Home / МАҚОЛАЛАР / Ватан тинчлиги ва фаровонлиги учун барчамиз масъулмиз

Ватан тинчлиги ва фаровонлиги учун барчамиз масъулмиз

Барчамизга маълумки, ҳозирги шиддат билан ривожланиб, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини топаётган мустақил юртимизнинг порлоқ келажаги ҳамда унинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ўз ҳиссамизни қўшишлик ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчи ҳисобланади.

Бу борада ҳукуматимиз томонидан бир қанча дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

 Барча соҳа вакиллари,турли касб эгалари бўлишидан қатъий назар ўз фаолияти давомида ёшларимизни ҳар хил нотўғри диний оқимларнинг хийла-найрангларидан огоҳ этиб, бугунги куннинг энг муҳим муаммоларидан бирига айланиб бораётган гиёҳвандлик, терроризм, диний экстремизм ва оммавий маданиятнинг зарарли таъсиридан ёшларимизни сақлаб қолиб, уларни соф исломий тарбия билан йўғрилган Ватанга бўлган муҳаббат туйғусининг  қалбида шаклланишида ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимдур. Агар таъбир жоиз бўлса, бир давлатда фаолият кўрсатаётган турли соҳа вакилларини инсоннинг бутун бир танасига ўхшатиш мумкин. Инсон танасида бирор бир аъзо йўқки юрак билан боғлиқ бўлмаса. Танадаги барча аъзолар ҳар хил турдаги касб эгалари бўлса, юрак – бу муқаддас Ватандир.

Шу ватанни асраб-авайлаб, унинг мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади: «Эзгулик ва тақво(йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адовват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир. » (Моида сураси, 2-оят)

Шундай экан, бугун барча соҳа вакиллари каби имом хатиблар ҳам катта-катта минбарларда ўқув муасасаси бўладими, маҳалла ёки расмий идоралар бўладими, ёшлар билан учрашувларда бўладими, ўзларининг чиқишларида асл ислом динининг соф моҳиятини ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг жирканч ғояларини амалга оширишга уринаётган баъзи бир манқурт кимсаларнинг асл башараларининг фарқини бугун кенг жамоатчиликда баҳоли қудрат тушунтириб бераяптилар. Бу ҳам юртимиздаолиб борилаётган одилона сиёсатнинг бир куриниши десак, асло муболаға бўлмайди.

Юртимизда ҳукуматимиз томонидан ислом динига нисбатан ва унинг арконларини бажариш борасида жуда катта эътибор ҳамда имкониятлар яратиб берилаётганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Зеро, юртимиз тарихига назар соладиган бўлсак «Буюк инсонларнинг азиз номлари, ўлмас мероси муқаддас динимиз билан чамбарчас боғланиб кетган. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Биз динимизни бу улуғ номларсиз, бу улуг номларни эса динимизсиз тасаввур қила олмаймиз».

Дарҳақиқат, буюк аждодларимиз, алломаларимизнинг муқаддас қадамжолари ҳукуматимиз томонидан обод қилиниб, улуғ бир масканга айлантирилиши бежиз эмас албатта. У буюк сиймоларни бизга кўрсатиб кетган маърифат йўли ҳар биримизнинг ҳаётимизда дастуруламал бўлмоғи лозим. Ёлғиз иш бажаришлик фақат Аллоҳгагина хосдир. Биз бандалар ҳар доим кимнингдир кўмагига мухтожмиз.

Келажагимиз пойдевори бўлган ёшларимизни ватанига, миллатига ва динига содиқ фарзандлар қилиб тарбиялашда ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, хизмат қилсак ватан олдидаги ўз бурчимизни астойдил бажарган бўламиз.

Ватан, миллат ва дин бир-биридан асло айри ҳолатда тасаввур қилиб бўлмайдиган улуғ тушунчалардир. Бу муқаддас атамаларни ҳар бир инсон ўз танасидаги юраги каби авайлаб-асраши ва энг муҳими англаб етиши лозим.

Ҳар биримиз олдимизга қўйилган хизматларимизни астойдил бажарсак, ўтиб кетган аждодлар руҳи олдида ва келажак авлод олдида, қолаверса муқаддас ватан олдидаги ўз вазифамизни тўлиқ адо этган бўламиз. Бу борада Яратганнинг Ўзи барчамизга мададкор бўлсин. 

Солиев Кенжабек
Чуст туман “Ғойиб Эронлар”жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …