Home / МАҚОЛАЛАР / МОВАРОУННАҲРЛИК ФАҚИҲЛАРНИНГ АСАРЛАРИДА КЕЛТИРИЛГАН МОЛИЯВИЙ МАСАЛАЛАР

МОВАРОУННАҲРЛИК ФАҚИҲЛАРНИНГ АСАРЛАРИДА КЕЛТИРИЛГАН МОЛИЯВИЙ МАСАЛАЛАР

Бугунги ҳаёт буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш муҳим вазифа эканини янада яққол кўрсатмоқда. Айниқса, фиқҳий манбалардаги молиявий масалаларни ҳозирги давр эҳтиёжларига мос ҳолда тадқиқ этиш долзарб масала ҳисобланади. Чунки жамият аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг аксарияти молиявий масалалар билан боғлиқ.

Буюк аждодларимизнинг илмий меросида жамиятдаги молиявий масалаларга оид тушунчалар ва молиявий муносабатлар кенг ёритилган. Хусусан, Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косонийнинг “Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ” ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг “Мабсут” асарларида молиявий масалалар ўз даврига мос услубда баён этилган. Бу манбаларда қайд этилган молиявий масалалар сирасига байъ, кафола, ҳавола, вакола, ширка (мушорака), музораба, муробаҳа, музораъа, ҳиба, орият, вадиъа, ижара, раҳн (гаров) кабилар киритилган. Бу масалалар даврлар оша олимлар ва мутахассисларнинг ўрганиши, инсонлар ҳаёти ва молиявий муассасалар фаолиятида қўлланиши натижасида тараққий этди ва бугунги кунда Ислом молияси-Islamic Finance номи билан дунёга машҳур бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Мамлакатимизда Ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади”, деб таъкидлаган фикри бу масаланинг долзарблигини яна бир марта кўрсатиб берди.

Шунингдек, жорий йил 1-4 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 46-йиллик йиғилишида Президент Ш.Мирзиёев иштирок этгани ва ушбу молия муассасаси билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида фикр билдиргани мазкур соҳага катта эътибор берилаётганидан далолат бўлди.

Ислом молияси билан боғлиқ дастлабки тушунча VII асрда шаклланган бўлса-да, унинг ягона тизим ҳолатига келиши XX асрнинг 60-йилларида бошланган. 1963 йили Мисрнинг Мит Ғамр шаҳарчасида фойдада шериклик асосида очилган банк, кейинчалик 1975 йили Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ташкил этилган Ислом тараққиёт банки (ИТБ), 1975 йили асос солинган Дубай ислом банки, 1977 йили тузилган Мисрнинг Файсал ислом банки ва Судан Файсал ислом банки, 1979 йили асос солинган Баҳрайн ислом банки ва Судан исломий суғурта (такофул) компанияси каби муассасалар замонавий ислом молиясини шакллантириш йўлидаги асосий қадамлардан бўлди.

Ҳозир дунё бўйича ислом молия муассасаларининг активлари ҳажми 2,5 триллион доллардан ошади. Ислом молияси ҳисоботига кўра, 2024 йили ушбу кўрсаткични 3,4 триллион долларга етказиш кўзда тутилган. Молиявий активларнинг 70 фоизи ислом банкига, 19 фоизи сукук соҳасига, 4 фоизи ислом фондига, 2 фоизи такофул соҳасига, 5 фоизи бошқа молия муссасаларига тегишли. 2018 йил ҳолатига кўра, ислом молия соҳасининг таркибига 1447 та молия муассасаси, ислом молияси бўйича мутахассис бўлган 1166 нафар шариат олими, ислом молияси бўйича 968 та таълим муассасаси, 2550 та тадқиқот иши, 439 та тадбир киритилган.

Ўзбекистон 2003 йилда Ислом тараққиёт банки аъзоси бўлган. Шу чоққача умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ 30 та инвестицион лойиҳа бўйича келишувга эришилган. Инвестициялар асосан ижтимоий аҳамиятга молик соҳалар, хусусан, мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқларини қуриш, тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлар билан таъминлашга йўналтирилган.

Ислом молиясининг ўзига хос хусусияти шундаки, унда молиявий муносабатлар ижтимоий масъулият ва одоб-ахлоқ каби инсоний қадриятларга асосланади, унда муайян ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш молиялаштирилади. Шунингдек, судхўрлик, қимор ва ғарарни[1] чеклаш, инсонлар ва атроф-муҳит учун зарарли фаолиятни молиялаштирмаслик, ҳам, фойда, ҳам зарарда шериклик, рискларни адолатли тақсимлаш каби бир қанча инсонпарварлик тамойиллари амал қилади.

Фиқҳий манбаларда келтирилган молиявий масалаларнинг таърифини ўрганиш орқали уларнинг моҳиятини янада яхшироқ англаш мумкин бўлади. Хусусан, қуйида музораба ва мушорака битимлари бўйича манбаларда келган маълумотлар келтирилади.

Музораба. “Ҳидоя”да унга “Бир томон мол-мулк, иккинчиси иш-меҳнат билан шериклик қилиши ҳақидаги келишувдир”, деб таъриф берилган. Биринчи томон роббул-мол, деб аталади, иккинчиси музориб, деб аталади. Музораба битими тўғри бўлиши учун бир нечта шарт қўйилади: Киритилаётган маблағ шериклик учун мос бўлиши, фойда икки томонга тақсимланиши, бирор томон учун аниқ миқдорда фойда белгиланмаслиги[2], мол музорибга топширилган бўлиши керак.

Музораба музорибга фаолият бўйича эркинлик ёки чекловлар белгилаш нуқтаи назаридан икки турга бўлинади. Булар мутлақ ва чекланган музорабадир. Мутлақ музорабада музорибга тўлиқ тасарруф ваколати берилади. Музориб молни сотиши, бошқа нарса сотиб олиши, ишни бажаришда бошқа бир кишини вакил қилиши, мол билан бирор жойга сафар қилиши, молни тижорат товари сифатида ишлатиши, омонатга қўйиши мумкин бўлади. Бу ҳолатда энг муҳими фойда олиш ҳисобланади. Чекланган музорабада роббул-мол тасарруфга муайян чекловлар қўяди. Мисол учун, музораба қилиш жойи, товар тури ва вақтни белгилаб қўйса, музориб шу шартлар доирасидан чиқмайди. Бунга амал қилмаса, товон тўлайди.

Роббул-мол ва музорибнинг фойдадаги улуши ва уни тақсимлаш тартиби олдиндан келишиб олинади. Музорибга боғлиқ бўлмаган ҳолда, яъни форс-мажор ҳолатида зарар юзага келса, харажатлар роббул-молнинг зиммасига тушади. Музориб эса қилган меҳнати ва сарфлаган вақтини йўқотган бўлади. Ишга совуққонлик, ишни тўғри ташкил эта олмаслик каби музорибга боғлиқ сабаблар туфайли зарар кўрилса, уни қоплаш музориб зиммасига юклатилади.

Мушорака. “Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ”да шериклик битими – шарика икки турга ажратилган: ширкатул амлок (мулк бўйича шериклик) ва шарикатул уқуд (шартномалар бўйича шериклик). Шарикатул уқуднинг ўзи ширкатул амвол, ширкатул аъмол[3], ширкатус сониъ, ширкатут тақаббул ва ширкатул вужуҳ каби турларга бўлинади. Ислом банклари одатда ўз фаолиятида ширкатул амволни қўллайди. Ширкатул амвол шериклигига “Икки кишининг сармояда улуш билан иштирок этиши” деб таъриф берилган.

Муҳаммад Тақий Усмоний бу ҳақда қуйидагиларни қайд этган: “Мушорака бизнес ва савдо амалиётида қўшма корхона фаолиятини англатади, бунда иштирокчилар умумий ишдаги фойда ва зарарга тенг шерик бўлади. Мушорака ислом фиқҳидаги “ширкат”нинг турларидан бири бўлган “ширкатул амвол” сифатида қўллаш билан чегараланган. Унга кўра, икки ва ундан ортиқ шахс ўз капиталини қўшма тижорий корхонага инвестиция сифатида киритади. Баъзан у “ширкатул аъмол”ни ҳам ўз ичига олади, бу ҳолатда шериклик хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилади”.

Ислом молия муассасаларининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (“Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions” – AAOIFI) стандартига кўра, мушорака шериклик шартномаси бўлиб, икки ва ундан ортиқ томон ўртасида фойда олиш мақсадида меҳнат ресурси ёки мажбуриятини, активларини бирлаштириш тўғрисидаги келишувни англатади.

Молиявий битимларнинг ҳозирги кунда қўлланиши.

Ислом банклари музорабадан асосан икки хил шаклда фойдаланади. Биринчиси, банк роббул-мол, яъни сармоядор сифатида маблағни муайян бизнес лойиҳани амалга ошириш учун музориб-тадбиркорга тақдим этади ва олинган фойда икки томон ўртасида шартномада келишилган нисбатда тақсимланади. Иккинчиси, мижоз роббул-мол, яъни сармоядор сифатида ўз жамғармасини ислом банкига музораба шартномаси асосида тақдим этади. Бунда мижоз инвестиция ҳисоб рақамига депозит маблағини жойлаштиради, банк бу маблағни музориб сифатида муайян бизнес лойиҳани амалга ошириш учун ишлатади, олинган фойда томонлар ўртасида тақсимланади.

Ислом банклари амалиётида бу шаклдаги лойиҳалар одатда фойда билан якунланади ва фойда миқдори анъанавий банклар томонидан депозитларга ваъда қилинадиган миқдордан сезиларли даражада юқори бўлади.

“The Economist” журналида иштирокчилар ўртасида масъулият ўзаро тақсимланиши ҳамда эркин бозор тизимини янада очиқ ва демократик шаклга келтиришга сабаб бўлиши музорабанинг афзаллиги сифатида қайд этилган.

Мушоракада ҳар бир иштирокчи лойиҳага маълум бир пул миқдорини улуш сифатида киритади ва бу улуш уларнинг ҳар бирига шериклик активларини тасарруф қилиш имконини беради. Фаолият натижасида олинган фойда шерикликни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ, зарарлар эса ҳар бир иштирокчининг шериклик капиталидаги улушига мутаносиб равишда тақсимланади.

Мушорака шартномасига кирувчи томонлар лойиҳани бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Шериклар сони икки ёки ундан ортиқ бўлганда бошқарувда иштирок этадиган томон “фаол шерик”, бошқарувда иштирок этмайдиган томон “сокин шерик” деб аталади. Фаол шериклар фойдадан оладиган улушидан ташқари бошқарув фаолияти учун қўшимча ҳақ олади. Шартнома эгалари ишни юритиш учун бошқа бир томонни менежер сифатида ёллаши мумкин. Бунда менежер ўз меҳнатига муносиб ҳақ олади, фойдадан улушга эга бўлмайди.

Ҳозирги кунда банклар томонидан мушорака шартномаси қуйидаги шаклда қўлланади:

  • Банк ва мижоз муайян бизнес-режани амалга оширишда шериклик қилиш тўғрисида келишув тузади;
  • Тузилган шартномага мувофиқ, бизнес-режани амалга ошириш учун келишилган улушда молиялаштиришни амалга оширади;
  • Бизнес-режа натижасида фойда ёки зарар юзага келади;
  • Фойда ёки зарар мутаносиб улушда банк ва мижоз ўртасида тақсимланади.

Умуман олганда, ҳозир ислом молия тизимида қўлланадиган битимлар икки турга бўлинади. Биринчиси воситачилик битими бўлиб, қўйидагиларни ўз ичига олади: музораба, музораъа, омонат, жуъала, кафолат, ваколат, такофул, бевосита инвестициялар. Иккинчиси транзакцион битим бўлиб, унинг таркибига ҳам уч хил турдаги: 1) улушда иштирок этиш битимлари (мушорака, мусоқот); 2) мулк билан боғлиқ битимлар (муробаҳа, мусовама, бай муажжал, бай салам, таварруқ, ижара, ижара вал иқтино, истисноъ, ижара сумма бай); 3) қўшма битимлар (қарзи ҳасан) қиради.

Юқоридаги таснифдан келиб чиқиб ислом молия муассасалари ишлатадиган молиявий воситаларни қуйидагича уч гуруҳга бўлиш мумкин:

1-гуруҳ. Капиталда иштирок этишга асосланган воситалар: музораба ва мушорака.

2-гуруҳ. Қарз асосида молиялашга асосланган воситалар: муробаҳа, истисноъ, ижара, салам, сукук.

3-гуруҳ. Банк комиссиясини тўлашга асосланган восита: ваколат.

Таснифларга эътибор берилса, унда қайд этилган битимларнинг барчаси фиқҳий манбаларда келтирилган молиявий масалалардир. Замонавий ислом молия ташкилотлари уларни бугунги кунга мослаштирган ҳолда ўз фаолиятида қўллаётганини кузатиш мумкин.

Баён этилганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг фиқҳий асарларидаги молиявий масалаларни чуқур ўрганиб, улардан бугунги кунда жамият эҳтиёжини қондириш учун самарали фойдаланиш зарур. 2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбeкистoн Рeспубликaси Мoлия вaзирлиги ва БМТ Тараққиёт дaстурининг қўшма лoйиҳaси доирасида юртимизда ислом молия воситаларини қўллашнинг имконият ва истиқболини ўрганишга бағишланган сўровнома ўтказилди. Унинг натижасига кўра, тадбиркорларнинг 61 фoизи вa жисмoний шaxслaрнинг 75 фoизи ислoм мoлия вoситaлaридaн фoйдaлaниш истaгини билдирган.

Фиқҳий манбаларда келтирилган молиявий масалалардан мамлакатимизда самарали фойдаланиш орқали қуйидагиларга эришиш мумкин:

  • Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бошқа мамлакатлардан сармоя жалб қилиш имконияти ошади;
  • аҳолининг бўш пул маблағларини банк-молия тизимига жалб қилишни кескин оширади ва бу маблағлар «яширин иқтисодиёт»га оқиб ўтишининг олдини олади.
  • банк-молия тизимига жалб этилган маблағлар янги ишлаб чиқариш қуввати ва иш ўринлари ташкил этишга йўналтирилади, бу эса ўз навбатида бюджет тушуми ортишига ёрдам беради;
  • ислом ижтимоий молиясини татбиқ қилиш орқали камбағалликка қарши курашиш давлат дастурини амалга оширишга ҳисса қўшилади;
  • юртимизда зиёрат туризми янада ривожланишига ёрдам беради.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 2020 йил 29 декабрь.
2. Президент Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирди.
3. Имом Али бин Аби Бакр ал Марғиноний. Ал-Ҳидоя шарҳу бидоятул мубтади. Мадинаи Мунаввара, –Дорус Сирож, 2019 й. 5-жилд.
4. Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний. Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ. − Қоҳира: Мактабат дорул-ҳадис, 1426/2005. – Ж. VII.
5. Usmani, M.T. (1998). An Introduction to Islamic Finance. Karachi, –Pakistan: Idaratul Ma’arif.
6. Ahmed G. Khiyar A.(2012) Islamic Banking and Economic Growth: a Review. The Journal of Applied Business Research- September/October 2012.V 28, #5.
7. Rammal, H.G. (2003). Mudaraba in Islamic Finance: Principles and Application Business Journal for Entrepreneurs, 16(4).
8.
Байдаулет Е.А. Исломий молия асослари. –Т.: O’zbekiston НМИУ, 2019.
9. ИТБ таркибига кирувчи Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси томонидан 2019 йилда нашр этилган “Ислом молияси ривожланиши ҳисоботи”.
10. Sharikah (Musharakah) and Modern Corporations. Shari’ah Standard №. (12)

Илҳом БЕРДИЯРОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси бўлим бошлиғи,
Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш
ICESCO кафедраси тадқиқотчиси
_________________________________________________________________
[1] Ғарар – ҳаддан ташқари ноаниқлик, мавҳумлик
[2] Лекин умумий фойдадан муайян фоиз – масалан, роббул молга 60 фоиз, музорибга 40 фоиз шаклида белгилаш ёки муайян улуш ҳисобида – масалан, роббул молга учдан икки, музорибга учдан бир шаклида белгилаш мумкин.
[3] Ширкатул абдон деб ҳам аталади.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …