Home / АЛЛОМАЛАР / ХУСРАВ ДЕҲЛАВИЙ ИЖОДИНИНГ ТАРИХИГА ЧИЗГИЛАР

ХУСРАВ ДЕҲЛАВИЙ ИЖОДИНИНГ ТАРИХИГА ЧИЗГИЛАР

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимизнинг асрлар мобайнида яратиб келган улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросини тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу меросни яратган сиймоларнинг орасида, мўғул истилосидан қочиб Ҳиндистонга кетган, асли кешлик кишининг Деҳлида туғилиб, ижоди ўша юртда шаклланган фарзанди, адабиёт ихлосмандларининг кўнглидан абадулабад жой олган ижодкор, форс-тожик адабиётининг буюк намояндаси Амир Хусрав Деҳлавий ҳам бор. Амир Хусрав Деҳлавийнинг ижоди ўрта асрлардаги сўз санъатининг муҳим бир ҳодисаси сифатида турли юрт тадқиқотчиларининг диққат марказида бўлди.

Ўрта асрлардаги алломалар Давлатшоҳ Самарқандийнинг («Тазкират уш-шуаро»), Амин Аҳмад Розийнинг («Ҳафт иқлим»), Шайх Озарининг («Жавоҳир ул-асрор»), Шерхони Лудийнинг («Миръот ул-ҳаёл»), Амир Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳийнинг («Мажолис ул-ушшоқ») асарларида, Шамсиддин Сомий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Ризоқулихон Ҳидоятнинг тазкираларида Амир Хусрав Деҳлавийнинг шахси ва ижоди ҳақидаги умумий маълумотларга дуч келамиз.

Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асари фиқраларида, ўша пайтларда ижод аҳлига баҳо беришда, уларнинг Амир Хусрав Деҳлавийнинг шеърларини қай даражада билгани, тўплагани, уларга муҳаммаслар, назиралар ёзгани бадиий сўз соҳасидаги билимдонлик мезони ҳисобланган.

Жаҳон адабиётшунослигида Амир Хусрав Деҳлавийнинг ижоди катта эҳтиром билан ўрганилган ва шу пайтгача талайгина тадқиқот ишлари олиб борилган. Тадқиқотчилардан Шибли Нуъмоний, Е. Б. Кавель, Хаммер, Шпрингер, Г. Эте, Чарльз Рьё, Гарсин де Тасси, Ян Рипка, Арберри, Забиҳулло Сафо, Саид Нафисий, тарихчилардан Зиёуддин Бараний, Муҳаммад Қосим Ҳиндушоҳ, Амир Хурд, Н. М. Эллиот ва бошқалар Амир Хусравнинг шахсияти ва у яшаган муҳит ҳақида анча маълумотлар берган [1: 7]. Тожик олими М. Бақоев бирламчи манбалардаги маълумотлардан шоирнинг илмий биографиясини яратишга, ижодий меросини бирмунча кенг кўламда ўрганишга муваффақ бўлган [2: 33].

Республикамизда Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида анча ишлар қилинган. 1965 йили Ш. Шомуҳамедовнинг ташаббуси билан ТошДУнинг шарқ факультети таркибида хорижий Шарқ мамлакатлари адабиёти кафедраси ташкил қилинди. Бу кафедра шарқ халқлари адабиётини ўрганиш борасида салмоқли ишларни амалга оширди. У Амир Хусрав Деҳлавийнинг ижодини атрофлича ўрганиш бўйича собиқ Иттифоқда ягона марказ ҳисобланган. Ўша пайтлардаёқ бу мавзу бўйича 100дан ортиқ мақола, 4та тўплам, 5та монография эълон қилинди. Шунингдек, 3та докторлик ва 8 та номзодлик диссертацияси ёқланди. Уларнинг қаторида Жаъфар Ифтихор, Босит Мусаев, Суюма Юлдашева, Муҳаммаджон Имомназаров, Аҳмаджон Қуронбеков, Гулхумор Тўйчиева ва бошқалар бор.

1969 йили Босит Мусаев проф. Ш. М. Шомуҳамедов раҳбарлигида Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг илмий кенгашида «Текстологическое исследования газелей «Тухфат ас-сигар» Амир Хосрова Дехлеви» деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлади. 1974 йил ноябрь ойида Суюма Юлдашева СССР ФА Шарқшунослик институти илмий кенгашида «Художественные особенности поэмы «Хашт бехешт» Амир Хосрова Дехлеви» деган мавзуда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1975 йили Муҳаммаджон Имомназаров Москвада СССР ФА Шарқшунослик институти илмий кенгашида «Хусрав Деҳлавийнинг «Ширин ва Хусрав» достони лексикасининг статистик-семантик хусусиятлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. 1986 йили эса Тожикистон ФА Рудакий номидаги Тил ва адабиёт институти илмий кенгашида «Хусрав Деҳлавий эпик ижодида бадиий метод ва поэтика масалалари» деган мавзуда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1980 йилнинг апрелида С. Шомуҳамедова Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти илмий кенгашида «Амир Хусрав Деҳлавийнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари» мавзусида диссертация ёқлайди ва фалсафа фанлари номзоди илмий даражасини олади. 1993 йили эроншунос олима Гулхумор Тўйчиева таниқли шарқшунос олим Ш.М. Шомуҳамедов раҳбарлигида илмий иш олиб бориб «Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Туҳфат ас-сиғар» девони ғазалларининг вазни» деган мавзуда диссертация шунингдек, «Амир Хусрав Деҳлавий поэтикаси» мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижодини ёритишда амалга оширилган турли кўринишдаги изланишларнинг кўлами, салмоғи таҳсинга сазовордир [3: 65].

Форс-тожик адабиётидаги рубоий жанрига форсшунос олим Е.Э. Бертельснинг эътибор қаратганини кўрамиз. У Х асрда Бухородаги шеъриятни ўрганиш асносида ўша давр рубоий жанри хусусида қисқа бўлса-да тўхталиб ўтади. «Рубоийнинг ибтидоий ҳолати исломдан олдинги даврда ҳам кузатилган шеър шакли экани шубҳасиз. У ҳозир ҳам Эронда кўп тарқалган, маълум даражада биздаги частушкаларнинг вазифасини ўтаб келади», деб ёзади Е.Э. Бертельс. У сомонийлар даври адабиётида ҳали яхши шаклланмаган бу жанрнинг форс-тожик адабиётида жуда секинлик билан ривожланиб келганига диққатимизни қаратади ва бу йўналишда тадқиқотлар олиб боришга даъват этади [2: 65].

Форс-тожик адабиётидаги рубоий жанрининг юзага келишини атрофлича ёритган олима А.К. Козмоян ўзининг изланишларини X­XII асрлардаги рубоийнавис шоирларнинг ижодий мероси асосида олиб борди [4: 26]. Бу иш, форс-тожик адабиётида рубоий жанрининг назарий жиҳатларини очиб беришга бағишланган асосий тадқиқотлардан ҳисобланади. Унда рубоийнинг шаклланишидан тортиб, босқичма-босқич юксалиб бориш жараёнигача яхши акс этган.

Хусрав Деҳлавийнинг ижоди бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борган тожик олими Муҳаммадвафо Бақоев шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида монография ёзган. Бу тадқиқотда Амир Хусравнинг ҳаёт қирралари ва улкан мероси бирмунча кенг таҳлил этилган. Бақоев бу тадқиқотида шоирнинг достонлари, ғазалиёти ва қасидаларига бағишлаб, муҳим фикрлар билдирган. Муаллиф, аввало, Амир Хусрав рубоийларининг умумий миқдори ва уларнинг беш девон ичра жойлашуви ҳақида мулоҳазалар юритган ва рақамлар келтирган (868 та). У ҳам умум фикрига қўшилган ҳолда рубоийларнинг сонини бундан кўра кўпроқ бўлиши керак деб ҳисоблайди [5: 204]. Муаллиф мавзуларни туркумлаштириб, рубоийлардан бир қанчасини нималарга бағишланганини санаб ўтади.

Амир Хусрав Деҳлавийнинг ижодига бағишлаб, айниқса унинг маснавий, қасида, рубоий ва ғазалиёти бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилган. Шу боис, бу мақола Деҳлавийнинг ижодини ўрганишга, унинг адабий фаолияти билан яқиндан танишишга, бадиий маҳоратининг янги қирраларини кашф этишга қаратилган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Шомуҳамедов Ш., Мусаев Б. Амир Хусрав Деҳлавий. – Т.: Фан, 1971.
  2. Бақоев М. Ҳаёт ва эжодиёти Хусрави Деҳлавий. –Душанбе: Дониш, 1975.
  3. Алиев Г.Ю. Персоязичная литература Индии. –М., 1968.
  4. Имомназаров.М. Из опыта составления словаря языка Амира Хосрова. -В сб.: Амир Хосров Дехлеви, – Т., 1978.
  5. Йўлдошева С. Характеристика сравнения в поэме «Ҳашт беҳешт» Амир Хосрова Дехлеви. – В сб.: «Амир Хосров Дехлеви». –Т., 1975.
  6. Муниров Қ. Амир Хусрав Деҳлавий асарларининг ќўлёзмалари. –Т.,1975.
  7. Мусаев Б. Амир Хусрав Деҳлавий ва Алишер Навоий, – Шарқ юлдузи журнали, –Т., 1968.
  8. Козмоян А.К. Рубои в классической поэзии на фарси (X-XIIвв.). – Ереван, 1981.
Феруза НИЗАМОВА
ЎзХИА “Ўзбек тили ва  мумтоз шарқ адабиёти”  кафедраси доценти,
филология фанлари номзоди

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …