Home / МАҚОЛАЛАР / ЎзР ФА АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ ҚЎЛЁЗМАЛАР ФОНДИДАГИ ТАЖВИД ИЛМИГА ОИД МАНБАЛАР

ЎзР ФА АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ ҚЎЛЁЗМАЛАР ФОНДИДАГИ ТАЖВИД ИЛМИГА ОИД МАНБАЛАР

Марказий Осиёдан етишиб чиққан алломалар, мутафаккирлар ва ислом илмларининг билимдонлари турли исломий фанлар бўйича баракали ижод қилганлар. Тафсир илмида Абуллайс Самарқандий, Абулбаракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Маҳмуд Замахшарий; фиқҳ илмида Абу Ҳафси Кабир, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Бакр Косоний, Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа Бухорий; калом ва ақида илмида Абу Мансур Мотуридий, Абулмуин Насафий каби минг-минглаб мутафаккирлар етишиб чиққанлар. Ана шундай исломий фанлар қаторида Қуръонни тўғри ўқиш қонун-қоидаларига бағишланган тажвид ва қироат илми ҳам бор бўлиб, мазкур минтақада ушбу соҳада ҳам юзлаб олимлар илмий фаолият олиб борганлар.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтидаги Асосий фондида сақланаётган нодир ва ноёб қўлёзма манбаларнинг бир қанчаси айнан тажвид илмига оиддир. Бироқ, улар тўғрисида умумий тасаввур ҳосил қилиш учун илмий маълумотлар йўқ ҳисоби. Бирламчи ҳисоб-китобларга қараганда, арабча манбаларнинг 141 та нусхаси, форсча ва туркийча манбаларнинг эса 182 та нусхаси айнан тажвид илмига оид қўлёзмаларни ташкил қилади. Уларнинг аксарияти Имом Шотибий (1144-1194) “Ҳирз ал-амоний” ва Шамсиддин Жазарий (1350-1429) қаламига мансуб арабча “ал-Муқаддима” асари ёки Мирзо Зоҳид (XVIII аср) деган маҳаллий қорининг форсча “Қавоид ал-Қуръон” асарлари нусхалари бўлишига қарамасдан дунё илмий жамоатчилигига номаълум, жаҳоннинг бошқа қўлёзма фондларида топилмайдиган бир қанча манбалар ҳам бор. Улар ҳалигача илмий тадқиқотлар доирасига тортилмаган, кўпчилигининг мукаммал илмий тавсифлари ҳам йўқ.

Абулқосим Шотибий қадим Андалусиянинг Шотиба шаҳрида туғилган. У кўзлари ожиз холда туғилган бўлишига қарамасдан Қуръони каримни барча қироатлари билан тўлиқ ёд олган эди. Шунингдек, “Саҳиҳи Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим” ва “ал-Муватто” сингари ҳадис тўпламларини мукаммал ёд олганлиги манбаларда қайд қилинган [17:  180].

Абулқосим Шотибийнинг бутун дунёга машҳур тажвид ва қироат илмига бағишланган асарининг тўлиқ номи “Ҳарз ал-амоний ва важҳ ат-таҳоний фи-л-қироат ас-сабъ ал-масоний” деб аталган ва муаллиф нисбаси билан “Шотибия” деб ҳам шуҳрат қозонган. Мазкур асар шеърий манзума шаклида тузилган бўлиб, байтларининг барча бандлари “лом” ҳарфи билан тугатилган. Шунинг учун ҳам асар илм аҳли орасида “Ломия” номи билан ҳам машҳур бўлган. Асар 78 бобдан иборат бўлиб, 1173 байтни ўз ичига олади. “Шотибия”нинг 18 та ноёб қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Мазкур фондда асарнинг “Иброз ал-маоний”, “Мубарриз ал-маоний”, “Канз ал-маоний”, “Сирож ал-Қори”, “Кошиф ал-маоний” ва “Қутбия” каби ўнга яқин шарҳлари нусхалари ҳам мавжуд. Бу жиҳат асарнинг Ўрта Осиёда нақадар шуҳрат қозонганини ҳам ёққол кўрсатади. Имом Шотибийнинг мазкур қасида манзумасидан ташқари “Китоб вуқуф ал-мудаллал ал-ароис ал-Қуръон би-л-ҳалл ал-мукаллал” номли асарининг ҳам ноёб қўлёзма нусхаси сақланади [3: 175].

Шамсиддин Жазарий эса соҳибқирон Амир Темур даврида Мовароуннаҳр ва унинг пойтахти Самарқандга келиб илмий фаолият олиб борган қироат олими ҳисобланади. Унинг ўндан ортиқ асарлари шуҳрат қозонган бўлса-да, бироқ энг муҳим асари айнан тажвид илмига бағишланган. У “ал-Муқаддима ал-жазария” деб аталади. У ҳам “Шотибия” сингари манзума шаклида тузилган бўлиб, арузнинг ражаз баҳрида ёзилган. У 108 байтдан иборат. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида унинг 20 га яқин нусхалари бор. Мазкур асарнинг Тошкубризода (1495-1561) ва Мавлоно Али ал-қори (ваф. 1606) томонидан қилинган шарҳларидан ҳам бир неча нусхалари мавжуд. Шамсиддин Жазарийнинг яна қироат илмига оид “Тийбат ан-нашр” ва “ан-Ниҳоя” каби асарларининг қўлёзма нусхалари ҳам мазкур фондда мавжуд.

Марказий Осиё мадрасаларида XIX асрда жуда машҳур бўлган тажвидга оид асарлардан бири Мирзо Зоҳид деган олимнинг қаламига мансубдир. У ҳам ўтмишдошларига ўхшаб ўз асарини назмда битган бўлиб, “Назм ал-қавоид”, “Қавоид ал-қурро”, “Қавоид ал-Қуръон”, “Махорижи ёрон” ва “Махориж ал-ҳуруф” каби номлар билан аталади. Асар икки қисмдан иборат. Биринчи қисми араб ҳарфларининг махражлари, яъни ҳарфларни оғизнинг чиқарадиган ўринларига бағишланган. Бу қисм 40 байтдан иборат. Иккинчи қисми эса 57 байтдан иборат. У Абдуррауф деган шахсга бағишланган. Асарда “Баҳри Абдуррауф кардам назм, Ба иноёти ҳазрати Мавло!” (Ҳазрати Мавло, яъни Аллоҳнинг ёрдами билан Абдуррауф учун назм қилдим) деган байт бор [10: 43]. “Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР” каталогида мазкур Абдуррауфни мадрасанинг талабаси бўлса керак, дейилади [16: 270]. Бизнингча, у муаллифнинг ўғилларидан бири бўлиши керак. Одатда бу хилдаги асарлар фарзандлар учун атаб ёзилади.

“Назм ал-қавоид”нинг биринчи қисми: “Ин чиҳил байтро шуда таърих, Дар баёни “махорижи ёрон” (Ушбу қирқ байтга “махорижи ёрон” баёнида сўзи таърих бўлган) деган байт билан тугатилган. Бу ерда “махорижи ёрон” сўзи таърих моддаси бўлса, у абжад ҳисобида 1106 ни англатади. Демак, асар ушбу санада битилган. Бу 1694-1695 йилларга тўғри келади. “Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР” каталогида ҳам ушбу сана қайд этилган. Унда 1117 ва 1112 саналар ҳам кўрсатилган. Агар унга биз “баён” сўзини ҳам қўшиб ҳисобласак, у ҳолда 1169 санаси ҳосил бўлади ва у 1755 йилга тўғри келади. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди картатекаларида эса асарнинг ёзилган вақти бўйича 1101, 1111 каби бошқа ҳам саналар кўрсатиб ўтилган. Ҳатто 3927/I рақамли қўлёзма нусхаси картатекасида 901/1495, 2463/VII рақамли қўлёзма нусхаси картатекасида эса 1175/1762 санани ёзилган йили сифатида қайд қилинган. Демак, бу хилдаги турлиликлар асарни жиддий тадқиқ этиш заруратини туғдиради ҳамда муаллиф ва асар тўғрисида илмий маълумотлар етарли эмаслигини билдиради.

“Назм ал-қавоид”нинг биринчи қисми араб ҳарфларининг махражларига оид бўлиб, муаллиф айтишича, улар 16 та махражга эга. Иккинчи қисмда эса “ғунна”, “тафхим”, “қалқала”, “мад” каби тажвид қоидалари назмда тушунтириб берилган.

 “Назм ал-қавоид”нинг 63 та қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади. Бироқ, картатекаларда уларнинг айримларининг муаллифи сифатида Зоҳидий ёки Абдуррауф деб кўрсатилган.

Марказий Осиёда форс тилидан битилган манбалардан яна бири Ибн Имод деган муаллиф томонидан ёзилган бўлиб, “Хулосат ат-танзил” деб аталади [9]. У 803/1400 йили ёзилган. Унинг энг қадимги нусхаларидан бири 929/1522 санада китобат қилинган [8: 24]. “Ҳадят ул-орифин”да “Ибн Имод” тахаллусли андижонлик олим тўғрисида хабар берилган бўлиб, унинг тўлиқ номини Камолиддин Муҳаммад ибн Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф ибн Имод ибн Ғози Андугоний деб келтиради. Уни 1326 йилда таваллуд топганини ва 1375 йили ёзган калом илмига оид “Сидқ ал-калом” номли асари тўғрисида ёзади. Андугонни эса Фарғонанинг бир қишлоғи сифатида келтиради [7: 192]. Бизнингча, мазкур муаллиф умрининг охирларида тажвидга оид манзума ҳам яратган.

Тажвидга оид форсий манбалардан яна бири “Қавоид ал-Қуръон” деб номланади. Унинг муаллифи Ёрмуҳаммад ибн Худойдод Самарқандий бўлиб, XVI асрда яшаган олим ҳисобланади. Мазкур манбанинг 15 га яқин нусхалари мавжуд. Энг қадимий нусхаси асар ёзилган 920/1514 санадан бир йил кейин Муҳаммад Акбар Жомий номли хаттот томонидан насх хатида 49 варақли қилиб кўчирилган [4: 49].

“ал-Минаҳ ал-фикрия” асари муаллифи Али ал-қори ўз шарҳини ёзишда Ёр Муҳаммад Самарқандийнинг “Қавоид ал-Қуръон” китобидан ҳам фойдаланган. Жумладан, Ёр Муҳаммад Самарқандийнинг “буф” (بوف) ҳарфларига сукунлик “мим” йўлиққанда “мим”ни изҳор қилиш тўғрисидаги фикрини келтириб ўтган [11: 198]. Бироқ, мазкур “ал-Минаҳ ал-фикрия”ни нашрга тайёрлаган Усома Атоё Ёр Муҳаммад Самарқандийни самарқандлик бошқа бир қироат ва тажвид олими, “Изоҳ ал-хаволиф”, “Руҳ ал-мурид”, “Ақд ал-фарид фи илм ат-тажвид”, “ат-Ташжир” ва “ал-Мабсут ва-л-мазбут” асарлари муаллифи  – Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Самарқандий (ваф. 1378) билан янглиштирган. Лекин, у ҳолда унинг исмига “Ёр” қўшимчаси нега қўшилиб қолганига изоҳ бермаган. Бизнингча, Мулла Али ал-қори бу ерда айнан “Қавоид ал-Қуръон” асари муаллифи Ёр Муҳаммад Самарқандийни назарда тутган.   

Мавлоно Исмат номи билан шуҳрат қозонган бухоролик адиблардан бири Исматуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Неъматуллоҳ Бухорий (XVI аср) томонидан тажвид илмига оид “Нажот ал-қори” номли асар битилган. Шайбоний Абдуллатифхонга бағишланган мазкур манба Қуръон ўқиш хосиятлари, айрим оятларнинг фазилатлари ва хато ўқиш ҳукмлари баён қилинган. Унинг икки қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади [5]. Асар насрда ёзилган бўлиб, ҳарфларнинг махражлари тўғрисидаги муаллифнинг манзумаси ҳам унга илова қилинган.

Ҳофизи Калон номи билан танилган бухоролик олимнинг “ад-Дуррат ал-фарида” ҳамда “Анис ал-қурро” номли асарлари мавжуд [19]. У Убайдуллоҳхон даврида Бухорода илмий фаолият олиб борган олим ҳисобланади. “Анис ал-қурро”нинг 927/1521 йили кўчирилган нусхаси автограф бўлиши ҳам мумкин. Муаллифнинг “Хулосат ал-ҳукамо” номли форс тилидаги асарни ўзбек тилига таржима қилгани ҳам маълум [20: 78].

Фарғоналик олимлардан бири Сидқий тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Содиқ ибн Абдулбоқи Фарғоний томонидан 1000/1591 йили “Риёз ал-аброр” номли асар битилган. 41 варақдан иборат ушбу асар қўлёзмаси Қуръон қироатига бағишланган форс тилидаги ноёб манба ҳисобланади [12: 41]. Яна шу йили муаллифнинг “Ҳадойиқ ал-ахёр” номли асари ҳам ёзилган. Унинг ҳам бир неча қўлёзма нусхалари ЎзР ФА ШИ қўлёзмаларининг Асосий фондида сақланади [13].

Бухоролик тарихчи, мутасаввиф Саййид Зинда номи билан танилган Али ибн Азизон ибн Мир Ҳусайн Бухорий 1107/1695 санада битган “Туҳфаи Ғиждувоний” номли асар ҳам Қуръон ўқиш қоидаларига бағишланган. Асарнинг тошкентлик хаттот Абдулваҳҳоб Шоший томонидан 1865 йили китобат қилинган бир нусхаси 45 варақдан иборат [15: 45]. Асар аштархонийлардан бўлган Субҳонқулихон даврида 1107/1695 йили ёзилган. Китоб номи аслида “Қироат ас-Сибтайн” деб аталган бўлиб, форс тилида 635 байтдан иборат қилиб тузилган манзума ҳисобланади [14: 42]. Муаллифнинг “Самарот ал-машойих” номли асари эса Ўрта Осиёда фаолият юритган тасаввуф аҳлининг фаолиятини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

XIX асрга келиб ҳам тажвидга бағишланган бир қанча асарлар ёзилди. Мазкур асарларнинг аксариятини Қуръони каримни тўлиқ ёд олган қорилар, ҳофизи Қуръонлар битганлиги уларнинг муаллифлари номларидан ҳам кўриниб туради. Исмоил қори деган муаллиф томонидан ҳам “Қавоид ал-қурро” номли асар битилган [6: 4]. Жалол қорининг “Муттафақ ал-қироат”, Дўст қорининг “Мажмаъ ал-қавоид”, Нуриддин Муҳаммад қорининг “Мақсуд ал-қори”, Абдулкабир қорининг “Матлуб ал-қироат”, Муҳаммад Шоди қорининг “Файз ар-Раҳмон”, Ҳасан қорининг “Аҳсан ал-қори”, Ҳофиз Абдуллоҳнинг “Марғуб ал-қори” ва Абдунносир домла Сайфуллоҳ ўғли томонидан битилган “Туҳфат ат-толибин” номли асарларни ҳам мисол келтириш мумкин [18].

Қуръон ўқиш қоидаларига оид XIX асрда битилган манбалардан бири “Ҳужжат ал-воқифин” деб номланган. Уни Бухоро Аркидаги масжид имоми Қори Абдурраҳим Торобий Бухорий 1300/1883 йили битган. Асарнинг бир неча нусхалари мавжуд [2: 6]. Шунингдек, олимнинг “Туҳфаи Сиддиқхоний” ва “Шарҳ Қасидаи Банот-суод” номли асарларининг ҳам қўлёзма нусхалари сақланиб қолган [1: 17].     

Мақолага ХУЛОСА қиладиган бўлсак, юқорида ҳам айтганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳали илмий тадқиқотларга жалб қилинмаган, илмий тавсифлари яратилмаган қўлёзма манбалар жуда кўп. Ана шундай манбалар қаторида исломий илмларга оид, айниқса, тажвид илмига бағишланган қўлёзмалар ҳам киради. Институт фондидаги тажвид илмига оид қўлёзма манбалар темурийлар давридан бошланади. XVI асрда эса муҳим асарлар битилган эди. XIX асрга келиб бир қанча мўжаз рисолалар, айнан кичик ёшли болаларга мўлжалланган форс ва туркий тилдаги назмий ва насрий асарлар ёзилди. ХХ аср бошларида эса уларнинг ўндан ортиғи тошбосмаларда ҳам нашр қилиб кўпайтирилган эди. Уларнинг муаллифлари ҳаёти ва ижодлари, асарларидаги маъно-мазмун ҳалигача тўлиқ ўрганилган эмас. Уларни ўрганиш Марказий Осиё ва унинг юраги бўлмиш Ўзбекистон тарихининг ҳанузгача очилмаган саҳифаларини тўлдиришда жуда катта аҳамияти бор. Бу асарларни тадқиқ қилиш натижасида юртдош бобокалон олимларимизнинг исломий илмларга қўшган ҳиссаси янада кўпроқ бўлгани англашилади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдурраҳим Торобий. Туҳфаи Сиддиқхоний ва Шарҳ Қасидаи Банот-суод. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 3004/I; 10390/II; 2542.
  2. Абдурраҳим Торобий. Ҳужжат ал-воқифин. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 505/ХIII.
  3. Абулқосим Шотибий. Китоб вуқуф ал-мудаллал. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 12101.
  4. Ёрмуҳаммад ас-Самарқандий. Қавоид ал-Қуръон. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 2451.
  5. Исматуллоҳ Бухорий. Нажот ал-қори. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, №№ 12139/II; 5096/III.
  6. Исмоил қори. Қавоид ал-қурро. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 10685/ХIХ.
  7. Исмоил пошшо ал-Бағдодий. Ҳадият ал-орифин. 3-жилд. – Истанбул: Баҳия, 1951.
  8. Мир Имод. Хулосат ат-танзил. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 10493/ХIII.
  9. Мир Имод. Хулосат ат-танзил. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, №№ 5892/II; 3468/I.
  10. Мирзо Зоҳид. Қавоиди қурро. –Т.: Брейденбах, 1896.
  11. Мулла Али ал-қори. Ал-Минаҳ ал-фикрия фи шарҳ ал-муқаддима ал-жазария / Таҳқиқ: Усома Атоё. –Дамашқ: Дор ал-ғавсоний, 2012.
  12. Муҳаммад Содиқ Фарғоний. Риёз ал-аброр. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 6395/II.
  13. Муҳаммад Содиқ ал-Фарғоний. Ҳадойиқ ал-ахёр. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, №№ 6385; 8383; 12118; 12185.
  14. Саййид Зинда Али. Қироат ас-Сибтайн. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 1591/III.
  15. Саййид Зинда. Туҳфаи Ғиждувоний. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 1591/III.
  16. Собрание восточных рукописей Академии наук Узбекской ССР. Том XI, № 7379. – Т.: Фан, 1987.
  17. Хайриддин Зириклий. Ал-Аълом. 5-жилд. –Байрут: Дор ал-илм, 2002.
  18. Қўлёзма нусхалар учун қаранг: ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 6374/VII; 8487/II; 11340/V; 11340/VII; 10745/II; 11340/VI; 10685/XVIII; 12089/III.
  19. Ҳофизи калон. Ад-дуррат ал-фарида. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, №№ 10530; 10685/ХI; 2945.
  20. Ҳофизи калон. Хулосат ал-ҳукамо. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, №№ 5054/I; 2892/I.
Абдуманнон ИСМАТУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Халқаро ислом академияси
2-босқич таянч-докторанти

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …