Home / МАҚОЛА / “АЛ-ВАЛО” ВА “АЛ-БАРО” ТУШУНЧАЛАРИГА ТЎҒРИ ВА НОТЎҒРИ ЁНДАШУВЛАР

“АЛ-ВАЛО” ВА “АЛ-БАРО” ТУШУНЧАЛАРИГА ТЎҒРИ ВА НОТЎҒРИ ЁНДАШУВЛАР

“Вало” сўзи зоҳиран ва ботинан дўстлашиш, ёрдам бериш, яхши кўриш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва яхши кўрганлари билан бирга бўлишни англатади.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

[اللَّهُ وَلِيُّ الَّذِينَ آمَنُوا يُخْرِجُهُم مِّنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ ۖ وَالَّذِينَ كَفَرُوا أَوْلِيَاؤُهُمُ الطَّاغُوتُ يُخْرِجُونَهُم مِّنَ النُّورِ إِلَى الظُّلُمَاتِ]

“Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса тоғут (шайтонлар ва бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулматга чиқарадилар” (Бақара сураси, 257-оят). “Дўсти” деб таржима қилинган сўзнинг асли “валий” бўлиб, бу ўринда “ҳимоячиси”, “ёрдамчиси” маъноларида келган.

“Баро” сўзи эса кейин инкор қилиш, узоқлашиш, қутулиш ва душманликни билдиради.

Ислом ақидасида (Қуръон ва Суннатда) бу тушунчалар ўзининг хос ўрнига эга бўлса-да, баъзилар мазмун-моҳиятини четга суриб қўйиб, фақат зоҳирига аҳамият қаратиш орқали уларни ғоят ашаддий тарзда, мувозанатни бузиб талқин қилади. Уларнинг наздида “ал-вало” ва “ал-баро” мўмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат, бошқаларга жирканчу нафратдан бошқа нарса эмас. Бундан оғиб кетганлар гўё куфр йўлига ўтади.

Аҳли сунна вал жамоа, жумладан, Мотуридий ва Ашъарий мактаблари, “ал-вало” ва “ал-баро” тушунчаларини юқоридаги таърифлардан келиб чиқиб, ихлос ва ихлоссизлик, эътиқод ва эътиқодсизлик, дўстлик ва душманлик, амал ва муомалани фарқлаган ҳолда тушунтиради. Душманликни умуман жамият аъзоларига эмас, душманлик қилган кимсаларга боғлайди.

Қаттиққўллик йўлини тутганлар эса Аллоҳ таолонинг:

[وَلَوْ كَانُوا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالنَّبِيِّ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مَا اتَّخَذُوهُمْ أَوْلِيَاءَ وَلَٰكِنَّ كَثِيرًا مِّنْهُمْ فَاسِقُونَ]

“Агар улар Аллоҳга, Пайғамбарга ва унга нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган бўлганларида, ўшаларни ўзларига валий (ҳомий) қилиб олмаган бўлур эдилар. Лекин уларнинг кўпчилиги фосиқлардир” (Моида сураси, 81-оят), деган сўзларини зоҳиран талқин қилади. Бу оят Мадина атрофидаги яҳудий қавмнинг мушриклар билан дўст бўлмаслиги ҳақида айтилган. Лекин баъзилар бу гап орқали меҳр-муҳаббатни фақат иймонлилар билан боғлаб, оддий инсонпарварлик муносабатларини куфр билан тенглаштиради.

Бу эса Қуръони каримдаги:

[لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ]

“Дин борасида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга нисбатан адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас” (Мумтаҳана сураси, 8-оят) деган кўрсатмага зиддир. Бу оят мусулмон киши учун ғайридинга нисбатан муносабатда адолат ва яхшилик қилишга рухсат борлигига очиқдан-очиқ далолат бўлади.

Динимизда мусулмон бўлмаган киши билан муомала қилишда ҳеч қандай тўсиқ йўқ, фақат ақида бўйича ва ҳаром ишларда қайтариқ бор. Баъзилар наздида муомала, савдо ва ҳамкорлик каби дунёвий муносабатлар куфрга яқинлаштиради, ҳатто муртадликка олиб боради, деб қарашади. Аммо аҳли сунна дўстона муносабат (яхши муомала) билан ақидавий меҳр ўртасида фарқ борлигини айтади. Асосийси шуки, динга зиён келтирмайдиган ишларда ҳамкорлик қилишнинг зарари йўқ. Ғайридинлар билан ижтимоий муомалада бўлиш, унинг эътиқодини тасдиқлаш эмас, балки дунёвий манфаатдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай тоифалар билан муомала қилар эдилар. Қўшнилари яҳудий бўлган. Унга қўшнилик одобини кўрсатганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, совутлари ўттиз соъ арпа эвазига бир яҳудийда гаровда турган эди” (Имом Бухорий ривояти).

Саҳоба ва тобеинлар ҳам мусулмон бўлмаган кимса ва жамоалар билан душманлик бўлмаса, яхши муомала қилиб яшаганини биламиз. Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оч қолганларини кўриб, егулик топиш илинжида бир яҳудийнинг боғига боради. У билан бир челак сувга бир дона хурмо олиш бўйича битим тузади. Ўн етти челак сув чиқариб бериб, ўн етти дона ажва (энг сара навли хурмо) олади (Ибн Можа ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Алининг бу ишини инкор қилмаганлар.

Умар розияллоҳу анҳунинг Мадинадаги мусулмон бўлмаган қарияларга нафақа жорий қилгани яхши маълум. Қуддус фатҳига борганида, у ердаги мусулмон бўлмаган аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган битим тузгани ҳам машҳур воқеа.

Бундай ривоятлар жуда кўп.

Аҳли сунна уламолари “ал-вало” ва “ал-баро” тушунчаларини ҳаддан ошмайдиган тарзда, Қуръон ва Суннатга асосланган ҳолда, одоб ва ҳикмат билан талқин қилган. Баъзи бир оқимларнинг бу тушунчани инсон ҳаққига қарши қуролга айлантириши, исломий рисолатнинг эзгулик руҳига зиддир.

Ислом душманлик дини эмас, балки ҳақ, одоб ва адолат динидир. Қуръон ва Суннат таълимотига биноан, муҳаббат ҳам, адоват ҳам ихлос ва адолат асосида бўлиши керак.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АВЛИЁЛАРГА ТОШ ОТИШ – АЛЛОҲ УРУШ ЭЪЛОН ҚИЛГАН КИМСАЛАР ТОМОНИГА ЎТИШДИР (1-қисм)

Ислом таълимотида Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладиган, гуноҳдан сақланиб, динини, жамоатни ва илмни ҳимоя …