Home / МАҚОЛАЛАР / ФАРЪИЙ[1] МАСАЛАЛАР ЕЧИМИНИНГ МУТЛОҚ МУЖТАҲИДИ

ФАРЪИЙ[1] МАСАЛАЛАР ЕЧИМИНИНГ МУТЛОҚ МУЖТАҲИДИ

Маълумки, шариат уламолари асри саодат давридан бугунги кунгача ислом динидаги ҳукмларни авлоддан авлодга етказишда кўприк вазифасини ўтаб келмоқда. Аллоҳ таоло уларни бандалари орасида энг фазилатли ва фахрлилардан қилиб қўйгани сабабли Ўз ҳабибининг тилидан: “Уламолар – пайғамбарларнинг меросхўрларидир”,[2] деб хабар берган. Бу ўзгармас дин ҳукмларини маҳкам тутган кишига кўп неъматларни ваъда қилиб, ҳисоб кунида шарафли ўрин ва латиф мартабаларни ваъда қилган. Қолаверса, қийинчиликка учраган вақтда уларни руҳлантириб: “Бандалари орасида Аллоҳдан фақат уламоларгина қўрқарлар”[3], деб тасалли берган.

Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин саҳобалар даври бошланиб, улар орасидан меросхўр бўлиш бахтига биринчилардан бўлиб эришган зотлардир. Саҳобаи киромлар у зот томонидан: “Саҳобаларим юлдуз кабидир. Қайсисига эргашсангиз ҳам ҳидоят топасиз”, деб эътироф этилди. Улар умматга ҳидоят йўлларини очиқ-равшан кўрсатиб, динга бениҳоя фойдаси теккан, риёкорлик қилмасдан ва обрў-эътибор таънасидан йироқ бўлиб, Аллоҳнинг калимасини улуғлашга жон-жаҳди билан киришган инсонлар эди.

Кейин тобеинлар даври бошланиб, улар саҳобаларнинг фатволарига суяниб, ҳар бир ишда уларга мувофиқ иш тутди ва дин ҳукмларини ўзидан кейингиларга нақл қилиб қолдирди.

Шу даврда мужтаҳид имомлар ўз кучини шаръий ҳукмларни таҳқиқ этиш ва фаръий масалаларни тадқиқ қилишга сарфлади. Бу борада фиқҳий ҳукмларни ислом динининг асоси ҳисобланган Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсдан чиқариб олди. Уларнинг бирор масала бўйича ҳамфикрлиги уммат учун қатъий ҳужжат бўлса, бошқа масалага турлича ёндашуви кенг раҳмат бўлди.

Улар орасида олий табақадаги ижтиҳод соҳиблари бўлиб, айнан ўшалар  диннинг энг кучли устунларига айланди. Улар шариатдаги ҳукмларни ўзлари ишлаб чиққан усул қоидаларига кўра тартиблаб, ижтиҳод масалаларида ўз мазҳабларини тузди. Ҳар бир масалага алоҳида тўхталиб, камчиликлари бўлса, тўлдириб ва хатоси бўлса, тўғрилаб, ўз услубларига солди. Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсдан ҳукм чиқариб олишда усул ва фаръий масалалар бўйича бир-бирига тақлид қилмади.

Асрлар давомида мазҳаби кенг ёйилиб, шаҳар ва қишлоқларда шуҳрат қозонган олий табақадаги мужтаҳидларга Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий, Молик ибн Анас, Суфён Саврий, Ибн Абу Лайло, Абдурраҳмон Авзоий, Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Довуд ибн Али Исфаҳонийни мисол қилсак бўлади.

Аммо давр ўтиши билан булар орасидан фақат Абу Ҳанифа, Молик ибн Анас, Шофеъий ва Ибн Ҳанбал хосланиб қолди. Улар Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ каромат туфайли ижтиҳод масалаларида мислсиз ишларни амалга оширди. Натижада ислом кириб борган диёрларда бу мазҳаблар машҳур бўлиб, ёзилган барча китобларда уларнинг ишлаб чиққан усул ва фаръий ҳукмлари мўътабар бўлди. Асрлар оша бошқалар қолиб, айнан шу мазҳаб соҳибларига қалблар талпиниши уларнинг нияти холис ва мақсадлари гўзал эканлигидан далолат беради. 

Айниқса улуғ имом, умматнинг чироғи, аҳли ислом тожи ва имомларнинг тўлинойи бўлган Абу Ҳанифа ўз ижтиҳод йўли билан булар орасидан алоҳида ажралиб чиқди ва Куфада янги мазҳабга асос солди. Бу даврда Куфа кучли илмий марказ ҳисобланиб, бир қанча саҳобалар бу шаҳарда ўрнашиб қолган эди.   

Аллоҳ таоло у кишида бошқаларда бўлмаган кўпгина фазилатларни жамлади. Бу буюк зотнинг илми кенг тарқалиб, унга эргашувчи мужтаҳидларнинг кўплиги ҳам мазҳабни машҳур қилди. Улар мусулмонлар орасида шариат илмларини зоҳир қилди ва мўминлар орасида фуруъ илмларини кенг тарқатди.

Имом Аъзам биринчилардан бўлиб фиқҳда фаръий масалаларнинг пухта ўйланган ечимларини жорий қилган мужтаҳиди мутлақдир. У киши ҳаёти давомида саксон уч минг масаланинг ҳукмини нозик томонлари билан биргаликда баён қилиб берган. Абу Заҳро айтади: “Абу Ҳанифа махфий фиқҳни тузмади, балки уни қиёсдан иборат кўпгина масалалар билан бойитди”.

Имом Аъзам даврида китоб ёзиш ҳали кенг тус олмагани сабабли у кишининг фиқҳда жорий қилган ҳукм ва услубларини забардаст шогирдлари таълиф ва тасниф этган.

Демак, Ҳанафий мазҳабининг ислом дунёси миқёсида кенг кўламда тарқалиб, ривожланишида алломанинг дўстлари ва шогирдлари ғоят муҳим омил бўлган. Улар ўз издошларига ёздириш, қайд эттириш, шунингдек, тур, синф ва табақаларга ажратиб асар ёзиш билан Абу Ҳанифа таълимотини қўллаб-қувватлаган.

[1] Шариатда ибодат ва муносабатарни ўз ичига олувчи ҳукмлар фаръий ҳукмлардир.
[2] Байҳақий ривояти. Ал-мадхол. 1/115.
[3] Фотир сураси, 28-оят.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …