Home / АЛЛОМАЛАР / САЙЙИД КАМОЛИДДИНХОЖА КОСОНИЙГА БАҒИШЛАНГАН МАРСИЯЛАР ТАДҚИҚИ

САЙЙИД КАМОЛИДДИНХОЖА КОСОНИЙГА БАҒИШЛАНГАН МАРСИЯЛАР ТАДҚИҚИ

Маълумки, ўлим – йўқотиш, жудолик муносабати билан халқ оғзаки ижодида йиғи, Шарқ ёзма адабиётида марсия, фироқия, ёднома, Ғарб адабиётида эса элегия, эпитафия сингари қатор жанрлар шаклланган [1:410]. “Марсия” арабча “риса” сўзидан олинган бўлиб, йиғламоқ, аза тутмоқ, қайғурмоқ маъноларини билдиради. Шеърий терминологияда эса вафот этган шахсни таърифловчи, шарафловчи, унга муносабат билдирувчи, лирик қаҳрамоннинг қайғу-ҳасратларини ифодаловчи асардир [2:69].

Алишер Навоийнинг Абдураҳмон Жомийга бағишлаб ёзган марсиялари, назм аҳлининг айтганлари фикримизга далилдир [3:141].

Марсиялар бирор кишининг вафоти муносабати билан ёзилса-да, уларда тириклик маъноси, ҳаёт моҳияти, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик тўғрисида фикрлар ва ижтимоий масалалар юзасидан мулоҳаза ва мушоҳадалар бўлади [4:199]. Аллома Саййид Камолхон тўранинг вафотига бағишлаб, унинг шогирд ва замондошлари томонидан ҳам шундай марсиялар ёзилган [5:130].

Саййид Камолхон ибн Саййид Жамол Косоний (1847-1910) Фарғона водийсида яшаб ўтган машҳур олимлардан биридир. Қабри Косонсойнинг Шайх Зуннун қабристонида бўлиб, айтишларича, аллома унинг авлодларидан бўлган. Маълумотларга кўра, Саййид Камолхон 63 ёшида оламдан ўтган. Тўнғич фарзанди Туркистон Мухториятининг маориф вазири, Туркистон озодлиги йўлида ҳалок бўлган Саййид Носирхон тўрадир (1873-1930). Иккинчи ўғли Муҳйиддин тўра ҳам отаси ва акаси сингари илмли кишилардан бўлиб, Косонсой мадрасасида мударрислик қилган. Шўролар ҳукумати бошлаган қатағон сабабли 1920 йилнинг охирида оиласини қолдириб, Афғонистонга кетишга мажбур бўлган ва 1956 йилда Ҳилманд вилоятида вафот этган.

Рожий Марғиноний Мавлавий Намангоний мадрасаси мударриси Саййид Камолиддинхожа Косонийга катта марсия ёзган. ХХ аср Наманган маънавий муҳитининг йирик вакилларидан Мулла Йўлдошхўжа Отахўжа ўғли Доғий кўплаб наманганлик шоирлар қатори Рожий Марғиноний ғазалига мураббаъ боғлаган [6:93]. Унинг насрий шакли қуйидагича:

“Мавлавий Намангоний мадрасаси мударриси Саййид Камолиддинхожа Косоний ҳақида Рожий тарихи.

Бу кўҳна айвони ғамхонадан қандай яхши кўнгил эгалари – донолар кетди. Бу беш кунлик дунёда хешу ақраболардан “бегона” бўлди. Юрагим унинг ғамидан хаста бўлса сазоки, зеро, дилларга тасалли берувчи ҳаким Масиҳодек кетди. Унинг ғами дилимни эгаллаган эди, аммо ўша ғамнинг ҳакими бўлмиш у зот масиҳона кетди.

Мусибат ўтди, унинг ғам-андуҳига қулоқ солсам ҳануз, у афсона каби кетди.

“Саййид Камол вафотидан қандай тўфон юз берди?” дейсизми, буни билмоқчи бўлсангиз, у ҳуши бор кимсани ҳам ҳушсиз қилиб кетди. Жонлар унинг тобути устида, маънолар арбоби бўлмиш унинг видолашувига кетма-кет бўлиб кетди. Лекин билмадим, недирки, унинг ғами бизнинг дилимиз эшигидан на кечаси ва на кундузи кетяпти. У ўзи Ҳақ нашъасидан маст бўлиб, шодлик ерига кетди, аммо бу туфайли бизнинг паймонамизни заҳарга тўлдириб кетди.

Ҳақиқат шаробини Ҳақ йўлида ичувчилардан шароб дурдини ичдию, мастона кетди. Дилим бу мусибатдан куйиб-ёнишда бу ғам мажмаридан (исириқдон) исириқдек кетди. Саййид Камол учун юрак нега ўртанмасинки, гўё Фарғона аҳлидан камол кетди.

Ботинда қаноат хазинаси билан бой бўлган у зот зоҳирпарастлар учун фақирона кетди. Пешонаси доим ажзу-ниёз туфроғида, ўзи эса одоб бисоти бўлиб, бўриёдек кетди. Бу йўлда тааллуқ юки унинг кафтида эди, шу туфайли (дунё молидан) енгил юриб, енгил бўлиб, мардона кетди.

У шарафли саййидларнинг ўринбосари бўлиб, ўзи ҳам саййид насаблик эди, пок кетди. Афсус, унда илм хазинаси яширинган эди. Бу вайронадан бир умр обод бўлмайдиган вайронага кетди. Маъно қушлари ундан ҳуркмас, фикрининг панжаси гўё шер эди, лекин ажал шерига ўлжа бўлди.

Рожий унинг вафоти тарихини бундай топди: “Тафаккур ёқасидан қарилардек пийрона кетди”. Аммо илму камолда одоб соҳиби бўлмиш у зот Фарғонанинг маъно аҳлларидан эдию, кетди” [7:559].

Саййид Камолиддин вафоти муносабати билан унинг тўнғич фарзанди Носирхон тўра ҳам марсия битган.

Бу ҳақда “Тазкираи Қаюмий”да қуйидаги маълумот мавжуд: “Носир – бу киши Фарғона водийсининг шоирларидан ва олимларидан бўлуб, Наманган вилоятидаги Косон шаҳридандур. Мулла Насриддин Косоний дейишадур. Фозил, хушсуҳбатдур. Ёртефа номли қасабанинг машҳур шайхи Камолиддинхон вафот этганда, бу киши унга бир марсия ёзмиш эди. Шоир Васлий буни қисқартириб мухаммас этмишдур. Биз бундан ғазал қисмини шунда қўйдик. Бошқа шеърларини ҳозирча тополмадик… Абжад ҳисоби била бу тарих 1329 бўладурки, милодий ила 1910 йилга тўғри келадур. Демак, шоир нашъу намо эткани, ҳаёт экани аниқланадур” [8:348].

“Тазкираи Қаюмий”да Васлийнинг мухаммаси қисқартирилган ҳолда берилган. Биз эса илк марта унинг тўлиқ вариантини ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқдамиз:

Мухаммас бар ғазали Мулло Насриддинхон Косоний дар сано Эшон Камолиддинхон афанди Ёртепагий раҳимаҳуллоҳ 

Эй доми ҳажр ўтидин ёнди кўнгил у тоғи,
Куйди ғам оташиға аҳли сафо димоғи.
Боғ тарабни бузди мотам нишот чоғи,
Афсус, гулшан аҳли бўлди адам сўроғи.
Имкон гулиға тегди хор алам ётоғи.

 

Боғ ўлди тоғ мотам машхун оҳи нола,
Арбоб ҳушун бағри доғ жафо чу лола.
Ҳар аҳли шеър чекди марсиядин мақола,
Булбул фиғонда вола изҳор кўзда жола,
Сўрсам, дедилар: ўчди Фарғонанинг чироғи.

 

Кетти жаҳон юзидин ул шайх соҳиб иршод,
Улким вали барҳақ, ёд Худоға муътод.
Фикри ҳидоят, хулқ зикри ҳамиша оварод,
Яъники, қутб утод халқи хуши худодод.
Бизларни ташлаб, эмди манзили хулд боғи.

 

Андуҳ шиддатидин тан ичра жон сиқилди,
Ҳар марғ дил намиға афғон нола қилди.
Мардум ҳужум айлаб, Ёртепага тикилди,
Аҳли вола йиғилди, тобутиға йиқилди.
Олам дилини қилди қонлу фироқ доғи.

 

Ҳақ васлин истаб ул қутб қилди жаҳонни падруд,
Мардумни ўтлуғ оҳи совурди кўк сори дуд.
Ҳар кимға бўлди охир торих Васлий мақсуд,
Фарзандлигида маъдуд Косон элига маъҳуд,
Олимлар этди онлар итларини ушоғи.

 

Васлий эшитти тонгла оламдан интиқолин,
Бу марсия ўқубон тарк этти қил қолин.
Бир олам муҳаққақ қилди рақам висолин,
Сиҳри Носир деди тарихи иртиҳолин,
Фарғонадан узилди эмди азиз оёғи. 1329 .[9:81-82].

 

Носирхон тўра номи билан боғлиқ иршодномани ўрганиш чоғида унинг “Насриддин ибн Камол”, деб ёзилганини кўриб, “Тазкираи Қаюмий”да номи зикр қилинган Носир тахаллусли шоир аслида Носирхон тўранинг ўзи бўлса керак, деган хулосага келдик.

Саййид Камолхон Косонийга бағишлаб ёзилган марсияларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, уларда фақат замондошларининг изтиробигина ифодаланмасдан ўша даврдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳам кўрсатиб ўтилган.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Наманган маданий муҳитида яратилган марсияларни нафақат адабий жанр, балки тарихий манба сифатида ҳам ўрганиш янада кўпроқ маълумотларни беради. Чунки, бу марсияларда ўша даврдаги ижтимоий-маданий жараёнлар, аҳолининг диний-ахлоқий, маънавий-интелектуал савияси акс этибгина қолмай, балки кўплаб тарихий шахсларнинг ҳаётига оид маълумотларни ўз ичига олгани билан ҳам манбашуносликда муҳим аҳамият касб этади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. N.Abdulakhatov, Sh.Koraboev. 2021. Some Characteristics of Marcia (Based on materials from the literary environment of Margilan in the 19th – early 20th centuries). International Journal on Integrated Education. 4, 3 (Apr. 2021), 410-415. DOI:https://doi.org/10.31149/ijie.v4i3.1520.
  2. М.Раҳимжонов. Марсия термини ва тавсифига доир // Ўзбек тили ва адабиёти. Тошкент. 2001. № 5.
  3. М.Алавия. Ўзбек халқ маросим қўшиқлари. Тошкент. “Фан”, 1974.
  4. Н.Абдулаҳатов. “Марсия” адабий-тарихий манбаларига оид айрим мулоҳазалар (XIX охири-XX аср бошида Марғилон маданий муҳити манбалари асосида) // Meros.№ 1/2020.
  5. Н.Абдулаҳатов. Рожий Марғиноний тарихлари тарихий манба сифатида // “Ислом зиёси”, 2019. №4.
  6. Мулла Йўлдошхўжа Отахўжа ўғли Доғий. Дилим изҳор айлайин дерман. Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Ҳайдархон Йўлдошхўжаев, Иродахон Қаюмова. Т:. “Мовароуннаҳр” 2006.
  7. М.Мадғозиев., Р.Файзуллаев., Н.Абдулаҳатов. Хожагон Хожа Рожий Марғиноний. III. – Т.: “NOSHIR”, 2016.
  8. П.Қайюмий. Тазкираи Қайюмий / Нашрга тайёрловчи: Акад. А.Қаюмов. –Т.: “ЎзРФА Қўлёзмалар институти таҳририй нашриёт бўлими”, 1998.
  9. Васлий. Туркий армуғон. Шеърлар. Тошкент. Порцев литографияси. 1331/1912 йил.
 
Нодиржон Абдулаҳатов,
тарих фанлари номзоди
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
докторанти

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …