Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ МОТУРИДИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИНИНГ ИСЛОМ ИЛМ-ФАНИДА ТУТГАН ЎРНИ

ИМОМ МОТУРИДИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИНИНГ ИСЛОМ ИЛМ-ФАНИДА ТУТГАН ЎРНИ

Ислом оламида катта нуфузга эга бўлган имом, фақиҳ, калом илмининг мотуридийлик ақидавий мазҳаби асосчиси Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий бўлиб, у Самарқанднинг Мотурид қишлоғида таваллуд топган.

  Туғилган йиллари ҳақида тарихий манбаларда қатъий маълумот йўқ, лекин тақрибий ёки тахминий саналар берилган. Масалан, унинг аббосий халифалардан Мутаваккил (232/847-247/861 й.) даврида яшаганлари аниқ. Яна, Муҳаммад ибн Муқотил Розий (ваф. 248/862) ва Насир ибн Яҳё Балхий (ваф. 268/882 й.) каби устозларидан сабоқ олганликларини назарда тутилса, Шайхнинг туғилган йилини 238 ҳижрий йил деб тахмин қилиш мумкин. Лекин бошқа манбада, аниқроғи “Ислом” қомусида туғилган йиллари 870 милодий йил деб кўрсатилган. Шунга асосан 2000 йилда таваллудларининг 1130 йиллиги нишонланди. Бу ҳисобга кўра, Шайхнинг таваллудлари 257/871 йилга тўғри келади [6: 2].

  Баъзи тарихчилар Имом Мотуридийнинг насабини саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалишини келтирадилар. Шу сабабли унга “Ансорий” нисбатини ҳам берадилар.

  Абу Мансур Мотуридий ўзининг юксак илмий фаолияти билан бутун Ислом дунёсида алоҳида эътиборга сазовордир. У бутун умри давомида исломнинг асл моҳиятини ҳамда унинг ўзгармас ақидавий таълимотини бузғунчи фирқаларнинг ҳар хил ботил ғоялари ва даъволаридан ҳимоя қилиб келди. Шу сабабли у қолдирган катта илмий мерос ислом илм-фанида юксак аҳамиятга эришди ва ҳозирги кунда ҳам у асос солиб кетган Мотуридия ақидавий мазҳаби Аҳли сунна ва жамоа йўналишидаги асосий мазҳаб бўлиб келмоқда.

  “Мифтаҳус саодат ва мисбаҳус сиёдат” китобининг муаллифи Тошкўпризода у ҳақида шундай дейди: “… Аҳли сунна ва жамоанинг раиси икки кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофиъий. Ҳанафийси ‒ Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ‒ имомул ҳуда” [7: 68].

  Имом Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни ўз қишлоғида олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.

  Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси ўрта аср муаллифлари Хатиб Бағдодий, Абдулкарим Саъд Самъоний, Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубғо, Муҳитдин Қураший, Кафавий, Абул Муъин Насафий, Ҳожи Халийфанинг асарларида келтирилган. Таниқли муаррих Кафавий ва бошқа қатор муаллифлар ёзишларича, Имом Мотуридий ўз замонасидаёқ “Имомул ҳуда” (Ҳидоятга бошловчи имом), “Рофиъ аълом аҳлис сунна вал жамоа” (Аҳли сунна вал жамоанинг байроғини баланд кўтарувчиси), “Қолиъ азолийу-л-фитна ва-л-бидъат” (Хурофот ва бидъатга ботган уйдирмаларни илдизи билан қўпорувчиси), “Имомул мутаккаллимийн” (Барча мутакаллимларнинг имоми), “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн” (Барча мусулмонлар ақидаларининг тузатувчиси), “Шайх” ва “Имом” каби юксак номларга сазовор бўлган аллома сифатида тан олинган.

  Унинг устозлари жумласидан ўз даврининг таниқли олимларидан Абу Наср Иёзий, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Имоми Аъзам мазҳабидаги буюк олим Нусайр ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва Муҳаммад ибн Фазл киради. Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги “Иёзий” мадрасасида таълим олгани қайд этилган.

  Мотуридийнинг Абу Бакр Жузжоний ва Абу Наср Иёзийдан қайси соҳада ва нима ўргангани ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

  Абу Мансур Мотуридийнинг илк устози Абу Бакр Жузжонийнинг Самарқандда ҳанафий мактабининг ривожлантиришда жуда муҳим ўрни бор. Абулмуъин Насафийнинг таъкидлашича, ҳатто шу мактабнинг асосчиси ҳамдир.

  X-XII асрларда Самарқанддаги йирик илмий марказ “Жузжония” деб номланган. Айнан, унинг “Жузжония” деб номланиши Самарқандга биринчи бўлиб ҳанафийлик мазҳабини олиб кирган Абу Бакр Сулаймон Жузжоний (ваф. IX аср) номи билан боғлиқ. Кўплаб ҳанафий табақотларида Самарқанд уламоларининг силсиласи Абу Бакр Сулаймон Жузжонийга бориб тақалади [2: 100].

  Абу Мансур Мотуридийни Абул Қосим Исҳоқ ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Зайд Ҳаким Самарқандий, Абул Ҳасан Али иби Саййид Рустуғфоний (ваф. 961 милодий), Абу Муҳаммад Абул Карим ибн Мусо Паздавий, Абу Лайс Самарқандий, Абул Ҳасан Паздавий, Абул Юуср Паздавий, Абул Муъин Насафий, Саффор Бухорий, Нажмиддин Умар Насафий, Собуний Бухорий, Умар Ҳанафий каби олимлар ўзларига устоз деб билишган.

  Мотуридий таълимотини батафсил ўрганган ва бу таълимотнинг моҳиятини чуқур билган Абул Юуср Паздавий (ваф. 1099 й.), Абул Муин Насафий (ваф. 1114 й.), Саффор Бухорий (ваф. 1134 й.), Абу Ҳафс Насафий (ваф. 1142 й.), Али ибн Усмон Ўший (ваф. 1173 й.), Нуриддин Собуний (ваф. 1184 й.) ва Умар Ҳанафий (ваф. 1200 й.) каби олимлар Мотуридий таълимотини ривожлантириш орқали бу мактабни давом эттирдилар [1: 466].

  Имом Мотуридийнинг қаламига мансуб асарларнинг сони ўн бештага етиб қолади. Тарихий манбаларда Мотуридийнинг кўплаб асарлари ҳақида маълумотлар етиб келган. Уларда таъкидланишича, Мотуридий уч йўналиш: калом, тафсир ва фиқҳ бўйича асарлар ёзган.

  Аллома тафсирга оид “Таъвилоту аҳлис-сунна”, каломга оид “Китоб ат-тавҳид” (Тавҳид китоби), “Рад усул ал-хамса” (Беш усулга раддия), “Радд ал-Амамийя ли-баъд ар-равафид” (Имомийларнинг баъзи рофидийларга раддияси), “Рад алал Қарамита” (Қарматийларга раддия), шунингдек фиқҳга оид “Маъхаз аш-шараъи фи-л-фиқҳ” (Фиқҳ илмида шаръий манбалар) ва “Ал-жадал фий усул ал-фиқҳ” (Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар) каби асарлари маълум ва улардан баъзилари бизгача етиб келган [4: 25]. Яъни, унинг бой илмий меросидан фақат уч дона асари бизгача етиб келган. Булар “Таъвилоту аҳлис-сунна”, “Китоб ат-тавҳид” ва “Китобул мақолат” асарларидир.

   Унинг фақиҳ сифатида китоблар таълиф этганлигини Абул Муин Насафий ўзининг “Табсират ал-адилла” асарида келтириб, қуйидаги асарларни санаб ўтган: “Китоб ал-жадал фий усул ал-фиқҳ” (Фиқҳ илми асослари хусусида мунозаралар), “Маъхаз аш-шариъа фил фиқҳ” (Фиқҳ илмида шаръий манбалар).

  Имом Мотуридий яшаган давр ислом оламида турли ўзгаришлар авж олган, айниқса, турли фирқалар томонидан ақидавий бузилишлар юзага келган пайтга тўғри келди. Шундай шароитда у Аҳли сунна ва жамоа эътиқодини ҳимоя қилиб чиқди. Бу йўлда у муътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа ва бошқа ботил ақидаларнинг даъволарига раддиялар берди ҳамда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидаги Мотуридия ақидавий таълимотига асос солди.

  Бу билан у ислом илм-фанида, таълимотида энг асосий ҳисобланган калом илмини турли хил нотўғри даъволар ва ғоялардан тозалади.

  Абул Муътий Муҳаммад Баюмийнинг таъкидлашича, Абу Мансур Мотуридий илмий меросининг илмий аҳамияти қуйидагилардан иборат:

  Биринчидан, у аббосий халифалар Мутаваккил ва Маъмун даврида фаолият олиб борди. Айниқса, халифа Маъмун даврида ижтимоий-сиёсий жиҳатдан катта кучга эга бўлган муътазилийларнинг ботил ғояларига қарши курашди. Уларнинг “Қуръон ‒ яратилгандир” деган даъволарининг нотўғри эканликларини илмий асослаб берди.

  Иккинчидан, Мотуридий мазҳаблар орасида ўртача йўл тутган эди. У ҳам нақлий далиллардан, ҳам ақлий далиллардан унумли фойдаланган. У маърифат ҳосил қилишда ҳис ёки сезги аъзолари, нақл ва ривоят, ақл ва идрок асосий восита эканлигини таъкидлайди.

  Имом Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган “Китобу-т-тавҳид” асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан Байрутда нашр этилган.

  Мотуридий бу асарида сунний ақидадаги (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради. Мазкур асарнинг илмий ва амалий аҳамияти жуда катта бўлиб, у аҳли сунна уламолари томонидан Қуръони каримни шарҳлаш (таъвил) бўйича қилинган дастлабки жиддий уриниш ҳисобланади. Бу шарҳ ақл ва нақл нуқтаи назаридан амалга оширилганлиги билан ажралиб туради. Бошқача айтганда, Қуръони карим Мотуридия таълимоти нуқтаи назаридан туриб тафсир қилинган. Бу асар Абу Райҳон Беруний номидаги ШҚМ фондида сақланади. Асарнинг биринчи жузъи Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим Авадайн ва Саид Авадайнлар томонидан нашр этилган.

  Шундай қилиб, Абу Мансур Мотуридий IХ асрларнинг мураккаб шароитида ўзига хос калом мактабига асос солди ва ҳанафий мазҳабининг ғоявий пойдеворини мустаҳкамлаб, аҳли сунна ва жамоа эътиқодини қатъийлик билан ҳимоя қилди.

  Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди [3: 22].

  Алломанинг ислом илм-фанига қўшган ҳиссаси каттадир. У тафсир, калом ва фиқҳга оид қимматли асарлар ёзди. Улар орқали адашган фирқаларнинг ботил ақидаларига қарши ҳам нақлий ҳам ақлий далиллар билан раддиялар берди.

  Имом Мотуридийнинг илмий мероси ислом оламида аввалда ҳам, ҳозирги кунда ҳам аҳамиятли бўлиб, илмий тадқиқотчилар томонидан кенг ўрганиб келинмоқда. Ҳозирги кунда бу тадқиқотлар Абул Муътий Муҳаммад Баюмий, Абдулҳаким Шаръий Жузжоний, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов ва бошқа тадқиқотчиларнинг фаолиятларида кўринади.

  Имомнинг вафоти тўғрисида “Усул ад-дийн инда Имом Абу Ҳанифа” китобида қуйидагича келтирилади: “… У Абул Ҳасан Ашъарий вафотидан тўққиз йил ўтиб, 333/945 йилда вафот этган” [5: 127]. Яъни, ислом оламида катта нуфузга эга бўлган, аҳли суннанинг иккинчи ақидавий мазҳаби бўлган Ашъария мазҳабининг асосчиси Абул Ҳасан Ашъарий вафотидан тўққиз йил ўтиб Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.

          

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Büyük türk bilgini. Imâm Mâtürîdî ve Mâtürîdîlik. Milletlerarasıtartışmalı İlmî Toplantı. Dr. Shovosil Ziyodov. Mâtürîdiyye doktrininin özbekistanʼda araştirilmasi: problemler ve çözümler. İstanbul-2012.
  2. Асророва Л. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи. ‒Т.: Тошкент ислом университети, 2014.
  3. Аъзамхўжаев С. 100 Марказий Осиё мутафаккирлари. ‒Т.: YANGI NASHR, 2011.
  4. Қориев О.А. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин Марғиноний. ‒ Т.: Фан, 2009.
  5. Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Хомис. Усул ад-дийн инда Имом Абу Ҳанифа. ‒Ж.1. Саудия Арабистони. Дорус Сомиий.
  6. Шайх Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. ‒Т.: Тошкент ислом университети, 2006.
  7. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. ‒ Т.: SHARQ, 2011.

 

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …