Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ИСЛОМ ОЛАМИДАГИ НУФУЗЛИ НАШРНИНГ ЭЪТИРОФИ

ИСЛОМ ОЛАМИДАГИ НУФУЗЛИ НАШРНИНГ ЭЪТИРОФИ

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА)нинг янги нашрдан чиққан “Newsletter” ахборот бюллетенида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Саҳиҳул Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари” мавзусида ўтказилган халқаро конференция тафсилотларига оид мақола эълон қилинди. Анжуман иши кенг ёритилган материалда халқаро миқёсдаги мутахассислар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар, илгари сурилган ғоя ва таклифлар ҳам ўрин олган.

Мақола якунида етакчи шарқшунос ва диншунос олимларнинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ислом маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш юзасидан кўп томонлама халқаро ҳамкорлик асосида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва таржима ишлари ҳамда маърифий йўналишдаги фаолият самараларини инобатга олиб, ушбу муассасани буюк муҳаддис меросини тадқиқ қилиш бўйича тизимли мулоқот ва маълумот алмашув майдони сифатида эътироф этгани баён қилинган.

ИРСИКАнинг “Newsletter” ахборот бюллетени 1984 йилда таъсис этилган. Йилига уч марта Ислом ҳамкорлик ташкилотининг расмий уч тили – инглиз, француз ва араб тилларида чоп этилади. 130 давлатда 8 мингга яқин обуначиси бор. Нашрда жаҳонда содир бўлаётган воқеалар ва исломшунослик, хусусан, мусулмон давлатлари ва жамоаларининг маданий ҳаёти билан боғлиқ маърифий, академик ва бадиий фаолиятга оид хабарлар, шунингдек, ИҲТ ва ИРСИКА фаолияти янгиликлари билан бирга, дунё бўйлаб ўтказилаётган йирик конференциялар, симпозиум ва кўргазмалар ҳақида маълумотлар ва китоблар шарҳлари берилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …