Туркиянинг Анқара шаҳридаги Ислом тафаккури институтида “Мовароуннаҳр тўртинчи ёзги семинарлари” доирасидаги малака ошириш ўқувлари бошланди.
Жорий йилги семинарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Қодирхон Маҳмудов фаол иштирок этмоқда. Ушбу илмий ўқув дастурида Қирғизистон, Қозоғистон, Татаристон, Сенегал, Македония, Косово, Албания ва Озарбайжондан ташриф буюрган ёш тадқиқотчилар, талаба-ёшлар ҳамда илм аҳли қатнашмоқда.
Институтнинг профессор-ўқитувчилари томонидан араб ва турк тилларида олиб борилаётган дарсларда иштирокчиларга усулул фиқҳ, усулул ҳадис, мантиқ, ислом фалсафаси ва Мовароуннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан уламоларнинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилмоқда.
Малака ошириш жараёнида қатнашчилар учун Туркиянинг нуфузли университетлари ва зиёратгоҳларига илмий сафарлар уюштириш ҳам кўзда тутилган.
Ўқув бир ой давом этади.