Home / МАҚОЛАЛАР / «КУТУБИ СИТТА» ТЎПЛАМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА ИМОМ БУХОРИЙНИНГ «АЛ-ЖОМE АС-САҲИҲ» АСАРИНИНГ ЎРНИ

«КУТУБИ СИТТА» ТЎПЛАМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА ИМОМ БУХОРИЙНИНГ «АЛ-ЖОМE АС-САҲИҲ» АСАРИНИНГ ЎРНИ

 «Кутуби ситта» таркибидаги асарларни VII/XIII асрдан бошлаб ислом оламидаги илм аҳлининг катта қисми диннинг иккинчи муҳим манбаси сифатида тасдиқлаган бўлсада, бироқ «Саҳиҳайн»ни «Сунан»лардан юқори даражада деб билган. Бу борада кўпгина ҳадисга доир китобларда «Саҳиҳ»лар «Арбаъа»лардан олдин келиб алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Бундан кўриниб турибдики, уламоларнинг «Кутуби ситта» китоблари тўғрисидаги мутлақ иттифоқларининг сабаблари ва куллиётнинг шаклланиш жараёнига доир омилларни тушуниб олиш муҳим ҳисобланади. Абул Фазл ибн Тоҳир Мақдисий (ваф. 507/1113) бу ҳақда:  “Бухорий ва Муслим ҳадисларнинг саҳиҳларини ажратиб уларни китобларига киритди” [1:242], деган эди. Шундай қилиб, «Саҳиҳайн» аҳли ислом учун турли масалаларга ечим топишда манба бўлди. Улардан кейин бугунги кунгача яшаб ўтган уламолар бу икки китобдаги ҳадисларни шарҳлаб, таржималарини қилиш билан банд бўлди. Чунки ҳадис илмида Бухорий ва Муслимдан ортиқ даражага эришишнинг имкони бўлмаган [2:132]. Ибн Салоҳ Мақдисийнинг юқоридаги фикрини янада кучлироқ ифодалаган, у ҳадисларни тасъҳиҳ, таҳсин ва тазъиф қилиш ўзи яшаган даврдан бошлаб мумкин бўлмагани, аввалги уламолар бу ишларда қилиниши керак бўлганларини энг яхши тарзда бажаргани ва бу ўринда ҳадисларнинг саҳиҳлиги ҳақида янгича ижтиҳод қилиш тўғри эмаслиги, Бухорий ва Муслим ҳадис манбаларининг шаклланишида муҳим таъсир кўрсатганини айтган. Ибн Салоҳнинг қарашлари дастлаб VII/XIII асрнинг бошида қабул қилинмаган бўлсада, унинг мулоҳазаси кейинги даврларда маъқул топилиб, «Кутуби ситта» мажмуаси ва уларнинг муаллифларига буюк нисбат берилишига ва шу орқали уларнинг асарларининг аҳамияти ортишига сабаб бўлди [3:65].

«Кутуби ситта» куллиётини юзага келишидаги омиллар тўгрисида турли хил қараш ва назариялар мавжуд. Улардан бири, «Кутуби ситта» тўпламининг илк китоби «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асарининг яратилиши ҳақидаги қарашдир.

«Сиҳоҳи ситта» мажмуасининг юзага келиши ва жумҳур уламолар уни ишончли китоблар деб эътироф этишида Имом Бухорийнинг «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асари алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, бу тўпламнинг энг ишончли асарлар деб таъкидланишида «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» китоби илк пойдевор бўлган. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ининг яратилишидаги сабабларни кўриб чиқиш орқали «Кутуби ситта» тўпламини юзага келтирган омилларнинг таҳлилини чуқурроқ англаш мумкин бўлади. Қуйидаги фактлар орқали «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асарининг жумҳур уламолар томонидан «саҳиҳ» деб иттифоқ қилиниши ва машҳур бўлиш сабабларини билиб олиш мумкин.

1) «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асарининг якдил қабул қилингани ва «саҳиҳ» деб топилгани. Имом Бухорийнинг ҳадисларни қабул қилиб олишдаги талабларининг юқорилиги ва бу йўлдаги машаққатлари, ҳадисларнинг саҳиҳлиги, энг кўп ҳадисларни жамлангани бу китобни илмий доирада олимлар якдилдан саҳиҳ китоб сифатида қабул қилишига сабаб бўлди. Бу тўғрида Имом Бухорийдан кейинги даврда яшаган олимларнинг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини келтириб ўтиш мумкин:

– Ислом оламининг турли минтақаларидаги муҳаддислар, фақиҳлар, муфассирлар, ақида илми соҳиблари ва араб тилшунослари каби олимларнинг аксарияти Имом Бухорийнинг «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асарини Қуръондан  кейинги энг ишончли китоб сифатида қабул қилган. Уламолар уни рад этмасдан қабул қилди ва аҳамияти жиҳатидан унга юксак даража берди [4:42]. Имом Бухорийга нисбатан бу каби эътибор Имом Нававийнинг «Мусулмон шарҳи» китобининг сўзбошисида: “Олимлар Қуръони каримдан кейин энг саҳиҳ китоблар сифатида Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ини эътироф этган. Мусулмонлар бу икки китобни сўзсиз қабул қилган. Бу иккисининг ичида Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и илм ва манфаат жиҳатидан энг фойдалиси ва даража жиҳатидан юқорироғидир” [5:14]. Дарҳақиқат, Имом Бухорий эришган юксак эътибор ва эътирофга ҳеч бир муҳаддис эришмаган.

– Камол Сандиқчи бу борада: “Имом Бухорийнинг ижодига берилган шараф бу билан чекланиб қолмади. У илмий доираларда бошқа ҳеч бир китобга берилмаган изоҳ ва таржима асарларининг диққат марказига айланган ва баъзи олимлар ундаги маълумотларни мутлақ ҳақиқат сифатида кўришга ҳаракат қилиб, бу назарияда мусулмонларнинг ижмоси борлигини алоҳида таъкидлаган” [6:228], дейди. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ига уламолар кўплаб шарҳлар ёзган ва шу билан бирга бу китобнинг бошқа тилларга таржима қилингани асарнинг энг саҳиҳ эканига яна бир далилдир.

– Ибн Дақиқ (ваф. 702/1302) Бухорий ёки Муслим бир ровийни ўз китобида ҳадисларни ривоят қилишда киритгани бошқалар томонидан ровийнинг сиқа эканига далил бўлган, дейди. Бу инсоният тарихида бирор ишда кимгадир суяниш керак бўлса, энг яхши тазкия ҳисобланган. Сабаби, кўпчилик бу икки китобни саҳиҳ деб иттифоқ қилган. Бу ҳақда Мақдисий ўзининг «Ривояти саҳиҳи Бухорий» асарида «У, яъни ровий кўприкдан ўтди» иборасини қўллаган [7:95]. «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» китобининг бу қадар шуҳрат топишига сабаб бўлган энг катта омиллардан бири – бу ровийларга қўйилган талабнинг юқорилиги бўлган. Чунки, ҳадисларнинг ичидан саҳиҳларини ажратиб олишда ровийнинг тутган ўрни катта деб ҳисобланган.

– Ғарб шарқшуносларидан бири Голдзиҳер: “Вақт ўтиши билан бу каби мақтовлар шунчалик кучайдики, Бухорий валийуллоҳ даражасига кўтарилди. Халқ орасида уни васила қилиб, ҳаётдаги ҳар қандай қийинчиликларга қарши ёрдам сўраш учун унинг қабрига ташриф буюрувчилар ҳам кўпайди. Ишончли хабарларга кўра, унинг қабридан бир неча кун давомида мушк каби ҳушбўй ҳид таралиб турган. Бунга ёнма-ён тарзда унинг «Саҳиҳ» асари мўътабар манбага айланган” [1:245], дейди. Имом Бухорийнинг илм йўлида босиб ўтган машаққатли йўли уни вафот этганидан кейин ҳам азизу мукаррам қилди. Имом Бухорийни дунё миқёсида эътироф топишида китобларидаги мукаммал метод ва услублари сабабчи бўлган.

2) «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» саҳиҳ ҳадисларни тўплаган илк асардир. Ҳижрий асрнинг дастлабки йилларида ҳадисларни жамлашга ва ёзиб олишга изн бўлмаган. Бунга асосий сабаб Қуръони карим билан ҳадиси шарифлар аралашиб кетмаслигини олдини олиш ва Қуръони каримни асл ҳолида сақлаб қолишга интилиш бўлган. III/IX асрга қадар ҳам ҳадис соҳасига оид илк китоблар ёзилган бўлсада, аммо уларда жамланган ҳадислар орасида заиф ҳадисларнинг борлиги ёки китобларнинг тузилиши жиҳатидан тартибли ҳолатда берилмагани уларни ислом дунёсида шуҳрат топишига монелик қилган.

Имом Бухорий саҳиҳ ҳадисларни тўплаб, уларни фиқҳ бобларига кўра таснифлаган илк муҳаддислардан биридир. Кейинги даврдаги баъзи олимлар ана шу омилга таянган ҳолда ўзлари таълиф этган китобларининг кириш сўзига «Аввалу мин алфин фис-саҳиҳ ул мужарраду ҳувал-Бухорий» (Саҳиҳ ҳадисларга доир биринчи бўлиб асар ёзган Имом ал-Бухорийдир) лафзини келтиришни лозим топган. Мужаррид сифатида саҳиҳ ҳадисларни таснифлаган олимлардан аввали Имом Бухорий бўлса, иккинчиси Имом Муслимдир. Бу икки мусаннифнинг китоби Қуръондан кейин энг саҳиҳ китоб сифатида қабул қилинган [8:9].

Бу икки асар муаллифлари бир даврда яшаган, баъзан исломнинг турли давра ва доирасида бири иккинчисидан устун ҳисобланган. Ал-Бухорий ҳадис қабул қилишдаги шартлари оғир бўлгани учун устун деб кўрилган бўлса, Ғарб олимларининг фикрига кўра, Муслимнинг «Саҳиҳ»и мукаммал тартибга солингани ва унинг китобидан амалда фойдаланиш имконияти осон бўлгани учун устун ҳисобланган. Бироқ, умумий фикр ал-Бухорийнинг «Саҳиҳ»и мартаба жиҳатидан устун эканидир [1:237].

3) Имом Бухорийнинг илмий салоҳияти ва олимларнинг эътирофи. Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ» асарини ёзганидан сўнг у яшаган даврда олимлар унинг илмий салоҳияти ҳақида ижобий фикрлар билдирганини кўриш мумкин:

– Абу Мусъаб Зуҳрий (ваф. 242/857) Имом Бухорийни Аҳмад ибн Ҳанбалдан кўра яхшироқ фақиҳ ва муҳаддис эканини айтганида, ўз ҳаддидан ортиқ фикр билдиргани ёдига тушади, лекин Имом Бухорийни ҳеч бўлмаганда Моликдек олим демасдан ўзининг мулоҳазаларини якунлай олмайди [9:420].

– Имом Бухорийнинг устозларидан бири Қутайба ибн Саид (240/855) Имом Бухорий ҳақида: «Фақиҳлар, зоҳидлар ва намозхонлар билан бирга ўтирдим. Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаганини кўрмаганман. У ўз даврида саҳобалар давридаги Умар каби эди. Агар у илк ҳижрий йилларда яшаганида эди, у зот саҳобалар ичида пешқадамлардан бўлган бўларди» [10:86].

– Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855): «Хуросон Имом Бухорийга ўхшаган бошқа олим чиқара олмади» [10:87], дейди.

– Яна бир устозларидан бири Ишоқ ибн Раҳуя (ваф. 238/853): «Агар у Ҳасан Басрий яшаган даврда бўлганида эди, одамлар ҳадис ўрганишда унга эҳтиёж сезишган бўларди» [11:669], деган.

– Ҳусайн ибн Ҳузаий (ваф. 207/822): «Мен Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаганини кўрмадим, гўёки у ҳадис учун яратилгандек» [10:88], деб мадҳ этган.

– Ибн Ҳузайма (ваф. 311/923): “«Саҳиҳ» асарининг муаллифи Муҳаммад ибн Исмоил Расулуллоҳ (С.А.В.)нинг ҳадисларини энг яхши биладиган ва осмон гумбази остида энг яхши ёд олган кишидир” [11:667], деб айтган.

– Абу Абдуллоҳ ал-Ҳаким (ваф. 405/1014) айтади: “Билингки, ал-Бухорийнинг ҳадис илмидаги ўз тенгдошлари ва улардан устунлиги ўтмишда ҳам, келажакда ҳам бирдек иттифоқ қилинган. Уни мақтаб, ривоятларини тарғиб қилувчиларнинг кўплиги унинг фазилатини кўрсатишга етарли миқдордадир” [10:99]. Имом Бухорийни ўзи яшаган давр олимлари томонидан тан олиниши ва унинг илмий салоҳияти ва ҳадисларни ёд олиш ва саралаб олишдаги қобилиятининг эътироф этилиши «Кутуби ситта» тўпламининг шаклланишидаги яна бир қадам бўлди.

4) Имом Бухорийнинг ҳифз кучининг мукаммаллиги. Имом Бухорий ёд олиш тезлиги, идрокининг мустаҳкамлиги ва ақлининг равонлиги жиҳатидан ўз даврининг нодир кишиси бўлган. Ҳадисларни ровий ва санадлари билан бирга ёд олишда ҳам ноёб шахс сифатида эътироф этилган.

Абу Бакр Маррузий (ваф. 275/888) Имом Бухорийнинг ажойиб хотираси борлиги тўғрисида қуйидаги фикрни айтади: “Мен ҳеч қачон Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаган одамни кўрмаганман. Уламоларнинг китобларини ўқиб, мулоҳаза юритар ва барча ҳадисларнинг турли ривоятларини бир мартта ўқишдаёқ ёд олар эди” [12:190].

– Муҳаммад ибн Юсуф Фаробий (ваф. 320/932) Бухорийнинг шундай деганини ривоят қилади: «Бир ҳадисни ўрганиш учун ўтирганимда, ҳадислар орасидан унинг саҳиҳини ажратар эдим. Мен ета олмаган ҳадислардан бошқа ҳеч бир саҳиҳ ҳадисни тарк этмадим ва ҳаммасини ёздим» [13:22].

– Ибн Одий (ваф. 365/975) Бухорий хотирасининг мукаммаллигини кўрсатадиган қуйидаги гапни айтади: «Юз минг саҳиҳ ҳадис ёдладим, икки юз минг носаҳиҳ ҳадисни ёд олдим» [9:99].

– Бобонзода Аҳмад Наим (ваф. 1934/1353) Бухорийнинг хотираси ҳақида қуйидаги воқеани ҳикоя қилади: “Бир куни Бухорий саҳоба Анас ибн Моликдан ҳадислар олди, у ровийлар ҳақида ўйларди, ўйлар экан, бир соат ичида уч юз кишининг исмини дарҳол эслади” [14:66].

Юқорида зикр этилган ривоятлар Имом Бухорийнинг ҳаётини тасвирлайдиган ҳар бир илмий доира ва тарих китобларида мавжуд. Бугунги кунда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзилган асарларда унинг қобилияти, ҳадислардан фойдаланишдаги илмий салоҳияти назардан қолиб кетмаган. Ҳадис ровийлари ва имомлари ёд олиш жиҳатидан одамлар орасида кам учрайди ва уларнинг хотиралари барча одамларнинг хотирасидан бошқача тарзда яратилган. Улар ҳар бир сўзни диққат марказидан четда қолдирмасдан, ҳеч қандай ҳарфни ўзгартирмасдан, эшитганини том маънода хотирасига ёзиб олади. Шунингдек, манбаларда Аҳмад ибн Ҳанбал Имом Бухорийни юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадис билганини, баъзи машҳур ҳадис имомлари эса юз минглаб ҳадисларни ёддан билишини қайд этган [15:37].

5) Маънавий-руҳий омилнинг аҳамияти. Имом Бухорийнинг ҳадис илмида ўз ижодининг чўққисини забт этишига сабаб маънавий-руҳий омилдир. Буюк муҳаддис ижодининг шаклланишида унинг маънавий ва руҳий олами муҳим унсурлардан бирини ташкил қилган.

Пайғамбар (С.А.В.)нинг суннатлари Қуръондан кейин ислом динини тушунишда, шариатга асосан ҳаёт кечиришда алоҳида аҳамиятга эга. Қуйида келтирилган мисолларда Имом Бухорий ижодининг ўзига хос хусусиятларининг шаклланишида Муҳаммад (С.А.В.)нинг таъсирларини кўриш мумкин:

– Имом Бухорий шундай ривоят қилади: “Бир куни тушимда Пайғамбаримиз (С.А.В.)ни кўрдим. Мен у зотни елпиб турар эдим. Мен ушбу тушни таъбирчилардан сўраганимда, улар менга “Пайғамбаримиз (С.А.В.)нинг ҳадисларини ёлғонлардан сақлайсан”, деди. «Ал-Жоме ас-саҳиҳ»ни ёзишимга ҳам мана шу воқеа сабаб бўлди” [10:430].

– Абу Зайд Марвазий (ваф. 371/983)нинг тушида Пайғамбаримиз (С.А.В.) Имом Бухорийнинг «Ал-Жоме ас-саҳиҳ»ини ўз китоби сифатида тақдим этадилар. Марвазий тушини шундай тасвирлайди: “Руку билан мақом ўртасида ухлаётган эдим. Мен Расулуллоҳ (С.А.В.)ни тушь кўрдим. Эй Абу Зайд! Қачонгача Шофеийнинг китобини (яъни фиқҳни) ўқишда давом этасан, меникини ўқимайсан? дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! китобингиз нима?” деб айтдим. У зот: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг «Жоме»си деб жавоб бердилар” [10:432].

Дарҳақиқат, Имом Бухорий «Саҳиҳ»ини жамлашда унга берилган илҳом ва маънавий-руҳий омилнинг кучлилиги, Пайғамбар (С.А.В.)нинг унга ишора бериб турганлари, унга ўз асарини таълиф қилишда катта куч бўлган.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китоби «Кутуби ситта» мажмуасининг яратилишида алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Имом Бухорийнинг саъй-ҳаракатлари, гўзал ахлоқи, мустаҳкам тақвоси, илмий иқтидори ва салоҳияти каби сабаблар билан «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асари «Кутуби ситта» куллиётининг ибтидоси бўла олди. Шунингдек, олимлар «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» асарини якдил қабул қилгани ва илк саҳиҳ китоб деб топгани асарнинг ўзига хослигини ва алоҳида ўрнини кўрсатиб берди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. И.Голдзиҳер. Муслим Студие. –Лондон.: 1971.
  2. Комил Cакин. Буҳарининг орторитмеси казанма сўречи. Ҳадис литературе арастирмалари. 1999.
  3. Муса Боғчи. Ҳадис cалишмаларинин герилеме донемлеринде ҳадисте иcтиҳад каписинин капатилмаси сортуру. –Анкара.: 2003.
  4. Муҳаммад Абдулқодир Абу Фартс. Фиқҳул имом ал-Бухорий. –Байрут.: Дарул Фурқон. 1989.
  5. Ан-Нававий. Саҳиҳи Муслим би шарҳи Нававий (Муқаддима). –Байрут.: Дарул Фурқон, 1999.
  6. Камол Сандиқчи. Саҳиҳи буҳари узерине япилан чалишмалар. –Анқара.: Дип. Яй., 1991.
  7. Эмин Ашиккутлу. Ҳадисда риcал танқиди. –Истанбул.: МУИФ яй. 1997.
  8. Ибн ас-Салоҳ. Муқаддима. –Байрут.: Аламул кутуб. 1988.
  9. Заҳабий. Сияру аламин нубало. –Байрут.: Муассасатур рисола. 1993. XII.
  10. Ан-Нававий. Таҳзибул асма вал-луғат. –Байрут.: 1997. I.
  11. Ибн Ҳажар. Ҳадя ас-сарф. –Байрут.: Дарул кутуби илмийя. 1997.
  12. Деҳлавий. Бустарул муҳаддисин. –Анқара.: 1986.
  13. Абдулғани Абдулҳолиқ. Имамул Бухорий ва Саҳиҳи. –Жидда.: Дарул минара. 1985.
  14. Аҳмад Наим. Тажриди шарҳ. –Байрут.: 1997.
  15. Фуат Сезгин. Бухорийнинг кайнаклари. Китабият.: 2000.
Гулноза АЛИЖОНОВА,
ЎзХИА докторанти

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …