Home / АЛЛОМАЛАР / ҲОФИЗ САДАФИЙ – “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ АНДАЛУСИЯДАГИ МАШҲУР ХАТТОТИ

ҲОФИЗ САДАФИЙ – “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ АНДАЛУСИЯДАГИ МАШҲУР ХАТТОТИ

Ҳофиз Садафий XI-XII асрларда ҳадис ровийлари ва ҳофизларининг ўзига хос билимдонларидан бири бўлган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни ўз устози Абул Валид Божий ривояти асосида оққа кўчирган. У Абу Зарр Ҳаравийдан, у Фирабрийдан, у Бухорийдан ривоят қилган.

Тўлиқ исми – Қози Ҳофиз Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Фирруҳ ибн Ҳаййун Садафий Андалусий. Ибн Суккара номи билан ҳам танилган. 454/1062 йили Андалусиянинг шимоли-шарқидаги маъмурий ва ҳарбий бўлинма ерларида, ҳозирги Сарагосага яқин бир қишлоқда таваллуд топган[1].

Абу Али туғилган жойида вояга етиб, у ердаги узтозлардан таълим олган. Абул Валид Сулаймон ибн Халаф Божий, ибн Савоф ва бошқалардан ҳадис тинглаган. Алмерияда Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Саъдон Қурвий, Абу Абдуллоҳ ибн Маробит ва бошқа устозлардан ҳадисшунослик илмини ўрганган. Абу Аббос Узрийнинг ижозати билан Валенсияда дарс берган.

Аллома 481/1088 йилда Яқин Шарққа сафар қилган. Мисрда унга ижоза берган Абу Исҳоқ Ҳаббол, Қози Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн Халъий, Абу Аббос Аҳмад ибн Иброҳим Розий ва бошқа муҳаддислар билан учрашган, ҳадис тинглаган. Шунингдек, Искандарияда Абул Қосим Маҳдий ибн Юсуф Варроқдан, Маккада имомул ҳарамайн Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Али Табарийдан, Абу Бакр Тартушийдан, Басрада Абул Қосим ибн Шуъба, Абу Яъло Моликий, Абул Аббос Журжонийдан, Воситда Абул Маолий Муҳаммад ибн Абдуссалом Исфаҳонийдан ҳадис тинглаган.

482/1089 йили Бағдодга келиб, у ерда беш йил давомида муҳаддислардан таълим олган. Жумладан: Ватандошимиз Абу Бакр Қаффол Шоший, Абу Ҳусайн Туюрий, Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳасан ибн Хайрун ва бошқалардан ҳадис тинглаган. Кейин Шомга бориб, ҳадис илмини ўрганишда давом этган.

Аллома ана шундай узоқ сафаридан сўнг 490/1097 йили Андалусияга қайтган. Шундан сўнг икки марта Марокаш шимолидаги Сеута шаҳрига сафар қилган. У ерда Қози Иёз ибн Мусо Яҳсубий (1083-1149) каби устоз ва шогирдлардан бўлган бир жамоа ундан ҳадис тинглаган.  

Кейин Мурсия шаҳрига бориб, ҳадис ривоят қилиш билан шуғулланган. Ундан кўп одамлар ҳадис эшитган. Тингловчилар орасида унга қачонлардир устозлик қилган Ибн Довуд Муқрий каби муҳаддислар ҳам бўлган. Одамларнинг унга ихлос ва ишончи ортишига, алломанинг Яқин Шарққа сафар қилиб, ҳадис илми ва ровийларини мукаммал ўргангани, заифларидан кучлиларини ажрата билгани, одоб-ахлоқи ва омонатгўйлиги асосий сабаб бўлган.

505/1111 йили Али ибн Юсуф ибн Тошфин ҳукмронлик қилган пайтда Мурсия шаҳри қозилигига тайинланган. Кейинчалик Севилья қозилигига таклиф қилинган, аммо қабул қилмаган.

514/1120 йили амир Абу Исҳоқ Тошфин билан урушга чиққан. Шу йилнинг 23 июнида шаҳид бўлган[2].

Аллома ҳадис ва ривоят йўлларини, ҳадис иллатини, ровийлар номи ва ривоят қилиш усулларини яхши билган. Жарҳ ва таъдил (ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлиги)ни ажрата олган. Хати чиройли бўлиб, кўп ҳадис китобларини кўчирган, ёд олган. Ҳадис матнлари, санадлари ва ровийларини ёдида сақлаган. Сафарлари давомида “Саҳиҳул Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим” ва Абу Исо Термизийнинг асарларини оққа кўчирган[3].

Жарҳ ва таъдил ҳамма ҳам уддалай оладиган иш эмас. Ҳофиз Садафий ровийларнинг туғилган ва вафот этган саналарини, қачон қаерларга сафар қилганини, устозу шогирдларини, хулқи ва тақвосини, ёдда сақлаб қолиш қобилиятини изчил ўрганади. Бир ровий ривоятини бошқасиники билан солиштиради.

Олимнинг ўз қўли билан ёзган нусхалар ҳақида айтадиган бўлсак, уламолар улар Андалусиянинг қулаши билан бутунлай йўқолиб кетган, деб ҳисоблаган. Аммо ҳадисшуносларнинг ҳеч бири Садафий номини унутмаган ва унинг нусхаларини қидиришдан тўхтамаган. Айниқса, марокашликлар қатъият билан унинг илмий меросини исботлашга ҳаракат қилган.

Шайх Муҳаммад Маданий Ибн Ҳасаний (1889-1959) Садафий хатидаги қўлёзмани топган марокашлик тадқиқотчилар раҳбари бўлган. У ўзининг “Мифтоҳус саҳиҳ” асарида Ибн Ҳажар Асқалонийнинг Ҳофиз Садафий қўлёзмасига алоҳида эътибор берганини таъкидлаган. Шайхнинг билдиришича, Асқалоний ўз хати билан бу қўлёзмага ҳошия ёзган.

Ҳозирги кунда Ҳофиз Садафийнинг ўз қўли билан кўчирган “Саҳиҳул Бухорий” нусхаларининг иккитаси маълум. Биттаси Работдаги миллий кутубхонада 5053-рақамда сақланади. Уни устози Абул Валид Божий нусхасидан кўчирган. Иккинчиси Ливиянинг Жуғбуб шаҳридаги кутубхонада сақланади. У Муҳаммад ибн Али ибн Маҳмуд нусхасидан кўчирилган.

Дунёнинг турли кутубхоналарида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг энг қадимги ишончли нусхалари сақланмоқда. Улар ҳаммаси ҳам тўлиқ тадқиқ қилинмаган. Шу сабаб бу қўлёзмалар орасида Ҳофиз Садафий нусхалари ҳам мавжуд бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

“Саҳиҳул Бухорий”ни кейинги авлодларга етказишда Ҳофиз Садафийнинг ҳам хизмати катта бўлган. У қўлёзмалари, дарслари, илмий мажлислари билан ҳадис илми ривожига хизмат қилган. Алломаларнинг шундай меҳнати маҳсулини қидириб топиб, асраб-авайлаб, ўрганиб, одамларга етказиш бугунги авлоднинг муқаддас бурчидир.

[1] Камолиддин ибн Адим. Буғятут талаб фи тарихи Ҳалаб. –Байрут. Дорул фикр. –Б. 2773.
[2] Қози Иёз. Ғуня. Ж. 3. –Байрут. Дорул ғарбил исломий, 1982. –Б. 129-131; Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Муқрий. Азҳорур риёз. Ж. 3. (–Марокаш). Матубуоту фузола, 1939 –Б. 151-154.
[3] Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Муқрий. Азҳорур риёз. Ж. 3. (–Марокаш). Матубуоту фузола, 1939 –Б. 152.
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …