Home / МАҚОЛАЛАР / «ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»: ОДИЛЛИК ВА АДОЛАТ, ҲУҚУҚ ВА МАЪНАВИЯТ

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»: ОДИЛЛИК ВА АДОЛАТ, ҲУҚУҚ ВА МАЪНАВИЯТ

Тузук нима?

«Тузук» сўзининг луғавий маъноси қонун-қоидалар тўплами, низом, деган маъноларни англатади. Бошқача айтганда, тузук — конституция (лотинча «Constitution» — тузилиш, тузук), яъни давлатнинг Асосий қонуни. Шу маънода «Темур тузуклари» Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлиб, Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига шариат қонунлари билан бир қаторда кучли таъсир ўтказган.

Атоқли рус олими Д.Логофет «Темур тузуклари»га Туркистонда Европадан 500 йиллар олдин вужудга келган Конституциявий кодекс, бошқача айтганда, Амир Темур салтанатининг Конституцияси, деб юксак баҳо берган. Бинобарин, мустақилликнинг дастлабки йиллари Конституциямиз лойиҳасининг муҳокамаси даврида

Асосий қонунимизни «Тузуклар» деб аташ тавсия этилгани ҳам бежиз эмас.

Амир Темурнинг давлат бошқаруви тизими

Соҳибқирон илгариги даврлардан фарқли ҳолда, жамиятдаги барча табақаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини инобатга олиб, уларнинг ҳаёти учун зарур ижтимоий заминни вужудга келтирган. Ҳар бир тоифанинг ҳақ-ҳуқуклари, бурч ва мажбуриятлари ўзига хос қонун билан кафолатлаб қўйилган.

Амир Темурнинг улкан хизматларидан яна бири давлат бошқарувини ташкил қилиш билан боғлиқ. Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижроия тармоқларига бўлинишига асосланган мазкур тизимни жорий этишда Амир Темур кўр-кўрона эмас, балки ўзи яшаб турган воқеликни назарда тутган ҳолда иш юритган.

Амир Темур олий давлат идораси мақомида қурултойни белгилаган. Бугунги тушунчадаги конгресс, ассамблея, мажлис, съезд кабиларга тўғри келадиган ушбу сиёсий институт бошқарув маҳкамаси ва давлат аҳамиятига молик бўлган энг асосий масалаларни ҳал этиб, унда салтанатдаги барча йирик сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва маданий соҳа намоёндалари иштирок этган.

Давлатни мустаҳкамлаш, жамиятни ривожлантириш борасида ижро этувчи тизим — вазирликларнинг ўрни муҳим бўлган Амир Темур даврида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий муносабатларни тўғри йўлга қўйиб, улардан жамият манфаати йўлида фойдаланиш учун қатъий интизомга асосланган, талабчан ижроия механизми зарур эди. Соҳибқирон ана шундай тизимни ярата олган.

Амир Темур салтанатининг ижро этувчи тизимидаги саккиз вазирлик ва яна бир неча муассасалар молия, солиқлар, даромад ва харажатлар, мулкчилик, етиштириладиган ҳосил, чорва, яйловлар аҳволи, ободончилик, хабар ва почта, ҳарбий ва адлия соҳаларини бошқарган. Масалан, ҳарбий ишлар вазирлиги ҳарбийларга маош бериш, уларга тегишли мулкларни бошқариш, қурол-аслаҳа таъминоти, ҳарбий машқларни ташкил этиш каби вазифалар билан бир қаторда, истеъфога чиққан, урушда ярадор бўлиб, меҳнат қобилиятини йўқотганларга нафақа белгилаш каби юмушларни ҳам бажарган.

Соҳибқироннинг 12 муҳим тузуги

Ўз навбатида, «Темур тузуклари» асари давлатни идора қилиш усуллари, қўшинни ташкил этиш қоидалари, урушларда амалга оширилиши зарур бўлган турли ҳарбий услублар сингари қатор сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва ахлоқий ғоялар ва меъёрларни ўз ичига олган.

«Темур тузуклари»нинг марказида инсон, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш туради. Шу маънода Соҳибқироннинг ҳуқуқий қарашларида мамлакат ишлари тузуки алоҳида аҳамиятга эгадир.

«Салтанат ишларини қонун ва қоидалар, тўра ва тузукка солиб, салтанатим мартабаю эътиборини сақладим», дейилади «Темур тузуклари»да. Унда салтанат обрў-мартабасини сақлашга доир қуйидаги тўртта асосий тузук санаб ўтилган:

«Биринчидан, салтанатим қонун-қоидаларини ислом дини ва кишиларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад)нинг шариатига боғлаб, иззату ҳурматлаш вожиб бўлган онҳазратнинг авлоди ва саҳобаларига муҳаббат билдириш асосида туздим. Салтанатим мартабасини тўра ва тузуклар асосида шундай сақладимки, унинг ишларига аралашишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди.

Иккинчидан, сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим. Дўст-душманни муросаю мадора мартабасида тутдим. Қилмишларини, айтган гапларини сабр-тоқат ва чидам билан ўтказдиим. Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса, шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди…

Учинчидан, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни Парвардигори оламга топширдим. Иш кўрган, синалган, шижоатли эр-йигитларни қошимда тутдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим.

Тўртинчидан, очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқрокда бўлишга интилдим».

«Темур тузуклари»да давлат бошқарувининг ҳар бир соҳаси ва ҳар қайси мансаб даражаси бўйича муайян тузуклар битилган. Амир Темур 12 та энг муҳим тузукни ўзига шиор қилиб олган ва салтанатни тасарруфида сақлаш учун уларга қатъий амал қилган.

Шундай қилиб, 27 мамлакатдан таркиб топган буюк салтанат асосчиси Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай йирик давлат арбоби, моҳир дипломат, улуғ саркарда, илму маданият ҳомийси, ҳақ ва адолатнинг жасоратли яловбардори сифатида миллий давлатчиликда, ҳуқуқ ва сиёсат соҳасида ўзидан унутилмас ва барҳаёт таълимотлар, тўра-тузуклар қолдирган.

Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва қонунчилик тизими бутун Темурийлар салтанатида ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз аксини топиб, улкан амалий аҳамиятга эга бўлган. Жумладан, Буюк Ипак йўли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилганки, бу билан савдо-тижорат ривожига катта ҳисса қўшган Шарқу Ғарб мамлакатларини бир-бирига янада яқинлаштирган.

Қонунга асосланган тизимнинг аҳамиятини чуқур англаган Амир Темур ҳақли равишда «Куч — адолатда» деган олий меъёрни ўзига шиор қилиб олган ва ҳатто ушбу ҳикматни узук-муҳрига ўйиб ёздирган. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳ шундай гувоҳдик беради: «Темур тамғасининг нақши «Рости расти» бўлиб, бу «ҳақгўй бўлсанг, нажот топасан» демакдир». Соҳибқироннинг бу пурҳикмат сўзлари бугун ҳам қудратли демократик ҳуқуқий давлат қуриш учун асосий йўлланма ҳисобланади.

Амир Темур асос солган буюк давлат ўзининг турли босқичларида — ҳам Турон, ҳам Хуросон, ҳам Эрон, ҳам Ҳиндистонда адолат меъёрларига асосланган тузум сифатида олам аҳлининг диққатини ўзига тортиб, ҳануз тарихий аҳамиятини йўқотмаган. Бугунги кунда Соҳибқироннинг суд ва қонунчиликка муносабати ҳам алоҳида ўрнак вазифасини ўтайди. Зеро, бундан олти аср бурун Мовароуннаҳр суд тизимида ўзига хос тартиб ва қоидалар мавжуд бўлган.

Ўзбекистон истиқлолга эришгач, Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди. Амир Темур номи, унинг сиймоси халқимизни бирлаштириш, жипслаштириш, иймон-оқибатли бўлиш, қудратли келажагимизни қуришда бизга янги-янги куч-қувват ва шижоат бағишлаб турибди. Зеро, маънавиятимизнинг энг теран ўқ томирларидан бири — улуғ зот Амир Темур сиймосидир. Соҳибқирон сиймоси инсоният тарихида бизгача бўлган, биздан кейин ҳам бўладиган катта бир оламшумул воқеликдир.

А. САИДОВ,
Инсон ҳукуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Check Also

МУҚАДДАС ДИНИМИЗДА ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА ТИРИКЛАРНИ ҚАДРЛАШ ҲАҚИДА

Ислом дини инсонларни одоб-ахлоқ, яхшилик ва эзгуликка чорлайди. Шу боис, унда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақига …