bağlaminda 10.–13. Yüzyil Orta Asya hanefi hukuku üzerinde bir Inceleme). − Istanbul: Edam akademi kitapliĝi, 2010.
  10. Х.Аминов. Ҳанафийлик мазҳабига кириш. – Т., 2012.
  11. Islam ansiklopedisi. ­– Vol. XVI. − Istanbul: Hanefi Mezhebi-Haya, 1997.
Исроилжон НАСРИДДИНЗОДА,
Ўзбeкистон халқаро ислом акадeмияси
«Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCО» кафедраси таянч докторанти

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …