Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Бухороликларнинг Бухорий борасидаги билимлари бисёр

Бухороликларнинг Бухорий борасидаги билимлари бисёр

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Бухоро Давлат университетида талаба-ёшлар учун “Аждодлар мероси – ёшларга ибрат” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди.

Эркин тарзда ва савол-жавоб йўсинида ташкил этилган тадбирда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳамда университет талабалари иштирок этди.

Даставвал тадбир давомида Марказ бўлим бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев модераторлиги остида улуғ алломаларимиз ҳақидаги мавжуд билимларни баҳолаб бориш ҳамда рақобат ҳиссини ошириш мақсадида иштирокчилар икки гуруҳга бўлиниб, гуруҳлар номланди ва сардорлар сайланди.

Марказ директори, тарих фанлари доктори, доцент Шовосил Зиёдов Марказ ташкил этилиши тарихи, мақсад ва вазифалари ҳамда фаолияти, шунингдек нашр этилган адабиётлар ҳақида қисқача маълумот берди ва чиқиш мобайнида гуруҳларга бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Берилган жавоблар учун иштирокчиларнинг гуруҳларга мансублиги нуқтаи-назаридан гуруҳни баҳолаб бориш тартиби жорий қилинди.

Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Отабек Муҳаммадиев йиғилганларни илмий ходимлар томонидан ишлаб чиқилган “Буюк аждодларимиз ҳақида 10 та факт” лойиҳаси билан таништириб, лойиҳанинг Имом Бухорийга оид қисмини тақдимот қилди. Тақдимот давомида берилган саволларга тўғри жавоб берган иштирокчилар гуруҳлари ҳисобига балл қўшишга муваффақ бўлдилар.

Марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Мехрожиддин Амонов мазкур лойиҳанинг Баҳоуддин Нақшбандга тегишли қисмини савол-жавоб тарзида тақдим этди.

Тақдимотлар давомида талабаларга ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиш имкони берилди. Иштирокчилар томонидан берилган 10 дан зиёд саволга батафсил жавоб қайтарилди.

Тадбирнинг асосий қисмида модератор томонидан гуруҳлар аъзоларининг Имом Бухорий ҳаёти билан боғлиқ билимлари тест саволлари асосида синовдан ўтказилди. Жами 20 та саволга жавоблар учун берилган ҳамда тадбир давомида тўпланган баллар йиғиндисига кўра жамоалар тенг ҳисоб билан дуранг натижага эга бўлдилар.

Тадбирнинг фаол иштирокчилари Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар билан тақдирланди.

Имом Бухорий халкаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …