Home / АЛЛОМАЛАР / АБДУКАРИМ БУХОРИЙ ВА УНИНГ “ТАРИХИ НАДИМИЙ” АСАРИ

АБДУКАРИМ БУХОРИЙ ВА УНИНГ “ТАРИХИ НАДИМИЙ” АСАРИ

Манбаларда Абдукарим Бухорий ҳаётига оид маълумотлар кам учрайди. Баъзи маълумотларга кўра, у 1760 йилда Бухорода туғилган ва саййидлар авлодидан бўлган. У Мир Алоуддин даврида Бухоро амирлигининг иқтисодиётини бошқарган[1]. Тарихчи, сайёҳ ва географ Абдукарим Бухорий ўн олти ёшида Кашмир, Ҳирот ва Қандаҳор бўйлаб саёҳатга чиқади ва Пешовар, Музаффаробод орқали сафарини якунлаб Бухорога қайтиб келади. 1789 йилда эса Ёркент, Қошғар, Тибет ва Кашмирга саёҳат қилади. 1799 йили Абдукарим Бухорий саккиз ой давомида Бухоро амирлигидан паноҳ топган қувғиндаги Эрон шоҳи Маҳмуд Дурроний билан дўстлашади.

У Бухоро амири Ҳайдар саройида юқори лавозимларда ишлаган. 1804 йилда Абдукарим Бухорий Амир Ҳайдар буйруғи билан Россияга юборилган элчилар сафида таъминотчи бўлган ва Санкт-Петербургда тўққиз ой яшаган. У Москва, Астрахань (Ҳожи Тархон) орқали қайтиб келаётганида Хива хонининг Бухорога босқин уюштираётганига гувоҳ бўлган. Бу воқеа тўғрисида Амир Ҳайдархонга хабар жўнатган лекин у бунга аҳамият бермаган.

1807 йилда Абдукарим Бухорий Мирзо Муҳаммад бошчилигида Россия ва Руминия орқали Туркияга юборилган элчилар сафида саркотиб бўлиб Истанбулга боради. Ўша ерда уйланади ва умрининг охирига қадар шу шаҳарда яшайди. Абдукарим Бухорийнинг 1830 йилдан кейинги ҳаёти тўғрисида ҳеч қандай маълумот топилмагани боис шу даврда у вафот этган, деб тахмин қилинади.

Бухоро амирлигини бошқарган манғитлар сулоласи ҳукмронлиги даврида уларнинг фаолиятига бағишланган бир қатор асарлар ёзилган бўлиб, бугунги кунда ушбу манбалар тарихимизнинг муайян қисмини ўрганишга хизмат қилади. Бухоро амирлари тарихига бағишланган асар ёзган тарихчи олимлардан бири Абдукарим Бухорий форсийда ёзган Ўрта Осиё тарихига оид “Тарихи Надимий” асари билан шуҳрат қозонган. Бу рисолани у Истанбулда яшаган пайти ёзган. Асар унга катта ёрдам кўрсатган ташқи ишлар вазирлиги комиссари Орифбейга бағишланган. Рисолада Марказий Осиёнинг ташқи сиёсий алоқалари, Амир Шоҳмурод ва Амир Ҳайдар, Хива хонлигида Саййид Абулғози Баҳодирхон, Қўқон хони Амирхон, Эрон шоҳи Аҳмад Дурронийнинг ҳукмронлиги давридаги тарихий воқеалар ва Афғонистон, Кашмир каби минтақаларнинг географик ҳолати тўғрисидаги муҳим маълумотлар келтирган. Барча воқеалар бевосита Абдукарим Бухорийнинг кузатишларига асослангани сабабли маълумотлар асарга ўзига хос сифат бахш этади. Бу машҳур рисола фақат бир нусхада бўлиб, илк марта 1873-1874 йилларда Мисрда форс тилида нашр этилган. 1876 йили эса “Ўрта Осиё тарихи” номи билан французчага таржима қилинган.

[1] Казахской ССР. Известия. Серия общественных наук. — Наука, 1986. — С. 48.
И.Даурбекова, Д.Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги
маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …