Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАДДИС БУЖАЙРИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ

МУҲАДДИС БУЖАЙРИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври деб эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша даврда Бужайрий нисбаси билан танилиб, самарали ижод қилган алломалар ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги маълумотларни учратиш мумкин. Улардан бири Абу Ҳафс Бужайрий бўлиб, у зотнинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Хушуфағоний Самарқандий Бужайрийдир.

Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, Бужайрий нисбаси бирор жой ёки касбга эмас, Бужайр исмли шахсга нисбатан берилган. Бужайр Абу Ҳафснинг бобоси Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадонийнинг исмидир. Бужайрнинг авлодлари, яъни фарзанду набиралари ҳам ўз замонасининг машҳур муҳаддис ровийлари бўлган. Уларга Бужайрнинг исми нисбат қилиб берилиб, бу силсила тарих саҳифаларида Бужайрий нисбаси билан ўрин олган.

Мисрлик тадқиқотчи олим Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд томонидан тузилган “Ўрта Осиё олимлари қомуси”да: “Бужайр” сўзи “кичкина қоринчаси бўлган бобо” маъносини билдиради[1], дейилган. “Бужайр” сўзи “кичик қорин”  деган маънони ҳам англатади.

Манбаларда Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад номи  Сўғдий, Хушуфағоний, Самарқандий, Бужайрий нисбалари билан келтирилган. Айрим манбаларда эса “Буҳайрий”[2] нисбаси билан ҳам келган. Бироқ аксар олимлар ўз асарларида Абу Ҳафс Бужайрий нисбаси билан қайд этган. Халқ орасида ҳам у айнан шу нисба билан машҳур бўлган.

Муҳаддис Абу Ҳафс Бужайрий 838 йили Самарқанднинг Сўғди музофотидаги Иштихон шаҳрига қарашли Хушуфағон қишлоғида зиёлилар оиласида таваллуд топган[3].  У 923 йили 85 ёшида вафот этган[4].

Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” номли китобида келтирилишича, бир куни Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Сўғдий Хушуфағон қишлоғидаги ҳовлисида катта дарахт остида дўстлар даврасида суҳбат қуриб ўтириб, дўстларига бундай деб сўз қотибди:

– Сизлар дунёнинг энг кўркам ва энг хушманзара жойида ўтирибсизлар.

– Нима учун? – деб сўрабди дўстлари.

Шунда Абу Ҳафс Бужайрий:

 – Чунки дунёда Самарқанднинг Сўғди каби кўркам, хушманзара, баҳаво жой топилмайди. Сўғдда Хушуфағонга тенг келадиган жой йўқ. Хушуфағонда менинг бу боғимдан ободроқ жой, боғимда эса бу дарахтнинг соясига тенг келадиган серсоя ва салқин жойнинг ўзи йўқ, – деб жавоб берган экан[5].

Абу Ҳафс Бужайрийнинг болалик ва ёшлик даври туғилиб ўсган она қишлоғи Хушуфағонда ўтган. У дастлабки таълимни отаси Абу Умар Бужайрдан олган. Кейинчалик Абу Ҳафс Бужайрий илм ўрганиш шижоати ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни эшитиш, ўрганишга қизиқиши сабабли ўша даврда илм-фан ўчоғи бўлган Хуросон, Басра, Куфа, Шом, Миср, Ҳижоз каби бир қанча шаҳар ва мамлакатларга илмий сафарлар қилган.

Аллома сафари чоғида Дамашқ шаҳрига борганини тарихчи олим Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ – Ибн Асокир “Тарихул мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа минал амасил” (“Дамашқ шаҳрининг тарихи, унинг фазилати ва ундаги жойларнинг номланишига мисоллар”) китобида бундай келтиради: “Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Самарқандий Бужайрий таълим олиш ва ҳадис жамлаш ниятида Дамашқ шаҳрига бориб, у ерда Аҳмад ибн Абдулвоҳид ибн Уъбуд, Абу Омир Мусо ибн Омир Марий, Ҳишом ибн Холид, Муҳаммад ибн Ҳошим Баълабаккий, Сулаймон Ҳамсий, Аюб ибн Али ибн Ҳайсам Каноний каби кўплаб таниқли олимлардан таълим олган ва ҳадислар тинглаган”[6]. Демак, Аллома Дамашққа борганида, у ернинг кўплаб таниқли олимлари билан учрашган, улар билан илмий мулоқотда бўлган.

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис бўйича асосий таълимни Абу Маҳмуд Муҳаммад ибн Муовия[7]https://www.bukhari.uz/?p=8262 — _ftn6, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самарқандий, Исо ибн Ҳаммод Зуғба Мисрий, Исҳоқ ибн Шоҳин Воситий, Абу Соиб Силм ибн Жаннода Куфий, Абд ибн Ҳумайд Кеший[8] ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий каби кўплаб машҳур муҳаддис олимлардан таҳсил олган[9].

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” тўпламига ёзилган энг мўътабар шарҳлардан бири бўлган Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул борий” (“Ижодкорнинг очиб берган шарҳи”) китобининг Муқаддимасида бундай келтирилади: “Умар ибн Муҳаммад Бужайрий: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: Мен “Жомеъус саҳиҳ” китобимни Масжидул Ҳарамда тасниф қилдим. Бу китобдаги ҳар бир ҳадисни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб, икки ракат намоз ўқиб, унинг саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилганимдан кейин киритдим”, деб айтаётганини эшитдим”, дейди”[10].

Ушбу ривоят орқали Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари билан бир даврда яшаганини, иккаласи бир бири билан учрашганини ва Имом Бухорийнинг мазкур сўзини айнан ўзидан эшитганини англаб олиш мумкин.

Дамашқлик олим Хайриддин ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Зириклий “Аълом” асарида таниқли олим Заҳабийнинг: “Абу Ҳафс Бужайрий замонасининг тенги йўқ алломаси эди. Мен у зотдан олтмиш мингдан ортиқ ҳадис тинглаганман”[11], деб айтган эътирофини келтириб ўтган. Аллома кўп ҳадис ёд билгани, уларни жамлашга шижоати ва тақвоси сабабли “ҳофиз”[12]https://www.bukhari.uz/?p=8262 — _ftn11, “тақводор муҳаддис”, “имомул кабир”,[13] “шайх” каби  шарафли номларга сазовор бўлган.

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис ўрганиш ва тўплаш билан бирга, кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодийнинг “Такмилатул икмол” китобида Муҳаммад ибн Собир Бухорий, Абу Назр Муҳаммад ибн Бакр Деҳқон Самарқандий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Имрон Шоший, Муътамар ибн Жибрил Карминий, Аъюн ибн Жаъфар Самарқандий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Муаддаб Шоший ва Исо ибн Мусо Кошоний каби ўз замонасининг машҳур муҳаддис ва ровийлари Абу Ҳафс Бужайрийдан ҳадис тинглагани ва ундан ривоят қилгани қайд этилган[14]. Бундан ташқари, Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг ўғли Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший, Абу Яҳё Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Исҳоқ ибн Ҳозим Самарқандий, Муҳаммад ибн Ҳотам Кошоний, Абулфазл Аҳмад ибн Исмоил ибн Яҳё ибн Ҳозим Аздий Самарқандий ва Али ибн Биндор Сайрафий каби олимлар ҳам таҳсил олган ва ҳадис ривоят қилган[15].

Шошлик алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича улкан ишларни амалга оширган т.ф.д Неъматулло Муҳаммедов ўзининг “Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси” китобида: “Абу Бакр Қаффол Шоший Хуросонга бориб, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Исҳоқ Саррож, Умар ибн Муҳаммад ибн Бухайр[16] Самарқандий каби етук олимлардан дарс олган ва бошқа табақалардан ҳадислар тинглаган”, деб келтириб ўтган[17].

Юқоридаги манбалардан кўриниб турибдики, Абу Ҳафс Бужайрий, фиқҳ, ҳадис, усул ва тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим деб эътироф этилган Имом Абу Бакр Қаффол Шоший каби бир қанча алломаларга устозлик қилган.

Абу Ҳафс Бужайрий илм-фан ҳамжамиятига етук алломаларни етказиб бериш билан кифояланиб қолмасдан, ўзининг бой илмий ижоди билан ҳам улкан ҳисса қўшган. Ҳадис ва тафсир илми соҳасида бир қанча асарлар яратган. Манбаларда келтирилишича, у “Саҳиҳ” ҳадислар тўплами ва “Тафсир” каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади. “Саҳиҳ” тўпламининг қўлёзма нусхалари хорижий мамлакатларнинг кутубхонасида сақланмоқда[18].

Алломанинг “Китобус сафина” (“Кема китоби”) номли яна бир асари ҳам бўлган. Бу борада Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд ўзининг “Ўрта Осиё олимлари қомуси” китобида бундай келтиради: “Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг Аҳмад исмли набираси “Жомеъус саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ва “Китобус сафина” (“Кема китоби”) китобларини ўқиб ўрганган. Ушбу китобларни Абу Ҳафснинг ўзи ёзган”[19]. Афсуски “Китобус сафина” бизнинг давримизгача етиб келмаган.

Хайриддин Зириклий  ўзининг “Аълом” китобида Абу Ҳафс Бужайрий ва “Саҳиҳ” тўпламининг қўлёзма нусхаси ҳақида бундай маълумот келтиради: “Мовароуннаҳрлик муҳаддис, ҳофиз Абу Ҳафс Бужайрий “Саҳиҳ” ва “Тафсир” асарлари муаллифидир. У Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирида яшаб ўтган. Ҳозир бу жой “Раъсул қонтара” (“Тўғонбоши”) деб аталади[20]. Аллома илм олиш ва ҳадис тинглаш мақсадида Хуросон, Басра, Куфа, Шом, Миср ва Ҳижоз каби бир қанча шаҳар ва мамлакатларда бўлган. У кишининг қаламига мансуб “Жомеъул муснад” ва “Тафсир” асарларининг қўлёзма нусхаси ҳозирги кунда Дамашқ шаҳридаги Зоҳирия кутубхонасида 1067-рақам остида сақланмоқда”[21]. Мазкур асарнинг электрон нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази электрон базасида ҳам мавжуд. У 124 варақдан иборат бўлиб, “Жомеъул муснад”нинг ўттизинчи – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бетобликлари ва вафотлари” бобини ва “Тафсир” китобининг аввалги қисмини ўз ичига олган.

Бу ўринда “Жомеъул муснад”даги биринчи ҳадисни келтириб ўтишни лозим топдик:

Умми Фазлдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг охирги эшитган нарсам У зотнинг шом номозида “Мурсалат” сурасини ўқиганлари бўлди”.

Абу Ҳафс Бужайрий ўзининг улкан илмий фаолияти билан илм-фаннинг ҳадис ва тафсир каби соҳалари ривожига катта ҳисса қўшган. Лекин шу чоққача унинг ҳаёти ва илмий мероси бўйича кенг кўламли тадқиқот ўтказилмаган. Марказда ушбу “Жомеъул муснад” китобини ўрганиш ва таржима қилиш бўйича муайян ишлар бошлаб юборилган. Тадқиқотлар давомида алломанинг ҳаёти ва илмий меросига оид янги маълумотлар юэага чиқади, деган умиддамиз.

[1] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 53.
[2] Қаранг: Али ибн Ҳисомиддин Ҳиндий. Канзул аъмол. Ж. 2. – Байрут, 1989. – Б. 391; Абдулкарим ибн Муҳаммад Рофиъий Қазвиний. Тадвину фи ахбори Қазвин. Ж. 1. – Байрут, 1987. – Б. 154; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 145.
[3] Қаранг: Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дорул илм, 2002. – Б. 60; Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж. 2. – Байрут, 1979. – Б. 374; Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий. Такмилатул икмол. Ж. 3. – Макка. Жомеъа уммул қуро, 1410/1990. – Б. 327.
[4] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 162; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 54.
[5] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 70.
[6] Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофиъ. Тарихул мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа минал амасил. Ж. 45. – Байрут, 1995. – Б. 320. Ж. 69. – Б. 119.
[7] Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг тоғаси.
[8] Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” номли китоби бўлиб, у Имом Бухорийнинг устозларидан ҳисобланади. Қаранг: Умаров Ш. Ўрта асрларда яшаган кешлик алломалар. – Самарқанд, Имом Бухорий халқаро маркази, 2015.
[9] Қаранг: Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий, Такмилатул икмол. Ж. 3. – Макка. Жомеъа уммул қуро, 1410/1990. – Б. 327; Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. 2. – Миср: Мирий Кубро матбааси, Муқаддимаси.1301/1884. – Б. 490.
[10] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. 2. – Миср. Мирий Кубро матбааси. Муқаддимаси, 1301/1884. – Б. 490.
[11] Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дорул илм, 2002. – Б. 60.
[12] Қуръони карим ва кўп ҳадисларни ёддан билган кишига нисбатан айтилади.
[13] Катта имом.
[14] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий, Такмилатул икмол. Ж. 3.– Макка. Жомеъа уммул қуро, 1410/1990. – Б. 327.
[15] Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофеъ. Тарихул мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа минал амасил. Ж. 45. – Байрут, 1995. – Б. 37.
[16] Манбаларда турлича “Бужайр”, “Буҳайр” ва “Бухайр” кўринишда келган.
[17] Қаранг: Муҳамедов Н. Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси. – Т.: ТИУ, 2007. – Б. 52.
[18] Қаранг; Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дорул илм, 2002. – Б. 60.; Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 206.
[19] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 370; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 145.
[20] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 8. – Байрут, 1998. – Б. 27; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 145.
[21] Қаранг: Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дорул илм. 2002. – Б.60.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ – БУЮК МУТАСАВВИФ ОЛИМ

Исломда тасаввуф илми Муҳаммад (а.с.) дан қабул қилиб олингани, тариқатда у кишининг «равишлари  ҳужжат» [5:29] …