Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ ЗАРР ҲАРАВИЙ РИВОЯТ ҚИЛГАН “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ҚЎЛЁЗМАСИ

АБУ ЗАРР ҲАРАВИЙ РИВОЯТ ҚИЛГАН “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ҚЎЛЁЗМАСИ

 Улуғ аждодларимиздан қолган улкан маънавий бойлик, қўлёзма асарлар дунё кутубхона фонди ва музейларига тарқалиб кетган. Жаҳондаги бирорта машҳур кутубхона йўқки, у ерда халқимизнинг тарихи ва адабиётига тегишли қўлёзма асар бўлмасин. Британия музейи, Париж Миллий кутубхонаси, Оксфорд, Кэмбриж кутубхоналари, Голландия, Германия, Испания, Италия, Миср, Туркия, Эрон, Ҳиндистондаги кутубхоналарда кўплаб алломаларимиз асарларининг қўлёзма намуналари сақланади. Шулар  орасида ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг асарлари бор.

Имом Бухорийнинг номи бутун ислом дунёсида самимий меҳр-муҳаббат, катта ҳурмат-эътибор билан тилга олинади. Мусулмон оламида Имом Бухорийни эшитмаган бирор кимса, унинг номи етмаган бирор жой бўлмаса керак.

Ислом дунёсининг барча мадраса ва ўқув даргоҳларида Имом Бухорийнинг ўлмас асарлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма,      дастуруламал ҳисобланади. Давлат ва дин пешволари, жамият арбоблари, олиму уламолар ҳар қадамда Имом Бухорийнинг асарларидан фойдаланиб, уларга таяниб иш тутади.

Бугун Имом Бухорийнинг илмий меросидан бутун дунё халқлари баҳраманд бўлмоқда. Алломанинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб, нашр этилмоқда ва дунёнинг деярли барча кутубхоналарида ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Жаҳондаги кўплаб кутубхоналарнинг интернет сайтларида Имом Бухорийнинг турли тиллардаги асарларини, айниқса, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, яъни “Саҳиҳул Бухорий”ни топиб ўрганиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам алломанинг асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб,  халқ оммасига тақдим этилмоқда.

Мазкур асарнинг номи тўғрисида қисқача маълумот берадиган бўлсак,  Имом Бухорийнинг ўзи қўйган расмий номни жуда камчилик билади. Китобнинг асл ва тўлиқ номи “Ал-Жомеъус ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадиси Расулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айямиҳи” (“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмлари ҳақида жамловчи, саҳиҳ муснад”). Китоб “Жомеъ” деб номланишининг сабаби ҳадис илми уламоларининг истилоҳида “Жомеъ” деганда, ҳадиснинг барча қисмларини жамловчи, деган маъно тушунилади. У ақида, ҳукмлар, одоблар, тафсир, тарих, сияр, фитналар, фазилатларга оид ҳадисларни ўз ичига олган китоб деган маънони билдиради.

Имом Бухорийдан олдинги ва унга замондош уламолар саҳиҳлиги ҳақида ҳукм қилинган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган муснад ҳадисларнигина олишни раво кўрган. Шунинг учун ҳам унинг китоби “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад” деб номланган.

Имом Бухорий асарларининг қўлёзма нусхалари ҳозирги вақтда дунё мамлакатлари кутубхона фондларини илмий ва моддий жиҳатдан бойитиб турибди. Қўлёзмаларнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳозир нашр қилинаётган ҳадис китоблар ҳар бирининг ортида, албатта, унинг саҳиҳлигини белгилаб берадиган қўлёзма нусхаси бўлади. Қўлёзмалар нашр қилинган китобларни ўзгариб кетишдан, уларга ёлғон гаплар киритилишидан сақлайди. Шунинг учун ҳам қўлёзмаларни авайлаб-асраш муҳим вазифа ҳисобланади.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг энг қадим нусхаларидан бири Абу Зарр Ҳаравий ривоят қилган қўлёзмадир. Мағрибий хатда ёзилган бу нусха Туркияда мавжудлиги маълум бўлди.

Абу Зарр Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳаравий 355/966 йиллар яшаган муҳаддис олимдир. Асли хуросонлик бўлган. Умрининг кўп қисмини Маккада ўтказган. Ҳадис илмининг турли соҳаларида ёзган китоблари орқали танилган бўлишига қарамай, “Саҳиҳул Бухорий”ни дарс сифатида ўтиши уни машҳур қилган. Абу Зарр Ҳаравий “Саҳиҳул Бухорий”ни устозлари Абу Исҳоқ Мустамлий , Абу Муҳаммад Ҳамавий , Абу Ҳайсам Кушмиҳанийга  ўқиб берган. Улар Имом Бухорийнинг машҳур шогирди бўлмиш Фирабрийнинг (ваф. 320/932 й.) талабалари бўлган.

Кейин уч устози нусхаларидаги лафзий фарқларни ўрганиб чиқди. Ҳар бир нусхага уларни фарқлаш мақсадида белги ва ишоралар қўйиб, ўзи учун “Саҳиҳул Бухорий”дан алоҳида бир нусха ёзди. Абу Зарр Ҳаравийнинг жонбозлик кўрсатиб, аслига тўғри келган нусхани тайёрлаб, кейинги авлодларга мерос қолдириши, мана, ўн асрдан буён ундан фойдаланиб келинаётганига сабаб бўлмоқда. Унинг нусхаси “Саҳуҳул Бухорий”га мурожаат қиладиган матнлар сардори бўлиб қолмоқда. 

Абу Заррнинг нусхаси, айниқса, Андалусия, Шимолий Африка ва Марокашда, ушбу мамлакатлардан чиққан талабалар орқали машҳур бўлди. Улар: Абул Валид Божий, Ибн Манзур Ишбилий ва Абул Қосим Абдулжалил Ишбилийдир. Нусханинг тарқалишида ўғли Абу Мактум Исонинг ўрни беқиёсдир. У отасининг вафотидан сўнг Маккада нусхани ўқитишда давом этган. Алмаровидлар амири Маймун ибн Ёсиннинг талабига биноан отасидан қолган асл нусхани унга сотган. Натижада Абу Заррнинг асл нусхаси ўша минтақага кўчирилган[1].

Абу Заррнинг “Саҳиҳул Бухорий” ривоятини қабул қилишнинг бошқа муҳим сабабларига келсак, Андалусияда яхши кутиб олингани ва уни у ерда кенг тарқалиши, Абу Заррнинг моликий мазҳабида бўлганидир. Шундай қилиб, Абу Заррдан кейин нусханинг ёйилиши давом этиб, мазҳаб уламоларининг саъй-ҳаракатлари билан янада кенг тарқалган. Шу асрда Абул Валид Божий моликий мазҳаби раисларидан бири бўлгани эътиборлидир. Ўша замонда Абу Зарр ривоятини эшитишга қизиққан кўплаб одамлар унга мурожаат қилган. Абул Валид Божийдан кейин Испаниянинг Мурсия шаҳрида узоқ йиллар яшаб, у ерда ўқиган шогирди Абу Али Садафийнинг ўз қўли билан ёзган нусхаси машҳур бўлган. Бу нусха Қози Иёз, Димётий, Ибн Жамоа, Саховий каби буюк ҳадис ҳофизларининг асосий манбаси бўлган.

Мағрибий (Марокаш) нусхалардан ҳозирги кунгача биттаси етиб келган. У  Абу Имрон ибн Саоданинг  Садафий нусхасидан ўз қўли билан кўчирган қўлёзмасидир. Ибн Саода уни беш жузда 492/1099 йили ёзиб тугатган. Бу нусха ҳозир Марокашда бўлиб, биринчи ва учинчи жузларида нуқсон бор[2]. Иккинчи жузини шарқшунос олим Луи Бруншел 1928 йил аслидан (суратини) чоп этган[3]

Агар биз Имом Бухорий асарининг Туркиядаги ёзма нусхасини  илмий-мерос сифатида кўриб чиқсак,  янада янги маълумотларга эга бўламиз. Авваламбор кенг тарқалган бир фикрни билиш зарур. У – Абу Зарр ривоят қилган “Саҳиҳул Бухорий”нинг ҳозирги кунга қадар нуқсонсиз тўлиқ шакли етиб келмаганидир. Бунинг сабаби Абу Заррнинг асл нусхаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотнинг йўқлигидир. Шунингдек, шогирди Божийнинг нусхаси ва Абу Заррдан кейин иккинчи буюк шаклни олган Садафийнинг нусхаси ҳам тўлиқ сақланмаган. Шу билан бирга, Абу Имрон ибн Саоданинг  нусхаси бизгача нуқсон билан етиб келган. Охирги пайтларда янги нусхаларни ўрганиш бошланди, аммо кенг қамровли тадқиқотлар ўтказилмади. Кейинчалик олимларнинг изланишлари жараёнида Туркиядаги кутубхоналарда Абу Зарр Ҳаравий ривоятининг тўлиқ нусхалари топилди. Шуни айтиш керакки, топилган нусхалар нафақат Абул Валид Божийга тегишли, балки Абу Заррнинг ўғли Абу Мактум Исо, шогирди Амсол ибн Манзур, Абдулжалил ва Тарафий нусхаларидан ҳам иборатдир. Туркиядаги бу нусхаларнинг баъзилари бир қисмда, айримлари бошқа қисмларда бўлиб, кутубхоналарда сақланмоқда. Туркиядаги кутубхоналарда Абу Зарр ривоятига тегишли “Саҳиҳул Бухорий”нинг йигирмадан зиёд қўлёзма нусхаси мавжудлиги маълум.

Дунё кутубхоналарида Имом Бухорий асарларининг ҳали бизга маълум бўлмаган яна минглаб қўлёзма нусхалари мавжуд. Уларни ўрганиш ва тарғиб қилиш, ҳам маънавий, ҳам ахлоқий жиҳатдан катта фойда келтиради. Алломанинг асарларида илоҳиёт, диний масалалар билан бирга, ўз даврининг сиёсий анъаналари, инсонпарварлик, одамларни бирлаштирувчи, улар ўртасида зиддият ва низоларнинг олдини олувчи, адолат ўрнатишга қаратилган ахлоқий фикрлар ҳам кенг ўрин олган. Ҳадисларда илгари сурилган ахлоқий қарашлар инсоннинг маънавий тарбиясида энг таъсирчан, энг бақувват ҳалқа бўлиб, усиз жамият, халқ, инсон маънавиятини тасаввур қилиш мумкин эмас. Ҳадисларнинг ҳар бир нақли мўмин-мусулмонларнинг ахлоқ-одоб сифатларини ёритишга, уларнинг ўзига хос гўзал қирраларини очиб беришга ва шу руҳда тарбия топишга йўналтирилган. Уларда  инсонпарварлик, ватанпарварлик, одиллик, маърифатлилик, юксак одоб-ахлоқ, бунёдкорлик, яқинларга ғамхўр бўлиш каби фазилатлар такрор ва такрор уқтирилади. Сирасини айтганда, алломанинг асарлари маънавий-ахлоқий тарбияга оид бўлган фикрларнинг мукаммал тўпламидир.

[1] Абу Тоҳир Силафий. Ал-Важиз. –Мадина. Дорул иймон, 1994. –Б.84-85.
[2] Саҳиҳул Бухорий. Ибн Саода қўлёзма нусхаси. Роботдаги Давлат хазинаси, № D/1333.
[3] Le Sahih d,al-Buhari, reproduction en phototypie des manuscrits originaux de la recension occidentale dite “recension d’Ibn Saada”, ed. E. Levy-Provençal, Paris: P. Geuthner, 1928.
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида …